ОДДИЙ МАЪМУРИЙ ҚАРОР ЭМАС…

Давлатимиз раҳбарининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги (2026-йил, 3март) Фармонида аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни янада кучайтириш борасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ҳамда аниқ амалий чораларни белгилаб берилди. Демак, бу ҳужжат оддий маъмурий қарор эмас. Балки жамиятда тазйиқ ва зўравонликка нисбатан мутлақ муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган стратегик ҳужжатдир.
Фармоннинг устувор йўналишлари сифатида эрта никоҳларнинг олдини олиш, бу борада ота-оналар масъулиятини кучайтириш, 21 ёшга тўлган, мустақил ҳаётга тайёр ёшлар ўртасида никоҳни рағбатлантириш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини кескин камайтириш, никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаёт” курсларига босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш (2030-йилгача – 100 фоиз) белгиланди.
Жумладан, 2027-йилдан бошлаб, ҳар икки тараф 21 ёшга тўлганда биринчи марта никоҳ тузган ёш оилалар учун давлат томонидан қўшимча имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.
Яъни:
- агар оила Ижтимоий реестрга киритилган бўлса, субсидия, ссуда ва грантлар 1,5 баравар оширилган миқдорда берилади;
- никоҳ шартномаси тузганлар давлат божидан озод этилади.
Бу нормалар ёшларни онгли, масъулиятли ва ҳуқуқий асосда оила қуришга ундайди, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳомиладор талаба-қизларга “иккинчи имконият” яратилиб, 2026/2027-ўқув йилидан:
- ҳомиладор ёки 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талаба-қизларга таълимни давом эттириш имкони берилади;
- фанлар фарқини қайта ўзлаштириш учун қўшимча муддат ажратилади;
- академик таътил даврида масофавий таълимни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади;
- мазкур тоифадаги талабалар бўйича алоҳида статистика юритилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати сифатида эрта никоҳга қарши қатъий чоралар кўрилишини таъкидлаш мумкин.
Хусусан:
– вояга етмаган шахс билан никоҳга даъват этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади;
– 2026-йил 1-сентабрдан бошлаб никоҳ ёшига оид қонунбузарликлар бўйича ундирилган жариманинг 15 фоизи бундай ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсни рағбатлантиришга йўналтирилади;
– эрта никоҳ ва 16 ёшгача ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича мажбурий хабар бериш тизими жорий этилади.
Шунингдек:
2026-йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имконини берувчи “O‘smir-signal” модулини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, зўравонликка қарши янги механизмлар ишга солинади. Фармон билан ҳимоя ордери тизими янада такомиллаштирилди. Жумладан, ордер бериш тартиби соддалаштирилиб, унинг амал қилиш механизми кучайтирилди, зўравон шахснинг ҳаракатларига қатъий чекловлар жорий этилди ҳамда ордер талабларини бузганлик учун жавобгарлик оширилди.
2026-йил 1-апрелдан бошлаб, ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.
2026-йил 1-ноябрдан бошлаб эса, жинсий дахлсизликка қарши оғир жиноятлар бўйича тергов ваколати прокуратура органларига берилади, вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик ишлари прокурор қарори асосида судга юборилади.
Мазкур фармон мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини стратегик аҳамиятга эга давлат сиёсати даражасига кўтариши аниқ. Бу ҳужжат нафақат ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлайди, балки жамиятда инсон қадри ва оилавий қадриятларнинг олий даражасини таъминлашга қаратилган.
Юқорида қайд этилганидек, фармон орқали эрта никоҳлар ва ёшлар орасидаги турли таҳдидлар кескин чекланади, жамиятда онгли ва масъулиятли оила қуриш маданияти шакллантирилади. Бу эса нафақат ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди, балки барқарор ва фаровон жамиятнинг пойдеворини мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, фармонда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши инновацион, тизимли ва тезкор чоралар белгилаб берилган. Замонавий ахборот технологиялари орқали “SOS” сигналлари жорий этилиши, махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар жалб қилиниши, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни фақат жазо воситалари орқали эмас, балки профилактика ва тарғибот орқали ҳам олдини олиш имконини беради.
Хулоса аниқ! Аёлга ҳурмат – миллатга ҳурмат, болаларни асраш – келажакни асрашдир.
Мавлуда БОБОРАИМОВА,
фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси






