ТОШКЕНТДА ТОВЛАМАЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ЎЗГАНИНГ ПУЛИНИ ҚЎЛГА КИРИТМОҚЧИ БЎЛГАН ЙИГИТГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Гиёҳвандлик — ақлдан озиш, мурдадек яшаш дегани. Бугунги кунда аср вабосига айланган мазкур иллат ёшлар ўртасида кун сайин кенг қулоч ёзиб бормоқда. Агар гиёҳванд моддалар тарихига назар солсак, улардан 600 йил илгари фойдаланиб келинган. ХIХ асрга келиб, унинг тарқалиши тезлашган ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилган. Аммо бугунги кунда таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган айрим дорилар оғриқ қолдириш, даволаш учун эмас, бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Қуйидаги воқеамиз қаҳрамонларини ҳам айнан шундай кучли таъсир қилувчи дориларга бўлган иштиёқ суднинг қора курсиси томон етаклади.
Товламачилик йўли билан бировнинг пулини қўлга киритди
Судланувчи бир фуқарога зўрлик ишлатиб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, унинг ёнида бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб қўяди. Шундан сўнг уяли алоқа воситасида фуқрони ноқонуний равишда дори воситалари сотиб юрганлигини айтиб, шериги билан бирга видео тасвирга туширади ва ушбу лавҳаларни интернетдаги ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан таҳдид қилади. Фуқарони ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, унга тегишли бўлган пулни товламачилик йўли билан қўлга киритади.
“Арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди”
Суд мажлисида судланувчи айбига қисман иқрор бўлди:
— Бир йилдан бери кучли таъсир қилувчи дори воситаларини истеъмол қилиб келаман. Дорининг хумори тутиб, танишим бўлган бир қизга қўнғироқ қилиб, дори топиб беришни илтимос қилдим. У менга бундай дорини бир фуқродан сотиб олаётганини айтиб, унинг телефон рақамини берди.
Шундан кейин у фуқарога қўнғироқ қилиб, икки-уч маротаба дори сотиб олиб, истеъмол қилдим. Ўша куни қизга қўнғироқ қилиб, қаердалигини сўраганимда у ўзи тавсия қилган фуқаро ва бошқа ўртоқлари билан биргалигини айтди. Шу орада у фуқаро таниш қизим орқали мендан йигирма минг сўм қарзим қолганлигини, қачон қайтаришимни сўради. Мен уларнинг аниқ манзилини сўраб, ўша томонга йўл олдим.
Фуқаронинг арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди. Борсам, улар кўпчилик экан, мен унга ёлғиз гаплашиб олишимиз кераклигини айтиб, бошқаларни машинадан туширишини сўрадим. Иккаламиз машинага ўтириб, бошқа томонга ҳаракатландик. Мен ундан “Ёнингда дори борми?” деб сўрадим. У дори борлигини айтиб, уларни менга узатди. Мен ундан “Яна ниманг бор?” деб сўрадим. У дори олиш учун сақлаган олти юз минг сўмга яқин пули борлигини айтди. Мен ундан бу пулниям олиб, чўнтагимга солиб қўйдим. Биз машинани йўл чеккасига қўйиб, гаплашиб ўтирганимизда орқамиздан бошқа бир танишим бошқарувида бўлган машинада бояги қиз ва унинг танишлари бўлган икки нафар шахс етиб келишди. Уларни машинада қолдириб, бизнинг олдимизга келди. У машинага ўтириб, мен билан келган фуқарога машинани ҳайдашни буюрди. Бир чеккага тўхтаганимизда танишим ундан “Машинангда нима бор?” деб сўради. У юкхонада отасига тегишли олтмиш миллион сўм пул борлигини, бу пулга тегинмаслигимизни қайта-қайта илтимос қилди. Биз тушиб, юкхонани очиб кўрсак, ҳақиқатан ҳам у ерда олтмиш миллион сўм пул бор экан. Танишим бу пулдан беш миллион сўмини олиб, фуқарога қараб, “Бизга кучли таъсир қилувчи дорилардан олиб келсанг, пулингни қайтариб оласан”, деб шарт қўйди.
У ҳар қанча ялинмасин, пулни бермади. Шундан кейин танишим уни телефонига видеога олди, “Агар бировга шикоят қиладиган бўлсанг, дори сотишингни тегишли жойга айтаман” деб таҳдид қилди. Ҳозирда бўлиб ўтган воқеадан жуда афсусдаман. Қилмишимдан пушаймонман.
Ҳукм ўқилди
Юқорида номлари келтирилган ҳар уч шахс - Шокир Мирзаев, Воҳид Сафаров, Ойбек Қосимовлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилиб, уларга нисбатан турли муддатларга озодликни чеклаш жазолари тайинланди.
Абдулла АБДУЛХАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туман суди судьяси,
Лола Шоимова, журналист.