Суд буйруғи институти фуқаролик суд ишларида самарали қўлланилмоқда
Бутун дунёда фуқаролар ва ташкилотлар ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни афзал кўрадилар. Бироқ, низоларни суд орқали ҳимоя қилиш муайян харажатларни ва муддатларни талаб қиладиган жараён ҳисобланади. Қолаверса, судларга келиб тушаётган ишлар ҳажмининг ортиб бориши судьялар иш юкламасининг кўпайишига сабаб бўлаётган омиллардан биридир. Бу эса суд томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Судьяларнинг иш ҳажмини камайтириш, шу орқали одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири – судда ишларни соддалаштирилган тартибда ҳал этиш усулларини ривожлантиришдир.
Фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда даъво аризалари ва шикоятларни қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш борасидаги дастлабки жараёнларни янада соддалаштириш мақсадида фуқаролик ишларини судда кўриш ва ҳал қилишнинг бирмунча соддалаштирилган тартиби “Буйруқ тартибида иш юритиш” жорий этилиши бўлди.
Маълумки, суд буйруғи институти судлар амалиётида қатор афзалликлари билан алоҳида ажралиб туради. Хусусан, фуқаролик судларида кенг қўлланаётган суд буйруғи берилган аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда қабул қилинадиган суд ҳужжатидир.
Суд буйруғи ишни судда муҳокама қилиш билан боғлиқ бўлмаган биринчи инстанция суди қарорининг алоҳида тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича чиқарилади ва бевосита ижро ҳужжати кучига эгадир.
Буйруқ тартибида иш юритиш манфаатдор шахс – қарз ундирувчининг ташаббуси билан бошланади. Талаб кимга нисбатан қаратилган бўлса, у қарздор деб эътироф этилади.
Суд буйруғи қуйидаги ҳолларда берилади, агар:
1) талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;
2) талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;
3) коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
4) вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса;
5) ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса;
6) фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
7) ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
8) кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
9) ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса.
Демак, фуқаролик ишлари бўйича суд буйруқлари қонунчиликда белгиланган қатъий қоидалар асосида, фақат мулкий тусдаги талаблар юзасидангина чиқарилади.
Мулкий тусда бўлмаган ёки кўчмас мол-мулкларни ундиришга қаратилган талаблар юзасидан суд буйруқлари чиқарилишига қонун йўл қўймайди.
Суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талаб Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасида белгиланган судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига амал қилинган ҳолда судга берилади. Шу билан биргаликда вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб ундирувчи яшаётган жойдаги судга, ижро қилиш жойи кўрсатилган нотариал тасдиқланган битимга асосланган талаб ушбу талаб бажарилиши лозим бўлган жойдаги судга тақдим қилиниши ҳам мумкин.
Суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ва ахборот тизими орқали электрон ҳужжат шаклида берилади.
Фуқаролик процессуал кодексининг 177-моддасига асосан, арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади.
Суд буйруғи берилганидан кейин суд унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади.
Суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Суд буйруғи у берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.
Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Суд буйруғига нисбатан эътироз билдириш учун қонунда белгиланган ўн кунлик муддатнинг қарздор томонидан ўтказиб юборилганлиги суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, суд унинг илтимосномасига асосан ушбу муддатни тиклаши мумкин. Муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилинмасдан туриб, муддат ўтказилгандан сўнг берилган эътирозлар суд томонидан кўрилмайди ва муаллифга қайтарилади.
Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда ундирувчининг такроран судга мурожаат қилиш ҳуқуқи чекланмайди, балки ундирувчи билдирган талаб билан даъво ишини юритиш тартибида даъво ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.
Суд буйруғи фақатгина қарздорнинг эътирози асосида эмас, балки ундирувчининг аризасига кўра ҳам бекор қилиниши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, суд буйруғи институти Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан кенг қўлланилмоқда.
Хусусан, Шаҳар судлари томонидан 2023 йил давомида 536.4 млрд. сўмлик 93.538 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган 2022 йилга (40.743 та) нисбатан 52.795 та (ёки 130.0 фоиз)га кўпайган.
Шунингдек, 2023 йилда чиқарилган суд буйруқлари (93.538 та) ФПКнинг 171-моддасида кўрсатилган талаблар кесими бўйича таҳлил қилинганда, 398.1 млрд сўмлик 58.152 таси (62.2 фоизи) ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, 34.7 млрд сўмлик 17.252 таси (18.4 фоизи) коммунал хизматлар бўйича қарздорликни ундириш (шундан 21.3 млрд. сўмлик 10.510 таси табиий газ ва 696.9 млн. сўмлик
295 таси электр таъминоти бўйича ҳисобланган қарздорлик), 13.6 млрд. сўмлик 6057 таси (6.5 фоизи) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан тўловларни ундириш, 58.6 млрд. сўмлик 5906 таси (6.3 фоизи) солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, 5049 таси (5.4 фоизи) вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш, 31.4 млрд сўмлик
1121 таси (1.2 фоизи) ҳисобланган, бироқ ходимга тўланмаган иш ҳақини ундириш ҳақидаги талабларни ташкил этган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролик судларда суд буйруғи институти тарафлар учун қулайлик яратади. Шунинг баробарида судьянинг иш юкламасини камайтириб, ортиқча вақт ва оворагарчиликларнинг олдини олади.
Бугунги кунда Пойтахт судларида суд буйруғи тартибида иш юритиш жисмоний ва юридик шахсларнинг низоли бўлмаган фуқаролик муносабатларини ортиқча сансалорликларсиз тартибга солиш имкониятини яратиб келмоқда.
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – Фуқаролик ишлари
бўйича судлов ҳайъати раиси
Б.Н.Исламов