СУДЬЯЛАР КУРСАТЛАРГА ОЧИҚ ДАРС ЎТДИ

Тадбир “давра суҳбати” шаклида ўтгани билан уни  “очиқ дарс” деб аташ ҳам мумкин. Қолаверса, гап шаклда эмас, натижа ва самарада. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси раҳбарияти тадбир эркин, очиқ ва самимий ўтишига алоҳида эътибор қаратгани сабаби шунда. Шу боис ортиқча маърузабозлик қилинмади, тадбир савол-жавобларга бой ўтди ва табиийки, таассуротлар ҳам шунга яраша. Чунки, Академиянинг Кундузги таълим факультети курсантлари, Офицерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курси тингловчилар учун “Техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар (ёнғин) билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чорасини қўллаш” мавзуси алоҳида аҳамиятга эга. Айни мавзуда судьялар (Тошкент шаҳар суди судьяси Абдуллажон Муҳиддинов ва Тошкент вилояти маъмурий суди судьяси Мақсудбек Саидов) билан тўғридан тўғри мулоқотлар эса бу борадаги суд амалиёти ҳақида кенг тушунча бериб, тасаввурларни бойитади.


Очиқ мулоқотда маъмурий жазо чорасини қўллаш тартиби, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84, 124, 211, 204-1-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда фавқулодда вазиятлар давлат назорати инспектори томонидан маъмурий жазо чораларини қўллаш тартиби содда ифодалар билан тушунтирилди. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузишга оид жиноят, бунда ваколатли ходимнинг вазифа ва мажбуриятлари, фавқулодда вазият оқибатлари бўйича суд органларига аризалар киритишнинг ҳуқуқий  асослари, амалиётда учраётган муаммоли вазиятларнинг ҳуқуқий ечимларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Якунда самимий ва очиқ мулоқот учун меҳмонларга миннатдорлик билдирилди, шунингдек, бундай учрашувлар бардавомлиги мақсадга мувофиқ экани эса мезбон-у меҳмонлар томонидан алоҳида қайд этилди.