«ФАРЗАНДИМИЗ ТУҒИЛГАНИНИ ҲАМ БИЛМАГАНМАН. ЭНДИ ЭСА ОТАЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛИШЯПТИ…»
— Биринчи хотиним билан қонуний никоҳдан ўтмаганмиз. Бир нафар фарзандим бор. Аслида кўп яшамаганмиз. Тўйдан кейин 2 ой ўтиб, онасиникига кетган. Фарзандимиз туғилганини ҳам билмаганман. Кейинроқ «сизники эмас, отаси бошқа», дейишган. Энди эса бола 3 ёш бўлгач, мендан оталикни белгилашни ва алимент тўлашни талаб қилишяпти. Бу вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?
Исми сир тутилди.
Саволга фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Дилшод ХАСАНОВ жавоб берди:
— Оила кодексининг 61, 62-моддалари талабларига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ушбу Кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.
Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.
Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида” ги қарорининг 14-бандига асосан, зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини ва ҳ.к.) аниқлаш мақсадида суд, Оила кодексининг 62-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.
Келтириб ўтилган қонун талаблари ва Олий суд Пленумини тушунтиришидан келиб чиқиб, суд муҳокамасида боланинг келиб чиқишини аниқлаш учун судга одам ДНКси суд-биологик экспертизасини тайинлаш ҳақида илтимоснома беришингиз мумкин.