ПАДАРКУШ ЙИГИТГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Жиноятга ҳеч ким ўз-ўзидан қўл урмайди. Кишининг бу йўлга қадам қўйишига турли омиллар сабаб бўлиши мумкин. Оилавий низолар айнан ўша омиллардан биридир. Ачинарлиси, қотилликларнинг асосий қисмига қариндошлар ўртасидаги низолар сабаб бўлмоқда. Наҳотки, қон-қариндош, ота-бола бир-бирига шунчалар шафқатсиз муносабатда бўлиши мумкин? Қуйидаги воқеа қаҳрамони ҳам ўз отасининг қотилига айланиб, падаркуш деган номни олди. Фарзанднинг отасига раво кўрган бу қисматини қандай оқлаш мумкин? Уни бу ваҳшийликка ким ёки нима мажбур қилди?
Ота-бола ўзаро тортишиб қолди
Судланувчи Суҳроб (исмлар ўзгартирилган) ўзи яшаб келаётан хонадонда отаси Карим билан спиртли ичимлик истеъмол қилишади, ўзаро келишмовчилик оқибатида тортишиб қолиб, жанжал чиқади. Суҳроб қасддан отасининг баданига оғир шикаст етказиш мақсадида, унинг кўкрак қафасига, қўл, оёқларига бир неча маротаба зарб билан уриб, жароҳатлар етказади ва отасининг ўлимига сабабчи бўлади. У отасининг жасадини уйида қолдириб, ҳодиса жойидан яширинади. Суд-тиббий экспертизанинг берган хулосасида Каримнинг ўлимига кўкрак қафаси, иккала қўл ва оёқдаги жароҳатлар, ўнг ва чап тирсак бўғими ҳамда қовурғалар синиши, травматик шок сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
“Эшикни қулфлаганча, уйдан чиқиб кетдим”
Судланувчи Суҳроб судда, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагича кўрсатма берди:
— Воқеа содир бўлган куни ишдан қайтишда, отам билан савдо дўконларидан бирига кириб, кечқурун овқатланиш учун турли маҳсулотлар ва ароқ сотиб олиб, уйга кетдик. Овқатланиб, икки шиша ароқ ичдик. Арзимаган гапдан иккаламизнинг ўртамизда жанжал кўтарилиб, уришиб кетдик. Отамнинг юзига урган зарбамдан сўнг у қонга беланиб, ҳушини йўқотди. Мен отамни ўлиб қолди, деб ўйлаб қўрқиб кетдим. Кейин унинг юзини ерда ётган кўрпача билан ёпдим. Эшикни қулфлаганча, уйдан чиқиб кетдим. Шу билан орқамга қайтмадим. Орадан икки ой вақт ўтиб, бир куни кўчада ўз ишим билан кетаётганимда олдимга бир неча фуқаролик кийимидаги кишилар келиб, ўзларини таништиришди. Улар отамнинг вафот этганлиги бўйича қидирувдалигимни айтишиб, ИИБга олиб кетишди. Ҳозир қилмишимдан жуда пушаймонлигимни инобатга олиб, енгиллик беришингизни сўрайман.
“Эримнинг жасади балконда ётарди”
Суд мажлисида сўралган Нина қуйидагиларни маълум қилди:
— Марҳум билан унинг хотини вафот этганидан кейин бирга яшаб келдик. Унинг икки нафар ўғли бор. Карим ака ўғли Суҳроб билан бирга яшарди. У менга ўғли тез-тез калтаклаб туришини айтганди. Ўша қотиллик содир бўлган куни менга қўшнилар Суҳроб отасини ураётганлигини айтишди. Хабар олиш учун келиб, пастдан турганча Суҳробни чақирдим. У балкондан қараб, “отам уйда йўқ” деди. Шундан кейин мен Карим аканинг катта ўғли Салим билан уни қидиришга тушдим. Аммо уни топа олмадик. Шундан кейин хавотирланиб, ИИБга қўнғироқ қилдим. Участка нозири Суҳробнинг уйига бориб, уни топа олмади. Ўзим ҳам унинг уйига бориб, эшигини тақиллатдим, аммо эшик қулф эди. Баттар хавотирим ошиб, 102 га, кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қўнғироқ қилдим. Улар эшикни бузиб ичкарига киришганда уйнинг балконида турмуш ўртоғимнинг жасади ётганлигига гувоҳ бўлдик.
Ҳукм ўқилди
Суҳроб Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан айбли, деб топилди ва унга шу модда билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўтаттирилиши белгиланди.
Отабек МУХАММАДИЕВ,
Тошкент шаҳар судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси
Лола Шоимова журналист