«МИБ»ЧИЛАР ИШ ҲАҚИМНИ ИНОБАТГА ОЛИШМАЯПТИ»

— Иккита боламга суд қарори билан 1/6 миқдорда алимент тўлаб келгандим. Яқинда иш жойим ўзгарди. Иш ҳақим 1,5 млн. сўм. Одатдагидек, 1/6 миқдорда алимент тўласам, «МИБ» чилар 250 000 сўмдан кам бўлмаслиги кераклигини айтишди. Бошқа даромадим йўқ бўлса, қандай тўлайман?

Исми сир тутилди

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Анвар ХАМРОЕВ жавоб берди:


— Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми; икки бола учун – учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.


Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Агар алимент тўловчи иккита боласи учун иккита ундирувчига алимент тўласа 1/6 миқдорда ёки 16 фоиз миқдорида ҳисобланади.
Президентимизнинг 2022 йил 20 майдаги 138-сонли “Иш ҳақи миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонига кўра 2022 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 920 000 сўм деб белгиланган.


Юқоридагиларни кўра, фарзандларингиз вояга етгунга қадар сиз уларга алимент тўлашга мажбурсиз, сизнинг иш ҳақингиз 1,5 млн сўм эканлигини инобатга олсак, ҳар бир фарзанд учун ойига 250 000 сўм миқдорида алимент тўловини амалга оширишингиз керак. Иш ҳақининг камлиги сизни алимент тўловларидан озод қилмайди.