ТОШКЕНТДА ПИРОТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИНИ СОТИШГА УРИНИШ «ҚИММАТ»ГА ТУШДИ

Янги йил байрами тобора яқинлашгани сари унинг шукуҳи ортиб боради. Бироқ мана шу байрамона кайфиятга рахна соладиган ҳолат ҳам борки, дилни хира қилади. Байрам баҳона чўнтагини қаппайтиришни кўзлаганлар пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш пайига тушади. Ваҳоланки, пиротехника буюмлари ортидан соғлигига жиддий, ҳатто бир умрлик “тамға” бўлиб қоладиган ҳолатлар қайд этилгани ҳақида кўп ва хўп айтилади. Энг қизиғи, шу “иш” билан шуғулланувчиларнинг ҳам фарзанди бор. Шу жумладан, “қаҳрамонлар”имиз 27 ва 32 ёшли судланувчиларнинг ҳам бир нафар вояга етмаган боласи бор. Улар ҳамда жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар олдиндан тил бириктиришади. Бир гуруҳ бўлган ҳолда жуда кўп миқдордаги пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш мақсадида ташиб ва сақлаб келишган…

 

Декабрь ойи… Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан холислар иштирокида тезкор тадбир ўтказилди. Жараёнда 2 нафар судланувчи ва жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар томонидан қайта сотиш учун олиб келинган, Яшнобод туманидаги уйда юклашга тайёр ҳолатда сақланиб келинаётган, тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган жами 8 дона картон қутилардаги 218 дона “Золотой дракон”, 230 дона “Новый век”, 2 736 дона “Соловей разбойник” ва 4 дона “9D” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб олиб қўйилган.

 

Бундан ташқари, тадбир давомида, 32 ёшли судланувчи бошқарувидаги ва у томонидан Миробод туманидаги уй манзилида жойлашган автотураргоҳга олиб бориб қўйилган “Дамас” русумли автомашинанинг салон қисми холислар иштирокида кўздан кечирилади. Унда 144 000 дона “Трения”, 712 дона “Золотой песок”, 72 дона “Танец на льду”, 19 дона “Королевский салют на 64 залпов”, 4 дона “Королевский салют на 100 залпов”, 4 176 дона “Соловей разбойник”, 48 дона “9D” номли пиротехника воситалари мавжудлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб олиб қўйилган.

 

ИИВ ЭКМнинг экспертиза хулосаларига кўра, олинган зарядлар таркибида портловчи моддалар йўқлиги ҳамда қурол-яроқ, ўқ дори, портлатиш қурилмалари туркумига кирмаслиги, ишлатиш учун яроқлилиги, Хитойда саноат усулида ишлаб чиқарилганлиги ва пиротехника воситалари хавфлилик даражаси бўйича IV, III ва II синфидаги пиротехника воситалари туркумига кириши аниқланган.

 

Баҳолаш ҳисоботига кўра, олиб қўйилган пиротехника воситаларининг бозор нархи 376 290 000 сўмни ташкил қилади.

 

— Менга танишим қўнғироқ қилиб, сотиладиган арча ўйинчоқлари борлигини ва уларни бир жойга олиб бориш кераклигини айтиб чақирди. Шунда бошқарувимдаги “Дамас” русумли автомашинада танишим айтган Яшнобод туманидаги уйга бордим. Дарвозани танишим очди ва ҳовлида турган 25 та қоғоз қутиларда бўлган юкларни мени автомашинамга ортишди. Сўнг танишим менга “автомашинангни бирор автотураргоҳга қўйиб тур, кейинчалик юкларни қаерга олиб бориш кераклигини айтаман”, деди. Автомашинамни бошқариб, ўзим биладиган Миробод туманидаги уй манзилида жойлашган автотураргоҳга олиб бориб қўйдим. Ўзим пиёда кетдим. Орадан бир қанча вақт ўтиб, менга ўзини божхона ходими сифатида таништирган шахс қўнғироқ қилди. Бошқарувимдаги автомашинада пиротехника воситалари аниқлангани ва автомашина эвакуатор ёрдамида Божхона бошқармаси биносига келтирилганини айтди. Мени бошқармага чақиришди, бориб ҳолат юзасидан батафсил тушунтириш бердим. Ҳақиқатда автомашинамга арча ўйинчоқлари эмас, балки пиротехника воситалари юкланганини билмаганман.

 

Автомашиналарга “чехол”лар сотиш билан шуғулланганим сабабли, Қирғизистондан ушбу турдаги ашёларни буюртма қилганман ва улар учун пул ўтказганман. 27 ёшли судланувчи билан илгаридан таниш бўлмаганман. Воқеа содир бўлган куни 150 000 сўм хизмат ҳақи эвазига юкларни олиб бориб беришга келишганман, – дейди судда айбига иқрорлик билдирмаган 32 ёшли судланувчи.

 

27 ёшли судланувчи эса судда айбига қисман иқрор бўлди. — Менга ўзини “Б.” сифатида таништирган шахс қўнғироқ қилиб, “пиротехника воситалари сотиб оламан, Тошкентга етказиб берсангиз пулларини бераман”, деди. Шундан сўнг 33 қоғоз қутига жойланган пиротехника воситаларини сотиб олиб, уларни юк автомашинасига ортиб, Тошкентга юбордим. Ўзим эса қариндошимнинг бошқарувидаги автомашинада Тошкентга келдим. Етиб келгач, “Бегзод”га қўнғироқ қилганимда, юкларни қаерга олиб боришни тушунтирди. Айтилган манзилга юк автомашинасини кузатиб олиб бордим ва автомашинани хонадон ҳовлисига киритиб, юкларни “Б.”, “Ш.” тушириб олишди. Сўнг юк автомашинасини йўлкира ҳақини бериб жўнатиб юбордим. Шу пайт ҳовлига кейинчалик шахсини билганим 32 ёшли судланувчи ўзини бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинада кириб келди. “Б.” ва “Ш.” уни автомашинасига 25 қутидаги пиротехника воситаларини ортишди. 32 ёшли судланувчи ҳовлидан чиқиб кетди. “Б.” ҳам пулларни олиб келишини билдириб кетди. Уни кутиб ўтирганимда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари келишди. Ҳовлида қолган пиротехника воситаларини аниқлаб, бизни божхона бошқармаси биносига олиб кетишди. Бошқармада 32 ёшли судланувчи бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина ҳам юклари билан келтирилганини кўрдим. Пиротехника воситаларини сотиб олиш юзасидан 32 ёшли судланувчи билан гаплашмаганман, – дейди пиротехника воситаларини Қирғизистон Республикаси ҳудудидан сотиб олганини, содир қилган ҳаракатлари оқибатларини тушуниб етганини билдирган судланувчи.

 

Бироқ судланувчилар келтирган важлар уларни жавобгарликдан озод этмайди.

 

Судланувчилар Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва ҳар бирига 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жами 152 220 дона пиротехника воситалари тегишгли тартибда йўқ қилиниши белгиланди.

 

Шохдиёр Шерматов,

жиноят ишлари бўйича

Миробод туман суди судьяси