Қидирув:

СУДЛАНГАНЛИК ВАЖИ БИЛАН ИШГА ОЛИШМАСА, ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?

— Қорамал ўғирлаганлигим учун қамалиб чиқдим. Ҳозирда ишга жойлашмоқчиман, лекин “судлангансан” деб ишга олишмаяпти. Мазкур ҳолатда кимга мурожаат қилсам бўлади ?

Исми сир тутилди

 

Мутахассис: Ғафур АМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

 

СУДЛАНГАНЛИК ҲОЛАТИ ҚАЧОН ТУГАЛЛАНАДИ?

— Жиноят кодексининг 77-моддасига мувофиқ, судланганлик ҳолати жазо тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб, у тугалланган ёки олиб ташланган пайтгача давом этади. 

 

Судланганлик ҳолатининг жиноят-ҳуқуқий оқибатлари судланганлиги тугалланмаган ва олиб ташланмаган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолда келиб чиқади.

 

Қонун судланганлик ҳолати барҳам топишининг фақат икки усулини унинг тугалланиши ва олиб ташланишини назарда тутади.

 

Судланганлик ҳолати тугалланиши шахснинг судланганлиги факти билан боғлиқ барча оқибатларнинг жазо тури ва муддатидан келиб чиққан ҳолда Жингоят кодексининг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтганлиги натижасида автоматик тарзда (ўз-ўзидан) барҳам топишини англатади. Бундай ҳолларда судланганлиги тугалланган шахс, унинг вориси, қонуний вакили ёки адвокати илтимосига кўра, ҳукм чиқарган суд томонидан судланганлик ҳолати мавжуд эмаслиги фактини тасдиқловчи маълумотнома берилади. Бунинг учун манфаатдор шахс томонидан судга тақдим этилган ички ишлар органлари ахборот маркази маълумотномаси ва жазо ўталганлиги (ижро этилганлиги) фактини тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади.

 

Судланганликнинг олиб ташланиши ундан келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар судланганлик ҳолати барҳам топиши учун қонунда белгиланган муддатлар ўтгунига қадар суд қарорига асосан тугатилишини англатади. Судланганлик олиб ташланиши учун шахснинг жазони ўтаб чиққандан кейинги бенуқсон хулқ-атвори (унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чораси қўлланилмаганлиги), жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки шахснинг ўзи ЖК 79-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган муддатлар ўтгандан сўнг берган илтимосномаси асос бўлиши мумкин.

 

ЖКнинг 78-моддасида шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланиши, жумладан беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин тўрт йил ўтгач, беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан сўнг етти йил ўтгач, ўн йилдан ортиқ, бироқ ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин ўн йил ўтгач тугалланиши белгиланган.

 

БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАР СУД ТОМОНИДАН ТИКЛАНАДИ

— Содир қилган жиноятингиз учун жазони ўтаб чиққан вақтдан келиб чиққан ҳолда юқорида баён қилинган ЖКнинг 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтган тақдирда суд ҳукми ва жазони ўтганлигингиз ҳақидаги маълумотномани илова қилган ҳолда судланганлик ҳолати тугалланганлиги ҳақида маълумотнома олиш учун ўзига нисбатан жиноят ишини мазмунан кўриб чиққан судга ёхуд  юқорида қайд этилган муддатларни камида ярми ўтганидан сўнг судланган ҳолатини олиб ташлаш юзасидан доимий яшаш манзилда жойлашган жойлардаги жиноят ишлари бўйича туман судларига мурожаат қилиш мумкин.

 

Шу билан бирга судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган ҳисобланиб, ушбу шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти ва унинг учун судланганлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар қатъиян ва сўзсиз бекор бўлишига яъни, барча тўсиқлар олиб ташланишига сабаб бўлади.

 

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 78-моддасига мувофиқ қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно қилган ҳолатда муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланиши белгиланган.

 

Мазкур ҳолатда ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб, уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт. Асослантирилган жавоб бериш ҳақидаги талабларни қондиришни рад этиш ходимнинг ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан шикоят қилишига тўсиқ бўлмаслиги баён қилинган.

 

Меҳнат кодексининг 78-моддасига мувофиқ судланганлиги важ қилинган ҳолда ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан мазкур идоранинг юқори турувчи органига ёхуд фуқаролик судларига шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд.

 

Бундай ҳолатда, бузилган ҳуқуқлар суд томонидан тикланади.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

ПЛАСТИК КАРТАДАГИ ПУЛ ЯШИРИНЧА ЕЧИБ ОЛИНСА, ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?

— Бу ой пластик картамга ойлигим тушди. Дўконга кириб тўлов қилмоқчи бўлсам, ичида пули йўқлигини айтишди. Кейин текширсам, пластик картамдаги пул Бухоро вилоятида сарф қилинибди. Нима қилсам бўлади?

Исми сир тутилди

Мутахассис: Элбекжон ТУРГУНБОЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

 

ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНГАН

— Сўнгги йилларла компьютер ва интернетнинг тараққиёт даражасини анча тезлашиши, соҳаларнинг ривожланиши, алоқаларнинг ўрнатилишига таъсири ортиб бормоқда. Ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам электрон савдо ва хизматлар айнан компьютер воситасида амалга оширилиши, ахборот алмашинувининг тезлашганлиги тараққиётни янги босқичга олиб чиқмоқда.

 

Тараққиётнинг ушбу босқичида инсонлар жамият ва ўзлари учун фойдали мақсадларда ишлашаётган бўлишсада, айрим шахслар айнан компьютер ва интернет тизимидан ғараз мақсадларда, жумладан, кибер жиноятларни содир этишда, хусусан, компьютер техникасидан фойдаланиб талон-торож жиноятларини содир этишда фойдаланишаётгани, бундан жуда кўплаб инсонлар ва оилалар жабр кўраётгани аянчлидир.

 

Амалдаги қонунчилигимизда, айнан компьютер техникаларидан фойдаланиб содир этиладиган талон-торож жиноятлари учун жавобгарлик белгиланган:

Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “г” бандида айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб ўзлаштирганлик ёки растрата қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

 

Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “в” бандида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб қўлга киритганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси назарда тутилган.

 

Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “б” бандида компьютер тизимига рухсатсиз кириб ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилганлик учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН

Амалиётда фуқароларнинг пластик карталаридаги пулларини пластик ўғирлик ёки фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлик ҳолати кўплаб учрамоқда.

 

МАСАЛАН:

Судланувчи алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, Шайхонтоҳур тумани, Гулобод маҳалласида жойлашган “пайнет” шаҳобчасида бир фуқаронинг ишончига кириб, унга ҳисоб рақамидаги пул маблағларини нақдлаштириб беришни ваъда қилади. Рафиқасининг номига расмийлаштирилган пластик карта ҳисоб рақамига 13 260 000 сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўтказиб, берган ваъдасини бажармасдан пул маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

 

Судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Олмазор туманида жойлашган “пайнет” шаҳобчасида яна бир фуқаронинг ишончига киради. Унга ҳам ҳисоб рақамидаги пул маблағларини нақдлаштириб беришни ваъда қилади. Эски “сценарийси”га кўра, рафиқасининг номига расмийлаштирилган пластик карта ҳисоб рақамига 6 140 000 сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўтказиб олади. Натижада судланувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Бу каби жиноятларнинг содир этилишига жиноятчилар томонидан алдов йўли билан пластик карта эгаларидан пластик карта рақамларини, уларнинг кодларини турли йўллар билан алдаб олинаётганлиги, фуқароларимизнинг ишониб ўз карта рақам ва кодларини бошқаларга бераётганлиги асосий сабаб бўлмоқда.

 

Пластик картангиздаги пул Бухоро вилоятида сарф қилинганини билган бўлсангиз, сиз бу масалада ҳудудингизда жойлашган ички ишлар органига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

ЭРИМ УЙГА КИРИТМАЯПТИ, МОДДИЙ ЁРДАМ ҲАМ БЕРМАЯПТИ…

Оилавий келишмовчиликлар туфайли уч нафар вояга етмаган фарзандларим билан ота-онамнинг уйида яшаяпман. Боиси турмуш ўртоғим билан жанжаллашиб, уйдан чиқиб кетдим. Бироқ икки кундан кейин қайтиб борсам, эрим уйга киритмаяпти. Уйга киритиши учун қайси судга мурожаат қилишни билмаяпман. Ҳеч қаерда ишламайман, эрим бўлса моддий ёрдам ҳам кўрсатмаяпти. Ушбу ҳолатда қандай ҳақ-ҳуқуқларим бор?

Исми сир тутилган

 

Мутахассис: Жасур СИРОЖЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

 

Судга алимент ундириш ҳақида мурожаат этишингиз мумкин…

— Оила кодексининг 96-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

 

Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг бири томонидан иккинчисига, яъни вояга етмаган бола тарбияси билан шуғулланаётган ота ёки онага берилади.

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

 

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шунингдек, Оила кодексининг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.

 

Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

 

Демак, ҳозирги кунда болалар сизнинг қарамоғингизда эканлиги, турмуш ўртоғингиз ихтиёрий равишда болалар таъминоти учун алимент тўлашдан бош тортиб келаётганлигини ҳисобга олиб, судга алимент ундириш ҳақида мурожаат этишингиз мумкин.

 

Алоҳида моддий таъминот ундириш ҳуқуқига эгасиз…

— Никоҳ тузилгандан кейин эр-хотинда бир-бирига моддий ёрдам бериш мажбурияти вужудга келади. Яъни, Оила кодексининг 117-моддасига асосан, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.

 

Эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. Бироқ бу сумма қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

 

Агарда сиз бола парвариши ёки юқоридаги қонун нормасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, белгиланган тартибда судга ўзингизнинг таъминотингиз учун алоҳида моддий таъминот ундириш ҳуқуқига эга эканлигингиз қонунда аниқ белгилаб қўйилган.

 

Таъкидлаб ўтиш керакка, даъвогар алимент ундириш ва моддий таъминот ундириш ҳақидаги даъво аризалари билан судга мурожаат этганда ҳеч қандай давлат божи ундирилмайди.

 

Уйга киритиб қўйиш учун нима қилиш керак?

— Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан, уй ёки квартиранинг мулкдори, унинг оила аъзолари, у билан доимий яшаётган фуқаролар ва собиқ оила аъзоси ўртасидаги турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар суд тартибида ҳал этилади.

 

Сиз келин бўлиб яшаб келган турар жойга киритиб қўйиш учун турар жой қайси ҳудудда жойлашган бўлса, шу ҳудуддаги тегишли туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

 

Мана шу ўринда айтиб ўтиш керакки, даъвогар судга уйга киритиб қўйиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этганда, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари (ҳозирги кунда 540.000 сўм) давлат божи тўлаши лозим бўлади.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

ТОШКЕНТДА ФАРЗАНДИНИ ЎЛДИРИБ, ЖАСАДНИ ЕРТЎЛАГА КЎМИБ ЮБОРГАН ОТАГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, оқ ювиб, оқ тарайди. Жигарбандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Аммо беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳаётда  фарзандининг ҳаётига зомин бўлган, гулдек боласининг қотилига айланган инсонлар ҳам учрар экан…

 

Ўғлининг мурдасини ертўлага кўмди

Судланувчи Маҳмуд Асроров (исм-шарифлар ўзгартирилган) соат 18:30 ларда ўзи истиқомат қиладиган Яшнобод туманидаги хонадонида ўғли Мирали Асроровни спиртли ичимлик ичганликда айблаб, уни уй ҳовлисига олиб чиқади. Кетмон дастаси билан бош қисмига, сўнгра чап биқини – қовурға устига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдиради. Кейин жиноят изини йўқотиш мақсадида мурдани ўз уйининг ертўласига кўмади. Жиноят фош этилмаслиги учун мурда кўмилган жой устини цемент сувоқ билан қоплайди. Марҳумнинг синглиси Латофат Жумаева акаси йўқолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганидан сўнг, қилган жинояти фош бўлмаслиги мақсадида, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ертўлаги цемент сувоқни кўчиради. Ўғли Мирали Асроровнинг мурдасини кавлаб олиб, уйининг том қисмига яширади. Орадан вақт ўтиб, мурдани қўшнисининг том қисмига олиб ўтиб, яширади.

 

“Қизимнинг гапидан юрагимга ғулғула тушди…”

Суд мажлисида судланувчи Маҳмуд Асроров ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагича кўргазма берди:

– Рафиқам вафот этгандан кейин ўғлим билан бирга яшай бошладик. Қизим Латофат Жумаева турмушга чиқиб кетган. Ўғлим Мирали Асроровни жаҳл устида ўлдириб қўйганимдан сўнг 103 га қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Аммо қилмишим фош бўлишидан қўрқдим. Қариндош-уруғларни йиғиб, маслаҳат қилмоқчи ҳам бўлдим, лекин қўни-қўшниларни олдида шарманда бўлишни, ўз боласини ўлдирибди, деган иснодга қолишни истамадим. Шу тариқа бир соатча ўйланиб ўтириб, 20 йил илгари бедарак йўқолиб, топилмаган амакимнинг ўғли эсимга тушди. Ўғлимнинг мурдасини кўчага бирор жойга ташлаб келмоқчи бўлдим, аммо кимдир кўриб қолишидан хавотирландим. Шундан кейин мурдани уй ертўласига кўмдим. Ҳиди чиқмаслиги учун устини цемент билан сувоқ қилдим. Қизим акасини сўраганда “Ғазалкентга ишлашга кетди”, деб алдадим. Орадан бироз вақт ўтгач, Латофат яна акасини сўради. Мен  уни “Мирали Россияга кетганлиги ҳақида кичкина қоғозга ёзиб қолдириб кетибди”, деб алдадим. Мени туман ички ишлар бўлимига чақиришди. Борсам, қизим Латофат акаси бедарак йўқолганлиги юзасидан ариза берган экан. ИИБ ходими ўғлим Миралининг Ўзбекистондан чиқмаганлигини, чунки барча чегара постларидан маълумот олганлигини айтиб, унинг қаерга кетиши мумкинлиги ҳақида сўради. Мен ходимни чалғитиб, “Агар у Россияга кетмаган бўлса, Ғазалкентда ишлаётган бўлиши мумкин”, дедим. Латофат уйга келиб, “Онам билан акам тушимдан чиқмаяпти. Акам ертўлага ўхшаган қоронғи жойдан чиқолмай, йиғлаяпти”, деди. Латофатнинг бу гапидан юрагимга ғулғула тушди. Ўғлим кўмилган жойни кавлаб, мурдани тортдим. Мурда чириб кетганлиги боис, оёқ қисми узилиб, тупроқ тагида қолди. Мен унинг гавда қисмини тортиб олиб, оқ целофан пакетга ўраб, томга олиб чиқдим. Эртаси куни ертўлани кавлаб, оёқ қисмини ҳам топиб, қолган суякларга қўшдим…

 

“Жазо тайинлашни судга ҳавола қиламан”

Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили сифатида Латофат Жумаева қуйидагиларни маълум қилди:

– Акам Мирали Асроровни охирги маротаба кўрганимда унинг кўзи кўкарган, юзлари шилинган эди. “Яна ота-бола уришдингларми?” деб сўраганимда, акам “Сен-ку, эрга тегиб қутулдинг, калтак менинг бошимда синяпти” деди. “Нимага унақа деяпсиз?” десам, “Отамга биз керак эмасмиз, у хотин олиб, хотин қўйиш билан овора…” деди. Шунда отамнинг “Аканг на ўзи уйланади, на мени уйланишга қўяди, уни ўлдириб тинчийман шекилли…” деган гапи эсимга тушди. Орадан бир ой ўтиб, уйга борганимда отамдан акамнинг қаердалигини сўрадим. Аввал Ғазалкентга, кейин Россияга ишлашга кетганини, қўнғироқ қилиб турганини айтди. Акамнинг телефон рақамини сўраганимда, “Телефоним сувга тушиб кетди, қарасам акангнинг рақами ўчибди” деди. Шундан кейин отамдан шубҳалана бошладим… Айни пайтда отамга нисбатан даъвом йўқ, жазо тайинлаш масаласини судга ҳавола қиламан.

            

Ҳукм ўқилди

Маҳмуд Асроров ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилди. Унга нисбатан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шерзод ЭШМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси

Лола ШОИМОВА, журналист

НОЎРИН ШУБҲА-ГУМОНЛАР ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ

Ихтиёр Содиқов (исми-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Комилова Хумора билан 2018 йилда никоҳдан ўтиб, Самарқанд вилоятида яшай бошлашди. Яхши ниятлар билан оила қурган эр-хотин бора-бора арзимаган нарса устида уришадиган-талашадиган даражага етишди. Бундай ур-тўполонлар жонига теккан Хумора қизлик уйига кетиб қолади…

 

Хиёнатда айблади…

Хумора Тошкент шаҳрида яшовчи қариндошининг уйига боради. Унинг Тошкентдалигидан хабар топган Ихтиёр хотинининг ортидан таъқиб қилиб, пойтахтга келади. Тахминан соат 21:00 ларда у билан учрашади. Уни ўзи ижарага олган Сирғали туманидаги хонадонга таклиф қилади. Хотинига «ўша ерда ажрим масаласини ҳал қиламиз», дейди. Ижара уйда Хуморанинг телефонини титкилаган Ихтиёр уяли телефон аппарати хотирасидаги фотосуратлар орасида унинг бегона эркак билан тушган суратлари ва «SMS» ёзишмаларини кўриб, Хуморани хиёнатда айблайди. Рашк оқибатида ўзаро жанжаллашиб, юз ва танасининг турли қисмларига уриб, чойшаб билан бўйин соҳасидан бўғиб, қасддан тан жароҳати етказади. Хуморани бўғилган ҳолатда суратга тушириб, “Телеграм” мессенжери орқали контактида бўлган одамларга, шу жумладан онаси ва холасига ҳам юборади…

 

 Тан жароҳати етказди

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг танасида – чап кўз олмаси контузияси, ўнг ва чап кўз оқсил қаватига қон қуйилиши, ўнг ва чап кўз қовоқлари, бўйин ўнг ва чап юзалари чап пешона соҳаси, юқори ва пастки лаб, бурун эгар қисми шилинмалари, пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг ва чап кўкрак бези соҳаси, чап елка, чап сон, чап болдир соҳалари жароҳатлари аниқланган. Ушбу тан жароҳатлари қаттиқ ўтмас жисм таъсирида етказилганлиги, бу жароҳатлар соғлиқнинг қисқа қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари турига кириши, аниқланган.

 

“Жиноят” устида қўлга туширмоқчи бўлди

Бундан ташқари, Ихтиёр Содиқов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, турмуш ўртоғи Хумора Комилова вақтинча яшаб келаётган Юнусобод туманидаги хонадон эшигини ўзида бўлган захира калит ёрдамида очади. Маст ҳолда уйга ғайриқонуний равишда кириб, ошхонада турган пичоқ билан қуролланади. Хонадон ётоқхонасидаги кароват остига яшириниб, Хуморанинг қайтишини кутади. Гўёки Хумора уйга жазмани билан қайтади, у эса хотинини “жиноят” устида қўлга олмоқчи бўлади. Бироздан сўнг спиртли ичимлик таъсирида каравот тагида ухлаб қолади…

 

Бегуноҳ инсон пичоқланди

Хумора Комилова турмуш ўртоғи Ихтиёр Содиқов уни уриб тан жароҳати етказганлиги ва доимий тажовузларидан қўрқиб, Сирғали туман ИИО ФМБга мурожаат қилади. Суриштирув ҳаракатларида иштирок этиб, тахминан соат  14 ларда Сирғали туман ИИО ФМБ тезкор ходимлари кузатувида вақтинчалик яшаш манзилига қайтиб келади. Хумора Комилованинг чақириғига кўра, ўз хизмат бурчини бажараётган, Сирғали туман ИИО ФМБ ЖҚБ тезкор вакили Худайқулов Б. хонадонни кўздан кечиради. Хотинининг бегона эркак билан кириб келганини кўрган, Ихтиёр Содиқов каравот тагида ётганча уларни кузата бошлайди. Фуқаролик кийимида бўлган Худайқулов Б. каравот тагини текшириб, у ерда яшириниб ўтирган Ихтиёрни тортиб чиқаради. Рашк ўти кўзини кўр қилган Ихтиёр Содиқов уни Хуморанинг жазмани, деб ўйлаб қўлидаги ошхона пичоғи билан қорин қисмига икки марта уриб, қасддан тан жароҳати етказади. Воқеа жойидан яширинмоқчи бўлганида мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ ходимлари томонидан қўлга олинади.

 

Ҳукм ўқилди

Ихтиёр Содиқов ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди. ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан М.Аслиддиновга ўташлик учун узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Фаррух ТЎРАХЎЖАЕВ,

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси,

Лола ШОИМОВА, журналист

ТОШКЕНТДА 30 ЁШЛИ СОЛИҚЧИГА НИСБАТАН СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала. Боиси коррупцияга оид бирор-бир ҳуқуқбузарлик, жиноятни содир этишдан ёки бунга шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлар, порахўрлик, тамагирлик, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун кескин курашилаётган бўлишига қарамай, боши берк “кўча”дан юришни истовчилар тез-тез учраб турибди. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан кўриб чиқилган жиноят иши тафсилотлари бунинг исботи, дейиш мумкин.

 

Суд иши ҳужжатларига кўра, 30 ёшли судланувчи анча йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ идоралари тизимида, 2020 йил сўнгидан эса туман Давлат солиқ инспекцияси (ДСИ)да бош инспектор лавозимида хизмат қилган. Давлат органининг ана шу мансабдорлик ваколатидан фойдаланиб, ноқонуний даромад топишни мақсад қилади. Яъни эгаллаб турган лавозимига кўра, хизмат мажбуриятларига туман ДСИдан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлик тўғрисидаги қонунида белгиланган тартибда солиқ тўловчини банкрот деб топиш тўғрисидаги (даъво) ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ваколати берилганлигидан ғаразли мақсадда фойдаланади.

 

Жиноят иши тафсилотларига кўра, у туман ДСИ биносига келган МЧЖ раҳбари билан моддий манфаатга қаратилган суҳбатга киришади. МЧЖ раҳбарига корхонасида вужудга келган солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериш ва келгусида жамият раҳбари сифатида уни қайта овора қилмасликни ваъда қилади. Эвазига эса МЧЖ раҳбаридан 8.000.000 сўм миқдорида пора беришни талаб қилган.

 

Бош инспекторнинг ҳаракатлари ноқонуний эканини англаб етган МЧЖ раҳбари бу ҳақда Тошкент шаҳар ДХХга ариза билан мурожаат этади. Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ўз хизмат хонасида пора тариқасида берилаётган 8.000.000 сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Судланувчи судда айбига қисман иқрор бўлган…

“У пулни стол устига ташлаб кетди”

Судланувчи судда айбига қисман иқрор бўлган…

— Ишхонамга МЧЖ раҳбари келиб, ўзи раҳбарлик қилаётган жамиятнинг боқиманда қарздорлигини бартараф этишни ва жамиятни реестрдан чиқариш учун ёрдам беришни сўради. Унга жамият СТИРини айтишини ва ДСИдаги базадан қарздорлигини билиб беришимни айтдим. Жами 30 млн. сўм қарздорлиги бор эди. “Қандай қилиб ушбу қарздорликни бартараф қилиш ва жамиятни ёпиш учун қандай йўл тутай?” деб сўради. Унга қарздорликни бартараф этиш, жамиятни тугатиш ва банкрот қилиб беришимни билдирдим. “Ушбу хизматимга ҳақни кўнгилдан чиқариб беринг”, деганимда “8.000.000 сўм бераман”, деди, рози бўлдим. Кейин қўнғироқ қилиб, “туман ДСИга келдим”, деди. Хизмат хонамга чиқишини айтдим. “Ишингиз ҳал бўлмаяпти”, десам, стол устига пулни ташлади-да, чиқиб кетди. 8.000.000 сўмни олиб стол тортмасига қўйдим. Сўнг фуқаролик кийимида бир неча шахслар кириб, ўзларини департамент ходимлари деб таништиришди ва шу жойнинг ўзида криминалист томонидан қўлимдан суртма олинди. Олинган пулларини ўз хоҳишим билан тақдим қилишимни сўрашди. Ҳақиқатда учрашув давомида 8.000.000 сўмни олганимни маълум қилдим. Икки дона ҳар бири 100.000 сўмлик купюраларга шартли “ПОРА” сўзи ёзилганини кўрдим.

МЧЖ раҳбарининг ўзи 8.000.000 сўмни менга таклиф қилди. Ушбу маблағни мен талаб қилмаганман. Ундан пулни олиш ниятим бўлмаган. У пулни стол устига ташлаб кетди, ушбу маблағни МЧЖнинг қарзига тўлаб юбормоқчи бўлгандим. Ҳозирги кунда қилмишимдан пушаймонман.

Суд ишини кўриш жараёнида судланувчининг айби ўзининг айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топди.

 

Алишер ЖАЛИЛОВ, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси:

— Судланувчи Жиноят кодекси (ЖК)нинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

ЧАҚАЛОҚ “БАҲОСИ” – 18 000 АҚШ ДОЛЛАР

2021 йил 10 август. Янгиҳаёт туман маркази. Ҳамма кундалик турмуш ташвишлари билан овора. Одамлар у ёқдан бу ёққа ўтиб турибди. Шу куни, шу атрофда ўтказилган махсус тадбирни – чақалоғини сотган аёл далилий ашё билан ушланганлигини кўпчилик сезмаган ҳам бўлиши мумкин.


…Нилуфар Қодирова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг икки нафар фарзанди бор эди. Эри билан ўртасидаги можаро туфайли Сирдарё вилоятининг Оқолтинига кетиб бир йилча ўша ерда юрди. Кейин Тошкентга қайтиб, ижарада яшай бошлади. Ўтган йил март ойида ҳомиладор эканлигини билгач,ўйланиб қолади. Ҳомилани
олдириб ташлашга эса маблағи йўқ. Ўйлай-ўйлай бир қарорга келади. Туғилажак боласини сотиб, эвазига уй-жой олишни режалаштиради. Кунларнинг бирида у Саида Мирзаева деган аёл билан танишади.
— Турмуш қурганимизга анча бўлди, лекин бефарзандман, – деди Саида ҳасратини айтиб.
— Кўриб турибсиз, ҳомиладорман, – деди Нилуфар “мижоз” топилганидан хурсанд бўлиб. – Агар хоҳласангиз, бола туғилса сизга беришим мумкин. Шу гап-сўзлардан кейин улар учрашиб туришди.
— Кўриб турибсиз, уйим йўқ. Болаларим билан қаерга боришни билмайман, – Нилуфар таниш аёлга мақсадини айтди.
— Агар уй олишга ёрдам берсангиз, боламни сизга бераман.
— Қаердан уй олмоқчисиз, – сўради Саида ундан.
— Пулини берсангиз ўзим топаман.
— Бўлмаса, Гулистондаги уйларнинг нархи билан қизиқиб кўринг, – таклиф киритади Саида.
— Сўраб-суриштирдим, – дейди навбатдаги учрашувда у. – 18.000 доллар экан. 7 август куни Нилуфарнинг қиз фарзанди дунёга келади. Саида уни кўргани олдига боради.
— Нима қарорга келдингиз, – илтимос оҳангида сўрайди Нилуфардан. – Савоб учун менга беринг. Ўзим боқиб, катта қиламан.
— Кейинги сафар савоб учун сизга ўғил туғиб бераман, – дейди муддаога кўчиб Нилуфар.
– Ҳозир уй олишим керак… Саида унинг ноқонуний ишига чора кўришларини сўраб тегишли жойга ариза ёзди. Уч кунлик чақалоғидан воз кечганлиги ҳақида тилхат ёзиб бериб, “эвази”га 18.000 АҚШ долларини биттама-битта санаб
олган Нилуфар Қодированинг қувончи узоққа чўзилмади. Унинг олдига фуқаро кийимидаги орган ходимлари келиб ҳужжатларини кўрсатишади.
— Бу ишингиз қонунга хилоф, — дея ҳужжат расмийлаштирадилар.
Суднинг ҳукми билан ўз зурриёдини сотган аёл 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Нилуфарнинг калта ўйлаб иш тутиши оқибатида вояга етмаган икки нафар фарзанди бугун ўзгалар қарамоғида. Ўзи эса қилмишига яраша “уйли” бўлди.

 

Баҳром ТАШПУЛАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси.

 

Равшан ШОДИЕВ, “Ўзбекистон овози” мухбири
(«Ўзбекистон овози» газетаси #22 (32716) / 01.06.2022)

ТЕЛЕГРАМ ТАРМОҒИДАГИ ҚИНҒИР ҚАДАМ

Бугун ижтимоий тармоқлардан ҳамма ўзи хоҳлаганча фойдланмоқда. Сир эмаски онлайн савдо ва адашган манзилга локация юбориш ҳам катта кичикка осон бўлиб қолди. Бу имкониятдан тўғри фойдаланмаётган тошкентлик талабанинг қинғир қадами фош этилди.

 

Татаристон Республикаси Қозон федерал университети 2-курс талабаси бўлган эндигина 21 ёшни қаршилаган Собир Бобоев (исм шарифлар шартли) гиёҳванд моддасини сотиш билан шуғулланувчи номаълум шахслар билан келишган ҳолда, телеграмм мессенжеридаги бот орқали келгусида интернет тармоғи орқали сотиш мақсадида, қадоқлаб тайёрланган гиёҳванд моддаларни кейинчалик махсус жойларга қўйиб кетиш мажбуриятини олиб, ҳар бир қадоқланган гиёҳванд моддасини кўмганлиги эвазига 30.000 сўмдан олиш мақсадида ўзида сақлаб келган а-пирролиновалерофенон (α-PVP) гиёҳвандлик моддасини махсус жойга кўмиб жойлаштириш учун 2021 йил 19 сентябрь куни соат 12:30 ларда Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, А.Қодирий кўчасида жойлашган “Салар” канали бўйлаб келаётган вақтида, Яшнобод тумани ИИО ФМБ ППХ ходимлари томонидан шубҳали кўриниб, унинг шахсини текшириш мақсадида тўхтатилганда, ўзини ножўя тутганлиги боис холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида, унинг эгнида бўлган шимининг орқа чўнтагидан 13 дона кўк рангли изолентага ўралган оч яшил рангли целлофан пакет ичида ўткир ҳидли модда борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорининг 3-бандида: “Жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак”лиги ҳақидаги талаблар кўрсатиб ўтилган.

 

Суд ҳайъати, судланувчи С.Бобоевга жазо тури ва миқдорини белгилашда, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ёшлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини, шартнома асосида олий ўқув юртида ўқишини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисоблаб жиноят ишини кўриб якунлади.

 

Суд томонидан судланувчи Собир Бобоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топиб 8 (саккиз) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

 

Бахриддин ИКРАМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яшнобод туман судининг судьяси

СУДЛАР АТРОФИДАГИ АХБОРОТ: МАНФААТ ҲАММА НАРСА, МАНФААТ ҲЕЧ НАРСА…

Бугун шиддатли аср, яъни ахборот энг қиммат товарга айланиб улгурган даврда яшаяпмиз.

 

Ахборотга эгалик устунликни тақдим этадиган замон ҳамда ақллар беллашадиган макондамиз.

 

Дунё мамлакатларида тарқалаётган ахборотларнинг 80 фоизига яқини 6 та йирик массмедиа компаниялари ҳиссасига тўғри келмоқда, лекин бугун сўз юритадиган мавзумиз эса судьялар ҳақидаги ахборотларнинг маълумгина, яъни манфаатларга дахлдор бир қисми ҳақидагина боради.

 

«Бу дунё шундай қурилганки, уни манфаат бошқаради», дейишади буюк донишманд-файласуфлар.

 

«Манфаат» деган тушунча ўз навбатида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий ва ҳоказо кўринишда бўлиши ҳам ҳақиқат.

 

Дейлик, судларда тарафларнинг ишончли вакил (ҳақ эвазига ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи)лари суд ишларида албатта иқтисодий манфаат топишни мақсад қилади. Яъни, маълум бир ҳақ эвазига, буюртмачи (мижоз) билан унинг фойдасига судда ишни ютишга ҳаракат қилиш мажбуриятини олиб, шу ҳақда ёки шунга ўхшаш келишув тузишади…

 

Сиёсий манфаатда эса давлат кенг маънода судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали аҳолининг суд ҳокимияти – давлат ҳокимиятига ишончини тобора оширишни мақсад қилади.

 

Қуйида тор сиёсий манфаатга мисол келтириш мумкин.

 

Судларда топиладиган ижтимоий манфаат шундай манфаатки, бунда тарафлар жамиятдаги ижтимоий адолат деган тушунча учун, қонун устуворлиги, тенг ҳуқуқлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик, бир сўз билан айтганда, табиат томонидан тақдим этилган ҳуқуқларнинг тош-тарозиси, мувозанати учун судларда низолашади.

 

Судлар фаолиятида маънавий манфаатни изловчилар эса ўзи ҳалол-пок, диёнатли, бағри кенг, беғараз, етарлича малакали, илмли ва судда ишларни ҳалол йўл билан ютишга сарфлайдиган, ҳаром ва ғирромнинг ҳар қандай туридан ҳазар қиладиган ва судда ютиш учун ҳар қандай нопок усул-воситаларнинг бирор-бир туридан фойдаланмайдиган, фақатгина судда адолат қарор топсагина, шунда ҳам беминнат меҳнатидан бутун вужуди билан рози бўладиган тоифа вакиллари тушунилади.

 

Энди, ушбу манфаатларда ахборотнинг ўрни нимада ёки судлардаги турли манфаатларга ахборотнинг қандай алоқаси бор дейсизми?

 

Гап шундаки, барча замонларда ахборотга эгалик ҳар қандай соҳада ҳам устунлик берган. Тарих гувоҳки, илмли инсон (билимларни ўзида мужассам этган ахборот соҳиблари), илмсизлардан албатта юқори турган, агар, у илмли шахс, илмини ғараз мақсадларда сарфламаса…

 

МАСАЛА НИМАДА?

Агар ахборот манфаатларга бўйсундирилса ё ахборотлар манфаатга эришиш воситаси сифатида қўлланилса, бундай ҳолатлар ўз-ўзидан ислоҳотлар, жумладан, судларга оид ислоҳотлар самарасига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди.

 

Минг афсуслар бўлсинки, судлардаги иқтисодий ва сиёсий манфаатлар доирасида шундай ҳолатлар юзага келадики, гарчи, судларда тарафлар адолатли ва қонуний қарор асосида ютқазган ёки ютқазишини аввалдан билган бўлсада, суд фаолиятига нисбатан нотўғри, нохолис, ғаразли мақсадда ахборот тарқатишга бор эътиборини қаратади.

 

Чунки ҳеч ким ўз манфаатидан кечгиси келмайди. Уларни манфаат бошқаради.

 

Яъни суд ишни нотўғри кўргани, судьянинг нохолислиги, унинг иккинчи тарафдан манфаатдор эканлиги фақатгина шубҳаларга асосан рўкач қилиниб, шунинг боис у судда ютқазганлигига зўр бериб, судьяга нисбатан турли даражадаги инстанцияларга шикоят қилиб, нотўғри ва нохолис ахборот тарқатиб, ишни ўз фойдасига ҳал этишнинг пайида бўлади.

 

Демак, келтирилган аччиқ ҳақиқат асосида айтиш мумкинки, манфаат носоғлом ахборот муҳитини яратади. Натижада нотўғри ва ноўрин хулоса ва фикрлар шакллана боради.

 

Судлардаги яна бир ҳолат: у ёки бу мансабдор ўз мақсадини сиёсий манфаатга, дейлик давлат ва жамият манфаатига ўраб, ниқоблаб олади. Гарчи бу давлат ва жамият манфаатига алоқадор бўлмасада, суд фаолиятига дахлдор тизимни шунга ишонтиришга уринади.

 

Бу ҳолатларнинг оқибати ҳам айнан «иқтисодий манфаат» каби бўлиб, судларга давлат ва жамият манфаатига эътибор қаратилишини уқтиришда, шундан келиб чиқиб судьяларга баҳо беришда намоён бўлади.

 

Аммо, манфаатнинг иқтисодий манфаатдан фарқли жиҳати судьянинг мустақиллиги ва унинг келажак фаолиятига у ёки бу тарзда маъмурий воситалар билан таъсир этиши мумкинлигида кўринади. Яъни, айрим маъмурий тизимларда ўзи ёки гуруҳ манфаатлари учун суд, судья ҳақида нохолис ахборотларни шакллантириш орқали унинг карьераси, тақдирини ҳал этишга таъсир этиб, билиб-билмай, суд ислоҳотларига ғов бўлиб қолишга беминнат сабабчи бўлади.

 

Демак, судларда албатта манфаатлар тўқнашади, баъзан катта-катта манфаатлар ҳам тўқнашади. Чунки судлар қонунларни бевосита қўллайдиган ва охирги сўзни айтадиган ҳокимиятдир. Суд натижаси ўз фойдасига ҳал бўлмаган тараф албатта суддан рози бўлмайди. Бу табиий ҳолат.

 

Бироқ, бу жараёнда суд фаолиятига нисбатан маълум манфаатларга хизмат қилишни кўзда тутувчи ахборот сиздирилиши юзага келади.

 

Негаки, ахборот асрида шундай ғирром қоида борки, бунда жараённинг оқ ёки қоралиги муҳим эмас, балки бу рангларни аҳолига қандай қилиб кўрсатиш бирламчидир. Бунинг бошқача номи ижтимоий манипулияциядир. Манипулияция ахборот тарқатиш воситаси асосида амалга оширилади.

 

Демак, судларда манфаатлар ва ахборотлар боғлиқлиги шундан иборатки, аҳолини судларда ишларни адолатсиз кўриб чиқилишига ишонтириш орқали бундан манфаат топади ва ҳоказо…

 

Худди судда ишинг ҳал бўлиши учун «ё заринг ё зўринг бўлсин», деган каби…

 

Бу эса манфаатлар асосидаги ахборотлар таъсирига ҳамда манипулияция гирдобига осонгина тушиб қоладиган тоифага ўз таъсирини яққол кўрсатади. Бу қараш асоссиз, асл ҳолат эса буни инкор этади.

 

Негаки, бугун судьяларнинг шароити ижтимоий ҳолати, моддий ва молиявий таъминоти уларни иқтисодий жиҳатдан ҳеч кимга қарамликка йўл қўймайди ҳамда «тили қисиқлиги»га олиб келмайди ва уларни тамаъгирликка етакламайди.

 

Бордию, мабодо бунинг акси бўлса, унда одил судловга хиёнат ва ношукурлик бўлади.

 

Айтишимиз жоизки, судларда, судьяларда ҳам тарафларда ҳам битта манфаат – маънавий манфаат устувор бўлиши ва ахборот ҳам айнан шу манфаатни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда ёйилиши лозим. Албатта ҳаёт бор экан, қолган манфаатлар ҳам йўқ бўлиб кетмайди, хоҳлайсизми-йўқми, улар ҳам яшашда давом этаверади, аммо улар қонунга қатъий риоя қилган ҳолда яшаши даркор.

 

Токи, судьянинг маънавий манфаатида судья ўзининг қабул қилган адолатли, қонуний, тўғри, холис қароридан кўнгли тўлсин, ҳеч қачон ички ишончини ишончсиз ҳолатга келтирмасин ва ғурури эгилишига сабаб бўлмасин, тарафларга ёруғ юз билан тик боқсин, кўзлари чақнасин, виждони яйрасин, пок виждон билан тунлари тинч ухлаб, ҳар кунни хотиржамликда ўтказсин.

 

Тарафлар, вакиллар, воситачилар, судлар фаолияти ҳақида «манфаатли ахборот» тарқатувчилар ва ҳоказо бошқача тарзда манфаатдорликни кўзловчилар ҳам судларда, одил судловда ҳақиқий инсон роҳат топадиган «маънавий манфаат»ни ҳис этсин.

 

Ана шундагина судлар атрофида холис ахборот муҳити шаклланади. Бундай муҳитнинг жамиятга ижобий таъсири, ислоҳотларимиздаги ўрнини эса бир сўз билан таърифлаш мушкул. Буни фақат соҳани озгина бўлсада, ичдан билган кишигина вужудидан ўтказиши мумкин.

 

Манфаат ҳамма нарса, манфаат ҳеч нарса…

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

ОЗОДЛИКНИ ЧЕКЛАШ ЖАЗОСИ ҚЎЛЛАНГАНДА, ТАЛАБА ЎҚИШНИ ДАВОМ ЭТТИРИШИ МУМКИНМИ ЁКИ…

Жияним кўча безориларига қўшилиб қолиб ўғриликда гумон қилинди ва суд томонидан озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Нуфузли университетлардан бирининг талабаси. Айтингчи, озодликни чеклаш жазоси қўлланганда, талаба ўқишни давом эттириши мумкинми ёки ўқишдан четлатиладими?

Исми сир тутилди  

Мутахассис: Бобомурод КАРИМОВ, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси.

 

Тақиқларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкинми?

— “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2015 йил 10 августдаги Қонуни билан Жиноят кодексида назарда тутилган жазо тизимига “Озодликни чеклаш” тариқасидаги жазо чораси киритилди. Бу жазо тури мамлакатимиз қонунчилигига янгилик ҳисобланади.

 

Озодликни чеклаш – суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат бўлиб, фақат асосий жазо сифатида қўлланилади.

 

Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.

 

Суд томонидан қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:

 

муайян жойларга бормаслик;

оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;

муайян фаолият билан шуғулланмаслик;

муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;

транспорт воситасини бошқармаслик;

маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;

муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;

алоқа воситаларидан, шу жумладан интернетдан фойдаланмаслик;

алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.

 

Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.

 

Жазони ўташдан қасддан бўйин товласа…

— Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

 

Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

 

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан ёки суд белгилайдиган, маҳкумларнинг суд белгилаган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши устидан назоратни амалга оширадиган бошқа орган томонидан амалга оширилади.

 

Шунингдек Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс суд томонидан белгиланган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши, шунингдек ўзининг жазони ўташи билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар бериш учун чақирув бўйича жазоларни ижро этиш инспекциясига бориши шарт.

 

Муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун рухсатнома, шунингдек яшаш жойини ўзгартириш учун рухсатнома жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилади. Қарор тақиқларнинг (чеклашларнинг) хусусиятидан, маҳкумнинг шахсидан, унинг хулқ-атворидан, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигидан келиб чиқиб, алоҳида ҳолларда қабул қилинади.

 

Юқорида келтирилган қонун талабларидан келиб чиқиб, сизнинг жиянингиз университетда ўқишни давом эттириши мумкин. Айрим ҳолларда суд томонидан ўқишга жойлашиш, ўқиш жойини ўзгартирмаслик, ўқишни тугатиш мажбуриятларини юклатиши ҳам мумкин.

 

Агарда суд томонидан жиянингиз ўқишини давом эттиришига монелик қиладиган мажбуриятлар юклатилган бўлса, ушбу ҳолат юзасидан жазоларни ижро этиш инспекциясига белгиланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида мурожаат этиши мумкин.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

Skip to content