Қидирув:

«ЭРИМ ХОРИЖГА КЕТГАН, ОТАСИ ЭСА…»

— Фарзандларим билан икки хонали квартирада яшаймиз. Қайнотам кунора келиб, жанжал қилади. «Уй меники! Чиқиб кетларинг», дейди. Уй рўйхатига киритилмаганимизни пеш қилиб, ҳайдайди. Эрим шартнома асосида хорижда ишлайди. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқларим бор?

Исми сир тутилди.

Зулфия Бердимуратова, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Уй-жой кодекси 32-моддасининг 1-2-қисмларига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.

 

Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.

 

Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, Сиз фарзандларингиз билан қайнотангизга тегишли хонадонда яшаётган бўлсангиз, хонадонга келган вақтда қайнотангизнинг розилиги билан кирган бўлсангиз, унинг ўзига тегишли хонадонда Сизларнинг яшашингизга қаршилик қилмаган бўлса, хонадонга кўчиб келган пайтда у билан ўртангизда ёзма равишда бошқа келишув бўлмаган бўлса ушбу хонадондан фойдаланиш ҳуқуқингиз шаклланган бўлади.


Шунингдек, яшаётган хонадоннинг рўйхатига киритилмаганлигингиз, Сизни ва фарзандларингизни мазкур уйдан чиқаришга асос бўлмайди.

ҲАДЯ ҚИЛИНГАН УЙДАН АКА ВА РАФИҚАСИНИ “ПРОПИСКА”ДАН ЧИҚАРИБ ЮБОРСА БЎЛАДИМИ?

— Онамдан 3 хонали квартира менга ҳадя бўлиб ўтган. Уй менинг номимда, лекин акам ҳам оиласи билан шу квартирада рўйхатдан ўтишган. Акам бир ярим йилдан буён хотини билан бирга яшамаяпти. Аммо расман ажрашишмаган. Айтингчи, акам ва хотинини пропискадан чиқариб юборсам бўладими?

Исми сир тутилди

 ДОИМИЙ РЎЙХАТГА ОЛИНГАНЛИК ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА БЕКОР ҚИЛИНАДИ?

— Фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлигини бекор қилиш ҳолатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1049-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида низом билан белгиланган.

 

Жумладан, фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлиги қуйидаги ҳолларда МваФРБ томонидан бекор қилинади:

 

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир манзилдан бошқа манзилга доимий рўйхатга олинганда;

 

— мулкдорнинг аризасига кўра — Уй-жой кодексида белгиланган бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидалар асосида доимий рўйхатга олинган фуқаролар;

 

— мулкдор ўзгарганда, унинг аризаси ва уй-жойга эгалик қилишни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида;

 

— суднинг фуқарони уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги қарори асосида;

 

— фуқаро қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетганда;

 

— сохта ҳужжатлар ёки ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар асосида доимий рўйхатга олинганлиги аниқланганда — суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;

 

— умрбод озодликдан маҳрум қилинганда — суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;

 

— вафот этганда — ФҲДЁ органининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси ёки маълумотномаси асосида.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг доимий рўйхатини бекор қилиш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.

 

ТУРАР ЖОЙ ҚАНЧА МУДДАТ САҚЛАНИБ ТУРАДИ?

— Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

 

Шунингдек ушбу модданинг иккинчи қисми билан вақтинча бўлмаганида фуқароларнинг турар жойи олти ойдан ортиқ муддатга сақланиб туриш ҳолатлари белгиланган.

 

Мазкур Кодекснинг 54-моддасига асосан фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаганлари оқибатида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилади.

 

Юқоридагиларга кўра, сизда тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига шахсни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.

 

Анвар ЁРИЕВ,

Тошкент шаҳар судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси

«ИШГА ТИКЛАШЛАРИ УЧУН 10 ОЙДАН БЕРИ САРСОНМАН»

— Бир ярим йил туманимиз поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлаб, «декрет»га чиққанман. Мана, 10 ойдирки, ишга тиклашларини сўраб учрашмаган одамим қолмади. Бош шифокор бўлим мудирига жўнатади, у эса бўш жой йўқлигини айтади, ҳуқуқшунос «бундай масалаларга аралашмайман», дейди. Ўз иш ўрнимга қайтолмайманми?

Исми сир тутилди

Аббос Сайдахмедов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Конституциянинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

 

Меҳнат кодексининг 234-моддаси 5-қисмида болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади, деб белгиланган.

 

Юқорида баён қилинганларга асосан, иш берувчи бола парвариши таътилидан қайтгандан сўнг ходимга аввалги эгаллаб турган лавозими ёки шунга тенглаштирилган лавозимни бериши шарт.

 

Бундай холатда Сиз ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз Меҳнат низолари бўйича комисссияга ёки судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

ФЕРМЕРДА НИМА БОР, ФЕРМЕРДА НИМА ЙЎҚ – БИЗДА ТАКЛИФ БОР…

СУД МАЖЛИСИ…

«Тўғри, мен фермер хўжалиги ишларини хат-ҳужжат бўйича нотўғри, рисоладагидай қилмагандирман, лекин шу белгиланган намуна шартномаларга ўқиб-ўқимай, тушуниб-тушунмай имзо қўйдим, ҳоким бобонинг топшириқларини бажардим, агрохизматнинг, нефтбазанинг, банкнинг, суғурта ташкилотини айтганини қилдим, шундай бўлсада, режадаги ҳосилни минг азобда етиштирдим ёки буларнинг айби билан – суғурта ҳодисаси бўлди ё банк кредитни вақтида бермади ёхуд ёқилғи вақтида берилмади, ўғитнику гапирманг, шартномада кўрсатилган ўғитнинг ярмини ҳам олганим йўқ, «ведомост»га тўлиқ олдим, деб имзо қўйганман, менга берилган ерни мана шунча қисми аллақачон бошқага ўтиб кетган, шунинг учун белгиланган ҳосилни етиштира олмадим.

 

Кадастрга бордим, Кластерга бордим, ҳокимга бордим, қуруқ гап, натижа йўқ… Судга бердим, беришди (фермер даъвогар бўлса, бошқа ташкилотларни судга берган, фермер жавобгар бўлса, уни бошқа ташкилотлар судга беришган).

 

Қози бобо, мана, суғурта билан судлашяпман, ҳамма яхши билади, бирор марта суғурта ўз ихтиёрий билан суғурта товонини тўлаб берганми? Тўламайди, шартномада ундай жойи бор, бундай жойи бор, имзолагансиз, дейди. Имзолаган бўлсам, майли, лекин суғурта ҳодисаси бўлдими, экинларимни шамол учириб кетдими, нобуд қилдими, яна нима керак суғурта ҳодисаси бўлиши учун? «Далолатнома», дейди, «бало», дейди, ҳамма билган ҳодиса, шамол нафақат экинларни, балки, шу ҳудуддаги аҳоли уйининг томларини ҳам учириб кетдику, шу ҳолатда ҳам далолатнома тузмаганим, хулоса олмаганим, суғурта оладиганлар рўйхатида бўлмаганим менинг айбимми?..

 

«Томчилатиб суғор», дейди. Мажбурлаб кредит шартнома қилдирди, тендерда ютган бир ташкилот томчилатиб суғориш учун зарур ускуналарни олиб келиб ташлади, мен энди кредит тўлашим керак. Ахир томчилатиб суғорадиган ускунани ишлатмадимку, ускуналарни улаш учун сув манбаи ҳам йўқку, буни ким эътиборга олади.

 

«Шартнома туз, бўлмаса, ерни топшир», деди, шартнома туздим, томчилатиб суғоришни йўлга қўйганимда ҳам алам қилмасди, буни йўлга қўйиш мени қўлимдамаску, сув манбаига улаб беришмаяпти, сув йўқ, демак, шартномани мен бузмаганман, нима учун мен кредит тўлашим керак?

 

Қози бобо, мен тушунмадим, шартномага имзо қўйган бўлсам, вояга етган бўлсам, юқорида айтганимдай, «хат-ҳужжат»га нўноқ бўлсам, бу қоғоз ишини тўғри қилмаган бўлсам, кредит ол, кредитга кафил бўл, дейишди, кредит олдим, кафил бўлдим, лекин бировни пулини емадим, ҳалол ишлаб оила боқяпман, ҳамқишлоқларни иш билан таъминлаганман, сайёр суд қилиб кўринглар, ҳақиқатан ҳам совуқни-совуқ, иссиқни-иссиқ, демай ишлаганман, «катталар» нима деса хўп деганман, йўқ демаганман, ҳомийлик ҳам қилганман керак бўлса, лекин зарарни ҳам мен тўлайми, дардимни суд бўлиб сизлар эшитмасангиз, ким эшитади?

 

Адолат, дегани мени шу шартномаларга имзо қўйганим, қонунни билмаганим, кимнингдир айтганини қилганим, топшириқни бажарганимга қараб қолмагандир. Мен ҳақман, билиб турибсизлар, суд сизлар, адолатни тиклаб беринглар, деб келдим».

 

Суд мажлиси залларидаги мана шу каби сўзларни бевосита ўзи ёки бевосита бўлмаса ҳам таниш-билишларидан бўлсада, эшитганлар борми? Бор албатта…

 

40 304 ТА НИЗО…

Статистик маълумотларга кўра, юртимизда 91 832 нафар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 5309, Андижон вилоятида 8 104, Бухоро вилоятида 5 468, Жиззах вилоятида 8054, Қашқадарё вилоятида 13 046, Навоий вилоятида 2 025, Наманган вилоятида 7 005, Самарқанд вилоятида 11740, Сурхондарё вилоятида 6231, Сирдарё вилоятида 3 379, Тошкент вилоятида 6 722, Фарғона вилоятида 10481, Хоразм вилоятида 4 268 та фермер хўжаликлари фаолият юритади.

 

Жорий йилнинг 9 ойи давомида республика иқтисодий судлар томонидан фермер хўжаликлари иштирокида 40 304 та низо кўриб чиқилган.

 

Демак, 9 ойда деярли ҳар икки фермернинг бирида иқтисодий низо бор, йил охиригача ва йил якуни сарҳисобидан сўнг бу кўрсаткич янада ортиши тайин.

 

Эътиборлиси эса ушбу низоларнинг 36 524 тасида фермер хўжаликлар жавобгар, 3780 тасида фермер хўжаликлар даъвогар сифатида иштирок этган.

 

Фермер хўжаликларига нисбатан берилган даъволарнинг 32 573 (89%) таси қаноатлантирилган. Судга мурожаат қилган фермер хўжаликларининг эса 2 965 (78%) та даъвоси қаноатлантирилган.

 

Судлар томонидан 9 ойда 40 304 та низода фермер хўжаликларидан даъвогарлар фойдасига бир триллион сўм атрофидаги маблағ ундирилиши белгиланган.

 

Айтиш лозимки, Тошкент шаҳрида фермер хўжаликлари йўқ, Тошкент туманлараро судида ҳам фермер хўжаликлари иштирокида низо кўриладими, деган ҳақли савол ҳам бўлиши мумкин.

 

Гап шундаки, банк, суғурта ва маҳсулот етказиб берувчи, маҳсулотни қабул қилувчи тарафлар ёки улардан бири Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган ёки улар ўртасидаги шартномаларда низо Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўрилиши белгиланган шартномалар ҳам афсуски кўп. Шу боис Тошкент шаҳрида ҳам фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги низолар кўриб чиқилади.

 

ТАҲЛИЛ

Энди  фермер хўжаликлари иштирокидаги низоларни таҳлил этиб, асосий масалага қайтсак, яъни фермерда «нима» бор, фермерда «нима» йўқ, бизда таклиф бор…

 

Шу ўринда Имом Ғаззолий ҳазратларининг қуйидаги ибратли сўзларини ёдга олиш мақсадга мувофиқ. Яъни «Фикр билдирганда, мунозарага киришганда, менимча, менинг фикримча», деб бошланг.

 

Албатта, менинг шахсий таҳлилларимга кўра, фермерда нима бор?

 

Фермерда «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ер, Фуқаролик каби Ўзбекистон Республикаси кодекслари ва бошқа қонунлар бор;

 

Фермерда улар фаолиятига тўғридан-тўғри дахлдор, лекин доим ўзгариб турадиган, фермерлардан сўраб-сўралмай қабул қилинаверадиган қонуности ҳужжатлар ва турли дастурлар бор;

 

Фермерда намуна шартномалари, улар манфаатини тўла ифодаламайдиган контратакция, кредит, лизинг, суғурта шартномалари, шунингдек, нархи фермердан сўраб ўтирилмайдиган ўғит, ёқилғи, уруғлик, суғориш ускуналарига оид ва бошқа шартномалар бор;

 

Фермерда айрим мажбурий ихтиёрий кредит ва суғурта шартномалари бор;

 

Фермерда ҳокимлик бор, уларга ёрдам берадиган ё улар ишига аралашиб, шартномавий эркинлигини бузадиган ёки йиғим-терим пайти фермерларга топшириқ берадиган, ерни топширишга ариза ёздириб оладиган;

 

Фермерда қози бор, шартноманинг бир томонини имзолаган ҳокимни ё бошқа бир мутасаддини бирор марта судга келтирмаган;

 

Шу билан бирга, «фермерда отни калласи»дек кредит бор, шунга яраша кредитни ёпмай туриб, тўй қилиб, минг кишига ош берадиган, фарзандини оширилган контрактда ўқитадиган масъулият бор;

 

Алқисса, фермерда тоза юрак, самимий муносабат, машаққатли меҳнат бор, асосийси, кўп ҳосил оламан, озиқ-овқатни кўпайтираман, иш ўрнини ошираман, ҳоким бобонинг кўнглига йўл топаман, ерни ўзимда сақлаб қоламан, халқнинг турмушини яхшилайман, юрт равнақига ҳисса қўшаман, деган эзгу ният, аниқ мақсад бор.

ФЕРМЕРДА НИМА ЙЎҚ?

Фермер шартномаларида тўла тенг ҳуқуқлийлик, эркинлик йўқ, рақобат йўқ, шартномада фермерга ҳуқуқдан кўра, мажбурият ва шарт кўп;

 

Фермерда шундай бир суғурта ташкилоти йўқ: мард бўлиб, суғурта товонини ортиқча оворагарчиликсиз тўласа;

 

Фермерда шундай бир кафолат йўқ, у олдиндан белгиланган ва томчилатиб суғориш ускуналарини етказиб берувчи ҳамда тендерда ютган ташкилот ва банк билан уч томонлама кредит келишувини имзолаб, аслида уланиш учун сув манбаи аниқ бўлмаган ускуналар учун кредит тўламаса;

 

Фермерда ҳоким йўқ, унга топшириқ бермайдиган, уни мажлисларга чақирмайдиган, ваколати бўлмаса-да, маъмурий йўл билан унинг шартномаларини йиғилишларда муҳокама қилмайдиган;

 

Фермерда унинг фаолиятига оид қонунларда шундай бир қатъий норма йўқ – фермер фаолиятига аралашган раҳбар ва масъулларни тўғридан-тўғри жазолайдиган;

 

Фермерда қози йўқ, фақатгина қонунни қўллаш билангина чекланиб қолмайдиган, айбдорларни жазолаш чораларини кўрадиган;

 

Фермерда шундай бир катта институт йўқки, унинг фаолиятини ипидан-игнасигача, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, сиёсий жиҳатдан илмий асослантирилган тарзда таҳлил этадиган, профессионал тарзда мониторинг ва албатта натижа қиладиган.

 

ТАКЛИФ

Биласизми, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасида иқтисодий суд ишларини юритишнинг 3 та вазифаси белгиланган.

 

Аммо, яна бир муҳим вазифа ва мақсад борки, бу аввало, арбитраж, хўжалик судлари, ундан кейин иқтисодий судларни ташкил этилишидаги кўзланган асосий мақсад – жамиятда иқтисодий низоларни ечиш, ҳал этиш билан бирга, ана шу низоларни юзага келишидаги омилларни бартараф этиш, иқтисодиёт ривожига, хусусий мулк, тадбиркорликнинг тараққийсига тўсиқ бўлаётган, пировардида давлат иқтисодий тараққиётига салбий таъсир этаётган ғов-тўсиқларни бартараф этишдир.

 

Шундай экан, нафақат фермер хўжаликлари ўртасидаги низоларни, балки ҳар бир тоифа низоларни судларда назарий, илмий-таҳлилий, амалий-илмий таҳлилий жиҳатдан умумлаштириш ва тайёрланган умумлашмани Олий суд Пленуми муҳокамасига киритиш ҳамда унинг натижаси ўлароқ умумлашмани норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳолатига келтириб, ушбу ҳужжат билан ҳукумат ва бошқа ташкилотларни ҳисоблашадиган янги тизим институтини шакллантириш мақсадга мувофиқ.

 

Чунки низо келиб чиқиш сабаби, бунга таъсир этувчи омилларни, уларни бартараф этиш чораларини ҳам, улар юзасида тавсияларни ҳам албатта суд билади.

 

Демак, икки таклиф, бири – Судьялар мактаби фаолиятини такомиллаштириш замирида «Суд тадқиқот институти»ни қайтариш мақсадга мувофиқ.

 

Иккинчиси, суд умумлашмаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжат мақомини бериш орқали, иқтисодий низолар ва уларни юзага келтираётган омилларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тавсиялар бериш ҳамда қонунларга тузатишлар киритиш масаласида ҳукумат ва парламентга ахборот киритишни «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон республикаси қонунида мустаҳкамлаб қўйишдан иборат.

 

Албатта, юқоридагилар фикрлардан фермерлар фаолияти соҳаси фақатгина муаммолардан иборат, экан деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим.

 

Негаки, бу соҳада амалга оширилган тизимли ва кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, ДХ, фермер хўжалигини шакллантириш, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш, моддий-техник база, давлат кўмаги, давлат кафолати, кооперацияларини ташкил этиш, кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, кўп тармоқли фермерлар синфини шакллантириш, уларни озиқ-овқат маҳсулотларини яратувчи улкан кучга айланишигача бўлган даврдаги ислоҳотлардан ҳар биримиз боҳабармиз. 

 

Бу ислоҳотлар ва уларнинг натижаси бўлган ютуқларимиз ўзимизники, уларни инкор этиб бўлмайди, лекин мавзу доирасидаги масаланинг моҳияти – фермерлар фаолиятида юзага келаётган ва судларда кўрилаётган низоларнинг олдини олиш, ҳал этиш, ечимининг самарали, тизимли механизмларини ҳаётга татбиқ этиш орқали, иқтисодиёт ривожланишига таъсир этувчи омилларни бартараф қилиш борасида, холос.

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

“ПРОЦЕССУАЛ ҲУҚУҚЛАРИМИЗДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШИМИЗ МУМКИН?”

— Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий иш бўйича бизнинг корхонага нисбатан қарздорликни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинган. Иқтисодий процессуал кодексида ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти билан суд ҳужжати қабул қилингандан кундан бир ой ичида берилиши, муддати ҳам суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг бир ой ичида тиклаб берилиши қатъий белгиланган. Бироқ суд жараёни тўғрисида бизнинг хабаримиз бўлмаган ва ҳал қилув қарори тўғрисида мажбурий ижро бюроси орқали хабар топганмиз. Бу ҳолатда процессуал ҳуқуқларимиздан қандай фойдаланишимиз мумкин?

Исми сир тутилди

Мухиддин СУЛТОНОВ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раис ўринбосари:

 

— Маълумки, суд ҳужжатларини апелляция тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.

 

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция инстанцияси судида қайта кўриш ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судининг хатоларини бартараф этиш имконини беради.

 

Бироқ, айрим ҳолларда тарафлар ўзларининг ҳуқуқларидан тўлақонли равишда фойдалана олмаслиги ёки Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)да суд ҳужжати устидан шикоят қилишнинг белгиланган тартиб ва қоидаларига риоя этмаслиги натижасида суд ҳужжати устидан шикоят қилиш имкони йўқотилаётганлиги ҳолатлари ҳам учраб туради.

 

Хусусан, ИПКнинг 262-моддасида агар қонун ҳужжатларида бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкинлиги, апелляция шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, ушбу ҳуқуқ нормасида белгиланган бир ойлик ҳамда икки ойлик муддатлар муҳим аҳамият касб этади.

 

Яъни, умумий қоидага кўра, биринчи инстанция судида даъвогар, жавобгар ёки учинчи шахс сифатида иштирок этган шахс суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда, ҳал қилув қарори қабул қилинган вақтдан бошлаб, бир ой ичида апелляция шикояти билан мурожаат қилиши мумкин. Агар ушбу бир ойлик муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, апелляция шикоятига ушбу бир ойлик муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома илова қилиши лозим. Ушбу илтимоснома ҳам ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб, энг кўпи билан икки ой ичида берилган бўлиши керак. Икки ойлик муддат ўтказиб юборилган тақдирда эса аризачининг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномаси рад этилиб, апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилади.

 

Юқорида қайд этилган ҳолат биринчи инстанция судининг суд мажлисида бевосита иштирок этган ёки суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор бўла туриб, судда иштирок этмаган шахсларга таалуқли.

 

ИПК 262-моддасининг олтинчи қисмига кўра, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция шикоятини бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.

 

Яъни, қабул қилинган ҳал қилув қарори бирон-бир шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса-ю, у биринчи инстанция суди томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бўлса, ёки иш ишда иштирок этишга жалб қилинган, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган шахснинг йўқлигида кўриб чиқилган бўлса, бундай шахслар ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ўзларига маълум бўлган кундан бошлаб бир ой ичида апелляция шикояти билан мурожаат қилишлари ёки ушбу бир ойлик муддат узрли сабаб билан ўтказиб юборилган бўлса, ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ўзларига маълум бўлган кундан бошлаб энг кўпи билан икки ой ичида ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бирга шикоят келтиришлари мумкин.

 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам судга шикоят билан ўз вақтида мурожаат қилишга объектив равишда тўсқинлик қилган ҳолатлар узрли сабаблар деб ҳисобланиши мумкин. Шунинг учун ўтказиб юборилган шикоят қилиш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномада шикоятни берган шахс томонидан ҳавола этаётган муддатнинг ўтказиб юборилиши сабаблари кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим. Илтимоснома шикоят матнида ёки алоҳида аризада баён этилиши мумкин ва шикоят билан бир вақтда берилиши лозим.

БОЗОРДАГИ ЎҒРИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилган Шабаева Сакина (исм шарифлар шартли) жорий йил баҳорида, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ-2 мавзесида жойлашган “Ширин” бозоридаги дўконларнинг бирида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, столнинг тортмасида бўлган жабрланувчи Холида Ахадованинг аёллар сумкасидан нархи 30.000 сўмлик 1 GB ҳажмли, нархи 50.000 сўмлик 4 GB ҳажмли, нархи 80.000 сўмлик 8 GB ҳажмли ва нархи 120.000 сўмлик 64 GB ҳажмли жами 4 дона флеш-карталарни, шунингдек, 200 АҚШ доллари, 500.000 сўм пулни, 2 дона “Ипотека” ва “Алоқабанк” томонидан очилган пластик карталарни ҳамда нархи 30.000 сўмлик аёллар ҳамёнини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. Мазкур жиноий ҳаракатлари билан жабрланувчи Х.Ахадовага жами 2.978.022 сўм моддий зарар етказган.

 

Сакина ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, такроран ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2022 йил 26 март куни “Ширин” бозорининг
дўконларнинг бирида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, столнинг устида бўлган жабрланувчи И.Жониеванинг аёллар сумкасидан нархи 3.500.000 сўмлик 1 дона “POCO X3 Pro” телефон аппаратини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

 

Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячининг фикрини, судланувчи Н.Спатаеванинг кўрсатувини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Суд жараёнида С. Шабаеванинг жиноят содир этганликдаги айби, унинг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тарафларнинг розилиги билан дастлабки терговдаги кўрсатуви ўқиб эшиттирилган гувоҳларнинг кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фото-жадвал, нарсани олиб қўйиш, кўздан кечириш ва таниб олиш учун кўрсатиш ҳақидаги баённомалари ҳамда уларга илова қилинган фото-жадваллар, юзлаштириш баённомалари, видео-ёзувларни кўздан кечириш баённомаси, нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан исботланди.

 

Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, судланувчига нисбатан қонун санкциясида белгиланган жазони тайинлади.

 

Санжар АБДУГАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича 

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

ТОШКЕНТДА ФУҚАРО ШИШАДОШИНИ КАЛТАКЛАБ, ПУЛЛАРИНИ ОЛИБ ҚЎЙДИ

Нодир (исм-шарифлар ўзгартирилган) судда ўз айбига қисман иқрор бўлди. Ўша куни маст ҳолатда бўлгани, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Регистон” тўйхонаси яқинидаги спиртли ичимликлар сотиладиган дўконда Ш. Тўхтасинов билан танишганлигини айтди. Нодир спиртли ичимликлар дўконида танишган янги шишадоши билан гаплашиб қолишганини, ичкиликнинг пулини тўлаётган Шокирнинг пули кўплигини кўриб қолганини, пулни қўлга киритиш мақсадида автобус бекатининг орқа томонига ўтиб, пайт пойлаганини тан олди.

 

Воқеа тезда содир бўлди. Нодир пулни қўлга киритишни ўйлаб, боягина ўзига шишадошлик қилган Шокирнинг юзига, қорин қисмига бир неча маротаба мушти билан уриб, унга енгил даражадаги тан жароҳати етказди. Мушт зарбидан ҳали ўзига келмаган Шокирнинг чўнтагига қўл солиб, 1 миллион 500 минг сўм пулни, бир дона 500 минг сўмлик “Samsung dous” русумли телефон аппаратини ва банк пластик картасини эгаллаб, воқеа жойидан яширинди… Судланувчи қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришини сўради. Суд мажлисида жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди.

 

Жабрланувчи Шокир спиртли ичимликнинг пулини тўлаш учун дўкон сотувчисига пул берганини, пулни тўлаб, дўкондан чиққанида бўлган воқеани эсга олди. Нодир ҳеч бир сабабсиз унга бир неча маротаба мушт туширгач, йиқилганлигини, маст ҳолатдаги Нодир эса унинг қорин қисмига тепганлигини, чўнтагига қўл солиб, пулини, қўл телефонини, пластик картасини олиб, қочиб кетганлигини айтди.

 

Шундан кейин у ИИБ ходимларига ариза билан мурожаат қилганлиги, дастлабки терговда телефон аппарати билан пластик картаси қайтарилганлиги, лекин пулини қайтариб ололмаганлигини айтиб, кўрсатма берди. Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Шокир енгил даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланди. Суд судланувчининг жиноий ҳаракатларига баҳо бериб дастлабки тергов органи томонидан унинг талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш, соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб содир этилишида ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 166-моддаси иккинчи қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.

 

Суд ҳукмига кўра, Н. Азизовга узил-кесил 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бир неча маротаба судланиб ҳам, қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган Нодир энди жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Мирзиёд АБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича

Олмазор туман суди судьяси

«ТАЪТИЛДАГИ ХОДИМ ИШГА ҚАЙТСА, МЕН НИМА ҚИЛАМАН?»

— Корхонада молия бўлимида ишлайман. Мендан олдин ходим бола парваришлаш таътилида эди (ариза асосида). Ҳозир фарзанди 1,5 ёш бўлган. Яқинда ишхонага келиб, «Ишга чиқмоқчиман, жойимни бўшатиб қўйинг», деди. Фарзанди 2 ёшга тўлгунича ишлаб туришга ҳақим йўқми? Ахир ариза ёзган-ку?

Исми сир тутилди.

Беҳзод Сагатов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси:

 

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилиниши белгиланган.

 

Мазкур ҳолатда, туғруқ таътилида бўлган аёл муддатидан илгари ҳам ишга чиқиш мумкин. Унинг ўрнига вақтинчалик олинган ходим ўрнини бўшатиб бериши шарт.

МАШИНА БУЗИЛИБ ҚОЛСА ҲАМ ЖАРИМА ТЎЛАНАДИМИ?

— Бозор ҳудуди олдида машинам бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолдим. Шу вақтда машина тўхташ мумкин бўлмаган жойда тўхтаганлигим сабабли менга нисбатан ЙХХБ томонидан катта миқдорда жарима келди. Ахир мен машина бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолгандим. Ушбу вазиятда судга мурожаат қилишим мумкинми?

Исми сир тутилди

Ҳамиджон ШАМШИЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

 

— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан қабул қилинган амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича мажбурий тўхташ – техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракати охирги зарур чора бўлиб, қоидабузарлик деб эътироф этилмайди.

 

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 93-бандига кўра, тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхтаганда, ҳайдовчи транспорт воситасини йўлнинг четига олиб чиқиш ва ушбу жойдан олиб кетишнинг барча чораларини кўриши шарт.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 315-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш тартиби белгиланган бўлиб унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига шикоят берилиши мумкин.

 

Шикоят маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) орқали ёки бевосита шикоят йўлланган судга юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.

 

Ушбу Кодекс 316-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш муддати белгиланган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз ЙХХБ қарори устидан қарорнинг нусхасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида жиноят ишлари бўйича туман судига шикоят беришингиз мумкин. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, шикоят бериш муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишингиз мумкин.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАШ МУМКИНМИ?

— Кичик ўғлим бир неча йил олдин хотини билан ажрашиб, оталик ҳуқуқидан бекор қилинганди. Ҳозирда қилмишидан чин дилдан пушаймон. Фарзандига тарбия беришни хоҳлаяпти. Аммо оталик ҳуқуқи бекор қилингани учун ўғли билан кўриша олмайди. Айтингчи, оталик ҳуқуқини тиклаш мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилинади? Тўловлари борми? 

 ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНАДИ?

— Оила кодексининг 75-моддасига биноан, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

 

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

 

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

Ушбу Кодекснинг 79 ва 80-моддаларига асосан, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

 

— ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

 

— узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

 

— ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

 

— муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;

 

— ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади.

 

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИ ТИКЛАНИШИ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…

— Оила кодексининг 81-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

 

Бундан ташқари, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она фарзанди билан учрашиш ва унинг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.

 

Бундай ҳолатда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ, ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.

 

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.

 

Ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвоси билан бирга болани ота-онага (улардан бирига) қайтариш тўғрисидаги талаби ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

 

ЎН ЁШГА ТЎЛГАН БОЛАНИНГ РОЗИЛИГИ ОЛИНИШИ ЛОЗИМ

— Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир.

 

Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

 

Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

 

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ёки прокурор томонидан бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васийга (ҳомийга) ёки болалар муассасасига нисбатан қўзғатилади.

 

Қонун талабларидан келиб чиқиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (ёки улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига асос бўлган ҳолатлар барҳам топганлигини, ўз хулқ-атвори, турмуш тарзи ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабати ўзгарганлиги тасдиқловчи ҳолатларни кўрсатиб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи тўлаган ҳолда, даъво ишларини юритиш тартибида бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васий (ҳомий)га нисбатан улар яшаб келаётган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки онанинг ота-оналик ҳуқуқи тикланган тақдирда улар фарзанди билан учрашиш ва фарзандининг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш, шунингдек, болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Азиз РАХМОНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

Skip to content