ТАДБИР ЁДГА ТУШИРГАН НАҚЛ: БОШИДАН ЎТКАЗГАН ТАБИБ

Бугунги анъанавий “Маърифат соати” мавзусидан келиб чиқилса, соҳанинг яхши мутахассиси таклиф этилиши мумкин эди. Чунки, “Стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш” ҳақида  тиббиёт заҳматкашлари гапиргани маъқулдай кўринади. Бироқ  ўзгача йўл тутилди. Ташаббусни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ориф Қиличев (ҳужжатда “Қличев”) қўлга олди.

Ажабланарлими? Йўқ!

 Негаки, судьялик секин айтиладиган лавозим эмас. Ушбу лавозим эгаси фаолияти давомида озмунча зўриқишларни бошдан ўтказмайди (инсон тақдири билан боғлиқ  фаолият осон эканми?!). Ҳали қирққа кирмаган аксарият судьяларнинг сочига қиров қўниши бежиз эмас.

Иккинчидан, маълум тоифадаги жиноятлар кучли стресс оқибати экани маълум. Бундай ишларни кўриб чиқишда судья нафақат судланувчи хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради, балки жиноят содир этган пайтдаги руҳий ҳолати, бунинг сабабларини ҳам ўрганади: мана, амалий психология.

Кўряпсизки, судьянинг  жисмоний ва руҳий зўриқиш мавзусида ҳамкасблари ҳузурида чиқиш қилишининг ажабланадиган жойи йўқ. Бошидан ўтказган табиб, деган гап шунчаки ўйлаб топилмаган. Шу боис нотиқ шахсий тажрибалари мисолида тавсиялар берди, дардга малҳамни фақат укол-у таблеткадан эмас, жисмоний ҳаракатлардан қидириш самаралироқ эканини таъкидлади.

Шунингдек, бадиий китоб мутолааси аҳамияти ҳам эслатиб ўтилди. Негаки, бадииятда инсоннинг ички кечинмаларига эътибор қаратилади. Шу учун ҳам адиблар “инсон руҳияти муҳандиси” дея таърифланади. Яхши асар мутолаасидан руҳий хотиржамлик топиш мумкинлигини биласиз-ку, китоб ўқиб, ҳис этгансиз-ку?!