СУД КАСАЛЛИГИ УЧУН АЁЛДАН ФАРЗАНДИНИ ЭРИГА ОЛИБ БЕРИШИ МУМКИНМИ?

— Кенжа синглим тўйдан кейин қаттиқ шамоллашни оёқда ўтказиб, буйраклари хасталанди. Ҳозир битта буйраги қурияпти. Эри «касал хотин билан яшамайман», деб ажрашишга ариза берган. Фарзанди учун алимент тўлаяпти. Қайнопаси «укам ҳам касал хотинига, ҳам боласига алимент тўламайди. Суд орқали болани оламиз, шунда харажати ҳам бўлмайди», деяпти. Синглим хаста бўлгани учун суд фарзандини эрига олиб бериши мумкинми?

Исми сир тутилди

Рустам НОРХУЖАЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Оила кодексида ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги кўрсатиб ўтилган.

 

Ушбу Кодекснинг 74-моддасига асосан ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

 

Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорида суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.

 

Суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин. Юқоридаги қонун талабларида кўрсатилганидек, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Судлар болани алоҳида яшаётган ота-онадан бирида қолдиришда боланинг манфаатини эътиборга олишади. Ота-онадан бирининг моддий аҳволининг устунлиги болани унга олиб бериш учун асосий шарти ҳисобланмайди. Сиз келтирган ҳолат бўйича ҳам онанинг касаллиги ундан болани олиб, отага бериш учун асосий шарт ҳисобланмайди. Бундай ҳолатларда судлар она ўзининг касаллиги туфайли болага қай даражада ғамхўрлик ва эътибор кўрсата олаётганлигини, она касаллиги туфайли боланинг тарбияси билан шуғуллана олаётган ёки олмаётганлиги каби ҳолатларни, шунингдек боланинг ҳам фикри ва хохишларини инобатга олган ҳолда иш ҳолатларидан келиб чиқиб, қарор чиқаради.