ОТА-БОЛА ФИРИБГАРЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
“Қилмиш – қидирмиш” деб бежиз айтишмайди. Ҳар бир қилинган жиноятнинг албатта, жазоси бор. Энг қизиғи, “қаҳрамонлари”миз ота-ўғил. Бундан ҳам ҳайратланарлиси, ўғил муқаддам “ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” ва уч маротаба “фирибгарлик”, “товламачилик”, “туҳмат” қилиш жиноятларини содир қилгани учун судланган. Бу қилмишлари учун олган жазолари «дарс» бўлмаган кўринади. Бу гал жиноят “кўча”сига отасини ҳам етаклади…
1963 йил туғилган судланувчи фирибгарлик йўли билан ўзганинг кўп миқдордаги мулкини ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали қўлга киритиш мақсадида ўғли билан олдиндан тил бириктиради. Фирма раҳбарининг ишончига кириб, уни алдайди. Судланувчи ота Тошкент вилояти Зангиота туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишларига пора бериш орқали Зангиота туман ҳудудидан 2 гектар ер майдонни фирма номига расмийлаштириб бериш ҳақида ваъда беради. Гўёки раҳбарга Зангиота тумани, “Ўзбекистон” массиви ҳудудидаги 291 контурда жойлашган 2 гектар 20 сотих ер майдонни мебель ишлаб чиқариш корхонаси биносини қуриш учун ажратилгани ҳақида Зангиота туман ҳокими номидан бланкада қарорини, имзо ва доира шаклдаги мухрини, гўёки Зангиота тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими 291 контурда жойлашган 2 гектар ер майдон фирмага ажратилишига эътирози йўқлиги ҳақидаги йўлланма хатни компьютер техникалари орқали қалбакилаштиради. Ҳужжатнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланиб, раҳбарнинг уяли телефонидаги телеграм манзилига қалбаки ҳужжатларни юборади. Харидордан жами 13 000 АҚШ долларини олиб, берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Судланувчи ота ўғли билан галдаги “ўлжа”ни чув туширади. Яна бир фирма раҳбарини ишончига киришади. Бу гал Назарбек қишлоғи ҳудудидан 50 сотих ер майдонни фирма номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, жами 20 000 АҚШ доллариини олади.
Судланувчи яна бир МЧЖ директорининг ҳам ишончига киради. Бу сафар Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишлари орқали Сурум МФЙ ҳудудидан 10 гектар ер майдонни МЧЖ номига расмийлаштириб бериш хақида айтиб алдайди. Қуйи Чирчиқ туман ҳокими номидан сохталаштирилган, гўёки МЧЖга кўп тармоқли қурилиш маҳсулотларни ишлаб чиқариш корхонасининг биноларини қуриш учун ер майдон ажратиш тўғрисида қарорни компьютер орқали такроран қалбакилаштириб, харидорга топширади. Сўнг Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгаши хулосасини компьютер орқали такроран қалбакилаштиради. Гўёки Қуйи Чирчиқ тумани, Сурум МФЙда жойлашган нотурар ер участкани МЧЖ номига расмийлаштирилиб, кадастр рўйҳатидан ўтказилгани ҳақидаги кўчирмани компьютер орқали такроран қалбакилаштиради. МЧЖ директори ишончига кириб, аввалига Тошкент вилояти Зангиота туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишларига пора бериш орқали Зангиота тумани, ТХАЙ кўчаси ёнида жойлашган ҳудудидан 33 сотих ер майдонни МЧЖ номига расмийлаштириб бериш ҳақида такроран айтиб алдайди. Хизмат ҳаққи эвазига харидордан 30 000 АҚШ долларини олади. Кейинчалик судланувчи ўғил Зангиота туман ҳудудидан эмас, балки Қуйи Чирчиқ туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишларига пора бериш орқали Қуйи Чирчиқ тумани Сурум МФЙ ҳудудидан 10 гектар ер майдонни МЧЖ номига расмийлаштириб бериш ҳақида айтади. Шу тариқа яна 160 000 АҚШ доллари, жами 190 000 АҚШ долларни олиб, берган ваъдасини бажармайди.
Судланувчи ўғил бир фуқарода сотиладиган “Нексия-1” русумли ва “Ласетти” русумли автомашиналари борлигини билгандан сўнг, қалбаки ҳужжатлар билан ер сотишдан машина сотиш “бизнеси”га ўтиб олади. Машиналарнинг эгаси ишончига кириб, “агарда автомашиналарни сотиб бериш учун менга топширсангиз, “Нексия” учун 5 000 АҚШ доллари, “Ласетти”га 10 000 АҚШ долларини 30 кун муддатда тўлаб бераман”, деб алдайди. Автомашиналарни қабул қилиб олиб, уларни харидорларга сотиб, эгаси харидорларга автомашинани нотариал идорада расмийлаштириб беришга эришганидан кейин, унга 15 000 АҚШ долларини тўламасдан, берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
1987 йил туғилган судланувчи яна бир фуқаронинг ишончига кириб, унга аслида ўзига тегишли бўлмаган учта “Малибу-2” русумли автомашиналарини жами 30 000 АҚШ долларига сотишлигини айтади. Ундан олдиндан жами 26 000 АҚШ долларини қўлга киритади. Одатга кўра, бу фуқарони ҳам чув туширади.
“КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРНИНГ БИРИГА БОРИБ ЯШИРИНГАНМАН”
Судда судланувчи ота ҳам, ўғли ҳам айбига қисман иқрор бўлишди…
— Ўғлим МЧЖ очганди. Ўғлим менга МЧЖ номига Зангиота тумани А. Яссавий худудидан автомашиналарга хизмат кўрсатиш шахобчаси очиш учун 2 гектар ер майдони олаётганини ва кейинчалик ерни маълум қисмини сотишини айтганди. Бир танишим билан гаплашиб қолганимда унга МЧЖ номига 2 гектар ер олиш учун ҳужжатларни расмийлаштирилаётганини, ернинг маълум қисмини сотишимни айтгандим. Танишим эса “ерни маълум қисмини ўзим сотиб оламан”, деди. Бу ҳақида ўғлимга айтдим.
Танишимдан ҳужжатларни расмийлаштириш учун танишимдан бошланишига 3 000 АҚШ доллари олди. Танишимга яна бир нечта ерларнинг ҳужжатларини кўрсатиб, “бу ерлар ҳам сотилади”, дедим. Менга ернинг ҳужжатларини ўғлим берганди. Ҳужжатларда ўғлим очган МЧЖнинг номига турли ерлар ҳоким қарори асосида берилганлиги кўрсатилганди. Ўғлим менга Зангиота тумани ҳокимининг қарорини кўрсатди, унда МЧЖга 2 гектар ер майдони тақиқдан ечилиб ўтказилганлиги кўрсатилганди. Қарорни танишимга кўрсатиб, ундан яна 10 000 АҚШ доллари олиб, пулни ўғлимга бердим. Бу орада ўғлим менга Зангиота ҳудудида МЧЖга АЁҚШ қурилиши учун 3 гектар ер майдони берилганлиги ҳақидаги ҳоким қарорини кўрсатиб, мазкур ерни 50 сотихини сотишини айтди. Бу ҳақда ҳам танишимга билдирдим.
Танишим бир фуқаро билан келди. Фуқаро “50 сотих ерни сотиб олмоқчиман”, деганида ернинг нархи 100 000 АҚШ доллари эканини айтдим. Унга ер ажратилганлиги ҳақидаги ҳоким қарорини муҳрланган ҳолатда кўрсатганман. У ерни сотиб олишга рози бўлиб, аванс тариқасида 20 000 АҚШ доллари беришини айтди. 20 кунларда ҳужжатларни тайёрлаб қўйишимни маълум қилдим ва “қурилишни бошлайверасиз”, дедим. Фуқародан келишилган пулни олдим ва ўғлимга бердим. Сўнг танишим яна бир шахсни Олмазор тумани билан чегарадош ТХАЙ кўчаси Зангиота тумани ҳудудидаги 33 сотих ерни сотиб олишини айтди. Кейин у билан кўришдик, ерни унга жами 70 000 АҚШ долларига сотишга келишдик. Аванс тариқасида 10 000 АҚШ доллари беришини, қолган 60 000 АҚШ долларини эса ҳужжатларни нотариал тартибда расмийлаштирилгандан сўнг беришини айтди. Ундан олинган 10 000 АҚШ долларини ҳам ўғлимга берганман. Сўнг ундан яна 20 000 АҚШ доллари олганман. Ўша вақтда у шахсга ўғлим очган МЧЖ номига 33 сотих ер ажратилганлиги хақидаги ҳоким қарорини кўрсатганман. У менга ишонган, ўғлим билан унинг олдига бориб, ҳамма ишларни ўғлим қилаётганини айтганман. Орадан вақт ўтгач, танишим ва яна икки харидор ариза ёзганлигини билдим. Шунда Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирига бориб яширинганман.
CУД ҲУКМ ҚИЛДИ…
Судланувчи ота Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 28,211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) 3-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи ўғил эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандларида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида унга тайинланган жазога илгариги ҳукм бўйича тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 12 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг:
1963 йил туғилган судланувчидан 143 555 230 сўм, 220 854 200 сўм пора предмети тариқасида давлат эгалигига ундирилиши белгиланди.
Судланувчилардан солидар тартибда 2 098 114 900 сўм пора предмети тариқасида давлат эгалигига ундирилиши белгиланди.
1987 йил туғилган судланувчидан жабрланувчи фойдасига 165 640 650 сўмлик зарар, яна бир жабрланувчи фойдасига 287 110 460 сўмлик зарар ундирилиши белгиланди.
Хуршид СОДИҚОВ,
жиноят ишлари бўйича
Олмазор туман суди судьяси