СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР АМАЛДА

Суд тизимидаги муҳим ислоҳотлардан яна бири Ахборот-коммуникация мониторинги Вазиятлар маркази ва Жамоатчилик билан ҳамкорлик марказининг ташкил этилганлигидир. Ушбу марказнинг асосий вазифалари Республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш, ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш, суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш этиб белгиланди.

Жамоатчилик билан ҳамкорлик марказининг асосий вазифалари эса, аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш, суд фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш, ахборот маконининг доимий мониторингини олиб бориш, судлар фаолиятига доир ахборотлар бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил ва прогноз қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган материалларга, ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, суднинг расмий веб-сайтларида унинг фаолиятига алоқадор матнли, фото, аудио ва видео материаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб боришдан иборатдир.

Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишда барча босқичлардаги суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш бўйича Бош прокуратура ва Олий суднинг таклифлари маъқулланди.

Янги механизмни жорий этиш таклифларида Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари ва туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди.

Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари “Прокуратура тўғрисида”ги Қонун ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш, суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг хукуклардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш, суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашишдан иборат бўлади.

Бундан ташқари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланиши, ҳар бир ҳудудда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда тегишли туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ва бошқа йўналишларда узоқ йиллар фаолият кўрсатган тажрибали ходимлардан иборат Маслаҳат кенгашлари ташкил этилиши, бу кенгашлар ўзаро муҳокама асосида ўта мураккаб тоифадаги ишларнинг ечимини топиш, ёш кадрларни тўғри йўналтириш ва уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ишларига кўмаклашиши билан улар фаолиятининг натижадорлиги таъминланади.

Хабиба Худайбердиева,

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси