ОНЛАЙН САВДОДА АЛДАНГАНДА ТЎЛОВ ПУЛИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

— Телеграмдаги онлайн савдо гуруҳларидан бирида чойшаб тўпламига буюртма бергандим. Сотувчи айтгандек, карта рақамига 500 минг сўм ўтказдим. «Буюртмангиз йўлга чиқди», деган хабар олдим. Аммо маҳсулот қўлимга етиб келмади. Гуруҳ «админи» қўнғироқларимга ҳам, хабарларимга ҳам жавоб бермаяпти. Телефон ва пластик карточка рақами, пул кимга ўтказилганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Пулимни қайтариб ололаманми?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:
— Фуқаролик кодексининг 1023-моддасига мувофиқ, қонунчиликда ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт. Ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мажбурият, шунингдек мол-мулкни эгаллаб олиш ёки тежаб қолиш асоси кейинчалик бекор бўлганда ҳам юзага келади. Ушбу бобнинг қоидалари асоссиз бойлик орттириш қўлга киритувчининг, жабрланувчининг ўзининг, учинчи шахсларнинг хулқ-атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар қўлланилади.


Ушбу Кодексининг 1024-моддасига кўра, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса ва тегишли муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу бобнинг қоидалари, шунингдек:


– ҳақиқий бўлмаган битим бўйича бажарилган нарсани қайтариш тўғрисидаги;


– мулкдор томонидан мол-мулкни бировнинг қонунга хилоф тарздаги эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;


– мажбуриятидаги бир тарафнинг бошқа тарафга ана шу мажбуриятлар муносабати билан қайтариш тўғрисидаги;


– зарарни, шу жумладан бойлик орттирган шахснинг инсофсизлик билан қилган хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга нисбатан қўлланилиши лозим.

Сиз пластик картангиздан пулни кимга ўтказиб берган бўлсангиз, ушбу фуқарога мурожаат қилиб, ўтказиб берилган пулларингизни талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Агар ушбу фуқаро пулларингизни қайтариб беришдан бош тортса, унинг яшаш манзили бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига асоссиз равишда орттирилган пулларни ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин.