«СОТИБ ОЛГАН УЙИМНИ ЎЗ НОМИМГА ХАТЛАТИБ ОЛОЛМАЯПМАН…»

— «Пропискам» бўлмагани учун 2010 йил опамнинг номига уй олганман. Шу кунгача мазкур турар-жойда фарзандларим билан бирга яшаб келяпман. Яқинда «пропискам» ҳал бўлди. Опамга «Уйни ўзимга хатлаб беринг», десам, кўнмаяпти. Ахир уй меники-ку, менга нима маслаҳат берасиз?

Одина, Тошкент шаҳри

Дилшод ХАСАНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик кодексининг 184-моддаси 1-қисмига асосан, мол-мулк олиш-сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.


Уй-жой кодексининг 11-моддаси талабларига кўра, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда шахснинг ўзига тегишли турар жойга ўз хоҳиши ва манфаатларига кўра эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.
Хусусий мулк бўлган уйлар, квартиралар олиб қўйилиши, мулкдор эса уйга, квартирага мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.


Саволингизда келтирилган ҳолатдан кўринишича, опангиз турар жойнинг мулкдори ҳисобланади. Юқорида қайд этилган қонун нормаларига асосан у мулкдор сифатида ўзига тегишли турар жойга ўз хоҳиши ва манфаатларига кўра эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Турар жойни ўз хоҳишига қарши бирон-бир шахсга сотишга, ҳадя қилишга ва бошқача тарзда бегоналаштиришга мажбур эмас.


Агарда сиз ушбу турар жойга доимий рўйхатга қўйилган, “прописка” қилинган бўлсангиз, мулкдор билан ўртангизда бошқача келишув бўлмаса, Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига мувофиқ турар жойдаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлисиз.
Бундай ҳолатда сиз турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эмас, балки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.