Қидирув:

“ЭРИМ АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЯПТИ. У СУДДАН ҲАМ, ИЖРОЧИДАН ҲАМ ҚЎРҚМАЙДИ. НИМА ҚИЛСАМ БЎЛАДИ?”

— Собиқ эрим бир ярим йилдан буён алимент тўламаяпти. Бир марта 15 сутка қамоқ жазоси тайинланганда ҳам, 500 минг сўм берди, холос. Охирги марта ижрочига учрашганимда “ҳадеб келаверманг, қачон ҳал бўлса, шунда олиб берамиз”, деди. Шунга ҳам икки ой бўляпти. Талаб қилмасам, пул бермаса, талаб қилсам, остонадан ҳайдашса, нима қилишим керак? Судга арз қилсам, яна қамалармиш. Бундан менга нима наф?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Жасурбек МАМАЮСУПОВ жавоб берди:

 

— Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги 258-II-сонли Қонунининг 30-моддаси талабига кўра, алиментларни ундириш ҳақидаги талаблар дарҳол ижро этилиши керак бўлган ижро ҳужжатлари сарасига киради.

 

Ушбу қонуннинг 80-моддасига кўра, алиментлар ундириш бўйича талаблар ундирувлар навбати бўйича биринчи навбатда қаноатлантириладиган талаб ҳисобланади.

 

Бундай ҳолатда, вояга етмаган боланинг моддий таъминоти учун ундирилиши лозим бўлган алимент тўловларини ундиришда тегишли мажбурий ижро бюроси томонидан ундирувни амалга оширишнинг барча чоралари кўрилиши лозим бўлади.

 

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар Оила Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Бироқ, шахснинг вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилганлик ҳолати ушбу шахсни алимент мажбуриятларидан озод қилмайди.

 

Бугунги кунда суд қарори билан мурожаатчининг фойдасига вояга етамаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириши белгиланган бўлиб, алимент тўловлари ўз вақтида тўланмаётганлиги оқибатида алимент қарздорлик вужудга келган.

 

Оила Кодексининг 142-моддасига кўра, алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди.

 

Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир.

«АЛИМЕНТИ ҲАМ КЕРАКМАС, ТЕЗРОҚ АЖРАТИШАДИМИ?»

— 2014 йилдан буён турмуш ўртоғим билан бирга яшамаймиз. Фарзандим алимент оладиган ёшдан ўтган. Аслида алиментдан қарзи бор-у, лекин уни ундириш учун ижрома-ижро юришни хоҳламаяпман. Сўрамоқчи бўлганим, «ҳеч қандай даъвом йўқ», десам, тезроқда ажратишадими? Ўзим ариза берганим яхшими, ёки у берсинми?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси Муқаддас ГУЛАМОВА жавоб берди:


— Никоҳдан ажратиш масаласини ҳал қилишда судлар энг аввало эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшаши ва оилани сақлаб қолиш имконияти бор-йўқлини аниқлайди. Бунда албатта эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ёзма равишда хабардор қилади. Зеро, Оила кодексининг 41-моддасига кўра, никоҳдан ажратишга ягона асос – бу агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса.


Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарорининг 16-бандида, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берган.


Никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш вақтида суд томонидан болаларга таъминот бериш учун маблағ тўлаш ёки эр-хотиннинг биргаликдаги мол-мулкини бўлиш тўғрисидаги масалалар ҳал этилиши Оила кодексининг 44-моддасида белгиланган.

 

Бироқ мазкур масалалар бўйича эр ва хотиннинг ўртасида келишув бор ёки йўқлиги никоҳдан ажратиш талабини мазмунан кўриб ҳал қилишга асос бўлиши қонунда белгиланмаган.

«ПАСПОРТНИ ҚАНДАЙ ҚАЙТАРИШИМИЗ МУМКИН?»

— Эрим бир танишидан катта миқдорда қарз бўлиб қолганди. «Савдо яхши бўлмаяпти, пул тушиши билан қайтараман», дейишига қарамай, ўша таниши «пулимни берсанг, оласан», деб эримни паспортини олиб қўйганди. Яқинда ўша одамнинг хорижга кетганини билдик. Уй манзили, қаерга кетгани, қандай излаш мумкинлигини билмаймиз. Энди паспортни қандай қайтаришимиз мумкин?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Баҳодир САИДМУРАТОВ жавоб берди:

 

— Сиз маълум қилган ҳолатда эрингиз тарафидан ҳам, эрингизга қарз берганлиги учун гаров сифатида фуқаролик паспортини гаров сифатида олиб қолган шахс тарафидан ҳам қонун талаблари бузилган.


Зеро, Президентнинг 2011 йил 5 январдаги ПФ-4262-сонли Фармонига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида”ги Низомнинг 4-бандига кўра, паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир.


Ушбу Низом 27-бандининг 2-қисмига кўра, мажбуриятни бажариш мақсадида ҳаракатланиш ҳужжатини гаров сифатида қабул қилиш ва топшириш тақиқланади.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-3-моддасида фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра ушбу қилмиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

 

Шунга кўра, ҳеч ким ҳеч қандай асосга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини мажбурият бажарилишининг таъминоти сифатида гаров учун олишга ва эгаллаб туришга ҳақли эмас ҳамда бу ҳолат қонунчиликка кўра жавобгарликка асос бўлади.


Сизга эрингиз унга тегишли биометрик паспортни эгаллаб турган шахс ихтиёрий равишда қайтариб бермаган тақдирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ушбу шахсга нисбатан ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш юзасидан мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилади.

 

Шу билан бирга, фуқаролик муомаласида тарафларнинг инсофли ва оқилона ҳаракат қилиши лозимлиги назарда тутилган бўлиб, қарзга олинган пул маблағларини қайтариш ёки қарз мажбурияти бажарилишини муайян таъминот билан кафолатлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланиши таъкидланади.

ҲЕЧ БИР ФУҚАРОНИНГ МУРОЖААТИ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЯПТИ

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож фуқаролар учун галдаги сайёр қабул бўлиб ўтди.

Юнусобод туманидаги “1-Отчопар” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов ва Тошкент шаҳар суди раис ўринбосарлари Акбарали Турабов ва Мақсудбек Саидов, Тошкент шаҳар суди судьяси Анвар Ёриев, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Рустам Тангабаев, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди раиси Муроджон Мирзажонов ҳамда раис ўринбосари Фотима Исмаилова, шунингдек судьялар фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 50 нафар фуқаролар қабул қилинди. Қабул қилинган фуқароларнинг 24 нафари жиноят ишлари бўйича, 21 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 2 нафари иқтисодий ишлар бўйича ва 3 нафари маъмурий судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Шундан 36 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати, 14 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 50 та мурожаатлардан 36 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 14 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан 12 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ўтказиладиган галдаги сайёр қабул эса 7 октябрда Мирзо Улуғбек туман фуқаролари учун бўлади.

СУД ҚАРОРИСИЗ ШАХСНИ МУЛК ВА МУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ МУМКИН ЭМАС

Мансабдор шахслар томонидан суд қарорисиз шахсни мулк ва мулкий ҳуқуқлардан маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралари қўллаш мумкин эмас.

 

Бу борада тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш, деб ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институтини жорий этиш белгиланди. Унга кўра, суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорлари кўриб чиқиш учун судга киритилади.

 

Бу Президентимизнинг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий этилган жуда муҳим ўзгаришлардир.

 

Фармонда судларга мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор вазифалар ҳам юклатилди. Жумладан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш тартиби бекор қилинди.

 

Суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган мансабдор шахсларнинг ноқонуний деб топилган қарорлари натижасида мулкдорга етказилган зарар, шунингдек, суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари туфайли етказилган зарар ва маънавий зиён 2023 йил 1 январдан бошлаб республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

 

Мулк ҳуқуқи дахлсизлиги бузилишининг олдини олиш, бузилган ҳолатларда мулкдорнинг ҳуқуқини тиклаш, адолатни қарор топтиришда судларнинг роли шу тариқа оширилди.

 

Зеро, Конституциямизнинг 53-моддасида ҳам хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги ҳамда мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина суд қарори билан мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги мустаҳкамланган.

 

Мулк ҳуқуқи ҳимояси кучайтирилгани мулкдорларнинг манфаатини таъминлашга, эртанги кунга ишончи ошишига хизмат қилади. Шу билан бирга, судларнинг мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилувчи институт сифатидаги аҳамияти оширилди.

 

Бобур РАҲИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туман суди судьяси

ФИРИБГАРЛАР ЕТКАЗГАН ЗАРАРИНИ ҚОПЛАМАСА, ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИНМАСЛИГИ КЕРАК

Фирибгарлик – алдаш, инсоннинг ишончини суиистеъмол қилиш эвазига амалга ошириладиган тубан жиноятлардан ҳисобланади. Бу одамлар ўртасида, компаниялар ўртасида рўй бериши мумкин бўлган хавфли жиноятдир.

 

Халқаро тадқиқотчилар жаҳондаги компанияларининг 47 фоизи фирибгарлик жиноятидан жабрланганини аниқлади. Демак, пухта юристлар, аудиторлар, ҳушёр раҳбар ҳам баъзан фирибгарга алданиши ҳеч гап эмас. 

 

Ҳар секундда дунё бўйича 35 нафар шахснинг рақамли маълумотлари ўғирланади. Шундан 5 нафари эса тўлов карталари воситасида фирибгарлик жабрланувчисига айланади.

 

Бу жиноят Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда кўпайгани сир эмас. Ахборот технологиялари ривожи, онлайн хизматлар кўпайгани сари ҳисоб рақамдан, пластик картадан фирибгарлик йўли билан пул ўмариш учраб турибди. Жорий йилнинг биринчи чорагида содир этилган жами жиноятларнинг аксарият қисмини фирибгарлик (38,7 фоиз) жинояти ташкил этгани фикримизни тасдиқлайди. 

 

Шу сабабли фирибгарликка қарши курашиш, унинг олдини олиш учун фуқаролар, тадбиркорларни огоҳликка чорлаш кучайтирилди.    

 

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам жиноятчиликка қарши курашиш, хусусан мулкка қарши жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга ошириш назарда тутилган.

 

Амалдаги Жиноят кодекси Махсус қисмида тўлов карталари билан боғлиқ жиноят таркиби мавжуд эмас.

 

Тўлов карталаридан фойдаланиб фирибгарлик содир этганлик учун жиноий жавобгарликнинг белгиланиши бу соҳадаги жиноий тажовузларга муносиб жавоб реакцияси бўлар эди. 

 

Кўплаб ривожланган хорижий давлатлар қонунчилигида тўлов карталаридан фойдаланиб фирибгарлик содир этилганлиги учун махсус таркиб мавжуд. 

 

Хусусан, Россия, Испания, Италия, Германия, Хитой, Латвия, АҚШ, Австрия, Грузия ва Озарбайжон давлатлари Жиноят кодексларида тўлов карталардан фойдаланиб жиноят содир этиш фирибгарлик жиноятининг оғирлаштирувчи таркиби сифатида  квалификация қилинувчи белги сифатида келтирилган.

 

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 73-моддасида ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилган шахслар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланмаганида уларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш институти татбиқ этилмаслиги белгиланмаган.

 

Натижада бугунги кунда фирибгарлик жиноятини содир этганлар жиноят натижасида етказилган зарарни қопламаса ҳам уларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш институти татбиқ этилмоқда. Бу эса жабрланувчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. 

 

Жиноят кодексининг 73-моддасига ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилган шахслар зарарни тўлиқ қопламаса, уларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш институти татбиқ этилмаслигига оид ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ.

 

Оғирлаштирувчи ҳолатларда фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга, яъни кўп миқдорда ва жуда кўп миқдорда (базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан кўп) зарар етказган ҳолда фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга жиноий жазо тариқасида жарима жазоси назарда тутилган.

 

Бу эса фирибгарларга ўзи содир этган жиноят натижасида қўлга киритилган маблағлар билан жарима жазосини тўлаш, жабрланувчига етказган зарардан кўра камроқ суммада жарима жазосини тайинлашга олиб келиши мумкин.

 

Оғирлаштирувчи ҳолатларда фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазоларнинг муқаррарлигини таъминлаш, жиноий жазодан кўзланган мақсадга эришиш ҳамда жазонинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида Жиноят кодекси  168-моддасининг 2, 3, 4-қисмлари санкцияларидан жарима тариқасидаги жиноий жазони чиқариш мақсадга мувофиқ.

 

Аксарият ҳолларда ҳали биринчи қилмиши учун жавобгарликка тортилмасдан туриб жиноят содир этган шахслар қайтадан фирибгарлик жиноятини содир этмоқда. Шу сабабли фирибгарлик жинояти содир этган шахслар электрон реестрини шакллантириш зарурати юзага келмоқда. 

 

Онлайн тўловлардан фойдаланиш хавфсизлигидан бехабарлик, olx.uz ва бошқа савдо платформаларидан фойдаланишда билим ва кўникмалар етарли эмаслиги ҳудудларда ўғрилик ва фирибгарлик каби жиноятлар содир этилишига шарт-шароит яратмоқда.

 

Шу сабабли онлайн савдо платформаларида “Хавфсизлик сиёсати” билан мажбуран таништиришни назарда тутувчи огоҳлантириш панелини жойлаштириш мақсадга мувофиқ.

 

Хасан ОЧИЛОВ

Жиноят ишлари бўйича 

Шайхонтоҳур тумани суди судьяси, (PhD)

«УЧ ОЙЛИК ИШ ҲАҚИМНИ БЕРМАЯПТИ, БУ ҲОЛАТДА НИМА ҚИЛСАМ БЎЛАДИ?»

“Бир корхонада ишлардим. Корхона раҳбари билан муносабатимиз яхши бўлмаганлиги сабабли ишдан аризамга асосан бўшаганман. Шундай бўлса-да, корхона раҳбари уч ойлик иш ҳақимни бермаяпти. Бу ҳолатда қандай ҳаракат қилишим керак?”

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 99-моддаси биринчи қисмига асосан ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

 

Ушбу Кодекснинг 110-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ, меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:

 

1. Қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлган ходимга, огоҳлантиришига кўра у ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;

 

2. Меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим.


Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли ҳақнинг миқдори юзасидан низо чиққан тақдирда, ходимга шак-шубҳасиз тегадиган суммани иш берувчи ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.


Мурожаатингиздан кўринишича, сиз ўз ташаббусингиз билан ишдан бўшатилган бўлсангизда охирги уч ойлик иш ҳақингизни олмагансиз.

 

Юқоридаги қонун талабларига мувофиқ, сизга иш берувчи томонидан иш ҳақи огоҳлантиришингизга кўра ишдан кетадиган кунингиз ёки ишдан кетган кунингиз эртасидан кечиктирмасдан тўлаши лозим бўлган.

Бундай ҳолатда, сиз белгиланган муддатларда иш ҳақини ундиришни сўраб тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.


Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасига асосан умумий даъво муддати – уч йил.

 

Ушбу Кодекснинг 151-моддаси биринчи қисмига кўра, айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

 

Меҳнат кодексининг 270-моддасига кўра, судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

 

– ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

 

– ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

 

– бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

 

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

 

Фуқаролик кодексининг 153-моддасига асосан бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

 

Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

 

Юқоридаги қонун талабларига кўра, меҳнат низолари бўйича махсус даъво муддати белгиланган бўлиб, иш ҳақини ундириш тўғрисидаги низоларга уч ойлик даъво муддати низодаги тарафнинг аризасига мувофиқ қўлланилади.

 

Бундай ҳолатда, сиз ўз ҳуқуқингиз бузилганлигини билган ёки билишингиз лозим бўлган кундан бошлаб уч ой муддатда, муддат ўтказилиб юборилган тақдирда муддат ўтказиб юборилганлиги сабабларини кўрсатиб, асослантирилган ҳолда ариза билан муддатни тиклаш ва иш ҳақини ундиришни сўраб тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.

«СУВ ТАЪМИНОТИ ТОМОНИДАН ҲИСОБЛАНГАН ҚАРЗДОРЛИК ТЎҒРИМИ?»

— Корхонанинг сув ҳисоблагичида пломба узилганлиги ҳолати сув таъминоти ходимлари томонидан аниқланиб, бир ойлик сув истеъмоли миқдори 10 млн. сўм ҳисобланди ва судга даъво аризаси киритилди. Бироқ корхонанинг бир ойлик сув истъмоли миқдори 300 000 сўмни ташкил этади. Сув таъминоти томонидан ҳисобланган қарздорлик тўғрими?

Исми сир тутилди

Равшан РАШИДОВ, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси:


— Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари” (қоидалар)нинг 68-бандига кўра, ИСКХ ташкилоти вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбобининг ишламаётганлиги аниқланса ёки унинг иш тартибига рухсатсиз аралашилган ёки пломбалари узилган бўлса, ушбу ҳолатга аниқлик киритилган ҳолда далолатнома тузилади ҳамда ИСКХ ташкилоти томонидан истеъмолчига (субистеъмолчига) сувни ҳисобга олиш асбобини 30 кун мобайнида навбатдан ташқари текширувдан ўтказишга кўрсатма беради. Муддат кўрсатма тақдим этилган санадан бошлаб ҳисобга олинади.


Қоидаларнинг 87-банди “б” кичик бандига кўра, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун ҳисоблаш асосий ичимлик сув тармоғи уланмасининг сув ўтказиш қуввати бўйича Q=МхFх√2gHхT формуласи билан амалга оширилади.
Қоиданинг 73-бандига кўра, истеъмолчи сувни ҳисобга олиш асбобидаги пломбага шикаст етгани, узилгани ёки бутун эмаслиги каби ҳолатларни аниқлаганда, 2 сутка мобайнида ИСКХ ташкилотини бу ҳақда огоҳлантириши лозим.

Ушбу факт бўйича икки томонлама далолатнома тузилади, ундаги камчилик ва носозликларни бартараф этиш юзасидан қарор қабул қилинади ва асбоб режадан ташқари қайта назоратдан ўтказилади.


Қоиданинг 73-бандига кўра, истеъмолчининг айби билан сувни ҳисобга олиш асбобидаги пломба узилгани аниқланганда ва бу ҳақда икки томонлама далолатнома тузилиб, тасдиқланган бўлса, асбоб аккредитацияланган органлар (метрологик хизматлар)га навбатдан ташқари текширишга юборилади. Текшириш давомида сувни ҳисобга олиш асбобининг носозлиги аниқланса, асбоб аккредитацияланган органлар (метрологик хизматлар)га таъмирлаш учун жўнатилади.

 

Таъмирдан сўнг асбоб талабларга жавоб бермаса ва таъмир учун яроқсиз деб топилса янгиси ўрнатилади.
Қоиданинг 70-бандига кўра, ИСКХ ташкилоти сувни ҳисобга олиш асбобининг ўз вақтида назоратдан ўтказилиши учун истеъмолчига олдиндан хабар бериш, уни ечиш, ўрнатиш, кўрсаткичларини назорат қилиш юзасидан масъул ҳисобланади.
Сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш (таъмирлаш) муддати унинг ечилган вақтидан бошлаб пломбаланиб, қайта қўйилгунгача 30 календарь кундан ошмаслиги керак.

 

Совуқ сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш ёки таъмирлаш муддати давомида барча гуруҳ истеъмолчилари асбоб ечилганидан кейинги 30 календарь кун мобайнида тўловларни олдинги уч ойдаги кўрсаткичларнинг ўртача суткалик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда амалга оширадилар.


Қоиданинг 84-бандига кўра, сувни ҳисобга олиш асбоби истеъмолчининг айбисиз носоз бўлган тақдирда сарфланган сув миқдори олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан кўп қўлланилиши мумкин эмас. Агар сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсатилган муддат мобайнида ўрнатилмаса, сарфланган сув миқдори I гуруҳ истеъмолчилари учун – ушбу Қоидалар 87-бандининг “а” кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун ушбу Қоидалар 87-бандининг “б” кичик банди бўйича ҳисоб-китоб қилинади.


Мазкур ҳолатда истеъмолчининг айби билан сувни ҳисобга олиш асбобидаги пломба узилган бўлса ва Қоидаларнинг 87-банди “б” кичик бандига асосан сув ўтказиш қуввати бўйича формуласи билан ҳисоб – китоб амалга оширилган бўлса сув таъминоти томонидан ҳисобланган қарздорлик асосли ҳисобланади.

“ЖАЗОНИ ЯШАЁТГАН ХОНАДОНИМДА ЎТАЛИШИ БЕЛГИЛАНГАН, БИРОҚ…”

— Менга суд ҳукми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазони биз яшаётган хонадонда ўталиши белгиланган. Лекин биз оилавий шароитимиз туфайли уйни бошқа шахсга сотиб, бошқа туманга кўчиб ўтдик. Манзилим ўзгаргани учун нима қилишим керак?

Исми сир тутилди

Мурожаатга жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси Жаҳонгир ОДИЛОВ жавоб берди:


— Жиноят-ижроия кодекси 44-3-моддасида озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ тартиби белгиланган. Унга кўра, муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун рухсатнома, шунингдек яшаш жойини ўзгартириш учун рухсатнома жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилади. Қарор тақиқларнинг (чеклашларнинг) хусусиятидан, маҳкумнинг шахсидан, унинг хулқ-атворидан, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигидан келиб чиқиб, алоҳида ҳолларда қабул қилинади.

 

Уй-жойидан чиқиб кетишига бутунлай тақиқ белгиланган маҳкумнинг доимий яшаш жойидан кетиши учун рухсатномага, маҳкумнинг тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиши учун рухсатномага, шунингдек маҳкумнинг яшаш жойини ўзгартириши учун рухсатномага прокурор томонидан санкция берилади.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 27 июлдаги 157-сон буйруғи билан тасдиқланган “Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш тариқасидаги жазоларнинг ижросини ташкил этиш ҳамда шартли ҳукм қилинган шахслар устидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномада, уй-жойидан чиқиб кетишига бутунлай тақиқ белгиланган маҳкумнинг доимий яшаш жойидан кетиши учун, маҳкумнинг тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиши учун, шунингдек маҳкумнинг яшаш жойини ўзгартириши учун прокурордан рухсатнома олиш ҳақидаги мурожаати жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан ҳудудидаги прокурорга юборилиши белгиланган.

 

Сиз юқоридагиларга асосан, яшаш жойингиз ўзгарганлиги масаласида жазоларни ижро этиш инспекциясига мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

“ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ҚИЛИШДА ҚАНДАЙ ТАЛАБЛАР ҚЎЙИЛАДИ?”

— Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судига чет элга мансуб ҳужжатларни тақдим қилишда қандай талаблар қўйилади?

Акбар НАРЗУЛЛАЕВ, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси:

 

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида чет давлатлар муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси муассасалари, ташкилотлари ва фуқароларига ёки чет эллик шахсларга нисбатан чет эл ҳуқуқи нормалари бўйича белгиланган шакл бўйича берилган, тузилган ёки тасдиқланган ҳужжатлар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда бу ҳужжатлар келиб чиққан муассасалар ва ташкилотларнинг давлати иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан фақат консуллик легаллаштируви мавжуд бўлганда ёхуд уларга апостиль қўйилган бўлса, қабул қилинади.

 

Чет тилида тузилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судига тақдим этишда, ушбу ҳужжатларга уларнинг давлат тилидаги ёки иқтисодий суд ишлари юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб топширилиши керак. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида чет давлатлар муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси муассасалари, ташкилотлари ва фуқароларига ёки чет эллик шахсларга нисбатан чет эл ҳуқуқи нормалари бўйича белгиланган шакл бўйича берилган, тузилган ёки тасдиқланган ҳужжатлар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда бу ҳужжатлар келиб чиққан муассасалар ва ташкилотларнинг давлати иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан фақат консуллик легаллаштируви мавжуд бўлганда ёхуд уларга апостиль қўйилган бўлса, қабул қилинади. Чет тилида тузилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судига тақдим этишда, ушбу ҳужжатларга уларнинг давлат тилидаги ёки иқтисодий суд ишлари юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб топширилиши керак.

Skip to content