«ОТАМНИ САНАТОРИЯГА ЮБОРГАНИМ УЧУН МОДДИЙ ЁРДАМ ОЛОЛМАЙМАНМИ?»
– Яқинда отамни касаба уюшмаси томонидан берилган йўлланма асосида санаторийга жўнатгандим. Бир ҳафтадан сўнг моддий ёрдам учун мурожаат қилганимда, йўлланма олганим учун моддий ёрдам кейинроқ берилишини айтишди. Шу тўғрими?
Исми сир тутилди
Ахрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Таътил тўлови олиш ёки санаторийга йўлланма олиш билан бирга ёки кейинроқ моддий ёрдам олиш масаласи ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасанинг жамоа шартномасида белгиланади. Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишини тарафлар, яъни иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи белгилайди. Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар, ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиб олиш шартлари, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари, ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар, ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта ва бошқа масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлар ва шартлар киритилиши мумкин.
Шундай экан, cиз ўзингиз ишлаётган ташкилотнинг жамоа шартномаси билан танишиб чиқишингиз лозим. Агар жамоа шартномасида касаба уюшмаси томонидан санаторийга йўлланма берилганидан сўнг, моддий ёрдам кейинроқ берилиши назарда тутилган бўлса, у ҳолда иш берувчининг хатти-ҳаракатлари асосли ҳисобланади.