Маҳаллада конституция тарғиботи

Қайси давлатда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, ўша мамлакатда  қонун устуворлиги таъминланган, ижтимоий адолат тамойиллари ўз самарасини берган.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг аҳолига етказиш мақсадида жойларда судлар томонидан “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиш давом этмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Б.Султонов ва С.Алимардоновлар томонидан пойтахтимизнинг “Янги Чоштепа” маҳалласида ташкил этилди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

 

Судьялар иштирокчиларга Конституциямизнинг 32 йиллиги муносабати билан инсон ҳуқуқлари тушунчасининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида барпо этилган мустаҳкам қонунчилик тизими шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйиш, хусусан ўз-ўзини банд қилиш, касаначилик, оилавий тадбиркорлик, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан самарали фойдаланиш борасида ҳуқуқий тушунчалар беришди.

 

Зеро, Конституциямизда белгиланган ислоҳотлар чин маънода ҳаётий зарурат бўлиб, мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишида, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.