СУД ҚАРОРИСИЗ ШАХСНИ МУЛК ВА МУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ МУМКИН ЭМАС
Мансабдор шахслар томонидан суд қарорисиз шахсни мулк ва мулкий ҳуқуқлардан маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралари қўллаш мумкин эмас.
Бу борада тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш, деб ҳисобланади.
Бундан ташқари, гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институтини жорий этиш белгиланди. Унга кўра, суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорлари кўриб чиқиш учун судга киритилади.
Бу Президентимизнинг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий этилган жуда муҳим ўзгаришлардир.
Фармонда судларга мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор вазифалар ҳам юклатилди. Жумладан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш тартиби бекор қилинди.
Суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган мансабдор шахсларнинг ноқонуний деб топилган қарорлари натижасида мулкдорга етказилган зарар, шунингдек, суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари туфайли етказилган зарар ва маънавий зиён 2023 йил 1 январдан бошлаб республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Мулк ҳуқуқи дахлсизлиги бузилишининг олдини олиш, бузилган ҳолатларда мулкдорнинг ҳуқуқини тиклаш, адолатни қарор топтиришда судларнинг роли шу тариқа оширилди.
Зеро, Конституциямизнинг 53-моддасида ҳам хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги ҳамда мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина суд қарори билан мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги мустаҳкамланган.
Мулк ҳуқуқи ҳимояси кучайтирилгани мулкдорларнинг манфаатини таъминлашга, эртанги кунга ишончи ошишига хизмат қилади. Шу билан бирга, судларнинг мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилувчи институт сифатидаги аҳамияти оширилди.
Бобур РАҲИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туман суди судьяси