“МУҲАНДИСЛИК”ДА: АВВАЛ ОЧИҚ МУЛОҚОТ, СЎНГ САЙЁР СУД…

Кеча Яккасарой туманидаги «Муҳандислик» маҳалла фуқаролар йиғинида доимгидан кўпроқ гавжумлик кузатилди. Маҳалланинг сарбони-ю посбони, фаоллар, катта-ю кичик шу ерда эдики, жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг икки нафар тергов судьяси (З. Нуриддинов, Ж. Ҳожимуродов) ташрифи ҳам кутилмаган ҳол бўлгани йўқ. Чунки, ушбу масканда нафақат судьялар ва аҳоли учрашуви, балки  сайёр суд муҳокамалари  ҳам белгиланган эди.

Сайёр суд дарҳол бошлангани йўқ. Тергов судьялари аввал маҳалла аҳлига юзланди. Айтилдики, жиноятчиликни жиловлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий бирдамлик ва  қадриятларни асрашда маҳалланинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳам  ўтказилаётган ислоҳотларда маҳалла институтига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йил йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили деб эълон қилинганини бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб, айрим фуқаролар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар хусусида ҳам сўз юритилиб, маҳалла аҳлининг қатор қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Шундан сўнг бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар юзасидан сайёр суд мажлислари бошланди. Унда майда безорилик, жамоат жойида тартибсизлик, алимент тўлашдан бўйин товлаш, ички ишлар органлари қонуний талабига бўйсунмаслик, маст ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарлик ифодаланган ишлар кўриб чиқилди.

Қабул қилинган суд қарорларининг мазмуни ҳам атрофлича тушунтирилди. Тушунтириш жараёнида ҳар қандай ножўя ҳарақатлар учун жазо муқаррарлиги такрор таъкид этилгани йўқ. Негаки, бўлиб ўтган жараённинг ўзи бунга яққол ва жонли мисол эмасми?!