САЙЁР ҚАБУЛ: РАИСЛАРДАН ИШ ОРТМАДИ

Муайян масала юзасидан катта-ю кичик идора эшигини чертганларнинг аксариятида биринчи раҳбар қабулига кириш истаги бўлиши табиий.
Биринчи раҳбарнинг ўзи аҳоли ҳузурига келса-чи?!
Шунинг ўзи наинки раҳбарлар, балки ўша орган ёки ташкилот фаолияти бўйича шаклланган тасаввурларни ўзгартиради. Муроди ҳосил бўлиб кетганларнинг мамнунлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бунинг акси бўлган тақдирда (ҳамма мурожаатчи ҳақ бўлиб чиқавермайди) ҳам мурожаатчининг кўнгли бир қадар кўтарилиб қайтишининг эҳтимоли катта. Чунки, “ўз оёғи билан” келган мутасадди билан кечган самимий мулоқот, шахсан ундан эшитган аниқ тушунтириш ва тавсияларнинг таъсири бўлакча бўлади барибир.
Сайёр қабулларнинг энг муҳим жиҳати шунда.

Бугун Яшнобод тумани «Машинасозлар» маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Олимжон Исмоилов ва пойтахт маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов бошқаларга иш қолдирмади ҳисоб.
Негаки, мурожаатчиларнинг аксарияти биринчи раҳбарлар қабулига кириш истагини билдирди-да.
Бош устига. Марҳамат.

Сайёр қабул узлуксиз салкам тўрт соат давом этди. Бу вақт мобайнида 25 нафар мурожаатчи сабр ва тушуниш билан тингланди. Мурожаатларнинг мазмун-тоифасидан келиб чиқиб, айримлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, шунингдек, бир қанчаси ўрганиш учун қабул қилинди.
Бир нафар мурожаатчи йўл босиб, миннатдорлик билдиргани келган экан, ташаккурномаси мамнуният билан қабул қилинди.
Шу ўринда яна бир гап: сайёр қабул Яшнобод туманида ўтказилган бўлса-да, пойтахтнинг бошқа ҳудудидан келганларнинг йўли тўсилгани йўқ.

Сайёр қабул доирасида сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилиб, 24 та маъмурий ва жиноят ишлари кўриб чиқилди. Якунда 3 нафар маҳкум жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 4 нафарининг жазоси енгилроғига алмаштирилди. Бундан ташқари 17 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларнинг барчаси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилди.






