Қидирув:

ЎҒЛИМ РУҲИЙ ХАСТА: УНДАН 50 ФОИЗ МИҚДОРИДА АЛИМЕНТ УНДИРИЛИШИ ТЎҒРИМИ?

— 2009 йил ўғлим руҳий касал деб топилди. Унгача соғлом бўлган. 2007 йил бир қизни келин қилдим. Улар кетма-кет иккита фарзандли бўлишди. 2017 йилгача тинч яшашди. 2020 йил август ойида ажрим бўлди. Келиним алимент ундириш учун судга берди. Суд 18 фоиз алимент ундириш ҳақида қарор чиқарган. Лекин ижрочилар 50 фоиз ундиришяпти. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Жамшид ШАРОПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Мазкур кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

– бир бола учун тўртдан бир қисми;
– икки бола учун учдан бир қисми;
– уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади.

 

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Мазкур ҳолатда сизнинг фарзандингиздан суд қарорига асосан 18 фоиз миқдорида алимент ундириш назарда тутилган бўлиб, мажбурий ижро бюроси томонидан 50 фоиз миқдорида алимент ундирилаётган бўлса, мажбурий ижро бюросининг ҳатти-ҳаракатлари ноқонуний ҳисобланади.

 

Зеро, мажбурий ижро бюроси суд қарорида назарда тутилган миқдордан кўп алимент ундириш ваколатига эга эмас. Бироқ ҳар бир бола учун ундиралаётган алимент миқдори, қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

«УЙНИНГ ҚАРЗИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?»

— Ота-онамдан қолган уй менинг номимда. Ўзим 19 йилдан бери Россияда ишлаб юраман. 2016 йил катта опамни уйга қўйиб кетдим. Жўнаб кетганимдан бир ой ўтар-ўтмас, опам қазо қилиб қолди. Жанозага ҳам келолмадим. Орадан беш йил ўтиб қайтиб келсам, уй тўловлари бўйича қарз 22 млн.га етибди. Уйда опамнинг турмушидан ажрашган ўғли яшаб келаётганди. Қарзни жиянимдан талаб қилай десам, мияси чайқалган, ақлий ривожланишида муаммо бор. Ўзим тўлай десам, ахир бу ерда яшамаганман-ку? Энди уйнинг қарзини ким тўлайди?

Исми сир тутилди

Зулфия НУРАЛИЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Фуқаролик кодексининг 18-моддасига асосан фуқаролар мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари, уни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари мумкин. Ота-онангиздан қолган уй-жой кўчмас мулк бўлганлиги сабабли тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳужжат асосида Сизнинг номингизга расмийлаштирилган бўлса, Сиз мулкдор ҳисобланасиз.

 

Фуқаролик кодексининг 18-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу Кодекснинг 182-моддасида мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари келтирилган бўлиб, мазкур ҳолат бўйича Сизда уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мерос қилиб олиш асосида вужудга келганлигини англаш мумкин.


Сизда уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келиши билан бир қаторда қонун билан белгиланган мажбуриятлар ҳам вужудга келади.


Конституциямизнинг 51-моддасига кўра, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.


Солиқ кодексининг 6-моддасида солиқ солишнинг мажбурийлиги принципи белгиланган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Солиқ кодексининг 13-моддасига кўра солиқ тўловчилар ушбу Кодексга кўра зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган жисмоний шахслар, юридик шахслар ва уларнинг бўлимларидир. Сиз мулкдор сифатида ушбу Кодекснинг 23-моддасида белгиланган солиқларни тўлаб боришингиз шарт.


Беш йил давомида тўланмаган солиқлар бўйича қарздорликни мулк эгаси сифатида тўлашингиз керак бўлади. Чунки, Сизда мулкдор сифатида қонунчиликда белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбурияти вужудга келган, ушбу мажбуриятни ўзга шахсга агар шартномадан ёки қонунда белгиланган ўзга ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса юклатиш мумкин эмас. Юқоридаги келтирилган ҳолат бўйича Сиз ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти бўлиб ҳисобланасиз.

«АЖРАШИШ 800 000 СЎММИ?»

— Жияним хотини билан бирга яшамайди. Бир нафар фарзанди бор. Ҳали қонунан ажрашмасдан туриб, хотини бошқа турмуш қилди, яқинда фарзандли ҳам бўлди. Жиянимни ҳам уйлантирамиз, деб судга ажрашиш учун ариза беришга юборсак, «800 минг сўм харажати бор», дейишибди. Опамнинг оиласи «Темир дафтар»га киритилган, ариза учун шунча пул тўлай олишмайди. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин?

Исми сир тутилди

Ҳилола ЭРГАШЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

— Фуқаролик процессуал кодексининг 133-моддасига асосан суд харажатларини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш,  Давлат божини тўлашни кечиктиришга қонунчиликда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

 

Никохдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза юзасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараварига тенг, яъни ҳозирги кунда 600 000 сўм давлат божи ва 21 000 сўм почта харажати тўланиши лозим. Агар даъвогар судга моддий аҳволи оғирлиги ҳақида маълумот тақдим қилса, даъво ариза топширишда тўланадиган давлат божини кечиктиришни сўраши мумкин. Бу ҳақда даъво ариза билан судга илтимоснома тақдим қилиш зарур.

ЎЗ ОНАСИГА ТИҒ КЎТАРГАН АЁЛ

Холида Боқиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) 70 ёшдан ўтганда жиноятга қўл ураман деб ўйламаганди. Қўшниларининг айтишича зиёли, икки тилни билгувчи, яқинларига меҳрибон аёл эди. Унинг айби шу эдики, вақтида турмуш қурмади. 96 ёшни қаршилаган онаси Салима Саидова йиқилиб операция бўлганидан сўнг, батамом унга боғланиб қолди. Ишларини йиғиштирди, ҳатто ишидан бўшади, фақат қари онасига қарайдиган бўлди. Тўғри, синглиси Раъно Ҳапкимова ҳам унга кўмаклашиб турарди. Юзга яқинлашган она ҳассасиз юролмас, оғриқ азобидан туну кун инграб чиқарди. Бора-бора бу Холидани чарчатди, асаблари тамом бўлди. Бу хонадондаги бақир-чақирларни қўшнилар ҳам билиб бўлишди.

 

Бу орада онасининг хотираси ҳам  кирди – чиқди бўлиб қолди.

 

Касалга қараш ўзимас. Бунинг устига ўзи ҳам 70 ёшдан ошган аёл. “Бу азоблардан ўлиб қутулмасам ёки ўлдириб қутулмасам бўлмас”. Холида Боқиевани миясини шу каби бўлмағур  хаёллар чулғаб олди.

 

Синглиси Р. Ҳакимова овқат олиб келаман деб чиқиб кетган куни  ошхонада турган пичоқни қўлига олди. Кўзига ҳеч нарса кўринмади. Нима бўлса ҳам онасини тинчитишни ўйлади ва ухлаб ётган онасининг кўкрагига бир неча бор санчди. Ҳамма ёқ қип-қизил қонга беланди. Нима қилиб қўйдим? У онасини ўлдириб қўйганлигини англагач, энди ўзини ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ билан чап билаги ва бўйнини ҳамда кўкрак қафасларини кесиб ташлади. Бу орада синглиси уйга келиб қолди. Қараса бунақа аҳвол. “Нима қилиб қўйдинг?” дея опасига бақирди. Тезда ўзини қўлга олиб ўғли ва тез тиббий ёрдамни чақирди.

 

Жабрланувчи шифокорлар томонидан кўрсатилган бир неча кунлик тиббий ёрдамга қарамасдан  вафот этди.

 

Х. Боқиевага Жиноят кодекси 97-моддаси 2 қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилди.

 

Суд мажлисида Х. Боқиеванинг қўшнилари Н. Раҳмонова, Х.Абилова, Т. Артемова ва бошқалар судланувчининг яхши аёл бўлганлиги, турмушга чиқмаса-да ота-онасига қараганлиги, меҳрибонлиги, зиёли эканлиги, кейингии пайтда С. Саидованинг  бақир-чақирларини улар ҳам эшитишганини, унга нисбатан енгил жазо тайинлашни сўрашди. 

 

Х. Боқиеванинг мазкур жиноятни содир этганликдаги айби, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фотожадвал, тушунтириш хатлари, текшириш баённомалари, фотожадваллар… судга оид тиббиёт ва психиатрия экспертиза хулосалари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан ўз исботини топди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида “Айбдорнинг ҳаракатларини Жиноят кодекси 97-моддаси иккинчи қисмининг “в” банди билан квалификация қилишда, ожиз аҳвол, деб жабрланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан (жисмоний нуқсонлари, руҳияти бузилганлиги, жуда ёш ёки кексалиги, қаттиқ оғриқ ёки беҳуш ҳолатда ёхуд уйқуда бўлганлиги..,) ўзини ҳимоя қилишга, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг хусусияти ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолати тушунилиши керак. Бунда айбдор жабрланувчи ожиз аҳволда эканлигини англаган бўлиши шартлиги белгиланган.

 

Судлов ҳайъати, Х. Боқиевага нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда унинг шахсини, кекса ёшда эканлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оғир шахсий оилавий шароитлар оқибатида ва мушкул аҳволда жиноят содир этганлигини Жиноят кодекси 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаганлигини инобатга олишни ва унга нисбатан модда санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, шунингдек, Жиноят кодекси 7-моддаси, яъни инсонпарварлик принципи ва Жиноят кодекси 8-моддаси, яъни одиллик принципларига ва Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февраль кунги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорига асосланиб, жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларни, Х. Боқиевани шахсини, кекса аёллигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, оғир шахсий оилавий шароитлар оқибатида ва мушкул аҳволда жиноят содир этганлигини, жабрланувчи қонуний вакилининг даъвоси йўқлигини ва унга нисбатан энг енгил жазо тайинлаш ҳақидаги баёнотини, шунингдек, судланувчи Х. Боқиеванинг яшаш жойидаги маҳалласи томонидан йиллар давомида оғир турмуш тарзидан ҳамда узоқ вақт асабнинг ёмонлашуви натижасида бу жиноятга қўл уриб қўйганлигини, озодликдан маҳрум қилиш жазосига бардош бера олмаслигини, унинг чексиз ижобий инсоний фазилатларга эгалиги унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб, тақдим этган илтимосномасини инобатга олиб, судланувчини тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган қатъий фикрга келиб, Жиноят кодекси 72-моддасига асосан шартли ҳукм қўллашни лозим топди.

 

Жиноят кодекси 42-моддасида жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши назарда тутилган. Суд, жазо тайинлашда ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, яшаш жойидан ижобий тавсифланган, оғир шахсий оилавий шароитлар оқибатида ва мушкул ахволда жиноят содир этган Х.Боқиевани ахлоқан тузатиш ёки жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш учун унга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони тайинлаш мақсадга мувофиқ ва адолатли бўлмаслиги сабабли унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деб ҳисоблаб, жамиятдан ажратмаган ҳолда шартли ҳукм қўллашни лозим топди.

 

Судда Х. Боқиева айбли деб топилди. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси орқали тайинланган жазо шартлига алмаштирилиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

 

Х. Боқиевага яшаш жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақида унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи ички ишлар идораларига хабар бериш ва 1 ойда икки маротаба келиб, бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш мажбурияти юклатилди, унга синов муддати давомида ҳукм шартларини бузган тақдирда, Жиноят кодекси 72-моддасининг 6 ва 8-бандида кўрсатилган оқибатлар юзага келиши мумкинлиги тушунтирилди. Холида Боқиевага нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинди.

 

Айни пайтда судланувчи Х. Боқиева қонунда белгиланган жазони шартли ўтамоқда.

 

Воқеа тафсилотлари билан танишар экансиз, жуда оғир вазиятга тушасиз. Ким ҳам ўз онасига қўл кўтаради? Уни ўлдириш учун қўлига пичоқ олади? Бунинг жавоби оғир, қонунларку майли,  виждон азоби-чи?  Буниси энг ёмони…

 

Наргиза КАСИМОВА,

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

“АКАМ ҲОВЛИНИ МЕН БИЛАН БЎЛИШМОҚЧИ ЭМАС”: МУАММОНИ НОТАРИУС ҲАЛ ҚИЛАДИМИ?

— Оилада беш фарзандмиз: 2 ўғил, 3 қиз. Отамдан катта ҳовли мерос қолган. Опаларим ва акам ҳовлини мени номимга ўтказишмоқчи, аммо иккинчи акам норози. Бундай вазиятда муаммони нотариус орқали ҳал қилса бўладими?

Исми сир тутилди

Жасурбек МАМАЮСУПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Фарзандлар ўртасида отаси ёки онасидан қолган мерос мулки низо келиб чиқмаса, уларнинг розилиги билан нотариал тартибда расмийлаштирилади.

 

Агарда тарафлар ўртасида у ёки бу мерос мулкига нисбатан низо келиб чиқадиган бўлса, бундай мерос мулки суд тартибида тарафлар иштирокида кўриб чиқилади.


Суд ушбу масалани Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг V-бўлимида кўрсатилган қоидалар бўйича қонуний кўриб чиқади ва мерос мулкини тақсимлаб беради.

ҲАР БИР СУДЬЯНИНГ «ТАНКАСИ» БОР, УНГА «ТОШ ОТИШСА» ҲАМ, СУДЬЯ «ТАНКАСИ»ГА ТАЯНИШИ ЗАРУР

Барчамиз фаолиятини энди бошлаётган ҳар бир судья қасамёд қабул қилиши ва суд биносида Давлат байроғи ҳамда суд мажлиси залларида Давлат герби тасвири жойлаштирилишини яхши биламиз.

 

«Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 7-моддасига кўра, суд биносида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади, суд биносининг олд томонида ва суд мажлислари залида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири жойлаштирилади.

 

Яхши биласизки, Давлат гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

 

Судья ана шу Давлат герби остида Ўзбекистон номидан қарор қабул қилади. Шу маънода Давлат рамзлари ва қасамёд ҳар бир судьянинг «танкаси»дир.

 

Айни шу асосда ҳам биринчи босқич суди судьясининг ҳал қилув қарори, ҳукми Ўзбекистон Республикаси номидан эълон қилинади.

 

Айтиш керакки, суд давлат ҳокимиятининг бир бўғинидир. Ҳар бир судья суд ҳокимиятини амалга оширар экан, одил судловни, адолат ва қонун устуворлигини таъминлай олиши керак.

 

Судья томонидан қарор қабул қилинадиган суд мажлиси залларида давлат герби тасвирининг жойлаштирилиши, бу – судья учун энг аввало жуда катта масъулият ва ўта оғир юкни ҳис этиб туришини ҳамда буни бир лаҳза ҳам ёддан чиқармаслиги шартлигини англатади.

 

Илло, давлат номидан, давлат рамзлари остида иш кўриш ваколатига эга бўлган қози давлат рамзларига хиёнат қилиши, ўта оғир жиноятдир.

 

Шу билан бирга, қози қарор қабул қилишда ҳеч кимдан кўрмаган, манфаатдор бўлмаган, ҳеч бир шахс, ташкилотнинг таъсирига тушмаган ёки кейинги муддатга ўтиш ё ўтмай қолиш ҳолларидан ҳайиқмаган ҳолда, тўғри, адолатли, қонуний қарор қилиши, шу билан бирга, ушбу қарори юқори инстанцияда бекор бўлиш ҳолларида ҳам ўзининг принципиал позицияда қолишини кўзда тутиб, ўзгариб турувчи турли амалиётлар таъсирига берилмасдан, фақат ва фақат адолат, қонун ва юқорида қайд этилган «танкаси»га доим содиқ ҳолда қарор қабул қилавериши лозим.

 

Катта манфаатлар тўқнашса…

Юртимиз аҳолиси 35 000 000 дан ортиқ, олимларнинг фикрича, агар ер юзида 38 000 000 000 одам яшасагина, айнан бир хил фикрлайдиган иккита одам топилиши мумкин экан.

 

Демак, ҳаётга реаллик асосида қаровчи ҳар бир уйғоқ кишига сир эмаски, хоҳлайсизми-йўқми судья ҳақида, суд ҳақида турли қарашлар, фикрлар бўлган ва бўлаверади. Баъзан судда манфаатлар тўқнашиб туради. Катта-катта манфаатлар ҳам тўқнашиб кетади. Пировард эса, атрофда қозига нотўғри қараш, ундан ноўрин ўпкаланиш, «тош отиш» ҳоллари ҳам бўлиб туради. Бундай қарашлар эса, ўз-ўзидан одил судлов-ишончга таъсир этмай қолмайди.

 

Биласизки, аҳоли ишончи юксак куч. Бу куч ҳар қандай давлатни истиқболга, тараққиётга сўзсиз етакловчидир.

 

Демак, бундай ҳолатларда судьяга қанчалик қийин бўлмасин, ҳалол ва виждонан иш кўриши, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга ошириши, судьялик бурчи ва виждони буюрганидек беғараз, холис ва адолатли, очиқ, шаффоф фаолиятдан бир қадам ҳам чекинмаслиги даркор.

 

Беҳбудий ҳазратлари айтганларидек, «Ҳақ олинур, берилмас». Айни мана шу жараёнда одил судловга нисбатан аҳоли ишончини ошириш, давлат ва жамиятдан одамларни рози этиш, олиб борилаётган давлат ислоҳотлари натижасига эришиш, самарасини рўёбга чиқариш судьядан фидойилик, жумардлик, керак бўлса, жонфидолик талаб этади.

 

Зеро, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш осонлик билан ёки баланд парвоз рақамлар асосида ўрнатиладиган жараён эмас.

 

 Бунинг натижаси қачон кўринади?

Агар аҳолининг кўпчилиги бир овоздан «охирги нуқтани суд қўяди, суд борку… судда гаплашамиз», дейишсагина бунинг натижаси кўринади.

 

Гапнинг индаллоси шуки, ҳар қандай ислоҳотлар, у хоҳ суд-ҳуқуқ, хоҳ иқтисодиёт, хоҳ ижтимоий ва ёки бошқа соҳаларда бўлмасин, ушбу ислоҳотларнинг натижаси албатта одил судлов билан, аҳолининг судга ишончи билан узвий боғлиқдир.

 

Агар одамлар мансабдорлардан эмас, қонундан қўрқса, судга ишонса, ҳар қандай вазиятда ҳам «одил суд борку», деб баралла айтса, ислоҳотлар натижаси ана шунда ёрқин бўй кўрсатади.

 

Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш лозимки, одил судловга ишонч олиб борилаётган ислоҳотларга ишонч демакдир. Чунки ҳар бир демократик давлатнинг моҳияти, бу – қонунлар асосида яшаш деганидир. Қонунларни оғишмай қўллаш ва адолатни таъминлаш одил судлов ҳамда судья адолатидан даракдир.

 

Бир сўз билан айтганда, суд, бу – ҳокимият. Судья эса, шу суд ҳокимиятини амалга оширувчи холис шахсдир.

 

«Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 60- моддасига мувофиқ, энди фаолиятини бошлаётган қозилар «зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан», деб Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи олдида қасамёд қилади.

 

Юқорида қайд этиб ўтилганлардан хулоса шуки, ҳар бир судья, ҳар қандай вазиятда ҳам боши узра қараб турган ўз «танкаси» –Давлат рамзларига ва албатта ичган қасамига садоқат билан собит қолиши ҳамда шу асосда судья қўрқув, иккиланиш, мансабга ёпишиб қолиш ҳиссидан мутлақо холи бўлиши шарт!

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси

«ҚАЙНОПАМ УЙГА КИРИТМАЯПТИ…»

— Бир ой олдин эрим билан расман ажрашдик. Судда келин бўлиб тушган хонадонимда яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилди. «Ўғлим билан бизга ажратилган икки хонага кириб яшаймиз», десак қайнопам тўсқинлик қиляпти. Кунора эшик қулфини ўзгартиради. Бу вазият юзасидан судга шикоят қилишим мумкинми? Моддий аҳволим яхши бўлмагани учун давлат божини кечиктириш, жавобгардан ундиришни сўрасам бўладими?

Исми сир тутилди

 

Лола ЎТАНБОЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— ФПКнинг 16-моддасига кўра “Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Суд ҳужжатини бажармаслик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Суд ҳужжатининг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун, башарти буларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.

 

Низо судда кўриб чиқилганлиги сабабли сиз мазкур фарорнинг ижроси юзасидан  худудий МИБга мурожаат қилишингиз лозим.

 

“Суд хужжатлари ва бошқа орган хужжатларини ижро этиш тўғисида”ги Қонун ва МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан Ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек унинг ижросига тўсқинлик қилганлик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Саволингизни иккинчи қисмига келсак, ФПКнинг 133-моддасига кўра Давлат божини тўлашни кечиктиришга қонунчиликда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Яъни, суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

ТИРБАНДИЛИКДАН ФОЙДАЛАНГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ…

Ҳаёт аталмиш синовли дунёда турфа тақдирлар бўлади. Бирни кўриб фикр қилади киши, бирни кўриб шукр. Вояга етмаган фарзандлари бўлган 35 ёшли аёлнинг ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилиши эса кишини чуқур ўйга толдиради…  

 

Аёл Қўйлиқ универсал бозори ёнида жойлашган автобуслар бекати ҳудудида кўзлаган режасини амалга оширади. Ўша ерда бўлган фуқарони микроавтобусга чиқаётганлигидан фойдаланиб, унинг елкасидаги сумкасидан баҳоси 100 АҚШ долларига тенг катмонча ва унинг ичида бўлган жами 610 000 сўм миқдоридаги нақд пуллар билан бирга нархи 300 АҚШ долларига тенг тилла зиракларни киссавурлик йўли билан қўлга киритади. Табиийки, ҳодиса содир бўлгач вовеа жойидан яширинган.

 

“Ён-атроф тирбандилигидан фойдаландим”

Суд мажлисида сўроқ қилинган суданувчи эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдирди…

— Ўз ишларим билан Қўйлиқ деҳқон бозорига бориб, кейинчалик Янгиобод бозорига боришни режалаштиргандим. Шу боис Қўйлиқ универсал бозорига келган вақтимда, шу ерда бўлган автобуслар бекати олдида нотаниш фуқарони микроавтобусга чиқаётганини кўриб қолдим.

 

Бу вақтда ушбу микроавтобусдан одамлар тушаётганди. Шунда у елкасидаги сумкасини орқа томонига ўтказиб қўйди.

 

Уни микроавтобусга чиқаётганидан ва бу вақтда ён-атроф тирбандилигидан фойдаландим. Фуқаронинг ортидан бориб, микроавтобус эшиги олдида унинг елкасидаги сумкаси ичидан катмончани ўғрилаб олдим.

 

Бу ҳолатни ҳеч ким кўрмади ва сезмади. Сўнг катмончасини олиб, йўл қатнов қисмининг нарги томонига, яъни Яшнобод тумани ҳудуди томон ўтиб кетдим. Ичини очсам, 300 000 сўм бор экан. Пулларни олиб, катмончани улоқтириб юбордим. Пулларни ўз эҳтиежим йўлида сарфладим.

 

Катмончанинг ичида яна бирор бир нарса бор ёки йўқлигига амин бўлмасдан туриб, уни ташлаб юбордим. Кейнчалик билсам, ичида яна 2 дона тилла зирак ва 100 000 сўм пул бўлган экан. Қилган ишимдан чин қўнгилдан пушаймонман. 

 

“Кузатув камералари кўздан кечирилди”

Жабрланувчи эса судда қуйидагиларни баён қилди…

— Танишим билан бирга Қўйлиқ деҳқон бозорига келиб, зарур бўлган буюмларни ҳарид қилдик. “Авиасозлар” бозорига бориш мақсадида Қўйлиқ универсал кийим бозори ёнидаги бекатда микроавтобус кутиб турдик.

 

Келган микроавтобусда одам кўп бўлгани сабабли, унинг ичидаги йўловчиларни ўтказиб юбордим. Шунда микроавтобусга чиқиш учун елкамдаги сумкани ортимга ўтказиб олдим. Бу вақтда мен томонга бир аёл келаётганини кўрдим.

 

Лекин унга унча аҳамият бермадим. Орадан бир муддат ўтгач, йўл ҳаққини тўламоқчи бўлиб сумкамнинг ичидан 100 АҚШ долларига тенг катмонча, уни ичида бўлган 400 000 сўм, 3 АҚШ доллари, 2 дона 300 АҚШ долларига етадиган тилла зирак ва 100 000 сўм миқдоридаги пуллари йўқ бўлиб қолганини билдим.

 

Сўнг Ички ишлар органлари ходимларига мазкур ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилдим.

 

Суриштирув ишлари давомида ҳодиса содир бўлган жой яқинида ўрнатилган кузатув камералари кўздан кечирилди. Унда бир аёл келиб, мени микроавтобусга чиқаётган вақтимда сумкамдан катмончани ўғрилаб олгани кўринди. Ҳозирги вақтда менга ҳаммаси қайтариб берилган. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ.

 

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Эльза ШАМСУТДИНОВА,

жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси

8 СОТИХ ЕР МАЙДОНИ 15 000 АҚШ ДОЛЛАРИМИ?

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг очиқ суд мажлисида фирибгарлик ва ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир қилган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, унга ҳукм ўқилди. Энг қизиғи, судланувчи эркакка муқаддам жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2021 йилги ҳукмига кўра, юқорида қайд этилган жиноятларни содир қилгани учун 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2022 йилдаги ажрими билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Бироқ “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек вазиятдан ўзига тегишли хулоса чиқармади…  

 

Ҳужжатлар қалбакилаштирилган…

Судланувчи ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, такроран, 2017 йил июнь ойларида Янгиҳаёт (собиқ Сирғали) тумани, Чоштепа кўчасида бўла туриб, танишига Янгиҳаёт (собиқ Сирғали) тумани ҳудудидан 0.8 сотих ер майдонини сотиб олиб беришни ваъда қилади. Ушбу ер майдони учун олдиндан 15 000 АҚШ долларини олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

 

Судланувчи ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттиради. 0.8 сотих ер майдони сотиб, бунинг ортидан моддий манфаат кўриш мақсадида, ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи “Архитектурно-планировочное задание”, “выписка из решения”, “АКТ”, “План”, ва “архив маълумотномаси” ҳужжатларини қалбакилаштириб, танишига тақдим этган.

 

Янгиҳаёт тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси эксперт-криминалистика бўлимининг судга оид техник экспертиза хулосасига кўра, “Архитектурно-планировочное задание”, “выписка из решения”, “АКТ”, “План”, ва “архив маълумотномаси” ҳужжатларидаги реквизитлар, босма ёзувлар, думалоқ шаклдаги печат ва имзо принтерда тайёрланганлиги аниқланган.

 

“Қилмишларимдан пушаймонман”

— Ҳақиқатдан ҳам жабрланувчини яқиндан танийман. 2017 йилнинг июнида унинг уй-жой сўраб суриштириб юрганлигини эшитдим. У билан учрашиб, унга ер участкаси борлигини, хоҳласа 8 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришимни, эвазига 15 000 АҚШ доллари беришини айтдим. Шунда сотиладиган ер майдони қаерда жойлашганлигини сўради. Янгиҳаёт тумани Чоштепа МФЙнинг қир бағрида жойлашганлигини билдирдим. “Ерни кўришим керак”, дегани боис орадан 2 кун ўтиб, танишимни Чоштепада жойлашган қирнинг орқасига олиб бордим. Унга ер майдони маъқул келди ва ўша ернинг ўзида 5 000 АҚШ доллари берди. Қолган 10 000 АҚШ долларини бир ойдан сўнг беришини маълум қилди. Рози бўлдим ва орадан 20-25 кун ўтиб, танишим менга онасининг паспортини бериб, ҳужжатларни онасининг номига расмийлаштиришни айтди. Қолган 10 000 АҚШ доллари ҳам берди. Ер майдонини онасининг номига ҳужжатларни расмийлаштириб бердим. Олган 10 000 АҚШ долларини ўз эҳтиёжларим учун ишлатдим. Ҳозирда қилмишларимдан пушаймонман, – дея айбига иқрор бўлган судланувчи суд мажлисида суддан қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оилада ягона боқувчи эканини билдириб, унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

 

Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари алданиб қолганимни айтишди”

Жабрланувчи ҳам қуйидагиларни баён қилди…

— Танишимга ҳеч қандай гувоҳларсиз 5 000 АҚШ доллари санаб берганман. У менга тез ва осон бўлиши учун ерни ёши каттароқ шахснинг номига расмийлаштиришни айтди. Ўз номимда бўлган “Mercedes” русумли автомашинамни сотиб, етмаганига ўзимдан пул қўшдим. Яна 10 000 АҚШ доллари ва онамнинг фуқаролик паспорти билан бирга олиб бориб бердим. У вақтда ҳам гувоҳлар бўлмаган ва ҳеч қандай тилхат олмаганман. Қайинимнинг уйида туғилган куни муносабати билан ўтирган вақтимда, танишим қўнғироқ қилиб, қаерда эканимни сўради. Орадан тахминан 5-10 дақиқа ўтиб етиб келиб, “табриклайман, бугун қўшалоқ байрам экан”, деб ҳужжатларни берди. Орадан тахминан 1-2 кун ўтиб, ўзимга тегишли ер майдонини девор билан ўраб қўймоқчи бўлиб борсам, жўхори экилганини кўрдим. Танишим эса “жўхори 25-30 кун ичида ҳосил беради. Шунча кун кутдингиз, яна бир оз вақт кутинг, кейин ерни ўраб олаверасиз”, деди. Яна кутишга рози бўлдим. 25-30 кун ўтиб, яна ўша ер майдонига борганимда, менга тегишли бўлган ер майдони атрофига кўп қаватли уйлар қурилган ва ер майдони тунука билан ўраб олинганини кўрдим. Суриштирганимда, у ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимиятига қарашли экани маълум бўлди. Шундагина танишим алданганини билиб, унга қўнғироқ қилдим. Жавоб бермагач, уйига бордим. Менга бошқа жойдан ер қилиб беришни ваъда қилди. Бир неча кунлар ўтиб, ундан “ер нима бўлди?” деб сўраганимда, “ака, берган пулингизни еб кетмайман”, дея сабр қилишимни сўради. Сўнг Тошкент шаҳар ҳокимиятига бориб, танишим берган ҳужжатларни кўрсатдим. Ҳокимият вакиллари алданиб қолганимни айтишди. Танишимдан пулларимни қайтаришни сўрадим. Шу орада унинг онаси, бир неча кун ўтиб эса отаси вафот этди. Уни ҳолатини тушунган ҳолда вақт бердим. Шу тариқа турли баҳоналар қилиб, пулни бермади.  Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилдим. Ҳозирда менга етказилган ва айбловда кўрсатилган 59 378 400 сўм қопланган. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ. Қолган моддий зарарни ундириб беришни сўрайман.

 

Суд ҳукм қилди…

Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

 

ЖКнинг 59 ва 61-моддалари тартибида унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини 3 кунини 1 кун озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб, қисман қўшиш йўли билан ўташ учун 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

ЖКнинг 59-моддасининг 8-қисми тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2021 йилдаги ҳукми билан тайинланган, суднинг 2022 йилдаги ажрими билан ЖКнинг 48-1 моддасига асосан алмаштирилган 3 йил озодликни чеклаш жазосидан қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Жабрланувчининг фойдасига 15 000 АҚШ доллари ҳукм эълон қилинган санадаги Ўзбекистон сўмига нисбатан бўлган қийматда, яъни 162 706 200 сўм ундирилиши белгиланди.

 

Жабрланувчига айбловда кўрсатилган 59 378 400 сўм миқдоридаги моддий зарар қопланганлиги инобатга олинган ҳолда судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 103 327 800 сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.

 

Бахром ТАШПУЛАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси

МАҲКУМ МУАССАСА ДОИРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШИ МУМКИНМИ?

— Турмуш ўртоғим ҳозирги вақтда жазони ижро этиш муассасасида. Қайнонамнинг соғлиги ҳозирда ёмонлашиб қолган, шу сабабли турмуш ўртоғим муассаса доирасидан четга чиқиши мумкинми?

Исми сир тутилди

 Шерзод ЭШМАТОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси:

— Давлатимиз раҳбари томонидан маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланган ва амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар қиритилган. Ушбу ташаббуслар барчанинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминланиши ҳам бевосита инсон ҳуқуқлари устуворлигига хизмат қилмоқда, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, фикр, сўз ва виждон эркинлиги кафолатланмоқда.

Жиноят-ижроия кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ:

 

маҳкум сақланаётган жойлар санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва талабларига мос келиши керак;

  • маҳкум ўз мурожаатига кўра, шунингдек камида олти ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади;
  • маҳкум шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда тиббиёт ходимлари ушбу шахсларнинг олдига зудлик билан кириши таъминланиши керак;
  • қамоқхона маъмурияти оғир касалликка чалинган маҳкумнинг розилиги билан унинг қариндошлари ёки у кўрсатган шахсларга зудлик билан бу ҳақда хабар бериши керак;
  • оғир касалликка чалинган шахсга телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шифокор рухсати билан қўшимча учрашувга рухсат берилади;
  • шахснинг руҳий ҳолатдаги бузилиши оқибати ҳисобланган қоидабузарлик учун маҳкум интизомий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.

Ҳозирги кунда амалда бўлган Жиноят-ижроия кодексининг 82-моддасида маҳкумларнинг алоҳида ҳолларда муассаса доирасидан четга чиқиш тартиби белгилаб қўйилган.

 

Ушбу модданинг биринчи қисмида, “Маҳкумларга алоҳида ҳоллар (яқин қариндошининг вафоти ёки ҳаёти учун хавфли бўлган оғир касаллиги, маҳкумга ёки унинг оиласига жиддий моддий зарар етказган воқеа) муносабати билан бориш-келиш учун кетадиган вақтни (тўрт суткагача) ҳисобга олмаган ҳолда, етти суткагача бўлган муддатга жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат этилиши мумкин. Маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат этилади” деб кўрсатилган.

 

Модданинг иккинчи қисмига кўра, маҳкумнинг четга чиқишга рухсат сўраб ёзган аризасини муассаса маъмурияти бир сутка ичида кўриб чиқади. Бу ҳақда маҳкумнинг шахси, хулқ-атвори, тасдиқловчи ҳужжатлар бор-йўқлигидан келиб чиқиб қарор қабул қилинади. Четга чиқишга бериладиган рухсатнома прокурор томонидан тасдиқланади.

 

ЖИЭМдан ЧЕТГА ЧИҚИШГА РУХСАТ БЕРИЛМАЙДИГАН МАҲКУМЛАР РЎЙҲАТИ БОР…

— Модданинг учинчи қисмида эса, жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат берилмайдиган маҳкумлар рўйҳати кўрсатилган, улар:

  • ўта хавфли рецидивистлар;
  • умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар;
  • ўта оғир жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар;
  • мажбурий даволанишдан ўтаётган ва юқумли касалликка чалинган маҳкумлардир.

Модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида, жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқиш вақти жазони ўташ муддати ҳисобига қўшилиши ҳамда жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқиш билан боғлиқ харажатлар маҳкум маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланиши кўрсатилган.

 

Модданинг олтинчи қисмида, маҳкумнинг белгиланган муддатда жойига қайтиб келишини қийинлаштирувчи кутилмаган ҳоллар юз берган тақдирда у борган жойдаги ички ишлар органи бошлиғининг қарорига биноан қайтиш муддати, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятини албатта огоҳлантирган ҳолда, беш суткагача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

 

Модданинг еттинчи қисмида, маҳкум белгиланган муддатда жойига қайтишдан бўйин товлаган тақдирда у ички ишлар органи томонидан ушланиши ва жазони ўташ жойига жўнатилиши белгиланган.

 

Саккизинчи қисм, ушбу модданинг якунловчи қисми бўлиб, унда, маҳкумларнинг муассаса доирасидан четга чиқиш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланиши кўрсатилган.

 

Мазкур кодекснинг тегишли моддаси талабидан келиб чиқиб, ушбу масалада тўғридан тўғри Ички ишлари вазирилигига мурожаат қилишингиз мумкин.

Skip to content