ТЕЛЕГРАМ ТАРМОҒИДАГИ ҚИНҒИР ҚАДАМ
Бугун ижтимоий тармоқлардан ҳамма ўзи хоҳлаганча фойдланмоқда. Сир эмаски онлайн савдо ва адашган манзилга локация юбориш ҳам катта кичикка осон бўлиб қолди. Бу имкониятдан тўғри фойдаланмаётган тошкентлик талабанинг қинғир қадами фош этилди.
Татаристон Республикаси Қозон федерал университети 2-курс талабаси бўлган эндигина 21 ёшни қаршилаган Собир Бобоев (исм шарифлар шартли) гиёҳванд моддасини сотиш билан шуғулланувчи номаълум шахслар билан келишган ҳолда, телеграмм мессенжеридаги бот орқали келгусида интернет тармоғи орқали сотиш мақсадида, қадоқлаб тайёрланган гиёҳванд моддаларни кейинчалик махсус жойларга қўйиб кетиш мажбуриятини олиб, ҳар бир қадоқланган гиёҳванд моддасини кўмганлиги эвазига 30.000 сўмдан олиш мақсадида ўзида сақлаб келган а-пирролиновалерофенон (α-PVP) гиёҳвандлик моддасини махсус жойга кўмиб жойлаштириш учун 2021 йил 19 сентябрь куни соат 12:30 ларда Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, А.Қодирий кўчасида жойлашган “Салар” канали бўйлаб келаётган вақтида, Яшнобод тумани ИИО ФМБ ППХ ходимлари томонидан шубҳали кўриниб, унинг шахсини текшириш мақсадида тўхтатилганда, ўзини ножўя тутганлиги боис холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида, унинг эгнида бўлган шимининг орқа чўнтагидан 13 дона кўк рангли изолентага ўралган оч яшил рангли целлофан пакет ичида ўткир ҳидли модда борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорининг 3-бандида: “Жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак”лиги ҳақидаги талаблар кўрсатиб ўтилган.
Суд ҳайъати, судланувчи С.Бобоевга жазо тури ва миқдорини белгилашда, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ёшлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини, шартнома асосида олий ўқув юртида ўқишини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисоблаб жиноят ишини кўриб якунлади.
Суд томонидан судланувчи Собир Бобоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топиб 8 (саккиз) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Бахриддин ИКРАМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яшнобод туман судининг судьяси