МЕРОС ҚОЛГАН УЙНИ СОТИШ УЧУН ЭРДАН РОЗИЛИК СЎРАШ КЕРАКМИ?
— Маълум сабабларга кўра яшаб турган ҳовлимизнинг бир қисмини сотмоқчиман. Уй отамдан менга мерос қолган. Эрим «прописка» қилинмаган. Лекин шундай бўлса-да, нотариусда эримни розилиги сўралиши мумкинми?
Исми сир тутилди
Анвар Хамраев, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Мазкур кодекснинг 25-моддасида эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.
Эр ва хотин қонуний турмуш қурганидан кейин биргаликда орттирган мол-мулкига тенг улушда ҳақдор бўлади. Уларнинг умумий никоҳ давомида орттирган биргаликдаги мол-мулки бўлмаса, мулк улардан бири томонидан тасарруф этилганда иккинчисининг розилиги олинмайди.
Шу ўринда қайси ҳолатларда эр ёки хотиннинг розилиги керак эмаслигига ойдинлик киритиб ўтсак:
мулк никоҳдан олдин сотиб олинган бўлса; эр ёки хотин мулкни ҳадя тариқасида олган бўлса;
мулки эр ёки хотинга мерос бўлиб ўтган бўлса;
эр ёки хотинга хонадон хусусийлаштирилиши натижасида тегишли бўлган бўлса;
никоҳ шартномаси асосида мулк фақат бир кишига тегишли экани ёзилган бўлса.
Бундай ҳолатда, отангиздан сизга мерос бўлиб қолган уйга эрингиз томонидан мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келадиган маблағ қўшилганлиги аниқланмаса, уй сизнинг ўз мулкингиз ҳисобланиб, олди-сотди шартномасининг нотариал тасдиқланишида унинг розилиги талаб қилинмайди.