«ТОШКЕНТГА КЕЛИБ, ФОҲИШАЛИК ҚИЛИШГА МАЖБУР БЎЛДИМ»: ИИБ ХОДИМИГА ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

“Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, дейишади. Бироқ “қаҳрамони”миз аёл номига доғ туширадиган “хунар” билан қўлга туша туриб, фикр қилиш ва ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига яна бир жиноятга қўл уради…

 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг очиқ суд мажлисида 23 ёшли аёлга нисбатан кўрилган жиноят ишининг иш ҳужжатларига кўра, у Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ биноси олдида Миробод тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ХПБ профилактика инспекторига қонунга хилоф эканлигини била туриб, унга пора таклиф қилади. Гап шундаки, шу куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган “Орият” тадбири давомида аёлнинг фоҳишалик билан шуғулланганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига 200 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Чилонзор туман бўлими ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Суд мажлисида судланувчи айбига иқрор бўлди. Аёлнинг сўзларига кўра, 2021 йилда Тошкент шаҳрига аёллар салонида ишлаш мақсадида келган. Лекин иш топа олмагач, “СПА” салонда ишлаган.

— Бошқа иш топа олмагач, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлдим. Шу иш билан мижоз топиш орқали шуғулланганман. Ўша куни тунги соат 01:00 ларда 4 нафар дугоналарим билан фохишалик билан шуғулланиш учун бир ресторан ёнига бордик. Орадан бир ярим соат ўтгач, “Каптива” русумли автомашинада икки нафар йигит келди. Дугонам билан машинадан ташқарида гаплашишди ва ундан “дам олишга қизлар борми?” деб сўрашди. Йигитлар ҳаммамизни биз ўтирган машинадан тушишимизни сўради. Мен ва яна машинада бўлган уч нафар дугонам машинадан тушдик. Йигитлар бизни кўрганидан сўнг, дугонам билан савдолашишди. Дугонам “хизмат” хақи 800 000 сўм бўлишини айтди, йигитлар рози бўлишди. Шу пайт ёнимизга бир нечта ИИБ ходимлари келиб, ўз хизмат гувохномаларини кўрсатишди. “Орият тадбири” ўтказилаётганлигини айтиб, бизни ва автомашина эгасини Тошкент шаҳар ИИБ ППХ бригадасига олиб боришди, – дейди судланувчи аёл.

Шу ерда профилактика инспектори қизлар билан, шу жумладан судланувчи билан ҳам суҳбатлашиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштиришни айтган. Ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёзиб беришни ҳам сўраган. Шу пайт судланувчи туман ИИБдаги профилактика инспекторини кўриб қолади. Унинг галдаги жиноятни содир қилишига айни шу ҳолати сабаб бўлади.

— У инспектор олдин менга айни шу модда билан маъмурий баённома расмийлаштирганди. Шу сабабли уни таниб қолиб, унга мурожаат қилдим. Унга бўлиб ўтган ҳолатни гапириб бердим ва ёнимдаги бор пулимни беришимни, фақат бу ердан чиқариб беришини сўрадим. Орадан бироз вақт ўтгач, инспектор ёнимга келиб, “гаплашдим, профилактика инспектори эрталаб чиқариб кетади”, деди. Кейин у олдимга келиб, тушунтириш хати ёзиб беришимни, эрталаб чиқариб юборишини айтди. Ёздим ва профилактика инспектори бизга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришни бошлади. Менга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслигини, ишни судга оширмасликни илтимос қилдим. “Нима сабаб?”, деб сўради. Ота-онам хаста эканини ва ушбу ҳолат бўйича улар истиқомат қилувчи манзилга бу ҳақда маълумот борса, уларнинг ахволи оғирлашиши мумкинлигини билдирдим. Профилактика инспекторидан қўйиб юборишини сўраганимда, “Ҳужжат расмийлаштирмасдан чиқариб юборсам, қанча бера оласиз?” деб сўради. Ёнимда 200 АҚШ доллари борлигини айтдим, рози бўлди. Кейинроқ гаплашишни айтиб, чиқиб кетди. Орадан бироз вақт ўтиб, биз сақланаётган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадасининг биносига профилактика инспектори кириб келди ва ҳамкасбидан мени чиқариб юборишини сўради, улар пул олди-бердиси ҳақида гаплашиб қолишди. Хуллас, инспектор аввал пул берилмаса чиқармаслигини билдирди. Чўнтагига 200 АҚШ долларини солганимдан сўнг, мени ва инспекторнинг ёнига нотаниш бўлган бир гуруҳ шахслар видео камера ёққан ҳолда келишди. Ўз хизмат гувохномаларини кўрсатишиб, ўзларини ИЖҚК Департаментнинг Чилонзор туман бўлими ходимлари ва ИИБ ходимлари билан биргаликда тезкор тадбир ўтказилаётганлигини айтишди. Мендан нима сабабдан профилактика инспекторига 200 АҚШ долларини берганимни сўрашди. Маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва ишни судга оширмаслик, қўйиб юборишлари учун пул берганимни айтдим… – дейди қилган ишидан пушаймонлигини қўшиб ўтган судланувчи.

Судланувчи айбига иқрор бўлган бўлса-да унинг айби, далиллар билан ҳам исботланди.

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ…

Судланувчи Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва  13 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

 

Жаъфар КУРБАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси