МЕҲНАТ ТАЪТИЛИМДА КОВИД БЎЛДИМ

—Меҳнат таътилим тугамасдан ковидга чалиниб, даволаниб чиқдим. Таътил охирлаб қолгани учун «больничный» очдирдим. Ҳозир ҳам аҳволим яхшимас. Айтингчи, таътилни давом эттирсам бўладими? «Больничный» учун ҳақ тўланадими? Танишларим меҳнат таътилида бўлган одамга «больничный» тўланмайди, дейишди.

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат ЭРГАШЕВ жавоб берди:

 

—Меҳнат кодексининг 145-моддасида таътилни узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш тартиби берилган бўлиб, мазкур моддага кўра ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадир.


Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.


Ушбу Кодекснинг 285-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.


Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2002 йил 1 апрель кунидаги 21-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” Низомнинг 14-бандига кўра, ходимнинг меҳнатга қобилиятсизлик кунлари йиллик (асосий ва қўшимча) таътил даврига тўғри келган ҳолларда, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўланади.


Юқорида қайд қилинган қонун талабларига кўра, Сиз иш берувчини касал бўлганлигингиз тўғрисида огоҳлантириб, ўзаро келишувга асосан меҳнат таътилингизни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгасиз.

 

Сизга меҳнатга қобилиятсизлик кунлари йиллик таътил даврига тўғри келган бўлишидан қатъи назар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўлаб берилади.