ОДАМ САВДОСИГА АРАЛАШИБ ҚОЛДИ

Одам савдоси шундай жиноятки бир-бирини ишончига кириб, бировга сотиб, бойлик орттириш пайида бўлади. Бу жиноят ёш қизларни, болаларни манфаат учун қулликка маҳкум этади.

Кейинги пайтда айрим ривожланган Туркия, Ҳиндистон каби давлатлар одам савдоси жиноятлари урчийдиган марказлардан бирига айланди.

Гоҳида ота-онасини алдаб, қайсидир давлатда ишлаб пул топиб келаман деган кўплаб ўзбек аёллари одам савдоси қурбонига айланиб,  ёш қизларни умрига зомин бўлмоқда. Уларни гоҳ рост, гоҳ алдов йўли билан олиб кетиб бегоналар қўйнига тиқмоқда. Жирканч жиноятлар содир этилмоқда. Фоҳишалик оқибатида мудҳиш касалликларга йўл очилмоқда.

Муҳайё (исм-шарифлар ўзгарган) ҳиндистонда аввал фоҳишалик билан шуғулланди. Кейинчалик ўзи қизларни топиб, фоҳишаликка чорлайдиган бўлди.

Аслида бу аёл разил жиноятлари учун қидирувда юрипти. У бу жирканч ишларидан бирига Дилдорани ҳам жалб этди. Бир неча қизлар билан ҳиндистон кўчаларида фоҳишабозликни кўпайтирди.

4 фарзанднинг онаси бўлмиш Дилдора Жовлиева Тошкентга қайтганида ҳам Муҳайё у билан алоқани узмади. Дилдора фарзандларини мактабга жойлагач, яна ҳинд диёрига қайтиб кетмоқчи эди. Аммо иложини қилолмади. Бу орада Муҳайё унга бир неча бор қўнғироқ қилиб, ижтимоий тармоқларда ёзиб, танишлари орқали топган ўзбекистонлик қизларни Тошкент аэропорти орқали ҳиндистонга юборишни тайинлади. Дилдора Муҳайё топган қизлар билан тунги клубларда учрашди, овқатланди, ижара уйига олиб келди. Билетларни чел элда туриб “опахони” ҳал қилганидан кейин қизларни аэропортгача кузатиб қўйди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди.

2023 йил охиридан 2024 йил февраль ойигача бир неча қизларни Тошкент халқаро аэропортидан ҳинд сори юборди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, навбатдаги “ўлжа”ни Тошкент аэропортига олиб келиб, уни хорижга қулликка юбораётган маҳал ушланди.
            Судда судланувчи қилган айбига қисман иқрор бўлиб, турмуш ўртоғидан ажрашганидан сўнг фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлгани, икки йил фоҳишалик қилгани, бу учун бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган бўлишига қарамасдан, 2023 йил ёзларида Насиба исмли таниши телефон қилиб, ҳиндистонга келишга кўндиргани, у орқали Муҳайё исмли аёл билан танишгани, Деҳлида Муҳайёнинг қўлида уч ой фоҳишалик билан шуғуллангани, 2023 йил октябрь ойларида фарзандларини мактаби сабаб Ўзбекистонга қайтиб келгани, бу орада Муҳайёнинг айтганларини қилиб, айрим қизларни Тошкент аэропорти орқали хорижга юборганини тан олди.

Суд Д. Жовлиевани Жиноят кодексининг тегишли модддалари билан айбдор деб топиб, қонунда белгиланган жазо тайинланди.

Фарҳод Ҳикматуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси