Қидирув:

БЕФОЙДА ПУШАЙМОНЛИК ЁХУД ХИЁНАТ КАСРИ

Яқинда судда айбланувчи сифатида кўрсатма берган урганчлик Асрор Жуманиёзов (исм-шарифлар ўзгартирилди) қилмишига астойдил пушаймонлик ва иқрорлик билдирди. Лекин нафсиламбирини айтганда, энди бундай пушаймонлик ва узрхоҳликдан фойда йўқ.

 

Ҳа, шундай, Асрорнинг пушаймон бў­лишидан наф чиқмади, ҳаёт ортига қайтмади, содир бўлган машъум йў­қотишнинг ўрни тўлмади. Аслида бу воқеанинг бошланиши 2020 йилнинг февраль ойида Россиянинг чегара ўтказиш ҳудудида рўй берганди. Хорижда ишлаш мақсадида йўлга чиққан Асрор ва хотини Шоҳсанам Ибодова ўтирган автомашина чегара масканига етиб келади. Шунда Асрорнинг бу мамлакатга ки­ришига та­қиқ қўйилгани маълум бўлади. Шу му­носабат билан чегарачилар уни алоҳида хонага таклиф қилиб, ҳужжатларини синчиклаб текширишади. Бу жараён анчага чўзилади.

 

Чегара маскани биносидан қайтиб чиққан Асрор ҳарчанд изласа-да, умр йўлдошини тополмайди. Кейин маълум бўлишича, уларни шу масканга олиб келган автомашина бошқа йў­ловчилар билан аллақачон чегарадан ўтиб кетган экан. Хотини унинг чегара ўтказиш масканидан қайтиб чиқишини кутмай жўнаб кетганидан қат­тиқ ранжиган Асрор чор-ночор Хоразмга қайтишга маж­бур бўлади. Эр-хотин йўлга чиқаётиб, хорижда меҳнат қилаётган таниши Зарнигор опанинг уйида туришни мўлжаллашган эди. Орадан бир неча кун ўтгач, Асрор шу ҳақда ўйларкан, шоша-пиша Зарнигор опага телефон қилди. Аммо Шоҳсанам Зарнигор опанинг уйига келмагани маълум бўлди. Шундан сўнг Асрор хотинини излашда давом этди. Ниҳоят, ҳайдовчи билан боғланиб, Шоҳсанамнинг аввал келишилган манзилда эмас, балки Санкт-Петербург шаҳри яқинида автомашинадан тушиб қолганидан хабар топди.

 

Кейинчалик маълум бўлишича, Шоҳсанам эрининг таниши Зарнигор опанинг уйига орадан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтгач, кириб келган ва йўлда ушланиб қолганини айтган. Эр-хотин ўр­тасидаги алоқа ана шундан сўнг тикланган. Аммо Шоҳсанамнинг муомаласи ва сўз оҳангида анча ўзгариш сезилган. Орадан кўп ўтмай бунинг сабаби ҳам маълум бўлган.

 

Зарнигор опа Шоҳсанам бегона йигит би­лан гаплашиб юрганини маълум қилган. Асрорнинг гапига қараганда, бу гап охир-оқибат ҳақиқат бўлиб чиққан. Шоҳсанам ҳам ўша йигитга кўнгил қўйганини ўз турмуш ўртоғидан яширмаган. Бу гап эрнинг жисму-жонини олов каби ёндирган. Бироқ ўртадаги икки нафар фарзанд ҳаққи-ҳурмати муроса йўлини излаган.

 

Шоҳсанам эрининг бу ҳақдаги барча таклифларини рад қилган ва орадан бир неча ой вақт ўтгач, Хоразмга қайт­ган. Урганч аэропортида уни отаси З. Матниёзов ва қайнотаси Д. Жуманиёзов кутиб олишган. Қайнотаси келинини ўз уйи томон бошлаган, фарзандлари онаизорини интиқ бўлиб ку­таётганлигини таъкидлаган. Лекин келини уйга келмаган.

 

2010 йилнинг ноябрь ойида Асрор Жуманиёзов ва хонқалик Шоҳсанам Ибодова ўртасида қурилган оила иморати ана шу тариқа нурай бошлаган ва охири иш судга етган. Суднинг 2021 йил 25 мартдаги қарорига асосан улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинган. Можаро тарафларнинг ажрашувидан сўнг ҳам давом этган. Бунга ўртадаги 2 нафар фарзанднинг тарбияси отадан онага олиб берилгани сабаб бўлган. У. Жуманиёзовга ҳафтанинг муайян кунлари фарзандлари билан учрашиб туриш ҳуқуқи берилган.

 

Болаларнинг она уйидаги тарбияси отани қаноатлантирмаган. У ўз жигарбандларини бир неча бор юз-кўзлари кўкарган ва лат еган аҳволда учратган. Бундай ҳолат 2021 йилнинг 3 июль куни ҳам содир бўлган.

 

Бундан фиғони ошган ота орани очиқ қилишга қарор қилган. У ярим тунда собиқ хотинининг олдига отланган. У ҳовлининг пастқам деворидан ошиб ўтиб, сўрида донг қотиб ухлаётган собиқ қайнонаси Нигора Бобожонова ва Шоҳсанам Ибодовага кетма-кет пичоқ санчади. Шовқин-суронни эшитган қўшнилар ёрдамга етиб келишганда Асрор аллақачон воқеа жойидан қочиб кетган эди.

 

Шоҳсанам воқеа жойида жон таслим қилган бўлса, Н. Бобожонова бир неча ойлар давомида тўшакда ётди, турли шифохоналарда узлуксиз даволангачгина оёққа турди. Орада икки нафар мурғак фарзанд етим бўлиб қолди.

 

Суд муҳокамаси чоғида қотил А. Жуманиёзов айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, барчадан кечирим сўради. Аммо суд унга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

 

Шу тариқа унинг кечиккан пушаймонлиги наф бермади. Жаҳлга эрк бериш оқибати ана шундай аянчлик якун топди. Бундан бошқалар сабоқ чи

 

Меҳрибон ҲАСАНОВА,

жиноят ишлари бўйича

Сергели тумани суди судьяси

ИШДАН БЎШАШ УЧУН 15 КУН ИШЛАБ БЕРИШ ШАРТМИ?

— Февраль ойида МЧЖда оператор лавозимида иш бошладим. 30 мартда аҳволим ёмонлашиб, шифокорга мурожаат қилганимда «Икки томонлама пневмония» ташхиси қўйилди. Шартномада ишлаётганим учун «больничний»га чиқолмайман. Кадрлар бўлими бошлиғи «Ё ишга чиқинг ёки бўшаш учун ариза ёзинг», деди. «Соғлигим яхшимас, бўшай қоламан», деганимда, 15 кун ишлаб беришим кераклигини айтишди. Рози бўлмаганим учун ҳали ҳам ишдан бўшатишмаяпти. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқларим бор?

Д.Ж., Навоий вилояти

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди раиси:

— Меҳнат кодексининг 72-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

Ушбу Кодекснинг 75-моддасига кўра, Меҳнат шартномалари:


– номуайян муддатга;


– беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;


– муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Ушбу Кодекснинг 99-моддасига кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.


Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин.
Юқорида қайд қилинган қонун талабидан келиб чиқиб, cиз меҳнат шартномасини бекор қилишингиз тўғрисида иш берувчини икки ҳафта олдин огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақлисиз.

АКА-УКА МУШТУМЗЎРЛАР ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Бозорга ҳар ким ўз режаси, ўз юмуши билан боради. Кимдир савдо-сотиқ қилса, кимдир унинг харидори. Ўртадаги беминнат ёрдамчилар ҳам борки, уларнинг меҳнати ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ.

 

Яъни, юк ташувчилар, курьерлар хизмати сотувчи учун ҳам, олувчи учун ҳам, ниҳоятда зарур. Аммо… улар муштумзўр бўлиб чиқса-чи?! Додингизни кимга айтасиз?

 

Ўша куни Аброр (исмлар ўзгартирилган) пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган қурилиш моллари бозорига ишлагани чиққанида кимдир уни дўппослаб уриши, иш судгача боришини хаёлига келтирибдими, дейсиз.

 

Судланувчи Ҳаким суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, 2014 йилдан бери қурилиш бозорида курьер бўлиб ишлаб келишини, яъни бозордаги дўконларга фирмалардан керакли қурилиш молларини олиб етказиб бериш билан шуғулланишини, шу сабабли деярли кунора бозорга бориб туришини айтди. Судланувчи бозорда унинг акаси ҳам юк машинасида юк ташиш фаолияти билан шуғулланишини айтди.

 

Гап шундаки, воқеа содир бўлган куни Ҳаким бозорда жиянининг дўкони ёнида турган бўлади. Бир доимий мижоз келиб жиянининг дўконидан 2 дона панел маҳсулотини олади. Одатда жиянининг дўкони бўлганлиги учун у мижозларига юкини етказиб беришни акасига топширар эди.

 

Суд мажлисида Ҳаким ўша мижоз дўконнинг доимий мижозлардан бири бўлиб, акаси кўпинча юкларини олиб бориб берганлигини, шунинг учун шу сафар ҳам унинг юкларини акаси олиб боришини ўйлаб турганида ўртага бошқа одам келиб қўшилганини, оқибатда жанжал чиққанини айтди.

 

Жабрланувчи мижознинг олдига келиб, унинг юкларини олиб бориб беришини айтиб, хизмат ҳақини келиша бошлайди. Мижоз унга 50 минг сўм беришини айтади. Юк ташувчи эса 80 минг сўм сўрайди. Лекин жабрланувчи мижоз айтган нархга бошқа юк ташувчини гаплашиб беришини айтиб, яна бир шериги бўлган юк ташувчини чақиради. Шунда воқеани кузатиб турган Салимнинг бундан жаҳли чиқади. Кейин Аброр аканинг ёнига бориб нега унинг ишларига арлашаётганини сўрайди. Шунда уларнинг ўрталарида келишмовчилик юзага келади. Даханаки жанг жанжалга айланиб кетади. Жанжалга Салим ҳам аралашади.

 

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг сайёр мажлисида жабрланувчи ва айбдорлар ва уларнинг қонуний вакиллари, гувоҳлар  иштирокида жиноят ишини кўриб чиқди.

 

Жиноят иши жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бузиш, безорилик дея тавсифланди. Судда айбдорларнинг кўрсатмасига кўра, улар ўша куни Аброрни уриб-тепиб, дўппослаб, жабрланувчининг соғлиғи қисқа муддатли бузилишига олиб келган шикаст етказишгани маълум бўлди.

 

Бозорда норасмий юк ташувчи бўлиб ишловчи айбдорлар суд мажлисида қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдиришди. Жабрланувчи эса шифохонада 10 кун даволанганлигини, ўша куни уриб-тепишлар натижасида жигари ҳам лат еганини айтди. Жанжал чиқишини истамаганини, буни уларга тушунтирганини айтди. Муштумзўр ака-укалар эса жанжалдан кейин ҳам тинчимай, унинг орқасидан келиб яна гап талашганини, орқасидан югуриб келиб уни тепиб, ерга ағдарганлигини, йиқилганидан фойдаланиб ака-ука уни ётган жойида уриб-тепиб ташлашганлигини эслади. Муштумзўрлар жабрланувчини асосан бош томонига уришганини айтди. Жигарига ҳам тепишгани, у ерда думалаб ётгани учун уларга қаршилик қила олмаганлигини, ўша вақтда атрофда деярли ҳеч ким йўқ бўлганлигини айтди.

 

Узоқроқдан одамлар уларни ажратишга келгунича ака-укалар жабрланувчини тепкилаб кетишади. Атрофдагилар уларни ажратиб, жабрланувчини шифохонага жўнатади.

 

Суд мажлисида жабрланувчи судланувчилар даволаниши мобайнида бир неча маротаба касалхонага келиб, ундан хабар олиб турганлигини, агар хоҳласа хусусий клиникада даволатишини айтганлиги, бу вақтда аҳволи оғирлиги учун бунга рози бўлмаганлигини айтди. Бироқ у тан жароҳати олганлиги сабабли ишга ҳам чиқа олмаганлигини, кунлик топадиган даромадлари ҳам тўхтаб қолганлигини, даволаниш харажатларини укаси қоплаганлигини, шифокор унга яна 2 ой ишга чиқмасдан даволанишини айтганлигини билдирди.

 

Судланувчилар эса, унга ҳеч қандай моддий ёрдам бермаганлигини, фақатгина суд жараёнида унга етказилган зарар судланувчилар томонидан тўлиқ қопланганлигини, шу сабабли унинг судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, суддан судланувчиларга нисбатан енгиллик берилишини сўради.

 

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суякларининг ёпиқ синиб, суяк бўлакларининг қониқарли туриши, бош чакка соҳаси, бурун эгар соҳаси, ўнг елка бўғими соҳаси, ўнг қўл кафт соҳаси, кўкрак қафаси ўнг томони ва ўнг тизза бўғими соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши оқибатида унинг соғлиғи қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланди.

 

Суд гувоҳларнинг, жабрланувчининг ва судланувчиларнинг кўрсатмаларини тинглаб, суд-экспертиза хулосаси бошқа далилларни инобатга олиб, одилона ҳукм чиқарди. Судланувчилар Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилдилар.

 

Уларнинг ҳар иккисига ҳам 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Озодликни чеклаш жазосини яшаш жойида соат 22:00 дан 6:00 га қадар ўташ белгиланди.

 

Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг яшаш жойини ҳукмнинг ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик, муайян жойлар — чойхона, кафе, бар, ресторанларга бормаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик тақиқлари қўйилди.

 

Мирзиёд АБИДОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Олмазор туман суди судьяси

БЕШ МАРТА СУДЛАНГАН ШАХС ЯНА ЖИНОИЙ ИШ УСТИДА ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Искандар Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) гиёҳвандлик балосига йўлиққанлардан. У муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамай, яна жиноят йўлига кирди.

 

И. Тўраев дастлаб судланганида унга нисбатан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, жазони тўлиқ ўтаган. Иккинчи маротаба эса, унга 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг ажрими билан ЖКнинг 74-моддасига асосан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 7 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Учинчи маротаба эса, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг
ҳукмига кўра, унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, 1 йил синов муддати белгиланган. Тўртинчи маротаба судланганида эса, унга Олмазор туман судининг ҳукмига кўра, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бешинчи маротаба судланганида Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукмига кўра, 3 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг ажрими билан Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил 2 ой 19 кун жазоси шу муддатга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг ажрими билан мазкур кодекснинг 73-моддасига асосан ўталмай қолган 10 ой 19 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилинган, судланганлик ҳолати тугалланган.

 

Бу сафар ҳам И. Тўраев яна жиноий иш устида қўлга олинганига нима дейсиз. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. У ҳаётида шунча маротаба судланган, жазони ўтаб чиққан бўлишига қарамай, бундан хулоса чиқармади. Шунча жазолар, бошига тушган кўргуликлар ҳам унга камлик қилди.

 

И. Тўраевнинг эгнидаги нимчаси чўнтагидан 1,01 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси топилди. Олмазор тумани ИИО ФМБ биносида милиция ходимлари томонидан текширув ўтказилганида унинг ёнидан “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ва бир дона “REGAPEN” дори капсуласи топилди.

 

Суд-кимёвий эскпертизасининг хулосасига кўра, олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда “марихуана” деб аталиши, унинг оғирлиги 1,01 граммга тенглиги, дори воситаси эса, “REGAPEN” капсуласи бўлиб, таркибидаги Прегабалин моддаси қонунан тақиқланганлиги маълум бўлди.

 

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўша куни у Зангиота тумани Хонобод маҳалласидан ўтиб кетаётган вақтида ариқ бўйида ўсиб ётган наша ўсимлигини кўриб қолганлигини, қизиқиб, чекиб кўриш мақсадида уни юлиб олганлигини тан олди.

 

У ёнидан чиққан буюмларни сотишни ёки бошқа бировга беришни ўйламаганлиги, ёввойи наша билан Регапен капсуласини ўзининг истеъмоли учун ёнида олиб юрганлигини айтди. Судланувчи гиёҳвандлик воситасини бировга сотиш ёки ўтказиш мақсади бўлмаганлигини айтиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.

 

Суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди. Судланувчининг айби, унинг ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, нарсани олиш, сўроқ қилиш, юзлаштириш баённомалари, суд-кимёвий экспертизасининг хулосаси ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топди.

 

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қароридаги тушунтиришларига амал қилган ҳолда унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳисобга олиб унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим деб топди. Судланувчига Жиноят кодекси 276-моддасининг биринчи қисми билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Суд суд-наркология экспертизасининг хулосасига кўра, И. Тўраев гиёҳвандлик (наша, героин) ва захарвандлик (прегабалин) касалликларидан мажбурий даволанишга муҳтожлиги сабабли, унга нисбатан Жиноят кодексининг 96-моддасини қўллаб, мажбурий даволаниш чораси тайинланди.

 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юқоридаги жиноят иши мисолида гиёҳвандликнинг тузалмас дард, инсонни соғлом ҳаётидан чалғитиб, абгор этувчи иллат эканлиги яна бир бор ўз исботини топди. Бу иллат домига тушганларни соғлом турмушга қайтариш эса, барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Гиёҳвандликка ва уни тарғиб қилишнинг олдини олишга қарши профилактик тадбирларда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки зарур. Сабаби, гиёҳвандлик йўлига кирган кимсалар уни фақат ўзлари истеъмол қилиб қолмасдан, ўзгаларни, айниқса, ёшларни бу йўлга тортишга, улар орқали гиёҳванд воситалар бозорини ривожлантиришга ҳаракат қиладилар.

 

Мирзиёд АБИДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси

РАСМИЙ АХБОРОТ

2021 йил октябрь ойида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Боғишамол кўчасидаги воқеага оид жиноят иши юзасидан

2022 йил 27 июнь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида Ж. А. (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган), М. Х. (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган), С. М. (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган), Б. Т. (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) ва С. Х. (1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.

 

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди раиси М. Мирзажонов раислигида кўриб чиқилди.

 

Аниқланишича, Ж. А., М. Х., С. М., С. Х. ва дастлабки терговда аниқлашни имкони бўлмаган шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2021 йил 31 октябрь куни соат 22:00 ларда, инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий зиён етказувчи ўткир тиғли ханжар (пичоқ) ва бошқа буюмлар билан қуролланиб, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Боғишамол кўчасида жойлашган “СамПИ” савдо мажмуаси олдида Ж. И., А. Т., А. К., С. А. ва Д. М. ни ўлдириш ва зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мақсадида уларга ҳужум қилиб, ўлдириш ва жиддий тан жароҳати етказилишини намоён қилувчи фаол ҳаракатларни амалга оширганларида, бундан хавфсираган Ж. И., А. Т., А. К., С. А. ва Д. М. ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

 

Б. Т. Тошкент вилояти, Юқорчирчиқ тумани, “Ийк ота” МФЙ, Бахт кўчаси, 41-уйда жойлашган “Шодлик” номли кўнгилочар масканини ҳаммом-саунасида маъмур бўлиб ишлаб, 2021 йил ноябрь ойининг бошларида С. М. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, мазкур кўнгилочар маскани иш юритувчиси Д. Ш. нинг кўрсатма ва талабларига зид равишда, фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириб, ўзларини кўнгилочар маскани ҳаммом-саунаси эгасидек фараз қилиб, ушбу ҳаммом-саунада фоҳишахона ташкил қилиб, у ерга келган мижоз ва хизмат кўрсатувчи фоҳишалик билан шуғулланувчи аёллар ўртасида улар томонидан қўйилган талабларни риоя этилишини таъминлаб, Д. Ш. нинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказганлар.

 

Бундан ташқари, С. М. билан Б. Т. ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани, “Ийк ота” МФЙ, Бахт кўчаси, 41-уйда жойлашган “Шодлик” номли кўнгилочар масканини ҳаммом-сауна қисмида фоҳишахона ташкил этиб, ташриф буюрган мижозлар томонидан тартибга риоя этилишини таъминлаб, 2021 йил ноябрь ойининг бошларидан 2021 йил 1 декабрь кунига қадар мижозларга Р. А., Н. С., У. Я., Р. А., А. В. ва бошқа аёлларнинг шаҳвоний хизматларини таклиф қилиш йўли билан пул эвазига уларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бериб, кўрсатилган интим хизматлар учун ҳар бир мижоздан олинган 200 000 сўм миқдоридаги пуллардан 50 000 сўмини улуш сифатида қўлга киритиб келганлар.

 

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

 

Ж. А. Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан Ж. А. ни 2021 йил 6 ноябрдан 2022 йил 27 июнга қадар қамоқда сақланганини эътиборга олиб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тўлиқ ўтаган деб ҳисобланиши белгиланиб, унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди. Ҳукм қонуний кучга киргунга қадар Ж. А. га нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

М. Х. га нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисми билан юритилган жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 5-қисми 2-бандига асосан айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб ҳаракатдан тугатилди. М. Х. Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 60 (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2020 йил 5 июндаги ҳукмига кўра тайинланган жазони ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан М. Х. га узил-кесил ўташ учун 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан М. Х. Ни 2021 йил 6 ноябрдан 2022 йил 27 июнга қадар 7 ой 21 кун қамоқда сақланганини эътиборга олиб, тайинланган озодликни чеклаш жазосидан чегириб ташлансин ҳамда узил-кесил 10 ой 9 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. М. Х. га нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залида қамоқдан озод қилинди. Ҳукм қонуний кучга киргунга қадар М. Х. га нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

С. М. Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми, 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 3-қисми ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

 

Б. Т. Жиноят кодексининг 131-моддаси 3-қисми ва 229-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди. Б. Т. га нисбатан қўлланилган “гаров” тарзидаги эҳтиёт чораси “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, суд залида қамоққа олинди.

 

С. Х. Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 60 ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 25 январдаги ҳукми билан тайинланган жазони ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан С. Х. га узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 11 150 000 сўм жарима ва 2 йил 7 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Тайинланган жарима С. Х. томонидан 2021 йил 2 февраль куни тўлиқ тўланганлиги инобатга олинди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан С. Х. ни 2022 йил 4 апрелдан 2022 йил 8 апрелга қадар 4 кун қамоқда сақланганини эътиборга олиниб, тайинланган озодликни чеклаш жазосидан чегириб ташланди ҳамда узил-кесил 2 йил 6 ой 26 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

 

Жиноят-процессуал кодексининг талабларига мувофиқ, апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум ва жабрланувчи-фуқаровий даъвогар томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхалари топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкинлиги маълум қилинади.

 

Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади.

 

Тошкент шаҳар суди

матбуот хизмати

ЭГИЗАК ТАЛОНЧИЛАР ЁХУД ЖИНОЯТНИНГ САБАБИ НИМА?

Амалдаги Жиноят кодексининг 166-моддасига биноан, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш талончиликдир. Талончилик унча оғир бўлмаган жиноят сифатида таснифланади. Афсуски, сўнгги пайтларда ушбу жиноят жуда кўп содир этилмоқда.

 

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи эгизаклар Жамолиддин ва Камолиддин Ғиёсов (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундай жиноятга қўл уришди. Уларга маҳалладоши Фозилжон Сойипов шерик бўлди. Дастлаб уччовлон ўт­ган йилнинг 18 август куни ким­нинг­дир пули ёки буюмини қўл­га киритиш тўғ­рисида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришади. Улар кечки пайт Мирзо Улуғбек тумани, «Ўзбекистон овози» кўчасидаги кўп қаватли уйнинг олдида София Мишнёванинг нархи 280 АҚШ долларига тенг бўлган «Samsung Galaxy A 32» русумли уяли телефон аппаратини тортиб олиб, во­қеа жойидан қочиб кетишади. Эртаси куни эса, талончилар «Буюк Ипак йўли» метро бекати ёнига келишади. Бу пайтда фуқаро Шерзод Жў­раев метро бекати яқи­нидаги банкоматдан пул ечмоқчи бўлиб турганди.

— Илтимос, телефонингизни бериб туринг. Танишимга қўнғироқ қилиб олай, — дейди Фозил.

Уларнинг ғараз ниятидан бехабар бўлган Ш. Жўраев баҳоси 2 800 000 сўмлик «Samsung Galaxy A 12» русумли телефон аппаратини унинг қўлига тутқазади. Ф. Сойипов телефонни олгач, ким биландир гаплашгандек бўлади. Шунда Жамолиддин Ш. Жўраевнинг ёнига келиб, банкоматдан қандай тартибда валюта ечиш мумкинлигини сўрайди. Шерзод Жўраев унга тушунтираётган пайтда Фозил билан Камолиддин кўздан ғойиб бўлишади.

— Шерикларингиз қаёққа кетишди?, — дея ажабланиб сўрайди Ш. Жўраев.

Бироқ Ж. Ғиёсов уларни та­нимаслигини маълум қи­лади.

Шундан сўнг ҳамтовоқлар уч ҳафта «танаффус» қилишади. 2021 йил 9 сентябрь куни шом қоронғусида улар яна «Буюк Ипак йўли» кўчасида пайдо бўлишади. Кейин қо­рон­ғу тушишини кутиб, ўша атрофда ўралашиб юришади. Ярим тунда шу ҳудуддаги 165-уйнинг олдидан ўтиб кетаётган Тоҳир Абдуллаевни тўхтатишади.

— Укамни йўқотиб қўй­дим. Шунинг учун телефонингиздан қўнғироқ қи­либ олсам бў­ладими? — деб сў­райди Фозил ўзини азият чекаётгандек кўрсатиб.

Т. Абдуллаев унинг ёлғонига ишониб, нархи 180 АҚШ долларига тенг бўлган «Samsung Galaxy A 20» русумли телефон аппаратини беради. Ф. Сойипов ўзини кимгадир қўнғироқ қи­лаёт­гандек тутиб, орқасини ўгириб турган вақтда Жамолиддин ва Камолиддин Тоҳирдан сигарет сўрайди.

— Узр, мен чекмайман, — дея жавоб беради телефон эгаси.

 

— Бор, ўзинг сигарет олиб кел! — дея буюради Фозил Жамолиддинга.

Кейин у телефон аппаратини Камолиддинга бериб юборади-да, Т. Абдуллаевга сурбетларча юзланади:

— Ака, менинг онам касал, дори-дармонларига пул керак. Илтимос, телефонингиздан воз кечинг…

 

— Нималар деяпсиз? Онангиз касал бўлса, айб мендами? — дея эътироз билдиради Т. Абдуллаев.

Аммо Ф. Сойиповга унга телефонини қайтариб бермаслигини айтади.

— Телефонимни қайтариб беринг, — дея талаб қилади Т. Абдуллаев.

 

— Мен сендан телефон олдимми? Кимга берган бўл­санг, ўшандан сўра! — деб тиржаяди Камолиддин уни мазах қилгандек.

Шундан сўнг талончилар Жамолиддин тўхтатган таксига ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетишади. Т. Абдуллаев таксининг давлат рақамини эслаб қолиб, тезда ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этади. Шу боис жиноятчиларни қўл­га олиш қийин кечмайди. Чунки ундан аввал жабрланувчилар С. Мишнёва ва Ш. Жў­раев ҳам Мирзо Улуғбек тумани ИИБга мурожаат қи­лишган эди.

 

Шундан сўнг талончиларга нисбатан жиноят иши қўзға­ти­лди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди судланувчиларни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айб­дор деб топиб, қонуний жазо та­йинлади.

 

Баён этилган жиноят тафсилоти бу каби ҳолатлар юзасидан жиддий чора-тадбирлар кўриш, бунинг учун масалага дахлдор шахс­ларнинг масъулияти, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда мадания­тини ошириш зарурлигини кўр­са­тади. Талончиликка асосан ҳеч қаерда ўқи­майдиган ёки ишламайдиган ёшлар қўл урмоқда. Демак, жамоатчилик, айниқса, маҳалла фаоллари, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори бу масалага доимий эътибор қаратиши керак. Аниқроғи, бу тоифадаги ёшларнинг бандлигини таъминлаш орқали жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мумкин.

 

Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

ХОДИМЛАР МАОШИНИ ЎЗЛАШТИРГАН БОҒЧА ДИРЕКТОРИНИНГ ҚИЛМИШЛАРИ ФОШ БЎЛДИ…

Мактабгача таълим муассасасида масъул лавозимда ишлайдиган аёл муқаддам пора олиш жиноятини содир қилиб, 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган, жарима жазоси тайинланган бўлишига қарамай ўзига тегишли хулоса чиқармаган кўринади. Йўқса, яна қайта  “жиноят кўчаси”дан юриб, бу гал ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги жиноятларига қўл урмаган бўларди…  

 

Судланувчи аёл давлат мактабгача таълим ташкилоти вақтинча бажарувчи директор лавозимида ишлаб келган. У давлат органининг мансабдор шахси ҳисобланиб, ўзининг манфаатлари йўлида ғараз мақсадига эришиш ниятида зиммаси юклатилган мансаб ваколатларидан фойдаланади. Муассасада супурувчи вазифасида ишловчи ходимни хабардорлигисиз, уни 1,0 ставка тарбиячи ёрдамчиси вазифасига ўтказиш ҳақидаги сохта буйруқни расмийлаштиради. Ушбу буйруқ асосида ходимни тарбиячи ёрдамчиси вазифасида ишланганлиги ҳақидаги ойлик иш табелларига сохта маълумот киритади. Шу асосда унга бир ойи учун ҳисобланган 1.235,0 минг сўм ойлик иш ҳақини қўлга киритиб, бюджет маблағларини талон-торож қилган.

 

Шунингдек, судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бир фуқарони муассасага супурувчи вазифасига қабул қилиш ҳақидаги сохта буйруқни расмийлаштиради. Фуқарони аслида ушбу вазифани бажармаганлигини била туриб, гўёки уни икки ой ишлаганлиги ҳақидаги ойлик иш ҳақи табелларига сохта маълумот киритади. Унинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қалбакилаштириб, шу асосда жами 1.806,1 минг сўм ойлик иш ҳақини ўзлаштириб, яна бюджет маблағларини талон-торож қилган. Судланувчининг қилмишлари шу билан якунига етмайди. У муассаса тарбиячисини муассаса собиқ раҳбарининг буйруғига асосан ўз ҳисобидан таътил берилганлигини билгани ҳолда галдаги режага қўл уради. Яъни, тарбиячининг хабардорлигисиз, уни 1,0 ставка тарбиячи лавозимига қайтариш ҳақидаги ва унга яна 0,5 ставка қўшиш ҳақидаги буйруқларни бошқа сана билан муассаса собиқ директорининг номидан унинг имзоларини сохталаштирган ҳолда расмийлаштиради. Тарбиячи амалда ишга чиқмай, ўз хизмат лавозим вазифасини умуман бажармаган бўлса-да, уни уч ой ишлаганлиги ҳақида ойлик иш табелларига такроран сохта маълумотлар киритади. Натижада тарбиячининг иш ҳақини ўзлаштириб, жами 8.156,0 минг сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

 

“ҚИЛМИШИМДАН ПУШАЙМОНМАН”

Судланувчи суд мажлисида айбига иқрор бўлди…

– Давлат молиявий назорат бошқармаси бош назоратчиси томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтган давр мобайнида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун ва бошқа соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳамда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши бўйича молиявий назорат текшириши ўтказилди. Унда иш фаолиятим давомида 3 нафар ходимлар томонидан хизмат лавозим вазифаларини бажарилмаган бўлса-да, иш ҳақлари ортиқча тўланганлиги аниқланди. Жумладан, ташкилот тарбиячиси буйруқ билан мендан олдинги директор вазифасини бажарувчи бўлган шахснинг номидан 1,0 ставка ишга қабул қилиб, унга шу кундаги буйруқ билан 0,5 ставка тарбиячи вазифасини юклаб, унинг номидан буйруқни имзолаган ҳолда топширганман. Лекин, тарбиячининг ўзи ишга келмаган ва олган ойлигини менга ташлаб кетган. Ходимга ҳисобланган жами 8.156,0 минг сўмга қурилиш моллари олиб, ташкилотни таъмирталаб бўлган жойларини уста жалб қилишга сарфлаганман.

 

Шунингдек, бир фуқарони ташкилотга супурувчи вазифасига ишга қабул қилдим. Унинг ойлик иш ҳақини пластик карта орқали олганман. Бу пулларни ҳам ташкилотнинг эҳтиёжлари учун сарфлаганман ҳамда унинг номидан ўзим ариза ёзиб ишдан бўшатганман. Фуқаро ариза ёзмаган, унинг номига иш ҳақи ҳисобланганидан хабари бўлмаган. Фуқарога ҳисобланган жами 1.806,0 минг сўм маблағларни ҳам ўзим олиб, уларни муассаса харажатларига ишлатганман.

 

Шу билан бирга, ташкилотда супурувчи бўлиб ишлаган аёлга тарбиячи ёрдамчи вазифасини юклаганман. Бу вазифада ишламагани учун унинг иш ҳақини ҳам ташкилот эҳтиёжларига сарфлаганман. Ишлаган давримда ташкилот биноси эски бўлган ва ҳар доим қандайдир камчиликлар бўлиб турган. Мазкур камчиликларни тўғрилаш учун юқорида кўрсатилган иш ҳақларини сарфлаганман. Бирор сўмини ҳам ўз манфаатларим учун ишлатмаганман.  

 

Ҳозирги кунда қилмишимдан пушаймонман. Етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.  

 

ЖАРИМА ДАВЛАТ ФОЙДАСИГА УНДИРИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ

 

Судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ѐки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 16 200 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

 Алишер ЖАЛИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди раиси

ПОРА БИЛАН ИШ БИТИРМОҚЧИ БЎЛГАН ШАХСГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Ички назоратчи лавозимида ишлаб келган эркак суд курсисида, уни бу манзилга келиб қолишига нима сабаб бўлди?

 

Гап шундаки, судланувчи эркак қимматли қоғозлар билан белгиланган тартибда брокерлик фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан бериладиган аттестатни олиши керак эди. Бироқ у бунинг учун тегишли тартибда суҳбатдан ва тест синовларидан ўтмай туриб, аттестатни қўлга киритишни мақсад қилади. Ниятига эришиш учун эса агентликнинг бош мутахассиси билан келишиб, ундан ўзи учун белгиланган тартибда аттестация синовларига киритмасдан 1-даражали аттестат берилишини, ҳамда у билан бирга ишлаб келаётган ва брокерлик фаолияти билан шуғулланаётган ҳамкасблари уч нафарига
2-даражали аттестатни расмийлаштириб беришини сўрайди. Бунинг эвазига 50 АҚШ долларини комиссия аъзоларига пора тариқасида беришини келишган.

 

Бош мутахассиснинг Тошкент шаҳар ИИББга пора таклиф қилган шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан берган аризасига асосан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Натижада таклиф эгаси пора берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

 

АТТЕСТАЦИЯГА ҚАТНАШИШГА ВАҚТИМ ЙЎҚ ЭДИ

Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди…

– Ички назорат бўлимида ички назоратчи лавозимида ишлаб келаман. Ўзбекистон Республикаси Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш агентлигида ишловчи бош мутахассис билан танишиб қолдим. Агентликдан 1-тоифали ва 2-тоифали аттестациядан ўтказишиб рухсатномаларни олиш учун унга 50 АҚШ доллари таклиф қилдим. Ўзимга 1-даражали сертификатни олишда ва 2-тоифали сертификатни олишда синов муддатида ишловчи уч нафар ходимнинг ҳужжатларини тақдим қилдим. Ўзимни аттестацияга қатнашишга вақтим йўқлигини айтдим. Шу боис 50 АҚШ доллари беришимни айтганман. Агентлик биносининг орқа томонида бош мутахассисга келишилган пулни бердим. Шу вақт ёнимизга бир нечта шахслар келиб, ўзларини Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари деб таништиришди. Сўнг 50 АҚШ доллари далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолатдан мен билан ишловчи уч нафар ходимнинг умуман хабарлари бўлмаган. Қилган ишимдан пушаймонман.

 

Судланувчи қарамоғида вояга етмаган фарзандлари ва кекса ота-онаси борлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

 

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 575 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

 

Агар жарима жазосини белгиланган муддатларда тўламаган тақдирда, ушбу жазо бошқа жазо турига алмаштирилиши тушунтирилди.

Мухаммад КАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

М.Улуғбек туман суди судьяси

УЙНИ ИЖАРАГА БЕРИШДА ҚЎШНИЛАРНИНГ РОЗИЛИГИ ШАРТМИ?

— Кўп қаватли уйларда 2 хонали квартирам бор. Бўш тургани учун ижарага бермоқчи эдим. Лекин юқори ва пастки қаватдаги қўшнилар қарши бўлишяпти. «Ҳар хил одам келиб, кетади. Ижарачи қўйсангиз, устингиздан арз қиламиз», дейишди. Бу масалани қандай ҳал қилишим мумкин? Ўз уйимни ижарага беришда қўшниларнинг розилигини олишим шартми?

Исми сир тутилди

Дилфуза ДАДАДЖАНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Хусусий мулкида уйи, квартираси бўлган фуқаролар улардан ўзлари ва оила аъзолари яшаши учун фойдаланадилар. Улар уйига, квартирасига бошқа фуқароларни кўчириб киритишга, шунингдек турар жойларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага бериш шартномаси асосида бошқа фуқароларга яшаш учун беришга ҳақлидирлар. Мулкида уйи, квартираси бўлган фуқаролар улардан бошқа фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузмаган ҳолда бошқа мақсадларда фойдаланишга ҳақлидирлар. Мулкдор ўзининг уй-жойи кўринишини ўзгартиришга, қайта қуришга ёки бузишга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатномаси бўлгандагина йўл қўйилади.

 

Сиз мулкдор сифатида ўз уйингизни ижарага асосан фойдаланувчиларга топшириш ҳуқуқига эгасиз. Мулкида уйи, квартираси бўлган юридик шахслар уларни ижарага, арендага беришга ҳамда улардан уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа мақсадларда фойдаланишга ҳақлидирлар.

РАСМАН АЖРАШГАНДА, АЁЛ КЎЧИНИ ОЛИБ КЕТМАСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

— Собиқ хотиним билан тўрт йил олдин расман ажрашганман. «Прописка»дан чиққан бўлса-да, ҳалигача кўчини олиб кетмади. «Суд қарори бўлса олиб кетаман, бўлмаса йўқ», деяпти. Суд бундай ишларни ҳал қилмаскан. Маҳалладагилар ҳам «Биз аралаша олмаймиз», дейишди. Бу масаланинг қонуний ечими борми?

Исми сир тутилди

Аббос САЙДАХМЕДОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Никоҳ эр ва хотиннинг ихтиёрий иттифоқи бўлиб, ФХДЁ бўлими органларига қайд этилгандан сўнг уларнинг ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради.


Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


Ушбу Кодекснинг 25-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.


Эр-хотин ўртасида умумий мулкни тақсимлаш уларнинг келишуви асосида, келишувга эришилмаган тақдирда, суд тартибида ҳал этилади.


Кўп ҳолатда эр ва хотиннинг умумий мулкини ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хохиши билан улурнинг умумий мол-мулкини бўлиш тўғрисидаги келишуви нотариал тасдиқланиши мумкин.


Ҳуқуқий жиҳатдан эр-хотиннинг мулкини судгача бўлган тартибда ҳал этиш институти назарда тутилмаган, бироқ бундай масалалар профессионал медиаторлар иштирокида медиатив келишув орқали ҳал қилиниши мумкин.
Турмуш ўртоғингизга тегишли мулк сизга тегишли турар жойда сақланаётганлигидан норози бўлсангиз тегишли тартибда расмийлаштирилган даъво қўзғатиш (мисол учун, мол-мулкни олиб кетиш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво) мумкин.

Skip to content