Қидирув:

«БИРОВНИНГ КРЕДИТИНИ ТЎЛАЙВЕРАМАНМИ?»

— Холамнинг қизига кредит олишда 2-кафил бўлгандим. 3 ойдан бери кредит қарзи пластик картамдан ечиб олиняпти. Сабабини суриштирсам, қариндошим ойлигини тўлиқ нақд кўринишга ўтказибди. Шунинг учун банкдагилар менинг картамдан ечиб олишаётган экан. Қариндошимга пулимни қайтаришини ёки банкка мурожаат қилиб, нақд тўлаши ҳақида хабардор этишини айтсам ҳам эътибор қилмаяпти. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқим бор? Кафилликни бекор қилдирса бўладими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир РАЖАБОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

— Фуқаролик кодексининг 292-моддасида кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур кодекснинг 293-моддасида қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб бериши қайд этилган.


Юқоридаги низоли масалада сиз, қариндошингиз ва банк ўртасида кафиллик шартномаси тузилганлигини қайд этгансиз.


Фуқаролик кодекснинг 296-моддасида кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор бу ҳақда кафилни дарҳол хабардоp қилиши шарт. Акс ҳолда ўз навбатида мажбуриятни бажарган кафил асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ёки қарздорга регресс талаб қўйишга ҳақли. Регресс талаб қўйилган тақдиpда қарздор асоссиз олинганни кредитордан ундириб олишга ҳақли.


Мазкур қонун талабига кўра, кредитнинг сиз томондан тўланган қисми бўйича қарздордан регресс тартибида ундириш бўйича судга даъво ариза беришингиз мумкин.


Бундан ташқари қонунчиликда кафилликнинг бекор бўлиши белгиланган бўлиб, унга кўра кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.

СОТИЛГАН УЙНИНГ ПУЛИНИ ҚАНДАЙ ОЛИШ МУМКИН?

— Яқин дугоналаримдан бири шаръий никоҳ асосида турмушга чиққанди. Эри «Уйни сотсанг ёнига пул қўшиб, каттароғини оламиз», деб алдади. Уй сотилгач, пулни олиб қочиб кетди. Дугонамга «Қўлингдан келганини қил, бир сўмини ҳам ололмайсан», деганмиш. Энди дугонам қандай йўл тутсин? Уйини пулини ололадими?

Исми сир тутилди

Фахриддин БАХРОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Ушбу ҳолатда масаланинг ечими бир нечта босқичдан иборат.
Пулни олиб қочиб кетган шахснинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш босқичи бу – энг асосий босқичлардан бири ҳисобланади. Чунки, хатти-ҳаракатга берилган баҳо ишнинг жиноий ёки фуқаровий тартибда ҳал қилинишини белгилаб беради.


Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш жиноят ҳисобланади. Ушбу ҳолатда шаръий никоҳда бўлган шахслар қонун талабига кўра эр-хотин ҳисобланмаслиги сабабли, уларнинг мулки умумий мулк деб тан олинмайди. Бундай ҳолатда, шаръий эр шаръий хотиннинг мулкини олиб қочиб кетганлиги ўғрилик жинояти сифатида баҳоланиши лозим. Жиноят иши қўзғатиш ёки қўзғатишни рад этиш, жиноятларни дастлабки тергов қилиш прокуратура, ИИВ ва ДХХ органлари зиммасига юклатилган. Шунинг учун ушбу органларга жиноят иши қўзғатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш лозим.


Жиноятни дастлабки терговида давомида зарарни ундириш босқичи бу – зарарни ундиришнинг самарали босқичи бўлиб, зарарни ихтиёрий равишда қоплаш енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда эҳтиёт чораси турига ва бериладиган жазо миқдорига таъсир қилади.

 

Жиноятни дастлабки тергов қилиш давомида ёки жиноят ишлари бўйича судда жиноят ишини кўришда, суд тергови бошлангунга қадар, уйнинг пулини ёки зарарни ундириш тўғрисида фуқаровий даъво қўзғатиш лозим бўлади.


Зарарни фуқаролик иш юритиш тартибида ундириш босқичи. Жиноят ишлари бўйича суднинг шахсни айбдор деб топиш тўғрисидаги ҳукми билан зарар ундирилмаган ёки фуқаровий даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, ҳукм қонуний кучга киргач фуқаролик иш юритиш тартибида жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисида даъво қўзғатиш лозим бўлади. Бунда судга ариза берганлик учун давлат божи ундирилмайди.


Суднинг пулни (зарарни) ундириш тўғрисидаги ҳукми ёки қарорини ижро қилиш босқичи. Суднинг ҳукми ёки қарори қонуний кучга киргач уни ижро қилиш юзасидан Мажбурий ижро бюроси бўлимларига ёзма суд ҳужжатини (ҳукм, қарор, ижро варақа) илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиш керак бўлади.


Давлат ижрочиси қарздорнинг ёки айбдор шахснинг ундириш мумкин бўлган мол-мулкини аниқлайди, бундай мулк бўладиган бўлса ва у зарарни қоплашга етса, пулни тўлиқ ундириши мумкин. Акс ҳолда суднинг қарори ёки ҳукми ижро қилинмасдан қолиши, шахс пулини қайтариб ололмаслиги мумкин.

«НОГИРОН ФАРЗАНДИ БОРЛАРНИ «СОКРАЩЕНИЕ» ҚИЛИШ МУМКИНМИ?»

— Туман поликлиникасида лаборатория хонаси санитарка бўлиб ишлайман. Яқинда лаборатория оддий хонага айлантирилди. Шу муносабат билан мен эгаллаб турган лавозим қисқартиришга тушди. Турмуш ўртоғим мавсумий ишчи. Уч нафар фарзандимиз бор. Кичиги болаликдан туғма ногирон. Ногирон фарзанди борларни «сокращение»га тушириш мумкин эмас, деб эшитгандим. Иш берувчининг менга нисбатан талаби ўринлими?

Исми сир тутилди

Жасур МАМАЮСУПОВ, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Ўзбекистон Республикасининг амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, иш берувчи ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолатда иш берувчи ходимни бу ҳақда камида икки ой олдин огоҳлантириши шарт.

 

Мазкур асос билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида, ходимни ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади. Ходимни ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқнинг доираси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади. Агар тарафлар ўртасида мавжуд масала юзасидан низо келиб чиқадиган бўлса, тарафлар масалани суд тартибида ҳал этиш ҳуқуқига эга.

“УЛУШИМ ОЧИҚ ҚОЛГАН…”

— Ёшим 60 да. Эрим билан турмушимиз яхши бўлмаган. 30 йилдан буён бирга яшамаймиз. Икки нафар фарзандимиз бор. Менга онамдан 8 сотих ер мерос қолган. Қайнотам шу ерга иморат солган. Қурилишда мени ҳам ҳиссам бор. Ўша пайтларда эрим қамалиб қолди. Озодликка чиққанидан сўнг бирга қурган уйимизни сотиб, менга улуш бермади. Бундан ташқари,1989 йил давлат томонидан қўшимча ер берилган. Аммо эрим ернинг ўзига тегишли қисмини сотиб юборган. Мени улушим эса очиқ қолган. Ернинг ўзимга тегишли қисмини сотиш ҳуқуқини ололмаяпман. Бундай ҳуқуқ берилиши учун бир хонали бўлса ҳам уй қуришим керак экан. Айни дам ерга харидор бор, аммо эрим тўсқинлик қиляпти. Менга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Ер участкаси ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.

 

Ер участкасининг чегараси планларда (чизмаларда) қайд этилади ва натурада (жойнинг ўзида) чегара белгилангандан кейин аниқланади.

 

Сизга ўзингизга ажратилган ер бўлагини сотиш учун олдин мазкур ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритишингиз лозимлиги, яъни ер участкасига нисбатан ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишингиз лозимлиги тушунтирилади.

 

Ваҳоланки, Ер кодексининг 31-моддасига асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.


Агар сизда ажратилган ер участкасига нисбатан ҳуқуқни тасдиқловчи хужжат: Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат хужжати, Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат хужжати, Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат хужжати ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлса, ўзингизга тегишли ер участкасини тегишли тартибда олди-сотди қилиш ҳуқуқига эгасиз.

 

Турмуш ўртоғингиз билан ўртангизда ер участкаси бўйича низо мавжуд бўлган тақдирда мазкур масалада тегишли тартибда даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз тушунтирилади.

ДОМ-ДАРАКСИЗ КЕТГАН ФУҚАРО ҚАНЧА МУДДАТДАН СЎНГ БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ДЕБ ТОПИЛИШИ МУМКИН?

— Бир ой аввал кичик холам оламдан ўтди. Унинг турмуш ўртоғи ҳам, фарзандлари ҳам йўқ эди. Онам холамдан қолган уйни номига ўтказмоқчи бўлиб, нотариусга учрашса, яна бир холамнинг ҳам розилиги керак экан. У эса мана 8 йилдирки Россияга кетганча дом-дараги йўқ. Бу вазиятда уй онамнинг номига ўтиши учун қандай йўл тутишимиз керак?

Исми сир тутилди

 

Жалолиддин АББАСОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Фуқаролик кодексининг 33-моддасига кўра, агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин. Йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган кунни аниқлаш мумкин бўлмаса, бедарак йўқолган деб ҳисоблаш муддати йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан, бу ойни белгилаш мумкин бўлмаган тақдирда эса – кейинги йилнинг биринчи январидан бошланишлиги акс эттирилган.


Мазкур кодекснинг 36-моддаси 1-қисмида агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкинлиги кўрсатилган.


Ушбу қонун нормаларидан келиб чиқиб сизга, ўртанча холангизни суд томонидан бедеарак йўқолган деб топиб, онангиз мазкур мулкни ишончли бошқариб туришлиги, шундан сўнг Фуқаролик кодексининг 36-моддасига асосан судда бедарак йўқолган деб топилган холангизни яна суд томонидан ўлган деб эълон қилиб, бир ой олдин вафот этган кичик холангизга тегишли бўлган мулкка эгалик қилиши мумкинлиги тушунтирилади.

ЎГАЙ ЎҒЛИМ ЎЗ УЙИМГА КИРИТМАЯПТИ: УЙ ЭГАСИ СИФАТИДА УНИ “ПРОПИСКА”ДАН ЧИҚАРИШИМ МУМКИНМИ?

— Хўжайиним вафот этгач, унинг номида бўлган уй менга ҳадя қилингани учун қонунан уйнинг эгаси бўлдим. Энди билсам, уйда ўгай ўғлим ҳам “прописка”да тураркан. “Паспортний стол”да исми чиқмади. Ўгай ўғлим менга ҳадя қилинган уйда яшамайди. Лекин уй қулфини ўзгартириб, мени киритмаяпти. Уй эгаси сифатида уни қандай қилиб “прописка”дан чиқаришим ва уйда яшашим мумкин?

Исми сир тутилди

Жасур СИРОЖЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

 

Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганда турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

 

Демак, саволда кўрсатилган шахс низоли хонадонда доимий рўйхатда туриб бугунги кунгача истиқомат қилиб келмоқда. Бундан ташқари, қонунда белгиланган муддатда, яъни олти ойдан зиёд узрсиз сабабларга кўра яшамаган бўлса, суд фуқаро фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиши мумкин.

 

Ҳозирги кунда ўгай ўғлингиз низоли хонадонда истиқомат қилиб келаётганлигини инобатга олиб, уни суд томонидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиб бўлмайди.

 

Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

 

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 166-моддасига асосан, мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади. Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир. Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

 

Юқоридаги қонун талабларига кўра, ўз мулкингиздан эркин фойдаланган ҳолда, низоли хонадонга киритиб қўйиш ҳақидаги даъво талаби билан судга мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжуд.

“БИР ОЙДА КЕЛТИРИБ БЕРАМАН…”

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, дейди доно халқимиз.Афсуски, буни ҳамма ҳам бирдек ҳис қилавермайди. Ёки бу ҳаётий ҳақиқатни тан олишни истамайди.

 

Мирзо Улуғбек туманининг Сайрам кўчасида истиқомат қилувчи Дониёр Кабиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2019 йилда қўл урган фирибгарлиги учун орадан икки йил ўтгач қонуний жазога тортилди.

Гап шундаки, темир қувур маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи фуқаро Абдухалил Узоқов 2017 йилда Дониёр билан танишиб қолади.

 

Ўша пайт­­да Д. Кабиров Олмазор туманидаги темир маҳсулотлари омборида ишларди. Шундан буён улар иш юзасидан гаплашиб, салом-алик қилиб юришган. 2019 йилнинг август ойида икковлон яна эски мавзуда суҳбатлашиб қолишади. Суҳбат асносида Дониёр А. Узоқовнинг кўп миқдорда, улгуржи нархда қувур сотиб олмоқчи эканлигидан хабар топади. 

 

– Хоҳласангиз, ўзим бир ойда келтириб бераман, сизга арзонга тушади, – дейди у.

Аввалдан танигани ва олди-берди қилиб юргани боис Абдухалил ака унга ишонади, таклифга рози бўлади. 

 

2019 йил сентябрь ойининг бошларида А. Узоқов Яккасарой туманидаги “Сафо” тиббиёт клиникаси ёнида келтирилажак маҳсулот учун олдиндан 49 000 АҚШ долларини санаб беради. Лекин Дониёр бир ойлик муддат ўтиб кетса ҳамки ваъдасини бажармайди. Аксинча, гоҳ у, гоҳ бу важни рўкач қилиб, харидорни лақиллатиб юраверади. Шу тариқа А. Узо­қов беш ойгача – 2020 йилнинг март ойига қадар ҳам пулларини қайтариб ололмайди. Фақатгина 2020 йил 1 март куни Дониёр ундан темир қувурлар етказиб бериш учун 49 000 АҚШ доллари олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беради, холос. Бироқ шундан кейин ҳам олган пулларини қайтармайди.

 

Буни қарангки, Д. Кабиров 2019 йилнинг 10 ноябрь куни фуқаро Санжар Нурматовни ҳам чув туширган экан. Яъни, Санжарга ҳам арзон нархда, сифатли темир қувурларни бир ой муддатда келтириб беришни ваъда қилади фирибгар. Шу мақсадда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасидаги 17-уйнинг олдида унинг укаси Санъат Нурматовдан 25 000 АҚШ долларини олади. Аммо худди А. Узоқов сингари С. Нурматовни ҳам лақиллатиб юраверади. Қачонки, пулини қайтаришни талаб қилавергандан кейингина – 2020 йил 19 март куни чиндан ҳам Санъат Нурматовдан шунча миқдорда пул олганлигини тасдиқлаб, тилхат ёзиб беради. Берган ваъдаси эса ваъдалигича қолиб кетаверади.

 

Шундан кейин иккала жабр­ланувчи ҳам туман ИИБга ариза билан мурожаат қилишади. Натижада тилга олинган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Д. Кабировни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

 

Агар юқоридаги жиноят омилига назар ташласак, бунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан жиддий чора-тадбирлар кўриш, яъни масалага дахлдор шахсларнинг масъулиятини, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш лозимлиги аён бўлади. Қолаверса, Дониёр Кабиров сингари фирибгарларнинг тузоғига илинмаслик учун “Сув кўрмай этик ечма!” қабилида иш тутиш зарур. Айни ҳолатда жабрланувчилар фирибгар билан аввалдан таниш бўлганлари боис унга ишонишган. Аммо доно халқимизнинг “Ишонган тоғда кийик ётмас” деган нақлини ҳам унутмаслик лозим.

 

 Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман

судининг судьяси

ОДАМ САВДОСИ ОРҚАЛИ ПУЛ ТОПМОҚЧИ БЎЛГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Оналик мақомига эришган, кези келганда турмушнинг паст-баландини кўрган айрим нозик ҳилқат вакиллари одам савдоси жиноятини содир қилаётгани ачинарли ҳол. 30 ёшли аёл ҳам Яшнобод туманида ўтказилган тезкор-тадбир давомида қўлга олинди. Боиси у ўзини бошқа исм билан таништириб, ғаразли ва паст ниятларда бир аёлдан шаҳвоний ниятларда фойдаланишни мақсад қилган. Бироқ…

 

Судда судланувчи тариқасида сўроқ қилинган аёл эълон қилинган айбга тўлиқ иқрорлик билдирди. Гап шундаки, судланувчи жабрланувчи аёлни харидор танишига 1 000 000 сўм эвазига сотишга келишади. Судланувчининг сўзларига кўра, харидор аёлни 2021 йилдан буён танир экан.

– 2022 йил бошида Яшнобод туманида жойлашган бозор кўпригининг остида бегона аёл турганини кўрдим. Ташқи кўринишидан бир аҳволда эди. Олдига бориб, у билан танишдим.

 

Вилоятда истиқомат қилиши, шароити оғир экани, ишлаб пул топмоқчи эканини билдим. Сўнг уни уйимга олиб кетдим. Ундан нима иш билан шуғулланишини сўраганимда, фоҳишалик билан шуғулланишини айтди. Дарҳол танишимга қўнғироқ қилиб, фоҳишалик билан шуғулланадиган аёл борлигини маълум қилдим. Танишим унинг қандай ҳужжати борлигини сўради. Шунда аёлнинг ёнида ФҲДЁ томонидан берилган маълумотнома борлигини билдик.

 

Харидор танишим бу аёл учун менга 1 000 000 сўм беришини айтди. У билан Яшнобод туманида учрашиб олишга келишдик. Бу орада шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб, дўстининг автомашинасида танишимнинг олдига олиб боришини сўрадим. Сўнг аёлдан тилхат ёзиб беришини сўрасам, “яхши ёзолмайман”, деди. Шу боис унинг номидан “ўз хоҳишим билан ишлаш учун келдим”, деган мазмунда тилхат ёзиб бердим ва у имзо қўйиб берди. Тилхатни ўзимда олиб қолдим. Бироз вақт ўтиб, танишим билан белгиланган манзилда учрашдик. Танишим менга айтилган миқдордаги пулни берди, – дейди судланувчи.

Судланувчи жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини танишига бериб, келишган миқдордаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Судланувчи фуқаролик кийимидаги ИИО ходимларига “танишимдан олган пулим унинг қарзи эди. Анча вақт олдин танишим мендан 1 млн. сўм қарз олганди. Бирор бир аёлни сотиш мақсадим бўлмаган”, дея аввалига ёлғон гапирган. Айбига иқрор бўлгач эса, қилган ишидан пушаймонлиги, жиноят содир этиш йўлига қайтиб кирмаслигини билдирган.  

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Манфаатдор тарафларга етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

           

Анвар ИКРОМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яшнобод туман суди судьяси

НОМИДА ҲЕЧ НИМА БЎЛМАСА, ҚАРЗ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?

— Ажрашганман. Суд икки нафар болага алимент тайинлаган. Бироқ собиқ эрим ижродан талаб қилмагунимча, алимент бермайди. Ҳозир 9 млн. сўм қарзи бор. Ижрочиларга «Пули бўлмаса, мол-мулкидан ундириб беринглар», десам, ёзма равишда номида ҳеч қандай мол-мулк йўқлиги ҳақида жавоб хати келди. Билишимча, номида машинаси бор эди. Агар ростдан ҳам номида ҳеч нима бўлмаса, қарз қандай ундирилади? Ундирса бўладими ўзи?

Исми сир тутилди

Абдуқодир РАЖАБОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

— Амалдаги Оила кодексининг 139-моддасига кўра, алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади. Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, тижорат ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга шартнома асосида ўтказилган пул маблағидан ундирилади, мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.


Ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобварақларидаги пул маблағига ва унинг бошқа мол-мулкига қонунчиликда белгиланган тартибда қаратилади.


Алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишув ёки ижро варақаси асосида ўтган даврдаги алимент қарзи ижро варақаси ёки алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент ундириш учун тақдим қилингунга қадар ўтган уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун ундирилади.


Кодекснинг мазкур талабига кўра, алимент қарздорлиги қарздорнинг бошқа мол-мулкига қаралиши мумкин. Бунда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 47-моддасига мурожаат қилинади. Унга кўра, ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва мажбурий реализация қилишдан иборатдир.


Мазкур модданинг 8-бандида қарздор ундирув биринчи навбатда қаратилиши лозим бўлган мол-мулк турлари ёки ашёларни ўзи кўрсатишга ҳақли.


Қарздор мол-мулкининг у ёки бу турига ундирувни қаратиш навбати давлат ижрочиси томонидан мазкур мол-мулкнинг ликвидлигини инобатга олган ҳолда белгиланади.


Қарздорнинг ундирувчи талабларини қаноатлантириш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, давлат ижрочиси ўз қарори билан қарздор ҳисобварақларининг харажатлар қисмини қарз тўлиқ узилгунига қадар қонунчиликда белгиланган тартибда хатлайди. Банк ёки бошқа кредит ташкилоти қарздорнинг пул маблағларини хатлаш ҳақидаги қарорни дарҳол ижро этади ва давлат ижрочисига қарздорнинг ҳисобварақлари реквизитлари ҳамда ҳар бир ҳисобварақ бўйича хатланган пул маблағлари миқдорини маълум қилади. Айни бир вақтда ундирув қарздорга тегишли бўлган бошқа мол-мулкка қаратилади, ушбу Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно.


Мазкур қонун талабларига кўра, алиментдан қарздорликни ундириш ва ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш борасида тегишли мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочисига мурожаат қилинади ва давлат ижрочиси юқоридаги қонун талаблари асосида ундириш чораларини кўриши мумкин.

«ТОШКЕНТГА КЕЛИБ, ФОҲИШАЛИК ҚИЛИШГА МАЖБУР БЎЛДИМ»: ИИБ ХОДИМИГА ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

“Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, дейишади. Бироқ “қаҳрамони”миз аёл номига доғ туширадиган “хунар” билан қўлга туша туриб, фикр қилиш ва ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига яна бир жиноятга қўл уради…

 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг очиқ суд мажлисида 23 ёшли аёлга нисбатан кўрилган жиноят ишининг иш ҳужжатларига кўра, у Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ биноси олдида Миробод тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ХПБ профилактика инспекторига қонунга хилоф эканлигини била туриб, унга пора таклиф қилади. Гап шундаки, шу куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган “Орият” тадбири давомида аёлнинг фоҳишалик билан шуғулланганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига 200 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Чилонзор туман бўлими ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Суд мажлисида судланувчи айбига иқрор бўлди. Аёлнинг сўзларига кўра, 2021 йилда Тошкент шаҳрига аёллар салонида ишлаш мақсадида келган. Лекин иш топа олмагач, “СПА” салонда ишлаган.

— Бошқа иш топа олмагач, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлдим. Шу иш билан мижоз топиш орқали шуғулланганман. Ўша куни тунги соат 01:00 ларда 4 нафар дугоналарим билан фохишалик билан шуғулланиш учун бир ресторан ёнига бордик. Орадан бир ярим соат ўтгач, “Каптива” русумли автомашинада икки нафар йигит келди. Дугонам билан машинадан ташқарида гаплашишди ва ундан “дам олишга қизлар борми?” деб сўрашди. Йигитлар ҳаммамизни биз ўтирган машинадан тушишимизни сўради. Мен ва яна машинада бўлган уч нафар дугонам машинадан тушдик. Йигитлар бизни кўрганидан сўнг, дугонам билан савдолашишди. Дугонам “хизмат” хақи 800 000 сўм бўлишини айтди, йигитлар рози бўлишди. Шу пайт ёнимизга бир нечта ИИБ ходимлари келиб, ўз хизмат гувохномаларини кўрсатишди. “Орият тадбири” ўтказилаётганлигини айтиб, бизни ва автомашина эгасини Тошкент шаҳар ИИБ ППХ бригадасига олиб боришди, – дейди судланувчи аёл.

Шу ерда профилактика инспектори қизлар билан, шу жумладан судланувчи билан ҳам суҳбатлашиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштиришни айтган. Ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёзиб беришни ҳам сўраган. Шу пайт судланувчи туман ИИБдаги профилактика инспекторини кўриб қолади. Унинг галдаги жиноятни содир қилишига айни шу ҳолати сабаб бўлади.

— У инспектор олдин менга айни шу модда билан маъмурий баённома расмийлаштирганди. Шу сабабли уни таниб қолиб, унга мурожаат қилдим. Унга бўлиб ўтган ҳолатни гапириб бердим ва ёнимдаги бор пулимни беришимни, фақат бу ердан чиқариб беришини сўрадим. Орадан бироз вақт ўтгач, инспектор ёнимга келиб, “гаплашдим, профилактика инспектори эрталаб чиқариб кетади”, деди. Кейин у олдимга келиб, тушунтириш хати ёзиб беришимни, эрталаб чиқариб юборишини айтди. Ёздим ва профилактика инспектори бизга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришни бошлади. Менга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслигини, ишни судга оширмасликни илтимос қилдим. “Нима сабаб?”, деб сўради. Ота-онам хаста эканини ва ушбу ҳолат бўйича улар истиқомат қилувчи манзилга бу ҳақда маълумот борса, уларнинг ахволи оғирлашиши мумкинлигини билдирдим. Профилактика инспекторидан қўйиб юборишини сўраганимда, “Ҳужжат расмийлаштирмасдан чиқариб юборсам, қанча бера оласиз?” деб сўради. Ёнимда 200 АҚШ доллари борлигини айтдим, рози бўлди. Кейинроқ гаплашишни айтиб, чиқиб кетди. Орадан бироз вақт ўтиб, биз сақланаётган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадасининг биносига профилактика инспектори кириб келди ва ҳамкасбидан мени чиқариб юборишини сўради, улар пул олди-бердиси ҳақида гаплашиб қолишди. Хуллас, инспектор аввал пул берилмаса чиқармаслигини билдирди. Чўнтагига 200 АҚШ долларини солганимдан сўнг, мени ва инспекторнинг ёнига нотаниш бўлган бир гуруҳ шахслар видео камера ёққан ҳолда келишди. Ўз хизмат гувохномаларини кўрсатишиб, ўзларини ИЖҚК Департаментнинг Чилонзор туман бўлими ходимлари ва ИИБ ходимлари билан биргаликда тезкор тадбир ўтказилаётганлигини айтишди. Мендан нима сабабдан профилактика инспекторига 200 АҚШ долларини берганимни сўрашди. Маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва ишни судга оширмаслик, қўйиб юборишлари учун пул берганимни айтдим… – дейди қилган ишидан пушаймонлигини қўшиб ўтган судланувчи.

Судланувчи айбига иқрор бўлган бўлса-да унинг айби, далиллар билан ҳам исботланди.

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ…

Судланувчи Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва  13 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

 

Жаъфар КУРБАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси

Skip to content