“СУД ҚАРОРИ УСТИДАН ҚАНДАЙ ШИКОЯТ ҚИЛСАМ БЎЛАДИ?”
— Жиянимга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Дастлабки тергов ва биринчи инстанция суди томонидан асоссиз айбловлар қўйилган. Суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмади. Бундай вазиятда қандай йўл тутиб, жиянимни озодликка чиқишига ҳаракат қилсам бўлади?
Исми сир тутилди
Саволга Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ориф ҚИЛИЧЕВ жавоб берди:
— Мазкур жиноят иши бўйича жиянингиз судланувчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 46-моддасига асосан бошқа ҳуқуқлар қаторида суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар келтириш ҳуқуқига эга.
Юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда, жиянингиз ёки унинг ҳимоячиси томонидан апелляция шикояти берилса, суд ҳукмининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция тартибида текшириб чиқилиши мумкин.