СУДЛАНГАНЛИК ВАЖИ БИЛАН ИШГА ОЛИШМАСА, ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?
— Қорамал ўғирлаганлигим учун қамалиб чиқдим. Ҳозирда ишга жойлашмоқчиман, лекин “судлангансан” деб ишга олишмаяпти. Мазкур ҳолатда кимга мурожаат қилсам бўлади ?
Исми сир тутилди
Мутахассис: Ғафур АМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.
СУДЛАНГАНЛИК ҲОЛАТИ ҚАЧОН ТУГАЛЛАНАДИ?
— Жиноят кодексининг 77-моддасига мувофиқ, судланганлик ҳолати жазо тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб, у тугалланган ёки олиб ташланган пайтгача давом этади.
Судланганлик ҳолатининг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари судланганлиги тугалланмаган ва олиб ташланмаган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолда келиб чиқади.
Қонун судланганлик ҳолати барҳам топишининг фақат икки усулини унинг тугалланиши ва олиб ташланишини назарда тутади.
Судланганлик ҳолати тугалланиши шахснинг судланганлиги факти билан боғлиқ барча оқибатларнинг жазо тури ва муддатидан келиб чиққан ҳолда Жингоят кодексининг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтганлиги натижасида автоматик тарзда (ўз-ўзидан) барҳам топишини англатади. Бундай ҳолларда судланганлиги тугалланган шахс, унинг вориси, қонуний вакили ёки адвокати илтимосига кўра, ҳукм чиқарган суд томонидан судланганлик ҳолати мавжуд эмаслиги фактини тасдиқловчи маълумотнома берилади. Бунинг учун манфаатдор шахс томонидан судга тақдим этилган ички ишлар органлари ахборот маркази маълумотномаси ва жазо ўталганлиги (ижро этилганлиги) фактини тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади.
Судланганликнинг олиб ташланиши ундан келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар судланганлик ҳолати барҳам топиши учун қонунда белгиланган муддатлар ўтгунига қадар суд қарорига асосан тугатилишини англатади. Судланганлик олиб ташланиши учун шахснинг жазони ўтаб чиққандан кейинги бенуқсон хулқ-атвори (унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чораси қўлланилмаганлиги), жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки шахснинг ўзи ЖК 79-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган муддатлар ўтгандан сўнг берган илтимосномаси асос бўлиши мумкин.
ЖКнинг 78-моддасида шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланиши, жумладан беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин тўрт йил ўтгач, беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан сўнг етти йил ўтгач, ўн йилдан ортиқ, бироқ ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин ўн йил ўтгач тугалланиши белгиланган.
БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАР СУД ТОМОНИДАН ТИКЛАНАДИ
— Содир қилган жиноятингиз учун жазони ўтаб чиққан вақтдан келиб чиққан ҳолда юқорида баён қилинган ЖКнинг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтган тақдирда суд ҳукми ва жазони ўтганлигингиз ҳақидаги маълумотномани илова қилган ҳолда судланганлик ҳолати тугалланганлиги ҳақида маълумотнома олиш учун ўзига нисбатан жиноят ишини мазмунан кўриб чиққан судга ёхуд юқорида қайд этилган муддатларни камида ярми ўтганидан сўнг судланган ҳолатини олиб ташлаш юзасидан доимий яшаш манзилда жойлашган жойлардаги жиноят ишлари бўйича туман судларига мурожаат қилиш мумкин.
Шу билан бирга судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган ҳисобланиб, ушбу шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти ва унинг учун судланганлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар қатъиян ва сўзсиз бекор бўлишига яъни, барча тўсиқлар олиб ташланишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 78-моддасига мувофиқ қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно қилган ҳолатда муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб, уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт. Асослантирилган жавоб бериш ҳақидаги талабларни қондиришни рад этиш ходимнинг ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан шикоят қилишига тўсиқ бўлмаслиги баён қилинган.
Меҳнат кодексининг 78-моддасига мувофиқ судланганлиги важ қилинган ҳолда ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан мазкур идоранинг юқори турувчи органига ёхуд фуқаролик судларига шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд.
Бундай ҳолатда, бузилган ҳуқуқлар суд томонидан тикланади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,
Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бўйича бош консультанти