СУДЬЯГА САВОЛЛАР ОЗ БЎЛМАДИ

Судьялар ишда бошқа, кўчада умуман бошқа одамга айланади, деган гап тўғри.  Шундай  бўлишиям керак, аслида. Чунки, суд жараёнининг ўзига яраша процессуал тартиблари мавжуд. Айни тартиблар боис судья (ва бошқа процесс иштирокчилари) белгиланган ҳуқуқий чегарадан чиқмаслиги шарт.

Хизматдан бошқа пайтда ҳам ўзини “қўйиб юбориш”дан тийилиши лозим (Судьялар одоби кодексида хизматдан ташқари пайтда ҳам риоя этиши лозим бўлган қоидалар бор-да). Бироқ процессуал тартиб ёки одоб қоидалари аҳоли билан очиқ мулоқотни чекламайди.

 Очиқ мулоқотларда, дарҳақиқат, судья ҳам “ҳамма қатори” инсонлиги, жиноятчини қамашдан кўра, жиноятнинг олдини олиш муҳимлиги ҳақида ўйлаши, бунга барча қатори ўзини бурчдор деб билиши ойдинлашади.

Пойтахтнинг қоқ марказидаги “Чорсу” маҳалласида бўлиб ўтган тадбирда фаоллар жиноят ишлари бўйича Шайхонтаҳур туман суди судьяси Сирожиддин Ҳасанов тимсолида тизим вакилларини қайта кашф этишган бўлса, ажабмас.

Негаки, судья ва маҳалли аҳли мулоқоти суд залидаги каби қатъий тартибда ўтгани йўқ. Мулоқот очиқ, бироз аччиқ, аммо самимий бўлди.

Очиқлигики, яширишнинг ҳожати йўқ: гиёҳвандлик билан боғлиқ қилмишлар кўпаймоқда. Айбдорни ушлаб, жазо бериш – масаланинг бир томони, холос. Ботқоқни қуритмай чивинга қирон келтириб бўлмайди, ахир?! Демак, бунинг учун барча бирдек масъул.

Аччиқлигики, ушбу жиноят кўпайиб, гиёҳвандлик домига илинаётганлар сони ошаётган экан, бунда барчанинг “ҳиссаси” бор. Бир болага етти маҳалла ота-она, деб бежиз айтилмаган. Фаол жамоатчилик назоратисиз хавфсиз маҳалла муҳитини шакллантириш қийин.

Очиқ мулоқот жараёнида биров бошқага иддао қилгани йўқ. Самимият шу-да. Масъулиятдан қочиш эмас, уни янада теран ҳис этиш лозимлиги айтилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни тушунтирилди. Қонунда кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаслигининг ҳуқуқий оқибатларига қатор мисоллар келтирилди.

Тадбирда судьяга саволлар оз бўлмади. Ва ҳаммасига батафсил жавоблар берилди.