Наврўз – миллий ўзлигимиз кўзгуси

НАВРЎЗИ ОЛАМ БУ КУН!

Ўлкамизга чинакам баҳор байрами, инсон руҳини кўтарувчи, қувонч бағишловчи илиқ туйғулар, эзгуликлар айёми – Наврўзи олам кириб келмоқда.

Наврўзи олам — азалдан табиат уйғониши, атроф-борлиқнинг кўкка бурканиши, яратиш ва янгиланиш айёми сифатида катта тантана қилиб келинган. Аммо халқимиз тарихида бу эзгу ва умрбоқий байрамимизга раҳна солинган, уни нишонлашни “эскилик сарқити” дея қаралган кунлар ҳам бўлди.

Шукрки, мустақиллик шарофати билан буларга чек қўйилди. Боқий анъаналаримиз, урф-одатларимизнинг тимсоли бўлиб келган Наврўз мустақиллик йилларида янгидан бўй кўрсатиб, азалий қадриятларимиз, эзгу орзу ва интилишларимизнинг тимсоли сифатида юртдошларимиз қалбидан жой олди.

Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади”.

Дарҳақиқат, бу айём қадриятларимиз гултожи сифатида юрак-юракларимиздан қадр топган байрамдир. Шунингдек, Наврўзи байрами замирида халқимизнинг яратувчанлик, бунёдкорлик шижоати, эзгу ва ҳаётбахш фазилатлари ёрқин намоён бўлади. Дилларда нафосат, яхшилик, меҳр-мурувват, юксак одамийлигу садоқат туйғулари яна бир қадар жўш уриб, бутун борлиқни кўклам ва боқийлиқ нури чулғаб олади. Боболаримиз, момоларимиз эл-юртга омонлик, тинчлик-осойишталик, хонадонларга қут-барака тилаб дуога қўл очишади.

Наврўз ана шундай меҳр-мурувват ва оқибат айёмидир.

Қадаминг хуш келсин, Наврўзим!

 

Шоира Эрматова, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси.