РОССИЯДА ЖИНОЯТИ УЧУН ЖАЗОЛАНГАН 63 ЁШЛИ ФУҚАРО ТОШКЕНТДА ЯНА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

63 ёшли “қаҳрамонимиз”нинг “таржимаи ҳоли” кишини ўйга толдиради. У муқаддам Россия Федерацияси Железнодорожний туман судининг 2004 йилдаги ҳукмига кўра, Россия Федерацияси ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Россия Федерацияси Кемерово туман судининг 2004 йил 22 декабрдаги ажримига асосан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли равишда озод қилинган…

 

Ўзга юртда содир қилган қилмишидан керакли хулоса чиқариб олгандир, деб ўйларсиз. Афсуски ундай эмас… 2006 йили жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Янгийўл туман судининг ҳукмига кўра, “контрабанда” ва “гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга уриниш” жиноятини содир қилиб судланади. Яна озодликдан маҳрум қилиниб, боши деворга теккандир десангиз, яна янглишасиз. 2010 йил жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг ҳукмига кўра, яна гиёвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятга қўл уриб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

 

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Аллақачон “ўта хавфли рецидивист” номини олган судланувчи яна жиноят кўчасига кирди. У 2021 йилнинг январь ойидан август ойига қадар бўлган вақт оралиғида ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсад қилади. Деҳқон бозори худудида бўла туриб, шу ерда атир-упалар сотувчисига “атир-упалар олаётган бир қанча харидорларим бор. Сотиш учун менга берсангиз, ушбу мижозларга сотиб, пулларни олиб келиб бераман”, дея катта миқдорда фойда кўришини айтиб, сотувчининг ишончига киради. Шу тариқа ундан бўлиб-бўлиб жами 6 990 000 сўм миқдоридаги атир-упаларини сотиб бериш учун олиб, ўзининг мижозларига сотиб, сотувчига 1 500 000 сўм бериб, қолган 5 490 000 сўмни бермайди. Ваъдасини бажармай, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

 

Нафс балоси тинчлик бермай, судланувчи бу гал айни ўша деҳқон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш билан шуғулланувчи шахсга “тухум маҳсулотлари олди-сотдиси билан шуғулланаман. Арзон нархда тухум маҳсулотларини олиб келиб бераман. Биргаликда тадбиркорлик қилсак, катта фойда кўрамиз”, дея уни қизиқтиради. Ишончга киргач, тухум маҳсулотлари олиб келиб бериш учун 10 000 000 сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Одатга кўра, ваъдасини бажармайди.

 

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

 

— Муқаддам бир неча маротаба судланиб, суд томонидан тайинланган жазони тўлиқ ўтаб чиққанман. Кейин 2021 йил тадбиркорлик қилиб, пул топишни мақсад қилиб, деҳқон бозорига бордим. У ерда тухум маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи шахс билан танишиб қолдим. Унга бирга тадбиркорлик қилиб, катта даромад кўришимизни айтдим. Таклифимга рози бўлгач, бир ой давомида бирга ишладик, яхши даромад кўрдик. Кейинчалик олган тухумларимнинг нархи тушиб кетди. Шеригимдан олган тухумларни арзон нархда сотганлигим сабабли савдо яхши бўлмади. Қарзга кириб кетдим. Шу тариқа ундан 10 000 000 сўм қарз бўлиб қолдим. Кейинчалик 2 000 000 сўмни қайтариб бердим. Ҳозирги кунда 8 000 000 сўм қарзман, – дейди судланувчи.

Галдаги “ўлжа” эса бозордаги аёллар кийим-кечаклари сотувчи бўлади. Ундан бўлиб-бўлиб жами 18 000 000 сўм миқдоридаги аёллар кийим-кечакларини сотиб бериш учун олиб, ушбу товарларни ўзининг мижозларига сотади. Пулларни яна шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

 

— Ҳозирги кунга қадар жабрланувчиларга нисбатан етказилган моддий зарарни қоплаб бермадим. Суд томонидан менга нисбатан имконият берилса, жабрланувчиларга нисбатан етказилган моддий зарарни бўлиб-бўлиб тўлаб берардим, – дея суд мажлисида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, содир қилган жиноятининг оқибатини тушуниб етганини билдирди.

Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб кўрсатма бериб ўтса-да, унинг мазкур жиноятни содир этганликдаги айби суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчилар ва гувоҳнинг кўрсатмалари билан ҳам ўз тасдиғини топди.

 

5 ЙИЛ МУДДАТГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИДИ

 

Судланувчи ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчидан жабрланувчининг фойдасига етказилган моддий зарар, яъни 18 000 000 сўм ундирилиши белгиланди.

 

Судланувчидан яна бир жабрланувчининг фойдасига етказилган моддий зарар, яъни 10 000 000 сўм ундирилиши белгиланди.

 

Учинчи жабрланувчининг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинди.

Тўлқин Туракулов,

жиноят ишлари бўйича

Учтепа туман суди судьяси