ТАБИАТГА ЗАРАР ЕТКАЗМАЙЛИК

Бугун табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ҳақида бот-бот эслатмалар берилаяпти. Экологияни тоза сақлаш, табиий неъматлардан самарали фойдаланиш нафақат бугуннинг вазифаси балки эртанги истиқбол, ёш авлод учун қолдириладиган бойлик, бу эса бизнинг бурчимиздир.

Айрим мансабдор раҳбарларнинг амалдаги қонунларни менсимаслиги ачинарли холдир.

1987 йилда туғилган оилали,  олий маълумотли А.Р. МЧЖ раҳбари бўла туриб яшил табиатга зарар етказди. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ходимлари текширув олиб борганида А.Р. раҳбарлик қилаётган корхонада Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15 ва 22 – моддалари ҳамда “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси бузилишига олиб келганлиги, корхона фаолиятидан ҳосил бўлган ишлаб чиқариш чиқиндилари махсус ажратилмаган жойда уюлиб ётганлиги аниқланган.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15, 24, 25, 41-моддалари, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонуннинг 11, 13, 21 – моддалари бузилишига олиб келинганлиги, корхона томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмаганлиги ва Давлат экология қўмитаси “Экологик экспертиза маркази” давлат унитар корхонаси томонидан 2022 йил 10 январдаги экспертиза хулосасида бажарилиши мажбурий бўлган 4 банддан иборат кўрсатмаларнинг бирортаси бажарилмаганлиги аниқланиб, мазкур холатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб судга чиқарилган.

Судда корхона раҳбари айбига иқрорлик билдириб, қилган ҳуқуқбузарлигидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд Р.А.нинг саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 91-моддаси 1-қисми билан, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга тушириш, уларни ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқава сувлар билан ифлослантиришда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 65-моддаси 4 – қисми билан, лойиҳаларни давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасиз ёхуд унга риоя қилмаган ҳолда рўёбга чиқариш, шунингдек бундай хулосаси бўлмай туриб объектларни маблағ билан таъминлашда ифодаланган ҳаракатлари МЖтК нинг 96-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб топди.

Суд ҳуқуқбузарга юқоридаги моддалар билан айб эълон қилиб, МЖтК нинг 34-моддасига асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида, яъни 5 млн 100 минг сўм жарима жазоси тайинлади.

Дилмурод Валиев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди тергов судьяси