Суриядаги террорчилик ташкилотига қўшилган ўзбекистонлик эркак 9 йилга қамалди
Суриядаги террорчилик ташкилотига қўшилган 36 ёшли ўзбекистонлик эркак узил-кесил 9 йилга қамалди. У яқин дўстининг таклифи билан халқаро террористик ташкилотга қўшилган ва бир гуруҳ шахсларни Сурияга жўнатишни ташкиллаштирган.
21 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида Сурияда террорчилар сафига бориб қўшилган фуқаро иши кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
1987 йил Наманган вилоятида туғилган фуқаро Жиноят кодексининг 155−2-моддаси (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми, 155−2-моддаси 2-қисми, 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди ва 244−2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми билан айбланган.
Суд материалларига кўра, эркак 2016 йил 6 сентябрь куни яқин дўстининг таклифи билан Тошкент-Истанбул йўналишидаги авиарейс орқали Туркия пойтахтига борган. Сўнг 2017 йил сентябрь ойида Истанбулдан Сурияга ўтиб, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ХТТ (халқаро террористик ташкилоти) таркибига қўшилган.
У ерда декабрь ойига қадар террорчиларни тайёрлаш лагерида жанговар тайёргарликдан ўтган. 2018 йил сентябрь ойида эса ХТТ сафини кенгайтириш учун Туркияга қайтган ва 2022 йил декабрь ойига қадар бир гуруҳ шахсларни ёллаб, уларни Сурияга жўнатиб юборишни ташкиллаштирган.
«Суриядаги блогерлар ижтимоий тармоқларда у ердаги ҳаётни жаннатдек кўрсатишади, уни кўрган одамнинг ишонмай иложи йўқ. Мукаммал ишлашади. Лекин ҳақиқий ҳаёт бориб кўрганингиздан кейин бунинг акси эканини кўрасиз, бироқ унда кеч бўлади. Сизга қонуний жазо кўрилиши лозим бўлиб қолади. Қайтиб чиқаман десангиз, қўрқасиз, ватанимга борсам, қамалиб кетаман деб ўйлайсиз. У ерда қолсангиз, фитна бўлаётганини кўрасиз ва икки ўт орасида қоласиз. Тўғри, мен оқ-қорани ажратадиган ёшдаман, аммо муҳит менданам ёши катталарни алдаб, олиб кетади. Иқтисодий бойлик орттириш сабаб алданиб қолдим», — деди судланувчи.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан узил-кесил 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.