Қидирув:

ЮРИДИК КЛИНИКАДАГИ ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Тошкент давлат Юридик университетининг юридик клиникасида университет талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш, талабаларда амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга беғараз юридик маслаҳатлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси, юридик фанлар номзоди С. Сафоева иштирок этиб, талабаларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминланиши,  суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилиши лозимлиги ҳақида сўзлаб берди.

Давра суҳбатида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ХОРИЖЛИК ТАЛАБА ЮРТИМИЗ СУД АМАЛИЁТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Маълумки, Конституциянинг 32 йиллигини нишонлаш бўйича Президент фармойиши қабул қилинди. Фармойишга кўра, Конституциянинг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш учун “Конституция-эркин ва фаровон ҳаёт гарови!”-деган бош ғоя асосида  ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этилиши белгиланган.

 

Мазкур фармойишнинг амалий самараси сифатида Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Ш.Эрметова Тошкент давлат  юридик университети талабаларини суд жараёнлари билан амалиётда яқиндан таништириш билан бирга бош қомусимизнинг мазмун-моҳияти тўғрисида айнан Конституциянинг 44,50,51,77,79-моддаларини алоҳида шарҳлар билан тушунтирди.

Жумладан, Конституциянинг 51-моддасига мувофиқ, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақлилиги, Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини-ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги ҳақида маълумотлар берди.

 

-“Мен ўз юртимда ҳеч қачон суд процессларида иштирок этмаганман, бироқ, Ўзбекистон Республикасида ўқиш амалиёти давримда суд процессларида иштирок этиб,  одил судлов ва Конституциянинг мазмун-моҳияти билан танишдим. Конституцияда белгиланган тамойиллар инсон ҳуқуқлари учун хизмат қилиши, ҳар бир соҳада қонун устуворлиги, халқ манфаати устун туриши жамият ривожига ҳисса қўшишидан далолат беради. Мазкур амалий машғулот менда жуда катта таассурот қолдирди”- дейди вьетнамлик талаба Li Quoch Xan.

Талабалар Конституция ва суд процесслари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар ва тушунтиришлар олди.

СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ

Тошкент давлат юридик университетида Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари О.Саттаров, Ж.Шаропов ва Р.Норхўжаевлар томонидан “Судлар фаолиятини ташкил этишнинг конституциявий асослари” ҳамда “Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар: назария ва амалиёт” мавзусида талабаларга маҳорат дарс машғулотлари ўтказилди.

Маҳорат дарсида университет талабалари ҳамда “Фуқаролик ва иқтисодий процессуал ҳуқуқи кафедраси” мудири Д.Хабибуллаев иштирок этди.

 

Ўқув машғулоти давомида янги Конституциянинг чинаккам ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИ эканлиги, фуқаролик ишлар бўйича судлар фаолиятини ташкил этишда белгиланган конституциявий нормалар, конституциявий нормалар устуворлигини таъминлашда судларнинг ўрни, шунингдек, қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмуни, вазифалари, тамойиллари ва уларнинг ҳуқуқий аҳамияти: назарий ва амалий масалалар борасида талабаларга атрофлича тушунтиришлар берилди.

Тадбирда иштирок этган талаба ёшлар ҳам маҳорат дарсида фаол иштирок этиб, мавзуга оид фикр-мулоҳаза ва муносабатини билдиришди, конституциявий нормаларни  суд ҳужжатларида қўллаш, прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти борасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Тадбир сўнгида кафедра мудири Д.Хабибуллаев ҳуқуқий билимларни янада мустаҳкамлаш мақсадида келажакда ҳам шу каби дарс машғулотларини кўпайтириш бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР ЮРИДИК ТЕХНИКУМИ ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИГА ТАШРИФИ

Тошкент шаҳар судида Тошкент шаҳар юридик техникуми ўқувчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар суди судьялари Қ.Мирсафаев, Р.Бердияров, А.Раҳматов ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Аҳмедовлар иштирок этишди.

 

Мақсад нима эди?

 

–  Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларда қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ва ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқшунослик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш, ёшларда ушбу  касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини шакллантириш, уларни ҳуқуқий билим олишга қизиқтиришдир, -дейди Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Аҳмедов.

Давра суҳбатида юридик техникуми ўқувчиларига судьялар томонидан жиноят, иқтисодий ва фуқаролик йўналишларида кўрилаётган ишлар, статистик маълумотлар, амалиётдан мисоллар келтирилди.

Шундан сўнг давра суҳбати суд залининг ўзида давом эттирилди.Суд залида тарафлар учун яратилган шароитлар, видеоконференцалоқа тизими ёрдамида кўриладиган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Юридик техникуми ўқувчилари суд амалиёти билан танишганлигидан мамнун эканлигини билдирган ҳолда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Маҳаллада конституция тарғиботи

Қайси давлатда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, ўша мамлакатда  қонун устуворлиги таъминланган, ижтимоий адолат тамойиллари ўз самарасини берган.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг аҳолига етказиш мақсадида жойларда судлар томонидан “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиш давом этмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Б.Султонов ва С.Алимардоновлар томонидан пойтахтимизнинг “Янги Чоштепа” маҳалласида ташкил этилди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

 

Судьялар иштирокчиларга Конституциямизнинг 32 йиллиги муносабати билан инсон ҳуқуқлари тушунчасининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида барпо этилган мустаҳкам қонунчилик тизими шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйиш, хусусан ўз-ўзини банд қилиш, касаначилик, оилавий тадбиркорлик, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан самарали фойдаланиш борасида ҳуқуқий тушунчалар беришди.

 

Зеро, Конституциямизда белгиланган ислоҳотлар чин маънода ҳаётий зарурат бўлиб, мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишида, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Сўнги йилларда  мамлакатимизда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ, жумладан ихтиро, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ва тижорат сирларининг аҳамияти ортиб бормоқда. Интеллектуал мулк барча жабҳаларда учрайди. Интеллектуал мулксиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин.

Инновация ва технологияларни яратишни рағбатлантиришнинг ўзи уларни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи омилга айланишига имкон бермайди. Чунончи, бугунги кунга келиб уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш заруратини ҳам юзага келтиради. Ҳозирда айниқса, рақамли технологияларнинг кенг ривожланиши натижасида интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масаласи муҳим ўрин эгалламоқда.

Ўзбекистон Республикасида ҳам инновациялар ва интеллектуал мулкни яратишни қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2022 йил 26 апрелдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорларида айнан интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу қарорларни амалда ишлаши доирасида товар белгилари тушунчаси, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, Иқтисодий судлар томонидан интеллектуал мулкка оид низоларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Адлия вазирлиги интеллектуал мулк департаменти, Марказ ходимлари, патент вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида амалий мулоқот ташкил этилди.

Мазкур йиғилишни ўтказишдан мақсад товар белгилари, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бўйича билим ва тушунчаларни бойитиш, Иқтисодий судлар томонидан интеллектуал мулкка оид низоларни кўрилиши, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаб  олишдан иборат эди.

Йиғилишда иштирок этган мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда судьялар ўртасида мавзу юзасидан қизғин ва мунозарали савол-жавоблар бўлиб ўтди. 

Зеро, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш,  инновацион ва иқтисодий жиҳатдан тараққий этишида биринчи навбатда интеллектуал мулк объектларининг қай даражада ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги муҳим ўрин тутади.

 

                   А. Мамирова,

        Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси.

ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, судлар фаолияти борасидаги юридик билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро ҳуқуқ» факультети талабаларига Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судялари О.Гулямова, А.Ибрагимов, Ж.Хусаинов, Н.Байзаковалар «Янги конституцияда суд ҳокимияти» мавзусида очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбирда «Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституциясининг 13-бобида мустаҳкамланган суд ҳокимияти тизими, уларнинг ваколатлари, судьяликка қўйилган талаблар, судяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, таъминоти, иқтисодий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал муддатлари, судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик масалар ҳамда бўлажак ҳуқуқшунослар учун касбий ва шахсий фазилатлар хусусида ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Эркин ва очиқ мулоқот тарзда ўтказилган давра суҳбатида ёшларга инсон ҳуқуқлари тушунчасининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида барпо этилган мустаҳкам қонунчилик тизими хусусида етарли тушунчалар берилди.

БАЙРАМ ТАДБИРИ

Пойтахтимиздаги Аниқ ва ижтимоий фанлар университетида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда университет талаба ва ўқитувчилари иштирок этишди.

Уни университет ректори Ғ. Ботиров кириш сўзи билан очди.

Тадбирда университет маънавият бўлими бошлиғи С.Тошева тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар билан таништирди, байроқ аҳамияти ҳақида гапириб, мавзуга оид шеърлардан намуналар келтирди. 

Тадбирда Тошкент шаҳар суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти З.Қўзибоев иштирок этиб, давлат байроғи халқимизнинг ғурур ва ифтихор рамзларидан бири эканини таъкидлаб, уни авайлаб-асрашимиз, катта кичик тадбирларда баланд кўтаришимиз, Ўзбекистон байроғи мамлактимизни дунёга танитишда муҳим рол ўйнаётгани ҳақида гапирди. Давлат байроғига ҳурматсизлик қонун билан жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида тушунча берилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира М.Улуғова, хонанда А.Ражабийлар сўзга чиқиб, байроғимиз муқаддаслиги ҳақида ўзларининг фикрлари билан ўртоқлашди, шеър ва қўшиқларидан намуналар ижро этишди.

Тадбир иштирокчиларда катта тассурот қолдирди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ РАИСИ КУБОГИ ТОШКЕНТ ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИГА НАСИБ ЭТДИ

Пойтахтимиздаги «Пахтакор» стадиони яшил майдонларида пойтахт судлари судьялар ва ходимлардан иборат жамоалар ўртасида “Тошкент шаҳар суди раиси кубоги-2024” мини футбол мусобақларининг финал босқичи ўйинлари бўлиб ўтди.

Дастлабки ўйин 3-ўрин учун жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди жамоаси ва фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди жамоалари ўртасида кечди. Муросасиз ўтган ўйинда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Ҳисоб 1:2.

Финалга Тошкент туманлараро иқтисодий суди жамоаси ва жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди жамоаси ғолиблик учун майдонга тушди. Бўлиб ўтган иккала таймда дуранг натижа қайд этилди – 2:2. Навбат пенальтиларга берилди. Пенальтилар сериясида омад Тошкент туманлараро иқтисодий судига кулиб боқди.(4:3) Умумий ҳисоб – 6:5

Ғолиб жамоаларга мусобақа ташкилотчиларининг медал ва эсдалик совғалари, биринчи ўринни қўлга киритган жамоага Тошкент шаҳар суди раиси кубоги топширилди.

Шу тариқа Тошкент шаҳар суди раиси кубоги Тошкент туманлараро иқтисодий суди жамоасига насиб этди.

Биз ҳам ғолиб жамоани чин дилдан табриклаймиз!!!

Ғалаба муборак, кубок муборак иқтисодчилар!

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА ПОЙТАХТ СУДЛАРИНИНГ ЎТГАН 9 ОЙЛИК ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМДА ЖАМОАТЧИЛИК ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Уни Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов олиб борди.

Айтиш жоизки, судлардаги очиқлик, шаффофлик ҳар чоракда ўз фаолиятлари хусусида ОАВ га ва кенг жамоатчиликка ахборот бериш имконини бермоқда.

Таъкидландики, Тошкент шаҳар жиноят судлари бўйича жорий йил 9 ойи давомида 8.644 нафар шахсга нисбатан 7.170 та жиноят иши, 12.091 та санкция ва материаллар кўриб тамомланган. Судлар томонидан 714 нафар шахслар суд залидан озод қилинган бўлса, 411 нафар шахслар суд залидан қамоққа олинган.92 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жами 198.949 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами 1.118.694 та ишларнинг 17.7 фоизини ташкил этганлиги айтиб ўтилди.

Судлар томонидан жорий йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида жами 6.313 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 117 та ёки 1,8 фоизга ошган.

Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Матбуот анжуманида Тошкент шаҳар иқтисодий судлар фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳар иқтисодий судларига ҳисобот даврида жами 92 513 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган. Шундан 86 907 таси иш юритишга қабул қилиниб, 78 588 таси кўриб чиқилган. 74 723  таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган. 1 992 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. 713 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 1 160 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш мақсадида кўрилган ишларнинг 32,3 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясига жами 2 282 та ариза (шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 238 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган. 217 та ариза ва шикоятлар қайтарилган. 1800 таси иш юритув қабул қилиниб, кўриб тамомланган. Шунингдек, 21 та иш материал тартибида кўрилган. 365 та хусусий ажрим чиқарилган, шундан 20 та хусусий ажрим бўйича мансабдор шахсларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Skip to content