ҚИДИРУВДАГИ ТЕРРОРЧИ 22 ЙИЛДАН СЎНГ ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ
Юртимизда мустақиллик туфайли диний эътиқод эркинлигига қонун асосида кенг йўл очилди.
Пойтахтлик Қудрат Юнусов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам бу имкониятдан фойдаланган ҳолда диний маросимларни адо эта бошлайди.
Аммо орадан йиллар ўтиши билан унда чин эътиқод ўрнини ақидапарастлик ғоялари эгаллайди. Аниқроғи, у маҳалладошлари Толируҳ Зиёхонов (лақаби «Абдумалик») ва Аъло Акбаров (лақаби «Ади») ташкил этган норасмий йиғинларга қатнашиб, «жамоат амири», «ҳижрат», «жиҳод» сингари ақидапарастлик ғояларини ўрганишга киришади. Кейинчалик масжидда йиғилган шахсларга очиқдан-очиқ равишда ақидапарастлик ғояларини даъват қила бошлайди. Бу йўлда у мамлакатимизда фаолияти тақиқланган «Туркистон ислом ҳаракати» террорчилик ташкилоти билан олдиндан тил бириктиради. 1998 йилнинг январь ойида «ҳижрат» ниқоби остида Чеченистонга йўл олади. У ерда уюшган қуролли гуруҳлар таркибида жанговор тайёргарликдан ўтиб, террорчилик ҳаракатини назарий ва амалий жиҳатдан ўрганади. Сўнгра мамлакатимизга қайтиб келади. Орадан кўп вақт ўтмасдан террорчилик ташкилоти раҳбарларининг кўрсатмасига асосан ўанишер, Сайфулло ва Ботир исмли шахслар билан бирга қонунга хилоф равишда Тожикистонга чиқиб кетади.
У ерда улар террорчилик ташкилоти аъзолари учун кийим-кечак тикиш билан шуғулланишади.
1999 йилнинг январь ойи охирларида Қ. Юнусов тергов жараёнида аниқлашни имкони бўлмаган, террорчилик ташкилоти раҳбарларидан бири ҳисобланган «Абдулҳаким» исмли шахсдан бой-бадавлат шахсларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш ҳақида кўрсатма олади. Шу мақсадда қонунда белгиланган тартибни бузиб, айланма йўллар орқали Ўзбекистонга келади.
1999 йил 16 февраль куни террорчилик ташкилоти томонидан Тошкент шаҳрида кўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилади. Ана шу пайтда Қудрат Юнусов ўз раҳнамоларидан зарур топшириқларни кутиб туради.
Лекин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида ташкилотнинг ҳаракатларига чек қўйилади.
1999 йил 4 март куни Қ. Юнусов ҳамтовоқлари Т. Зиёхонов, Ғ. Солиев, И. Худойберганов (лақаби «Ҳолид»), Н. Ҳакимов, М. Сафаров (лақаби «Муслим»), К. Қосимбеков (лақаби «Абдураҳмон»), А. Қудратов (лақаби «Аббос») ва тергов жараёнида аниқлашнинг имкони бўлмаган «Санжар» исмли шахс билан жиноий тил бириктириб, Тошкент туманида истиқомат қилувчи Қобилжон Обидовнинг хонадонига бостириб киради. Сўнгра хонадон соҳибларини пичоқ, арқон ва ўқ-отар қуролларга ўхшаш буюмлар билан қўрқитиб, уларнинг қўл-оёқларини боғлаб қўйиб, 1 000 АҚШ доллари, 250 000 сўм миқдоридаги пул, 1 000 000 сўмлик тилла тақинчоқларни босқинчилик йўли билан эгаллашади.
Қўлга киритилган пулни М. Сафаров орқали террорчилик ташкилотининг аъзоларига юборишади.
Шундан сўнг Қ. Юнусов қонунга хилоф равишда Тожикистонга ўтиб кетади.
Унга нисбатан Тошкент шаҳридаги қўпорувчилик ҳаракатлари ҳамда босқинчилик жиноятини содир этгани учун амалдаги Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қидирув эълон қилинади.
Қ. Юнусов 1999-2006 йилларда Афғонистон, Покистон, Эрон ва Тожикистонда дайдаб юради. У ушбу давлатлардаги террорчилик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этади. Бу орада ҳамтавоғи Ғ. Солиевнинг бева қолган аёли Мавлуда Солиева ҳамда тожикистонлик Малика Давлатовага шаръий никоҳ асосида уйланади. Қолаверса, икки-уч маротаба бошқа шахсларнинг фуқаролик паспортига ўз суратини ёпиштириб, исм-шарифини ўзгартиради.
2006 йилнинг декабрь ойида у М. Давлатованинг укаси Иззатулло Давлатовнинг сохталаштирилган ҳужжати билан ноқонуний равишда «Душанбе-Бишкек-Олмаота» йўналиши бўйича Қозоғистонга борган вақтида қўшни давлатнинг хавфсизлик идоралари томонидан ушланган.
Унга бир неча жиноятларни содир этганлик айблови асосида узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазо муддатининг 14 йилу 7 ойини ўтаб озодликка чиққанидан сўнг 2021 йил 26 август куни Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида Қудрат Юнусовга нисбатан муқаддам қўзғатилган жиноят ишлари кўриб чиқилди.
Суд уни Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «в» банди, 155-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 159-моддаси 4-қисми, 161-моддаси, 223-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари, 242-моддаси 1 ва 2-қисми ҳамда 244-2-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон учун Ватандан муқаддас гўша, унда эмин-эркин ва ҳузур-ҳаловат ила умргузаронлик қилишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Бу неъматларнинг қадрига етмай, уларни саробга алмаштириб, нақ 22 йил ватангадо бўлиб юрган судланувчи умрининг катта қисмини темир панжара ортида ўтказадиган бўлди. Бундай аянчли қисмат бошқалар учун сабоқ бўлиши зарур. Зеро, бу дунёда ҳар ким экканини ўради.
Баҳромжон БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси