ТОШКЕНТДА ЙЎЛ БЕРИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛИБ, ҲАЙДОВЧИНИ УРГАН 21 ЁШЛИ ПИЁДА 5 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

Ҳар тонг яхши ниятлар билан остона хатлар эканмиз, бошланган янги кунимиз хайрли, унумли ва барокатли ўтишини ният қиламиз. Бироқ эрта тонгдан жахл отига миниб, атрофдагиларга нисбатан хурмат-иззат доирасидан четга чиқиш эса яхши оқибатларга олиб келмаслигини гоҳида унута ёзамиз. Натижада сўнгги пушаймон ўзимизга душман бўлади…

21 ёшли сотувчи йигит соат 07:30 ларда йўл чиқди. У Мирзо Улуғбек туманида жойлашган деҳқон бозори олдидан ўтувчи автомобиль йўлининг тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойида автомашинасида ҳаракатланиб бораётган ҳайдовчи билан йўл бериш ва йўлдан ўтказиб юбориш масаласида ўзаро жанжаллашиб қолади. Безорилик оқибатида, қасддан баданга оғир шикаст етказиш мақсадида, ҳайдовчининг юз соҳасига қўл мушти билан бир неча маротаба қасддан уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, ҳайдовчининг танасида бош мия очиқ жароҳати, оғир даражали бош мия лат ейиши, чап чакка бўлагининг контузион ўчоқлари билан, чап чакка бўлагини ўткир субдурал гематомаси, калла суяги асосига ўтган чап чакка суягини синиши, пневмоцефалия, чап чакка соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши каби тан жароҳатлари борлиги аниқланган. Ушбу тан жароҳатлари етказилиш вақтида ҳаёт учун хавфли бўлган, оғирлик даражаси бўйича оғир тан жароҳатлар тоифасига кириши аниқланган.

Суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирган судланувчининг сўзларига кўра, у онаси билан деҳқон бозори қаршисидаги кўчадан келиб автомобиль қатнов йўлидан пиёдалар учун яшил чироқ ёнганида онаси билан йўлдан кесиб ўтмоқчи бўлишган.

— Ўнг тарафдан автомашина светофорнинг қизил чироғи ёнганига қарамасдан ҳаракатланиб келиб, бизни туртиб ўтишига озгина қолди.

Шунда мен автомашинанинг ҳайдовчи тарафидаги ён тараф кўриш ойнасини чап қўлим билан урдим. Шунда ҳайдовчи кейин бир фуқаро тушиб, “нима қиляпсан?” деб бақирди. Фуқарога “яшил ёниб турибди, биз ўтишимиз керак”, деб жавоб қайтардим. У билан ўзаро гап талашиб турган вақтимизда орқадан кимдир мени итариб юборди. Зарбадан ерга йиқилдим.

Кейинчалик мени итариб юборган шахс жабрланувчининг қонуний вакили – фуқаронинг укаси эканлигини билдим. Онам у билан тортишиб кетди. Шу вақт фуқаро мени юзимга урди. Мен ҳам ўзимни ҳимоя қилиши учун унинг юзига бир неча маротаба урдим.

Оқибатда фуқаро ерга йиқилиб қолди. Шунда укаси томон бораётган вақтимда бир йигит тўхтатди. Онам иккимиз жабрланувчини йўловчи автомашинага ётқизиб, касалхонасига олиб бордик. У ерда унга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, тез ёрдам автомашинасида бошқа касалхонага олиб кетдик. Унга оғир тан жароҳати етказиш мақсадим бўлмаган. Ураётган вақтим қўлимда ҳеч қандай предмет бўлмаган.

Фақатгина қўлим билан юз қисмига уч маротаба урдим, шунда тан жароҳати олган. Жабрланувчи бўлса, мени ўнг чаккамга бир маротаба урди, – дея қилмишидан пушаймонлигини билдирди.

“АКАМ ХУШИНИ ЙЎҚОТДИ…”

Жабрланувчининг қонуний вакили – укаси суд мажлисида ўз ҳақиқатларини баён қилди.

— Акам билан иккита автомашинада Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига дам олиш учун кетаётгандик. Акам “Кобальт” русумли автомашинада олдиндан ҳаракатланиб бораётганди. Мен эса ўзимга тегишли бўлган “Ласетти” русумли автомашинада кетма-кет кетаётгандим. Бозорнинг қаршисидаги автомобиль қатнов йўлида акам автомашинада чорраҳадан ўтаётган вақтида пиёда ўтаётган аёл билан йигит қўли билан акамнинг автомашинасини ҳайдовчи тараф ён ойнасини урди. Шу сабабли акам йўл четида тўхтади. Мен эса чорраҳанинг қизил чироғига тўхтаб ортда қолдим. Акам автомашинадан тушиб, йигитдан нима сабабдан автомашинанинг ён ойнасини синдирганини сўради. Шу тариқа ўзаро оғзаки жанжал бошланди. Мен ҳам автомашинадан тушиб, уларнинг олдига бордим. Йигитни акамдан нарига итардим, орқага бир-икки қадам ташлади. Шу вақт йигитнинг онаси менга ташланди. Йигит акамни урганида у ерга йиқилиб қолганини кўрдим. Дарҳол акамга тез ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдим. Чунки у хушини йўқотиб, судрга бўлганди. Акамни ўша ерда турган автомашинага ўтказиб, касалхонага олиб кетдик. У касалхонадан эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетдик. Ҳозиргача акам уч маротаба жарроҳлик амалиётини ўтади. Хушида эмас, судланувчи томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади. Шу боис унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайман.

 

СУД ЗАЛИДАН ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилсин унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.

 

Судланувчига қўлланилган уй-қамоғи эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, дарҳол суд залидан қамоққа олинди.

 

Манфаатдор томонларга жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласи юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини тушунтирилди.

Баҳодир КАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси