Қидирув:

«КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАМИЗ, ЎҒЛИМ АЛИМЕНТНИ ҚАНДАЙ ТЎЛАЙДИ?»

— Аввал ҳам келиним қизлик уйига тез-тез кетиб қоларди. 3-4 кундан сўнг олдимга солиб олиб келардим. Рости, бундай ишлардан безор бўлганим учун бу сафар ортидан бормадим. Ўғлим ҳам «ўзи келса келди, бўлмаса яшамайман», дегач, ўзларига ташлаб қўйгандим. Мана, келинимнинг кетиб қолганига 15 кун бўлиши билан алиментдан қоғоз келди. Суд 26,6 фоиз миқдорида алимент ундируви тайинлабди. Ўғлим бандликка кўмаклашиш марказида рўйхатда турса, соғлиги яхши бўлмаса, бунинг устига, кам таъминланган оиламиз, алиментни қандай тўлайди? Суд шуларни инобатга олмайдими? Бизга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Фарҳод ШАРИПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Оила кодексининг 96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.


Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.


Шунингдек, мазкур Кодекснинг 97-моддасига мувофиқ вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.


Ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори ушбу Кодекснинг 99-моддасида белгиланган. Унга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.


Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.


Ушбу Кодекснинг 102-моддасида ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдорини аниқлаш тартиби белгиланган. Унга асосан ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.


Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.


Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, Кодекснинг 116-моддасига асосан вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.


Алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғини бекор қилиш тартиби Фуқаролик процессуал кодексининг 181-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.

 

Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.


Алиментлар ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ижро ишини юритиш бўйича ундирув тугагунига қадар ундирувчининг аризасига кўра бекор қилиниши мумкин.

«БОЛАЛИ АЁЛГА ИШ ЖОЙИДА ЖАРИМА СОЛИШ ТЎҒРИМИ?»

— Уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Бир сафар оилавий вазиятлар сабабли ишга кеч келдим. Сабабини тушунтирган бўлсам-да, иш берувчи ойлик иш ҳақимнинг 30 фоизини кеч келганлик учун жарима сифатида ушлаб қолмоқчи. Шу тўғрими? Вояга етмаган фарзанди бор аёлларнинг иш жойида қандай ҳақ-ҳуқуқлари бор?

Исми сир тутилди

Анвар ЁРИЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ходимга нисбатан меҳнат интизомини бузганлиги учун ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, шунингдек, Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисмининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган ҳолларда, яъни ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги ёки ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ҳолатларида меҳнат шартномасини бекор қилиш каби интизомий жазо қўллаши мумкин.


Ушбу моддада назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.


Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.


Интизомий жазо қўлланишида содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.


Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.


Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.
Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.


Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.


Интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли.


Агарда сиз қўлланилган интизомий жазо чорасидан норози бўлсангиз интизомий жазо устидан меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақлидирсиз.


Шунингдек, Меҳнат кодексининг алоҳида нормалари (224-238-моддалар) билан аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар белгиланган.


Хусусан, ҳомиладор аёлларни ва боласи бор аёлларни ишга қабул қилишдаги кафолатлар, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказиш, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасаларда ишлаётган аёлларнинг иш вақтининг қисқартирилган муддатига бўлган ҳуқуқи, ўн икки ёшга тўлмаган боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёллар учун қўшимча таътиллар, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар, янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бериладиган таътиллар, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар, ҳомиладор ва боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилган.

«КРЕДИТНИ МЕН ТЎЛАСАМ-У, УЙ ЭРИМГА ҚОЛАДИМИ?»

— Бундан бир йил олдин ипотекага уй олганмиз. Кредит менинг номимга, квартира эса эримнинг номига расмийлаштирилган. Эрим билан ўртада келишмовчиликлар чиқиб, ҳозирда ота-онамнинг уйидаман. У ажрашмоқчи. «Уй менинг номимда ҳеч қанақасига даъво қилолмайсан», деди. Кредит қарзини мен тўласам-у, уй унга қоладими? Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?


Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Уй-жой кодексининг 14-моддасига кўра, уй-жой облигацияларини олиш ва уларнинг қолган қийматини банк кредитлари ҳисобига тўлаш йўли билан қурилган ва олинган уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилгандан кейин вужудга келади.

 

Агар турмуш ўртоғингиз билан қонуний никоҳда бўлиб, бирга яшаган даврингизда кредит ҳисобига уй-жой сотиб олган бўлсангиз, ушбу уй-жой cизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг номида бўлишидан қатьи назар ушбу уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилганидан кейингина вужудга келади. Кредит тўлиқ қайтарилганидан кейин уй-жой cизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг номида эканлигидан қатъи назар cизларнинг умумий мулкингиз ҳисобланади. Бугунги кунда cизнинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз мавжуд.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 55-моддасига асосан, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низолар билан боғлиқ ишлар, Тошкент туманлараро маъмурий суди судловига тааллуқли ҳисобланади.

 

Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йил 6 ойи давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1 957 (ўтган йил шу давр – 1 589 та, 23,1 фоиз ошган) та иш кўриб тамомланган, шундан 1 238 та оммавий низо ва 719 та материал.

 

Оммавий низолардан 605 таси қаноатлантирилган (432 таси рад қилинган, 151 таси иш юритишдан тугатилган, 50 таси кўрмасдан қолдирилган).

 

134 та хусусий ажрим чиқарилиб, қонунбузилиш ҳолатларига тегишли муносабат билдирилган, чиқарилган ҳусусий ажримлар бўйича 11 та мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Утган йил шу давргар нисбатан олинса 28,8 фоизга ошган.

Ишлар тоифа бўйича таснифланганда нисбатан кўпроқ кўрилган:

 

Давлат солиқ органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 286 та (шундан 14 таси жисмоний шахс, 274 таси юридик шахслар томонидан берилган);

 

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 261 та;

 

Хокимликлар қарор ва ҳаракатлари устидан 222 та иш кўрилган;

 

МИБ ҳаракатлари 119 та.

Жорий йилда Давлат кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари устидан берилаётган ишлар сони сезиларли даражада кўпайган бўлиб, жами:

 

Кадастр 98 та иш кўрилган;

 

Қурилиш 59 та иш кўрилган;

 

Адлия идоралари 65 та иш кўрилган;

 

Хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар: ИИВ 21 та, Божхона 19 та иш кўрилган;

 

Монополия қўмитаси 11 та иш кўрилган;

 

МФЙ сайлови бўйича жами 6 та иш кўрилган.

Шу билан биргаликда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ жами 719 (ўтган йил шу давр 561та, 27,4 фоиз кўпайган) та илтимоснома кўрилган. Мазкур тоифа ишлари тасдиқланган ички жадвал асосида судьялар томонидан Реабилитация марказида махсус жиҳозланган хонада сайёр кўрилмоқда.

 

Қабул қилиш рад этилган аризалар сони 106 та, қайтарилган аризалар сони 100 та, бу ҳолат жуда ижобий баҳоланади.

 

Маъмурий низолар бўйича ариза бериш тартибига риоя қилмаган фуқаро ва юридик шахслар билан телефон орқали боғланиб, хато ва камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тушунтириш берилиши амалиёти кенг жорий қилинган.

 

2022 йил 6 ойи давомида апелляция инстанциясида жами 356 та (ўтган йил шу давр 325 та, 9,5 фоизга кўпайган) оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чикадиган ишлар кўрилган бўлиб, шундан 270 та иш ўзгаришсиз қолдирилган, 4 та иш ўзгартирилган, 61 ёки 17 фоиз (ўтган йил шу давр 86 та) та иш бекор қилинган, 18 та иш юритишдан тугатилган.

 

Хусусий ажрим апелляция инстанцияси 37 та (ўтган йил 15 та 147 фоизга ошган) жиноят аломатлари борлиги ҳолатини текшириш учун 11 та хабарнома чиқарилиб, тегишли прокурорга юборилган.

 

 

ДАВЛАТ БОЖИ…

Тошкент шаҳар маъмурий судларида 2022 йилнинг 6 ойи давомида кўрилган 1144 та иш бўйича бюджетга 634 263 081 сўмлик давлат божлари ихтиёрий тўланган.

 

Ижро қилиш учун 230 та иш бўйича 415 565 382 сўмлик ижро ҳужжатлари юборилган.

 

1 июль куни ҳолатига 126 та иш бўйича 229 041 164 сўмлик ижро ҳужжатлари амалда ижро қилинган, 104 та иш бўйича 186 524 218 сўмлик ижро ҳужжатлари қолдиқда.

 

ШАХСИЙ (САЙЁР) ҚАБУЛЛАР ТАҲЛИЛИ

Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари билан биргаликда, Тошкент шаҳрининг туманларида ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка мухтож бўлган фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш ва керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида 358 та фуқаро қабули ўтказилди. Жумладан, суд биносида 199 та, сайёр қабулда 159 та.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ва Олий суд раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилган сайёр қабулларда ҳам иштирок этилди.

 

2022 йил 6 ойи давомида Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси ва барча судьялари тасдиқланган режа-график бўйича ўзларига “Менинг маҳаллам менинг судьям” тамойили асосида бириктирилган МФЙларга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 525 нафар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатилди.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида жами 30 401 та (2021  йил 6 ойи давомида 24 774 та) даъво ариза ва ариза келиб тушган. Ўтган йилдан 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 3 283 тани ташкил этади. Шундан 23 707 таси иш юритишга қабул қилиниб, ҳисобот даврининг охирига қадар 22 058  таси (2021 йил 6 ойи двомида 18 337 та) кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 18 470 таси бўйича даъво талби қаноатлантирилган, 2 125 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 558 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 905 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

 

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 3 588 тага ёки 20,3 фоизга кўпайган.

 

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, кўрилган 22 058 та ишларнинг 6 384 таси ёки 28,9 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

 

Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 2 393,4 млрд.сўм ҳамда республика бюджетига 133,3 млрд. сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинаган.

 

Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 21,1 млрд. сўмни ташкил этган.

 

Судлар томонидан ҳисобот даврида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 13 863 та, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 7 616 та, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 9 та, ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 524 та, корпоратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 46 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.

Мурожаатлар…

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судига жами 235 та мурожаатлар (21 таси судлов ҳайъатига, 214 таси туманлараро иқтисодий судига) келиб тушган бўлиб, улардан 223 таси тўлиқ ўрганилиб, муаллифларга батафсил жавоб хатлари берилган ҳамда ўрганишдаги қолдиқ мурожаатлар сони 12 тани ташкил этган.

Судларда иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар суд биносида раисларнинг шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси томонидан 37 нафар, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси томонидан 45 нафар жисмоний ҳамда юридик шахс вакиллари қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2022 йил биринчи ярми давомида 6 489 нафар шахсга нисбатан 5 274 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 2 393 та (83,1 фоиз) га, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 2 791 нафар (75,4 фоиз) га кўпайган.

 

Судлар томонидан 2022 йил биринчи ярмида жами 99 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 1186 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

 

Жиноят оқибатида етказилган 217,2 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 626 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 888 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

 

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида жами 65 нафар шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазолар тайинланган, 101 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 1088 нафар шахс муддатидан илгари жазодан (қамоқдан) озод қилинган.

 

Жиноят ишларининг 2 672 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1 307 таси унча оғир бўлмаган, 2 263 таси оғир ва 247 таси ўта оғир тоифадаги жиноятларни ташкил этган.

 

Соҳалар бўйича таҳлил қилинса, коррупцияга оид кўриб тамомланган ишлар бўйича шахслар тоифаси қуйидагича:

 

Соғлиқни сақлаш соҳаси 11 нафар шахс;

 

Таълим соҳаси 17 нафар шахс;

 

Банк йўналиши бўйича 3 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилганлар.

Судланган шахсларнинг 485 (9,7 фоиз) нафарига жарима, 1271 (25,5 фоиз) нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1113 (22,3 фоиз) нафарига озодликни чеклаш, 1871 (37,6 фоиз) нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 53 (1,1 фоиз) нафарига мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган бўлса, 185 (3,7 фоиз) нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

 

Судланганларнинг 541 нафарини (10,8 фоиз) аёллар, 146 нафарини (2,9 фоиз) вояга етмаганлар, 2 384 нафарини (47,8 фоиз) ёшлар, 115 нафарини (2,3 фоиз) 60 ёшдан ошган эркаклар, 47 нафарини (0,9 фоиз) чет эл фуқаролари ва 5 нафарини (0,1 фоиз) тадбиркорлар ташкил этган.

 

1 186 (967) нафар муқаддам судланган шахслар томонидан такроран жиноят содир этилган.

СОДИР ЭТИЛГАН ЖИНОЯТЛАР МОДДАЛАР КЕСИМИДА ТАҲЛИЛИ

Жиноят кодекси моддаси

2021 й 6 ой

2022 й 6 ой

+

Фоиз

1.                  

Ўғрилик (ЖКнинг 169-моддаси)

420

822

+402

95 %

2.                  

Гиёвандлик воситалари билан жиноятлар
(ЖКнинг 270-276- моддалари)

430

622

+192

44%

3.                  

Безорилик (ЖКнинг 277- моддаси)

177

333

+156

88%

4.                  

Талончилик (ЖКнинг 166- моддаси)

125

248

+123

98%

5.                  

Ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш
(ЖКнинг 266-моддаси)

104

222

+118

113%

6.                  

Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож  қилиш (ЖКнинг 167-моддаси)

175

247

+72

41%

7.                  

Пора олиш,бериш, воситачилик қилиш
(ЖКнинг 210-212-моддалари)

62

119

+57

91 %

8.                  

Қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда жароҳат атказиш (ЖКнинг 104-105- моддалари)

111

144

+33

29 %

9.                  

Транспорт воситаларини олиб қочиш
(ЖКнинг 267-моддаси)

19

38

+19

100%

10.              

Босқинчилик (ЖКнинг 164- моддаси)

69

80

+11

15 %

Профилактика…

Давлат раҳбари томонидан судлар олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида 1980 та (37,5 фоиз) жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 4 189 та (79,4 фоиз) суднинг хусусий ажримлари чиқарилган, суд амалиёти юзасидан 28 та умумлаштириш қилиниб, натижаси юзасидан туман судларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилган.

 

Ўз навбатида соҳалар бўйича жиноятчилик содир қилинган аҳволи юзасидан Тошкент шаҳар Соғликни сақлаш бош бошқармасига, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасига ва Тошкент шаҳар ИИББга тақдимномалар чиқарилган.

 

 “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида судьялар ўзларига бириктирилган Тошкент шаҳридаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

 

Тошкент шаҳар судининг иш режасига киритилган “Аёллар дафтари” асосида Тошкент шаҳридаги барча маҳаллаларга судьялар бириктирилган ва доимий равишда ишлар олиб борилмоқда.

 

Хусусан, 466 та хуқуқий ёрдамга мухтож аёллар судьялар томонидан қабул қилиниб, уларнинг барчасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА ОИД ИШЛАР КЎРИЛИШИ ЮЗАСИДАН

 

Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2022 йил биринчи ярмида 57 299 нафар шахсга нисбатан 50 442 та маъмурий ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 17 323 тага (52,3 фоиз), шахслар сони эса 19 764 нафарга (52,6 фоиз) кўпайган.

 

Кўриб тамомланган 38 651 та иш бўйича 43 984 нафар шахсга нисбатан қарор чиқарилган, 13 315 нафар шахсга нисбатан 11 791 та ишлар тугатилган.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 29 813 (67,8 фоиз) нафарига жарима, 165 (0,4 фоиз) нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 13 999 (36,0 фоиз) нафарига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

 

Тугатилган ишлардан 1 885 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси қўлланилиб огоҳлантирилган, 11 430 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига кўра тугатилган.

 

Кўриб томомланган материаллар 2 824 нафар шахсга нисбатан, шундан 1 800 нафар шахсга нисбатан қаноатлантирилган, 1 024 нафар шахсга нисбатан рад қилинган.

 

Ҳуқуқбузарлик содир қилганларнинг 10 097 нафарини (17,6 фоиз) аёллар, 160 нафарини (0,2 фоиз) вояга етмаганлар, 20 763 нафарини (36,2 фоиз) ёшлар, 2 250 нафарини (3,9 фоиз) 60 ёшдан ошганлар, 449 нафарини (0,7 фоиз) чет эл фуқаролари ва 3 132 нафарини (5,4 фоиз) тадбиркорларни ташкил этган.

 

Мурожаатлар…

2022 йилнинг 6 ойи давомида жиноят судлов ҳайъати бўйича шаҳар ва туман судларига жами 937 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан 6 таси тегишлилиги бўйича юборилиб, 801 тасига ўрганиб жавоб берилган, мурожаатларнинг 343 таси қаноатлантирилган, 11 таси рад этилган ва 447 та мурожаатларга тегишли тушунтиришлар берилган, 130 та мурожаат кейинги ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб қолган.

Ўрганиб жавоб берилган 801 та мурожаатлар мазмунига кўра қуйидагича тақсимланади:

 

48 таси суд ҳужжатидан норози бўлган (процессуал тартибда берилган шикоятлардан ташқари) мурожаатлар бўлиб, шундан 47 таси қаноатлантирилган, 1 тасига тушунтириш берилган;

 

32 та мурожаат суд ҳужжатининг ижроси юзасидан бўлиб, шундан 32 таси қаноатлантирилган;

 

713 та мурожаат бошқа масалалар юзасидан бўлиб, шундан 267 таси қаноатлантирилган,  446 тасига тушунтириш берилган;

 

8 та судья ва суд ходимларининг хатти-ҳаракатларидан юзасидан бўлиб, тушунтириш берилган;

 

12 та мурожаатлар фуқароларнинг ташаккурномаларини ташкил этган;

 

иш вақтида кўрилмаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган.

2022 йилнинг 6 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслар (вакиллари)дан келиб тушган мурожаатларнинг барчаси қонунда белгиланган 15 кунлик муддат ичида кўриб чиқилган.

 

2022 йилнинг 6 ойи йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал, Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг виртуал ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Ишонч телефони” ҳамда Олий суднинг виртуал қабулхонасидан орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг электрон манзилига жами 1334 (3981) та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2647 тага камайган.

 

Тошкент шаҳар судининг электрон манзилига келиб тушган мурожаатларнинг 1283 (3810) таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан, 39 (171) таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасидан ва 1 (11) таси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг виртуал қабулхонасидан ҳамда 46 (143) таси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган мурожаатларни ташкил қилади.

 

Шаҳар судининг электрон манзилига келиб тушган мурожаатларнинг 1329 (3981) таси ўрганилиб жавоб берилган бўлиб, улар мазмунига кўра қуйидагича тақсимланади:

 

335 (1070) таси суд ҳужжатидан норози бўлинган мурожаатлар бўлиб, уларнинг 144 таси қаноатлантирилган, шундан барчаси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилган, 3 таси рад этилган, 326 тасига эса умумий тушунтириш берилган;

 

25 (61) та мурожаат суд ҳужжатининг ижроси юзасидан бўлиб, шундан уларнинг барчаси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилган;

 

2 (4) та мурожаат суд ҳужжатини вақтида ололмаётганлиги юзасидан бўлиб, ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилган;

 

21 (48) та мурожаат судья ва суд ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, уларнинг барчаси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилган;

 

946 (2797) та мурожаат бошқа масалалар юзасидан бўлиб, уларнинг 151 таси қаноатлантирилган, шундан 45 таси ижобий ечимини топганлар, 121 таси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилган; 11 таси рад қилинган;

 

12 та мурожаатлар фуқароларнинг ташаккурномаларини ташкил этган.

Ҳисобот даврида иш вақтида кўрилмаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган.

 

2022 йилнинг 6 ойи давомида Тошкент шаҳар судининг раиси ва туман суди раиси ҳамда судьялари томонидан шахсий ва сайёр қабулларидан 1092 та (шундан 118 таси ёки 10,8 % ёзма тарзда ва 974 таси ёки 89,2 % оғзаки равишда ҳамда шундан 657 таси ёки 60,1 % сайёр қабулда ва 410 таси ёки 37,5 % бевосита идорада) фуқаролар ариза, таклиф ва мурожаатлари билан қабул қилинган.

 

Шуниндек, жами 1092 та мурожаатларининг 76 таси ёки 6,9 % қаноатлантирилган, 1016 таси ёки 93,1 % ҳуқуқий тушунтириш берилган.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ҳисобот даврида жами 44 033 та  фуқаролик иши тамомланган бўлиб, ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 270 тага ёки 85,3 фоизга кўпайган (2021 йил 1-ярмида бу кўрсаткич 23 763 тани ташкил этган).

 

Жами тамомланган 44 033 та ишдан 31 529 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, шундан 28 606 та иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 2 923 таси рад этилган, 420 та иш юзасидан иш юритиш тугатилган, 4 978 та ариза кўрмасдан қолдирилган, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларига доир 76 та иш ва 7.030 та материал кўрилган.

 

Шунингдек, жорий йилнинг 1-ярмида 20 937 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб,  2021 йилнинг шу даврига (12 143 та) нисбатан 2 820 тага ёки 72,4 фоизга кўпайган, шундан 2 537 таси вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш, 888 таси иш ҳақи ундириш, 1 249 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш, 13 101 таси хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш, 3 162 таси ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар бўйича суд буйруқларини ташкил этган.

 

Жами кўрилган 64 970 та иш Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 5 та фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари кесимида таҳлил қилинганда, шундан:

 

228 таси Яккасарой туманлараро суди;

 

474 таси Мирзо Улуғбек туманлараро суди;

 

869 таси Шайхонтоҳур туманлараро суди;

 

283 Миробод туманлараро суди;

 

107 Учтепа туманлараро суди ҳисобига тўғри келади.

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида 44 нафар судьялик штати мавжуд бўлиб, жорий йил 1-ярми якунида 41 нафар судья фаолият кўрсатиб, вакант ўринлар 2 та бўлган. Ҳар бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 264 та ишни ташкил этган.

 

Судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича давлат фойдасига даъво ариза тақдим этишда ихтиёрий 24 832 227 007 сўм давлат божи тўланган бўлиб, иш якуни бўича суд қарорлари асосида 51 158 051 336 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

 

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йилнинг 1-ярми давомида шикоят ва протестлар асосида 1 479 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига (1 243 та) нисбатан 236 тага ёки 19 фоизга ошган.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, келиб тушган апелляция шикояти ва протести туманлараро судлари томонидан кўрилган жами 44 033 та ишларнинг 3,4 фоизини ташкил этган.

 

Апелляция инстанциясида кўрилган 1 479 та ишнинг 1 113 таси юзасидан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 271 таси ёки жами кўрилган ишларнинг 0,6 фоизи бекор қилинган, 95 таси ёки 0,2 фоизи ўзгартирилган.

 

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяларининг ўртача ойлик иш ҳажми 21 та фуқаролик ишини ташкил этган.

Кўрилган ишларнинг таҳлили 2021 йилниг 1-ярмига нисбатан жорий йилнинг 1-ярмида қуйидаги тоифа ишлар сони КАМАЙГАН:

 

Ижара шартномаси билан боғлиқ низолар 252 тадан 181 тага (-71 та);

 

ишга тиклаш ҳақидаги ишлар 254 тадан 188 тага (-66 та);

 

жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш 64 тадан 16 тага (-48 та);

 

уйдан кўчириш 242 тадан 203 тага (-39 та);

 

маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш 80 тадан 43 тага (-37 та);

 

уйга киритиш ҳақидаги ишлар 263 тадан 229 тага (-34 та);

 

мулкни ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олиш 70 тадан 43 тага (-27 та);

 

фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки лаёқатсиз деб топиш 147 тадан 129 тага (-18 та);

 

атроф-муҳит, тарихий, маданий ёдгорликларга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 8 тадан 4 тага (-4 та);

 

фарзандликка олшиш ҳақидаги ишлар 192 тадан 189 тага (-3 та) камайган.

Шу билан биргаликда қуйидаги тоифа ишлар сони КЎПАЙГАН:

 

Кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар 10.951 тадан 19.260 тага (+8.309 та);

 

қарз ундириш ҳақидаги ишлар 988 тадан 1.977 тага (+989 та);

 

ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 695 тадан 1.653 тага (+958 та);

 

коммунал қарздорлик билан боғлиқ ишлар 107 тадан 743 тага (+636 та);

 

уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ишлар 694 тадан 896 тага (+202 та);

 

никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 3.850 тадан 3.974 тага (+124 та);

 

иш ҳақи ундириш ҳақидаги ишлар 202 тадан 337 тага (+135 та);

 

қонунга хилоф тарзда жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 77 тадан 97 тага (+20 та);

 

мерос билан боғлиқ ишлар 153 тадан 264 тага (+111 та);

 

ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш 133 тадан 157 тага (+24 та) кўпайган.

Юқоридаги маълумотлардан, 2022 йилнинг 1-ярмида олдинги йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан кредит, қарз, ноқонуний қурилмаларни бузиш ва коммунал қарздорликни ундиришдан келиб чиқадиган низолар ҳисобига ошганлиги кўринади.

 

Мазкур ишлар таҳлилидан кўринишича, кредит шартномалари бўйича низолар асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга маиший техникалар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида реализация қилиш ҳақидаги шартномаларга тўғри келади.

 

Шу билан бирга, банк муассаларидан олинган кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар ўтган йиллардаги эпидемиологик вазият сабабли аҳоли даромадининг нисбатан камайганлиги ва тўлов қобилиятининг пасайганлиги билан боғлиқдир.

 

2022 йилнинг 1-ярмида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланганда 3 850 тадан 3 974 тага (124 та ёки 3,2 фоиз)га кўпайган. Шундан қаноатлантирилган аризалар сони 2021 йил 1-ярмида 1789 та ёки 46,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1-ярмида 1783 та ёки 45,0 фоизни ташкил этган.

 

Судларда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида даъвоси рад этилган, тарафлар ярашганлиги учун иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 2022 йилнинг 1-ярмида 2191 тани  ёки 55,0 фоизни ташкил этган  (2021 йил 1-ярмида 2061 та ёки 53,5 фоиз).

 

Никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган 3974 та ишнинг 2 215 таси (55,7 фоиз) бўйича аёллар, 1 759 таси (44,3 фоиз) бўйича эркаклар даъвогар сифатида қатнашган. Энг ачинарлиси, никоҳдан ажратилган оилаларнинг 2 113 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган.

 

2022 йилниг 1-ярмида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларини Тошкент шаҳрининг туманлар кесимида таҳлил қилинганда,

 

Сирғали тумани бўйича 294 (216) та;

 

Шайхонтоҳур тумани бўйича 524 (483)та;

 

Янгиҳаёт тумани бўйича 160 (122) та;

 

Чилонзор тумани бўйича 403(374) та;

 

Олмазор тумани бўйича 349(325) тани ташкил этган ва бошқа туманларга қараганда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада ошганлигини кўриш мумкин.

Шунингдек, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар Яккасарой тумани бўйича 141 (172) тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 тага камайганлигини таъкидлаш зарур.

 

Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда, оилаларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказ”ларига яраштириш учун муҳлат тайинланган ва рад этилган ишлар юзасидан хатлар юборилмоқда. Шунингдек, оилаларни яраштириш ишларини кучайтириш мақсадида Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш, жойларда сайёр учрашув ва қабуллар ўтказиш бўйича режалар ишлаб чиқилди.

 

Маълумки, кейинги йилларда судлар томонидан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида кўплаб оқлов ҳукмлари қабул қилинди. Бу ўз навбатида фуқаролик ҳуқуқий оқибатларини ҳам келтириб чиқармоқда. Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 97 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 78 таси ёки 80,4 фоизи қаноатлантирилиб, фуқароларнинг фойдасига 24.565.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган (13 та иш қаноатлантиришдан рад этилган, 5 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган).

 

Шунингдек, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2022 йилнинг 1-ярмида интеллектуал мулк ҳуқуқидан келиб чиққан низолар билан боғлиқ 5 та фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлиб, шундан 3 таси қаноатлантирилиб, 100.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган, 1 та даъво ариза қаноатлантиришдан рад этилган ва 1 таси иш юритишдан тугатилган. 

 

Маълумки, фарзандликка олиш ҳақидаги аризаларни кўриш Қонун билан судлар ваколатига берилган, мазкур даврда судлар томонидан 189 та фарзандликка олиш ҳақидаги аризалар кўриб чиқилган бўлган, шундан 167 таси қаноатлантирилган, 5 таси рад этилган, 16 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган.  

 

Шу билан бирга, судлар томонидан жорий йил 1-чоракда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида жами 109 та фуқаролик иши кўрилган, шундан 28 та ҳолатда нотариал ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб топилган, 56 та даъволар рад этилган, 9 таси иш юритишдан тугатилган, 16 та ариза кўрмасдан қолдирилган. 3 та ҳолатда қонун талаблари қўпол бузилганлиги юзасидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилган.

 

Профилактика…

Судлар томонидан 2022 йилнинг 1-ярмида ишларни кўриш вақтида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 185 та хусусий ажрим чиқарилган ва уларнинг ижроси назоратга олинган. 18 марта суд амалиёти юзасидан умумлаштиришлар ўтказилиб, судьялар иштирокида фаолиятда мавжуд хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни олдини олиш юзасидан чоралар белгиланган.

 

Шаҳар суди раиси томонидан тасдиқланган режага асосан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган барча судьялар Тошкент шаҳридаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган. Улар томонидан ўзларига бириктирилган маҳаллаларга ҳар ойда камида бир марта чиқишига эътибор қаратилмоқда.

 

Мурожаатлар…

2022 йил 1-ярми давомида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларига жами 5 641 (5 919) та мурожаат келиб тушган. Шундан 5 552 таси ёки 98,4 фоизи мазмунан ҳал қилинган. Ҳал қилинган мурожаатларнинг 2 754 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан электрон келиб тушган ҳамда 2 798 таси жисмоний ва юридик шахс вакилларининг судларга қилган мурожаатларини ташкил қилади.

 

Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 2 752 та мурожаатлар бевосита Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган бўлиб, барча мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, бевосита мурожаатчилар билан суҳбат асосида ўрганилиб, муаллифларга муаммони ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

 

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мурожаатларнинг 1 831 таси, яъни 66,6 фоизи судда иши ҳали кўрилмаган, лекин ҳуқуқий тушунтириш бериш лозим бўлган масалаларни ташкил этган.

НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ҲАМКОРЛАР СУД ЖАРАЁНИДА ОҚЛАНДИ

Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси амалда яққол намоён бўлмоқда. Бунинг натижасини судлар томонидан чиқарилаётган оқлов ажримлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

 

Шу ўринда фикримизнинг исботи тариқасида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўрилган бир жиноят ишига эътибор қаратамиз.

 

Пойтахтимиздаги «Кўчмас мулк хизматларини кўрсатиш» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Равшан Саидов бундан ўн йил муқаддам аукцион савдоларини ўт­казиш билан шуғулланувчи «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жа­мият­да фаолият юритган. Бироқ ушбу масъу­лия­ти чекланган жамиятда ўт­казган аукцион савдоси учун орадан қарийб ўн йил ўтиб, жиноий жавобгарликка тортилиши унинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Р. Саидов билан бирга Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Абдуваҳоб Абиловга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилганди.

 

Дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айб­ловга кўра, Абдуваҳоб Абилов 2012 йил январь ойида Суд департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси собиқ бошлиғи Ж. Ғуломов (марҳум), «Realtor Garant Business» масъу­лияти чекланган жамияти раҳбари М. Мирахмедов (марҳум) ва жамият­ аукциончиси Р. Саидов билан ўзаро жиноий тил бириктирган.

 

Аниқроқ айтганда, «Gabus» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган ҳамда Суд ижрочиларининг Миробод тумани бўлими томонидан жиноят иши бў­йича етказилган моддий зарарни қоплаш учун хатланган Миробод тумани Т. Шевченко кўчаси 38-уйда жойлашган 947 метр квадрат ҳажмдаги нотурар жойнинг арзон нархга баҳоланганини олдиндан билган ҳолда уни аукцион савдоси орқали ўзларига таниш бўлган шахс­лар кўмагида сотиб олиб, кейинчалик қимматроқ нарх­га сотишни кўз­лашган.

 

Ушбу жиноий режани амалга ошириш мақсадида суд ижрочиларининг Миробод тумани бўлими бошлиғи Т. Ахметов, бўлим суд ижрочиси Б. Толибов, ХОАТБ «Туркистон» бош офиси бўлими бошлиғи А. Таштаев, унинг укаси Р. Рихсибоев, «Magna Trade» масъулияти чекланган жамия­ти раҳбари А. Рихсибоев, «Bethil-Techtrans» масъу­лия­ти чекланган жа­мия­ти раҳбари Ш. Маҳмудовларни жалб қилишган. Сўнгра «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамия­ти раҳбари М. Мираҳмедовга 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида беришган. Натижада 2012 йил 26 январь куни ўтказилган аукцион савдосида «Magna Trade» масъулияти чекланган жамиятининг ғолиб бў­лишига эришишган.

 

Тергов органи томонидан Равшан Саидов юқорида қайд этилган аукцион савдоси баённомаларини сохталаштириш ва А. Абиловни масъулияти чекланган жамияти раҳбари М. Мир­аҳмедовга 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида беришига далолат қилганликда айбланган.

 

Бироқ суд жараёнида ҳар иккала судланувчи ноҳақ айб­лангани аён бўлди.

 

Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига мувофиқ, иш бўйича исботланиши лозим бўл­ган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қи­лишда айб­ланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқ­лайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим. Мазкур қо­нун талабидан келиб чиқиб айтадиган бўл­сак, жиноят иши ҳужжатларида Аб­дуваҳоб Абилов ва М. Мираҳмедов ўртасида 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора олди-бердиси бўл­ган­лигини тасдиқловчи объектив далиллар мавжуд эмас.

 

Қолаверса, даст­лаб­ки тергов ва судда сўроқ қи­линган бирор-бир гувоҳ буни тасдиқламаган.

 

Ҳатто А. Абилов ва Р. Саидовни юзлаштириш тергов ҳаракати давомида ҳам пора бериш ёки пора беришга далолат қи­лиш ҳолати ўз тасдиғини топмаган. Ваҳоланки, бундай ҳолатда дастлабки тергов органи пора олиш-бериш ёхуд унга далолатчилик қилиш жиноятини қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш орқали тек­шириши лозим эди. Аммо айнан қонуний йўл тутиш ўрнига Абдуваҳоб Абилов ва Равшан Саидов фақатгина тахмин ҳамда фаразларга асосан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят­ содир этганликда айбдор деб топилган.

 

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурори, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Ич­ки ишлар вазири томонидан 2014 йил 24 июнь куни тасдиқланган «Порахўрлик жиноятлари ҳақи­даги ариза ва хабар­лар­ни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тер­гов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича Қўшма кўр­сатма»нинг 8.3-бандига биноан, айбсиз шахс жиноий жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида арзнинг ёки айбига иқ­рорлик кўрсатмаларининг ҳаққо­ний­лиги, ихтиёрийлиги, ҳар қан­дай тазйиқлардан холилиги синчковлик билан текширилиши ҳам­да айбига иқрорлик кўрсатмалари объектив далилларсиз, шахснинг айбини исботловчи «устун» далил сифатида эътироф этилишига йўл қўйилмайди.

 

Аммо дастлабки тергов ор­гани томонидан Жиноят процессуал кодекси ва юқорида қайд этилган Қўшма кўр­сат­мага риоя қи­линмай, А. Абиловнинг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатмалари асосий далил сифатида эътироф этил­ган. Ҳар икки шахснинг мазкур жи­ноят­ни содир этганликдаги айби бошқа объектив далиллар билан исботланмаган.

 

Бундан ташқари Равшан Саи­довга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисми билан айб эъ­лон қилинган бўлса-да, тергов органи томонидан мазкур жиноятларнинг субъектини аниқлашда ҳам жиддий хатоликка йўл қў­йилган. Хусусан, Р. Саидов тадбиркорлик субъекти ҳисобланган «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамиятида аукциончи бў­либ ишлаган. У ўз ваколатига кўра, мансабдор шахс ҳисобланмаса-да, гўёки давлат органининг мансабдор шахси сифатида ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. Шунингдек, жиноят иши ҳужжатларида аукцион савдо баённомаси сохталаштирилганини тасдиқловчи экспертиза хулосаси ёки бошқа процессуал ҳужжат мавжуд эмас. Яъни Р. Саидовнинг уш­бу баённомага айнан қандай сох­та маълумотларни киритганлиги исботланмаган. Аниқ­ро­ғи, Р. Саи­дов айнан қайси шахслар билан қандай усулда тил бириктиргани, унинг ушбу жиноий фаолиятдаги ҳаракатлари айнан нимада намоён бўл­ганлиги дастлабки тергов ор­­гани томонидан аниқ ва объектив далиллар билан исботлаб берилмаган.

 

Яна бир гап. Суд мажлисида иштирок этган давлат айбловчиси А. Абилов ва Р. Саидовга оид жиноят иши бўйича ўтказилган суд муҳокамаси натижасида суд тергови маълумотлари судланувчиларнинг айбсизлигидан далолат беришини инобатга олиб, айбловдан воз кечишини билдирди, ўз фикрларини ёзма равишда тақдим этди. Бундай ва­зият­да Жиноят процессуал кодексининг 409-моддаси 1-қисми талабига риоя этиш шарт.

 

Мазкур моддада суд муҳокамаси натижасида прокурор суд тергови маълумотлари судланувчининг айбсизлигидан далолат беради деган фикрга келса, у айбловдан воз кечиши ва воз кечиш сабабларини судга баён қилиши шартлиги ва прокурорнинг айб­ловдан воз кечиши суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра, тугатишга сабаб бў­лиши белгилаб қўйилган. Ана шу асосларга таянган суд Равшан Саи­дов ва Абдуваҳоб Абиловни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга, иккала оқ­ланган шахсга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида фуқаролик су­дига мурожаат қилиш ҳуқу­қи тушунтирилди.

 

Шу тариқа қаҳрамонларимиз ноҳақ айбловдан, жиноий жавобгарликдан халос бў­лиш­ди. Адолат қарор топиб, нафақат уларнинг ўзи, балки яқинлари, қариндош-уруғларининг ҳам амалдаги қонунларимизга, давлатимиз раҳбарининг инсон қадрини улуғлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига нисбатан ишончи мустаҳкамланди. Энг муҳими, уларнинг элу юрт, қўни-қўшни ва таниш-билишлари ўртасида юз­и ёруғ бўлди.

 

Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

«ОВСИНИМ ТИНЧИМИЗНИ БУЗЯПТИ»

Қайнукам 2018 йил уйланган. Баъзи сабабларга кўра, ажрашмоқчи. Хотини суд орқали уйдан фойдаланиш ва яшаш ҳуқуқини олиб, ҳозирда эримни номида бўлган бир хонали квартирамизга кириб олган. Квартира қайнимни номида бўлмаса ҳам, уйдан яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилаверадими? Суд қарорини бекор қилиш мумкинми?

Исми сир тутилди

 Мансур ИМОМОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси:

 

— Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

 

Мулкдорнинг турар-жойига рўйхатдан ўтган бўлсалар, мулкдорнинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин.

 

Мазкур ҳолатда қайниукангизнинг хотини эрингизнинг номида бўлган уй-жойга уй эгасининг рухсати билан киритилган (ёки шу уйга келин бўлиб тушган) ҳамда турар-жой рўйхатдан (прописка) ўтган бўлса, унда ушбу уйга кириб яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд. Келиннинг “ҳаққи” ушбу уйда яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқидан иборат.

 

Суднинг ҳал қилув қарори устидан норози тарафлар юқори инстанция судига, яъни апелляция судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин.

МУКОФОТ ПУЛИ ҲАМ АЛИМЕНТГА ҚЎШИЛАДИМИ?

Болаларимнинг отаси билан икки йилдан бери бирга яшамаймиз. Суд иккита вояга етмаган бола учун алимент тайинлаган. Эрим яқинда бошқа шифохонага ишга ўтди. Билишимча, у ерда мукофот пули ҳам бериларкан. Судга мурожаат қилиб, мукофот пули, устама ҳақ ва бошқа қўшимча тўловларни алиментга киритишни сўрасам бўладими?

Исми сир тутилди

Малика ЗАКИРОВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

 

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Агар алимент тўловчи ишламаса алимент ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.  Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.

 

Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, степендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга ўтказиши шарт.

 

Суд хужжатлари ва бошқа органлар хужжатларини ижро этиш тўғрисидаги Қонуннига кўра, қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади. Оила кодекисга мувофиқ алимент тўловчининг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан олинар экан, демак юридик шахс томонидан жисмоний шахсга тўлаб бериладиган рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, ишланмаган вақт учун тўловлар ва бошқа тўловларнинг жами ҳисобланиб, ундан суд қарорида белгиланган алимент суммаси ушлаб қолинади.

 

Юқоридагиларга кўра, алимент икки усулда яъни эр ва хотиннинг алимент ундириш ҳақида ўзаро келишув асосида ёки суд тартибида алимент ундирилиши мумкин.

Skip to content