УЗИЛГАН СИМЁҒОЧЛАРНИ КИМ ТАЪМИРЛАШИ КЕРАК?

— Ҳовлимизнинг ёнидаги симёғочлар анчадан бери яроқсиз кўринишга келган, узилиб ётибди. Шамол турганда туташувлар бўлиб туради. Маҳалла раиси ҳокимиятга чиқиш кераклигини айтди. Ҳокимиятдагилар электр таъминотига юборишди. У ерда эса «ариза ёзинг, тегишли тартибда кўриб чиқамиз», деган жавоб олдик. Бирор корхол юз берса, ким жавоб беради? Бу масалани суд орқали ҳал қилсак бўладими? Ўзи умуман бу вазиятда бизни қандай ҳақ-ҳуқуқимиз бор?

Исми сир тутилди

Жалолиддин Аббасов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сонли қарори билан Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари тасдиқланган.

 

Мазкур қоидаларнинг мақсади истеъмолчилар электр қурилмалари ва электр тармоқларини ишончли, хавфсиз ва самарали эксплуатация қилишни таъминлаш ҳамда уларни ишга яроқли ҳолатда сақлаб туришдан иборат.


Ишлаб турган электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш, уларда тезкор алмашлаб улашларни ўтказиш, таъмирлаш, монтаж ёки созлаш ишларини ва синашларни ташкил этиш ва бажариш махсус тайёрланган электротехник ходимлар томонидан амалга оширилиши ушбу қарор билан тартибга солинган.


Сиз мурожаатингизда кўрсатиб ўтган симёғочлар умумий истеъмолчилар электр қурилмалари бўлганлиги сабабли, мазкур масала юзасидан истиқомат қилаётган туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилишингиз лозимлиги тушунтирилади.


Мурожаатингиз якуни бўйича ижобий натижа бўлмаган тақдирда, ёзма олинган рад жавоби билан мажбурият юклаш ҳақидаги талаб орқали судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз пайдо бўлишлиги тушунтирилади.