МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ИШИ ҲАРАКАТДАН ТУГАТИЛДИ
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармас йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторининг 2025 йил 22 октябрдаги қарорига кўра, 1987 йилда туғилган ҳайдовчи А.Ж. га қуйи суднинг 31 октябрдаги қарори билан МЖтК 128-4-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, яъни 1.236.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Қарорга кўра, А.Ж. 8 октябрь куни соат 19:32 да бошқарувидаги “Киа спортаж” русумли транспорт воситасини пойтахтнинг Зиё саид – Дилкаш кўчалари чорраҳасида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаганлиги ифодаланган.
А.Ж. апелляция инстанциясига ёзган шикоятида светофорнинг яшил чироғида ҳаракатлангани, қарши томондан ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқими сабабли манёврни дарҳол тугатиш имкони бўлмаганлигини маълум қилиб, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилишни, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни ҳаракатдан тугатишни сўраган.
Апелляция инстанцияси суди шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида ўрганиб, шикоятни қаноатлантиришни лозим топди.
Зеро, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 102-бандида “Светофорнинг рухсат этувчи ишорасида чорраҳага кирган ҳайдовчи ундан чиқишда светофор ишораларидан қатъий назар, мўлжалланган йўналишда ҳаракатланишни давом эттириши кераклиги белгиланган.
Апелляция инстанцияси суриштирув органининг қарорида баён этилган хулосалар ҳақиқий иш ҳолатига мувофиқ эмас, деб ҳисоблади.
Апелляция инстанцияси суд мажлисида билдирилган важлар муҳокамасида ҳодиса видеолавҳаси кўздан кечирилганда, ҳайдовчи светофорнинг яшил чироғида ҳаракатлангани, бироқ қарши томондан ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқими сабабли манёврни дарҳол тугатиш имкони бўлмаганлигини, шу сабабли қизил чироқ ёниб қолганлигини ва бу вақтда автотранспорт чорраҳага кириб бўлганлиги сабабли ҳаракатни давом эттирганлигини кўриш мумкин.
Бундай ҳолатда, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида автомашинани светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатлантириш деб топишга асос аниқланмади.
Бироқ, суриштирув органи ва биринчи инстанция суди эса ушбу ҳолатни эътиборсиз қолдириб, қарор чиқарган.
МЖтК 271-моддаси 1-бандида “Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим” деб белгиланган.
Апелляция инстанцияси суди ишдаги жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарори талабларига риоя қилган ҳолда, А.Ж.нинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмас, деган хулосага келиб, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни МЖтК 271-моддаси 1-бандига асосан тугатишни лозим топди.
Отабек Муҳаммадиев,
Тошкент шаҳар суди судьяси






