ОИЛАДА ЗЎРАВОНЛИККА ЎРИН ЙЎҚ
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги қайд этилган. Танганинг икки томони бўлгани сингари оила жамиятнинг асосий қадрияти бўлиши билан биргаликда, малактимизда оилавий зўравонлик ҳолатлари ҳам учраб туриши аёндир.
Афсуски, эзгу саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ҳаётда салбий ҳолатлар, яъни хотин-қизлар ва вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда тўсиқлар ҳали ҳам учраб турибди. Бу эса улар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда муаммолар мавжудлигини кўрсатади.
Ҳаётда хотин-қизлар орасида ўз ҳуқуқларини яхши билмайдиган, доимо қийноққа учрагани учун қўрқоқ, ожиз, ҳимоясиз бўлиб қолганлар ҳам кам эмас. Кўпинча улар суд ёки бошқа органларга мурожаат қилмай, оилавий зўравонликка чидаб яшаб келмоқда, ачинарлиси, бу зўравонлик оқибатида вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқи бузилмоқда. Ачинарлиси, болаларнинг келажакка ишончи йўқоляпти, таълим олишга бўлган лаёқати пасаймоқда, руҳий ҳолатида кескин муаммолар келиб чиқяпти.
2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда 6000 дан ортиқ шахс шаҳвоний шилқимлик, оилавий зўравонлик ва шахсий ҳаётга оид маълумотларни қонунисиз ошкор қилиш бўйича жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Жумладан 4952 шахс оилавий зўравонлик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 592-моддаси) сабаб жавобгарликка тортилган. Ушбу шахслардан 3200 нафарига жарима солинган, 1752 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 1261-моддаси бўйича 231 нафар айбланувчи судланган. Шаҳвоний шилқимлик бўйича (Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 411 -моддаси) 986 шахс жавобгарликка тортилиши маълум қилинган.
Сўнги йилларда малакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонунчилик соҳасида бир қатор ислоҳотлар амлага оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил апрель ойида аёллар ва болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтирувчи қонунчиликка киртилган ўзгартишларни имзолади. Қонун кучга киргандан кейин 9 ой ичида 9100 дан ортиқ киши оиладаги зўравонлик учун судланган. Биргина, 2024 йилнинг 10 ойи давомида 15 826 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган. Ўша йилнинг ўзида 666 нафар шахс жинсий зўравонликда айбдор деб топилди, 48 нафари эса интим маълумотларни тарқатгани учун жавобгарликка тортилди.
2024 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги 978-сонли Қонунининг қабул қилиниши, оила инстутининг жамият ва давлат муҳофазасида эканлигининг яққол мисолидир.
Оилавий зўравонлик – бу бир ёки бир нечта оила аъзоларининг бошқа оила аъзоларининг куч ёки қудратидан фойдаланиб, ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид соладиган ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиши демакдир. (руҳий ва жисмоний) Бу ҳаракатлар зўравонлик қурбонига зарар етказади ва азоб-уқубат келтиради.
Халқаро миқиёсда ҳам бу мавзу долзарб аҳамиятга эга, хусусан, Канадада аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун “Family Violence Courts” тузилмаси ташкил этилган. Бу судлар жабрланувчиларга тезкор ва ҳимояланган ҳуқуқий ёрдам беришга ихтисослашган. Зўравонликда гумон қилинувчи шахслар учун қайта тарбия дастурлари ҳам жорий қилинган. Бундай судлар “Specialised Domestic Violence Courts” дея номланиб Буюк Британия, Америка каби давлатларда ҳам мавжуд.
Оилавий зўравонлик ўз навбатида жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилаларда тинчлик йўқолишига, ажримлар сонининг ортишига, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузилишига олиб келади. Ўтказилган тадқиқотларга кўра оилавий зўравонликнинг келиб чиқишига сабаб сифатида ишсизлик, моддий ва уй-жой муаммолари, хотиннинг иқтисодий қарамлиги келтирилган.
Хулоса қилиб айтганда статистик маълумотлар таҳлилига кўра бу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар йил сайин камайиб бораётган бўлса-да, муаммонинг илдизига назар солиб, унинг олдини олиш, таълим сифатини ошириш, оилада хотин қизларнинг иқтисодий эркинликка эришиши учун қулай имкониятлар яратиб бериш зарурлиги долзарб мавзуга айланиб улгурганлигини кўрсатади.
Машҳура Байбекова,
Тошкент туманлараро иқтисодий
суди судьяси