ОЛДИНДАН ТЎЛАНАДИГАН АЛИМЕНТ СУММАСИ ҚАНДАЙ ҲИСОБЛАНАДИ?
— Алиментнинг 5 йиллигини олдиндан тўламоқчиман. Ҳозирги иш ҳақимдан келиб чиқиб тўлайманми ёки ўртача ойлик иш ҳақиданми?
Исми сир тутилди
Анвар Хамроев, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментларнинг миқдорини тарафлар шу келишувда белгилайдилар. Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
Олдиндан тўланиши мумкин бўлган алиментлар суммасини ҳисоблаш қуйидаги тартибда белгиланади:
а) агар ижро ҳужжатида алимент пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланган бўлса — ижро ҳужжатида кўрсатилган сумма ҳар ойлик алиментлар суммаси сифатида белгиланади;
б) агар ижро ҳужжатида алиментлар қарздорнинг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса — ойлик алимент суммаси қарздорнинг охирги ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади улушидан, бироқ ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқилади. Бунда, қарздор ишсиз бўлса ёки ойлик иш ҳақи ва бошқа даромади тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинмаган тақдирда, тегишли улуш ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.
Ҳар ойлик алиментлар суммасини ҳисоблашда, алиментлар суммаси ҳар бир бола учун алиментни ҳисоблаш вақтида қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,50 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сиз олдиндан тўланиши мумкин бўлган алиментлар миқдорини тарафларнинг келишувига кўра ёки ижро ҳужжатида кўрсатилган кўринишда амалга оширишингиз мумкин. Шунингдек, енгиллик яратиш мақсадида мажбурий ижро бюросининг расмий веб-сайтида олдиндан тўланадиган алиментлар миқдорини ҳисоблаш имконини берувчи интерактив давлат хизматлари кўрсатилган (махсус калькулятор).