ТАЪЛИМ ИНСПЕКЦИЯСИ ХОДИМИГА ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛГАН ФИРИБГАР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛГАН

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 243-мактабда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигини 30 йиллиги олдидан ҳамда «Зўравонликка қарши 16 кун!» акцияси доирасида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда Таълим инспекцияси, туман халқ таълими бўлими ҳамда мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этишди.

 

Тадбирда сўзга чиққан жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси Сарвар Мамадиев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрами билан табриклаб, чин қалбдан самимий муборакбод этди.

 

Шунингдек, тадбирда бош қомусимизнинг давлат бошқарув жараёнларида тутган ўрни, тарихи ҳамда ривожланган мамлакатлар конституциялари тўғрисидаги қизиқарли маълумотларга тўхталиб ўтилди.

 

Хусусан, тадбирда сўзга чиққан жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг раис ўринбосари Акмал Мирзаханов педагог кадрлар аттестация жараёни билан боғлиқ бир ҳолатга тўхталиб ўтди.

«Жорий йилда ўқитувчилар ҳам иштирок этган бир ишни кўриб чиқдик. Таълим инспекцияси ишлар бошқарувчиси лавозимида ишлаган Нодирбек Исмоиловга аввал фирибгарлик жинояти билан судланган фуқаро аттестациядан ўта олмаган бир неча нафар ўқитувчиларнинг ўтказиб бериш учун пора таклиф қилган.

 

Шундан сўнг Таълим инспекцияси ходими ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар органларга хабар берган ва у қўлга олиниб жинояти учун тегишли тартибда ҳозир қамоқда жазосини ўтамоқда. Ўз навбатида бу ишга алоқадор ўқитувчиларга ҳам чора кўрилди.

 

Бу маълумотларни бугун айтиб ўтишимдан мақсад, ўқитувчиларга ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз, ўзлари билмаган ҳолда турли фирибгарларга ишониб, уларнинг келгусида судланиб, жазолашинг олдини олишимиз лозим», – деди судья.

Шу билан биргаликда, тадбирда мактабларда кузатилаётган қонун бузиш ҳолатлари, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатлари кўпайишига сабаблар мактаблар раҳбари иштирокида муҳокама қилинди ҳамда бу ҳолатларни камайтириш бўйича бир қатор таклиф билдирилди.

Таъкидлаш лозим, Таълим инспекцияси томонидан коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда соҳа ходимларига кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида педагоглар аттестациясини ўтказиш жараёнлари мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда.

 

Ҳурматли фуқаролар!

 

Таълим инспекцияси фаолиятига оид жараёнларда ёрдам бериш эвазига кимдир сиздан пул ёки бошқа моддий рағбат талаб қилса, ёки бирон нохолис ёндашувга гувоҳ бўлсангиз инспекциянинг @antikorr_tdibot мурожаатлар боти ёки расмий сайтидаги “Stop corruption” бўлимига ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.