Қидирув:

“АЖРАШИШ ВА БОЛАГА ФАМИЛИЯ БЕРИЛИШИ МАСАЛАСИНИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИШ МУМКИН?”

— Икки йил олдин япониялик йигитга турмушга чиққандим. У билан ўзимизда «ЗАГС» дан ўтганмиз. Аммо ҳаётимиз бўлмади. Келишмовчиликлар кўпайгач, мен Ўзбекистонга қайтдим, у юртида қолди. Бу орада бефарзанд узоқ қариндошларимиздан бири менга оғиз солди. Яқинда ўғилли бўлдим. Турмуш ўртоғим болани ўз фамилиясига олмоқчи, бироқ бунинг учун отасининг розилиги керак экан. У эса Японияда, Тошкентга келишни хоҳламаяпти. Қўнғироқларимга жавоб бермаяпти. Ажрашишни ҳал қилиш ва болага фамилия берилиши масаласини қандай ҳал қилиш мумкин?

Исми сир тутилди  

 

Ахрор СУЛАЙМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

— Ушбу ҳолатда, cиз япониялик йигитнинг Ўзбекистон Республикасидаги сўнгги яшаш жойидаги судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилишингиз лозим. Суд ўз навбатида фуқаролик ишини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўради.

Ўғил фарзандли бўлган бўлсангиз, унинг отаси сифатида турмуш ўртоғингиз, яъни япониялик йигит қайд этилган бўлса, унда ҳақиқатдан ҳам, болангизни бошқа шахс томонидан фарзандликка олиш учун унинг розилиги керак бўлади. Ундан ташқари, агар турмуш ўртоғингиз фарзандига нисбатан ўз оталик мажбуриятларини бажармаётган бўлса, ундан хабар олмасдан, моддий ёрдам бермасдан, унинг тарбиясида иштирок этмаётган бўлса, уни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилишингиз мумкин бўлади. Агар келгусида, у оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинадиган бўлса, болангизни бошқа шахс томонидан фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинмайди.

ТОШКЕНТДА 30 ЁШЛИ РАҲБАР 36 КИШИНИНГ НОМИГА КРЕДИТ ОЛГАН. АММО У ФУҚАРОЛАРНИНГ БУНДАН ХАБАРИ ЙЎҚ

Паркент туманида яшовчи 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси З.Қосимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) номига почтадан хат келади. Табиийки, у хатни очиб ўқийди.

 

“Ўзсаноатқурилишбанк” амалиёт бошқармаси томонидан жўнатилган огоҳлантириш хатида кредит шартномаси асосисда 15 миллион 609 минг сўм пул маблағи ажратилганлиги, бироқ ушбу кредит қарздорлиги сўндирилмаганлиги сабабли тўлашилозимлиги ёзилган эди. Ўқиувчи ҳайрон бўлди. Эҳтимол, адашиб жўнатишгандир, ўйлади у. Орадан маълум муддат ўтгач, шундай “мактуб” яна келди. З.Қосимова масалага ойдинлик киритиш мақсадида йўлга чиқади. Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган “Ўзсаноатқурилишбанк” амалиёт бошқармасига боради. Банк ходимларига хатни кўрсатади.

 

— Опа, сизнинг номингизга онлайн кредит олинган. Кредит суммаси пластик картангизга ташлаб берилган.

 

— Бўлиши мумкин эмас, – деди З.Қосимова жаҳли чиқиб, – Мен ҳеч қачон кредит олмаганман. Банкка ҳам келган эмасман.

 

— Агар сиз кредит олмаган бўлсангиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.

 

Шундан сўнг, З.Қосимова Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза ёзади.

 

З.Қосимовага ўхшаш “мактуб” олганлар сони анча кўп экан. Бирининг номига 19 миллион 500 минг сўм, иккинчисининг номига 29 миллион 319 минг сўм, учинчисининг номига 12 миллион 996 минг сўм, хуллас, жами 178 миллион 73 минг сўм қалбаки ҳужжатлар асосида онлайн кредитлар олинган.

 

Текширишларда аниқландики, Паркент туманида яшовчи Э.Юсупов “Javohir Hurshidbek” ва “Eco markaz shop” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ва раҳбари лавозимида ишлаб келиб, ғайриқонуний йўллар билан қўлга киритилган ўзгаларнинг паспорт нусхаларидан фойдаланиб режасини амалга оширган. 36 нафар фуқарони МЧЖнинг ишчи-ходимлари эканлиги тўғрисида ҳужжатни қалбакилаштириб, банкка тақдим этиб, пластик карталарни расмийлаштиради.

 

Эндигина 30 ёшга кирган бу йигитнинг қилмишлари суриштирув ва тергов жараёнида фош этилди.

 

Суд унга жазо тайинлашда етказилган зарар қопланганлигини инобатга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинлади.

 

Завқиддин ЯРАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди судьяси

ҚАЙНОПАСИНИНГ МОЛ-МУЛКИНИ БОСҚИНЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ҚЎЛГА КИРИТГАНЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёти, соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, унга эгалик қилиш  ҳар қайси замон ва маконда энг ёмон иллат сифатида қораланган. Бировнинг мулкига кўз олайтириш, унга яширинча эга чиқишга уриниш – разилликдан бошқа нарса эмас. Меҳнат билан эришиб, тановул қилган бир бурда ноннинг мазаси, ўғрилик қилиб еган дунёдаги энг тансиқ таомлардан яхшироқдир. Қуйида сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамони босқинчилик қилиш нияти бўлмаганлигини, кетиб қолган хотини ва фарзандини олиб кетиш мақсадида қайнопасининг уйига келганлигини рўкач қилди. Аммо ёлғоннинг умри қисқа, унинг ўзини оқлаш учун ўйлаб топган бу важи, ўз тасдиғини топмади…

Пул ва тақинчоқларни қўлга киритишади

Эсонов Рамазон (исм-шарифлар ўзгаритирилган) жиноий шериги Акромов Сардор билан тил бириктириб, ўзининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи қайнопаси Ҳасанова Собиранинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, босқинчилик йўли билан унинг мол-мулкини қўлга киритишни режалаштиради. Улар жиноятни амалга ошириш мақсадида юзларига қора рангли тиббий ниқоб тақиб, бармоқ изларини қолдирмаслик мақсадида қўлқоп кийишади. Жабрланувчининг қаршилигини енгиш учун темир бўлаги, синтетик арқон ва скотч лентаси ўрами билан қуролланишади. Ўша куни опасининг уйига келган Мансурова Паризода уйга кираётган вақтда унинг ортидан ҳужум қилган ҳолда уйга бостириб киришади. Унинг қўлларини синтетик арқон ва скотч билан боғлашади. Кейин ётоқхонада турган жавон эшигини бузиб, у ердан Ҳасанова Собирага тегишли бўлган 85.001.227 сўмга тенг миқдордаги пул маблағлари, валюта қимматликлари, мол-мулки ва шахсий ҳужжатларини олиб, воқеа жойидан яширинишади.

“Ҳаммасини қайтармоқчи эдим…”

Судланувчи Эсонов Рамазон суд мажлисида, айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

– Акрамов Сардор оилавий танишим бўлиб, уни тўрт-беш йилдан бери  танийман. Ҳасанова Собира қайнопам, Мансурова Паризода қайнсинглим бўлади. Қайнопам Ҳасанова Собира Туркиядан қайтганидан кейин турмуш ўртоғим Эсонова Манзура ҳеч бир сабабсиз, жанжалсиз вояга етмаган ўғлимни олганча уйдан кетиб қолди.Мен уни қидиришни бошладим. Кейинчалик қайнопам ўғлим билан хотинимни Туркияга олиб кетмоқчи бўлаётганини эшитдим. 2020 йилнинг 5 январь куни Қашқадарёдан чорва молларини ортиб, Тошкентга келдим. Уларни сотиб, яна турмуш ўртоғимни қидира бошладим.Аммо уни тополмадим, хотинимнинг аммаси менга қайнопамнинг уй манзилини берди. Тошкентда юрганимда танишим Акромов Сардорни учратиб қолдим. Суҳбат давомида унинг ҳам хотини Туркияга кетиб қолганини билдим. Мен ҳам унга вазиятимни тушунтирдим. Биз биргаликда қайнопамнинг уйига бордик. Қайнсинглим Мансурова Паризода эшикни очаётганда унинг олдига бордик, аммо у бизни кўриб, бақир-чаир қилди. Ўртада жанжал кўтарилди. Шундан кейин уни ичкарига олиб кириб, жаҳл устида қўлларини боғладим. Акрамов Сардор ҳам ортимдан кирди. У ерда хотиним билан ўғлим йўқлигини кўриб, уйдан чиқиб кетдик. Бироз вақт ўтгач, Сардор менга қўнғироқ қилиб, олдига чақирди. Борсам, у қайнопамнинг тилла тақинчоқлари ва пулларини олганлигини айтди. Мен ундан ҳаммасини – пуллар ва қимматбаҳо буюмларни олиб, хотинимга қайтармоқчи бўлдим, аммо хотиним қўнғироқларимга жавоб бермади. Ҳозирда қилмишимдан жуда пушаймонман, жазо тайинлашда енгиллик беришингизни сўрайман. 

Ҳукм ўқилди

Судланувчилар Эсонов Рамазон ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилди ва 7 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Акромов Сардорга эса ЖК 164-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб,10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фаррух ТЎРАХЎЖАЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси, 
Лола Шоимова журналист

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ ВА АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИН?

«Тўй-томоша қилиниб, ўзга хонадонга келин бўлиб тушдим. Бироқ, турмуш ўртоғим билан ФҲДЁ рўйхатидан ўтмагандик. Ҳомиладорлик вақтимда эрим мени уйдан хайдаб юборди. Фарзандимиз туғилган бўлса-да, эримнинг ҳозирга қадар ярашиш нияти йўқ. Боламизга ҳам моддий ёрдам бермаяпти, оталигини ҳам расмийлаштиришни истамаяпти. Қандай қилиб болам учун отасининг оталигини белгиласам ва алимент ундирсам бўлади?»

Исми сир тутилди

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирди…

 

— Оила кодексининг 62-моддасига асосан оталикнинг суд тартибида белгиланиши кўрсатилган. Унга кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

 

Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади. Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини, ДНК экспертиза хулосалари ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

 

Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

 

Таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган отадан алимент ундириш тартиби қандай?

 

 — Оила кодексининг 96-моддасида Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти белгиланган, унга кўра: ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

 

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

 

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

 

Ушбу кодекснинг 98-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

 

Оила кодексининг 99-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори белгиланган. Унга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

  • бир бола учун тўртдан бир қисми;
  • икки бола учун учдан бир қисми;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади.

 

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Сиз қонунда белгиланган тартибда аввал фарзандингизга нисбатан оталикни белгилаш тартибини ҳал этиб, кейин айнан шу шахс(отаси)га нисбатан алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Икромжон КУРБАНБАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

Skip to content