“ДАВЛАТ БОЖИ БОР, УНИ ТЎЛАШГА ШАРОИТИМ ЙЎҚ”
— 2010 йилда уйимни кадастр қилганман. 2018 йилда бошқа бир одам шу уйни кадастр қилиб олган. Ҳамма жойга мурожаат қилганман. Судга берай десам, давлат божи бор, уни тўлашга шароитим йўқ.
Исми сир тутилди
— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабга кўра, бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқининг вужудга келишини ва бошқа шахсга ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:
— қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;
— нотариал тартибда тасдиқланган бино, иншоотнинг олди-сотди шартномаси;
— бино ва иншоот бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга олди-сотди шартномаси;
— корхонанинг топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси;
— лизинг шартномаси;
— бино, иншоот, турар жойни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
— бино, иншоот, турар жойни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
— турар жойни бошқа шахсга рента тўлови шарти билан ўтказилиши назарда тутиладиган нотариал тартибда тасдиқланган рента шартномаси;
— хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойини мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
— нотариал тартибда тасдиқланган мерос қилиб олиш ҳуқуқи ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган бино, иншоотнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;
— кўчмас мулк объектини юридик шахсларнинг устав жамғармасига улуш сифатида бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) шартномаси;
— кўчмас мулк объектини муассисга унинг улушини қайтариб бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) сифатида шартномаси;
— суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кўчмас мулк объектини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;
— туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг тураржойни нотураржой тоифасига ўтказишга рухсати;
— туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг нотурар жой биносини тураржой тоифасига ўтказишга рухсати;
— суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган бино ва иншоотни бериш далолатномаси.
Шунингдек, Конституцияга мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Судга мурожаат қилишда даъво ариза процессуал қонун нормалари талабларига жавоб бериши лозим, яъни Фуқаролик процессуал кодексининг 189-191-моддаларида белгиланган тартибга риоя қилиш лозим бўлади.
Мазкур Кодекснинг 35-моддасига асосан иморатга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги, мол-мулкни хатлашдан чиқариш ҳақидаги, ер майдонидан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисидаги даъволар иморат, мол-мулк ёки ер майдони жойлашган ердаги суднинг судловига тааллуқлидир.
Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда судга мурожаат қилишда давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган. Суд ушбу масалани ҳал қилишда ишда иштирок этувчи шахслар тўлашга қурби етмаслиги ҳолатларини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни текшириши лозим:
МАСАЛАН: иш ҳақи (даромади), банкда маблағлари мавжудлиги, унинг эгалигида бўлган мулклар ҳақидаги маълумот, вояга етмаган фарзандлари, бошқа боқимандалари борлиги ва ҳ.к. тўғрисидаги маълумотлар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизга кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга тегишли талабларни кўрсатган ҳолда даъво аризаси ҳамда тўлов қобилиятингиз мавжуд бўлмаса ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар билан давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Анвар ЁРИЕВ,
Тошкент шаҳар судининг
фуқаролик ишлари бўйича судьяси
ОНАМДАН ҚОЛГАН УЙДА ҲАҚҚИМ БОРМИ?
— Оилада тўрт фарзанд эдик. Энг кенжаси бўлганим учун ака-опаларим онамдан қолган икки хонали квартирани менга хатлаб беришмоқчи эди. Аммо ўша пайтда катта опам рози бўлмаган. Турмушга чиққач ҳам фарзандларим билан онамнинг номида бўлган уйда рўйхатда турганмиз. 2003 йил ҳокимиятдан уй олиш учун «прописка»дан чиқдик. Икки йил олдин катта опам вафот этди. Ҳозир онамдан қолган уйда жияним оиласи билан яшаяпти. Уй ҳали ҳам онамнинг номида. Айтинг-чи, онамдан қолган уйда ҳаққим борми? Ҳатто меҳмон бўлиб боришимга ҳам рухсат беришмайди.
Исми сир тутилди.
Дурдона АБДУКАХАРОВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Онангиздан қолган уйда ҳаққингиз бор. Онангиздан қолган уйга нисбатан тўрт нафар фарзандлари, вафот этган катта опангиз улушига унинг фарзандлари меросхўр бўладилар.
Мерос қабул қилингач, меросхўрларда онангиздан қолган уйдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам вужудга келади.
Фуқаролик кодекснинг 1117-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади.
Ушбу кодекснинг 1135-моддасида, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Хусусан, ФКнинг 11401-моддасига кўра, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси).
ФКнинг 1146-моддасига кўра, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.
Сизга мерос олиш учун низоли хонадон жойлашган ҳудуддаги нотариал идорага мурожаат қилишни маслаҳат берамиз.
Шу билан бирга, нотариал идора томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш қонунда назарда тутилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, бузилган ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш юзасидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
ҚИМОР ЎЙИНИНИ ТАШКИЛ ҚИЛГАНЛАРГА ҚАНЧА МИҚДОРДА ЖАРИМА СОЛИНАДИ?
— Фарзандим компьютер орқали қимор ўйинида иштирок этиб, жуда кўп миқдорда пул ютказиб қўйди. Уйимизни сотишга мажбур бўлдик. Шу ўйинни ташкил қилганлар учун жавобгарлик борми?
Исми сир тутилди.
— 21 аср компьютер ва ахборот асри сифатида бутун дунёда ривожланиш даражасини анча тезлаштириб, деярли барча жабҳада унинг ўрни ва аҳамияти кундан кун ортиб бормоқда. Ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам электрон савдо ва хизматлар айнан компьютер воситасида амалга оширилиши, ахборот алмашинувининг тезлашганлиги тараққиётни янги босқичга олиб чиқди.
Тараққиётнинг ушбу босқичида инсонлар жамият ва ўзлари учун фойдали мақсадларда ишлашаётган бўлишсада, айрим шахслар айнан компьютер ва интернет тизимидан ғараз мақсадларда, жумладан, турли террористик руҳдаги ғояларни тарқатиш, шу каби ташкилотларга жалб қилиш, фирибгарлик жинояти ва турли таваккалчиликка асосланган ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш йўлида фойдаланишаётгани, бундан жуда кўплаб инсонлар ва оилалар жабр кўраётгани, ёшларнинг билиб-билмай жиноий йўли кириб қолишаётгани ачинарли.
Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда қиморда ютқазиб қўйганлиги учун ўз жонига қасд қилганлик ҳолатлари ҳақидаги маълумотларга деярли ҳар куни дуч келмоқдамиз. Ҳозирда юртимизда интернет тармоғи орқали ўйналадиган “1xBET”, “MostBet”, “Marathonbet” каби таваккалчиликка асосланган ўйинлар шу даражада кенг тарқалдики, кўпчилик айни шу ўйинларда жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ютқазишмоқда.
Қанча миқдорда жарима солиниши мумкин?
— Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда бу каби ҳолатларни муҳокама қилаётганлар орасида “қимор ёки бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил қилганлик учун жавобгарлик белгиланганми?” деган саволни бераётганлар кўплаб учрамоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этганлик ҳамда уларни ташкил қилганлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этганлик шахснинг буюмлари, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмлар мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ёхуд вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш ёки хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш компьютер ва бошқа ёрдамчи воситаларни, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд
— Бундан ташқари, қонунчилигимизда жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд. Жиноят кодексининг 278-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун жавобгарлик белгиланган. Ушбу модданинг 1-қисмида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этганлик, ўтказганлик, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этганлик учун етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Агар юқоридаги қилмишлар, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилса етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Миллий қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилганлиги туфайли ҳам ЖКнинг 278-моддасида вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилганлик учун махсус норма белгиланган. Бундай қилмишни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Бундан ташқари, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Элбекжон ТУРҒУНБОЕВ,
Тошкент шаҳар судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси жавоб берди.
ЭРИМНИНГ НОМИДАГИ УЙНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МЕРОС СИФАТИДА РАСМИЙЛАШТИРИШИМ МУМКИН?
— Турмуш ўртоғим 1990 йилда чет элга чиқиб кетган, унинг қаердалиги тўғрисида умуман маълумот мавжуд эмас. Номига икки хонали квартира расмийлаштирилган. Нотариал идорасига меросни расмийлаштириш масаласида мурожаат қилганимда, уни вафот этганлигини суд орқали тасдиқлаш зарур деган фикрни билдиришди. Нима қилсам ҳаракатим тўғри бўлади, маслаҳат беринг.
Исми сир тутилди.
Ахрор СУЛАЙМОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси:
Шахснинг бедарак йўқолганлиги ҳақида қаерга мурожаат қилиши керак?
— Турмуш ўртоғингиз ҳақида 1990 йилдан бери бирор-бир маълумотларнинг мавжуд эмаслиги, унинг вафот этганлигини англатмайди. Авваламбор, унинг бедарак йўқолганлиги ҳақида Ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.
Агар турмуш ўртоғингизнинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин.
Қандай ҳолатда суд томонидан вафот этган деб эътироф этилади?
Бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мол-мулкини доимий суратда бошқариб туриш зарур бўлса, бу мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланадиган ва ушбу орган билан тузиладиган ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома асосида иш олиб борадиган шахсга топширилади.
Агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин.
Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.
Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади.
Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради.
Вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг қаерда турганлиги маълум бўлган тақдирда, уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинади.
Кимлар биринчи навбатдаги меросхўрлари ҳисобланади?
Фуқаролик процессуал кодексининг 305-моддасига кўра, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томондан бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилади. Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга қонунчиликда белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади. Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки уни вафот этган деб эълон қилиш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек фуқаронинг бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёхуд бедарак йўқолган шахсга ўлим хавфини солган ёки у муайян бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилиниши керак.
Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқлайди. Шунингдек, бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) бедарак йўқолган шахс тўғрисида бор маълумотларни сўраб олади.
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.
Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарига мазкур фуқарони вафот этган деб ёзиб қўйиш учун асос бўлади.
Агар турмуш ўртоғингиз вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, сиз Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига асосан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), ота-онаси (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлари ҳисобланасизлар.
КЕЛИНИМ БИЗ БИЛАН ЯШАМАЯПТИ. УНИ “ПРОПИСКА”ДАН ЧИҚАРА ОЛАМАНМИ?
— Келиним уйдан кетиб қолган. Ажрашмоқчи. “Яшамасанг, яшама”, деб уни “прописка”дан чиқаришга қарор қилдим. Уй менинг номимда. Шундай қилишга ҳаққим борми?
Исми сир тутилди.
Мансур ИМОМОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси:
— Уй-жой кодексининг 52-моддасига мувофиқ, уйда доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида турар-жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади.
Шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи манфаатдор шахсларнинг даъвоси бўйича суд йўли билан йўқотган деб топилиши мумкин.
Агар келинингиз олти ойдан ортиқ давр мобайнида узрли сабабларсиз уйда яшамаётган бўлса, сиз уни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин.
ТОШКЕНТДА ТОВЛАМАЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ЎЗГАНИНГ ПУЛИНИ ҚЎЛГА КИРИТМОҚЧИ БЎЛГАН ЙИГИТГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Гиёҳвандлик — ақлдан озиш, мурдадек яшаш дегани. Бугунги кунда аср вабосига айланган мазкур иллат ёшлар ўртасида кун сайин кенг қулоч ёзиб бормоқда. Агар гиёҳванд моддалар тарихига назар солсак, улардан 600 йил илгари фойдаланиб келинган. ХIХ асрга келиб, унинг тарқалиши тезлашган ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилган. Аммо бугунги кунда таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган айрим дорилар оғриқ қолдириш, даволаш учун эмас, бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Қуйидаги воқеамиз қаҳрамонларини ҳам айнан шундай кучли таъсир қилувчи дориларга бўлган иштиёқ суднинг қора курсиси томон етаклади.
Товламачилик йўли билан бировнинг пулини қўлга киритди
Судланувчи бир фуқарога зўрлик ишлатиб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, унинг ёнида бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб қўяди. Шундан сўнг уяли алоқа воситасида фуқрони ноқонуний равишда дори воситалари сотиб юрганлигини айтиб, шериги билан бирга видео тасвирга туширади ва ушбу лавҳаларни интернетдаги ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан таҳдид қилади. Фуқарони ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, унга тегишли бўлган пулни товламачилик йўли билан қўлга киритади.
“Арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди”
Суд мажлисида судланувчи айбига қисман иқрор бўлди:
— Бир йилдан бери кучли таъсир қилувчи дори воситаларини истеъмол қилиб келаман. Дорининг хумори тутиб, танишим бўлган бир қизга қўнғироқ қилиб, дори топиб беришни илтимос қилдим. У менга бундай дорини бир фуқродан сотиб олаётганини айтиб, унинг телефон рақамини берди.
Шундан кейин у фуқарога қўнғироқ қилиб, икки-уч маротаба дори сотиб олиб, истеъмол қилдим. Ўша куни қизга қўнғироқ қилиб, қаердалигини сўраганимда у ўзи тавсия қилган фуқаро ва бошқа ўртоқлари билан биргалигини айтди. Шу орада у фуқаро таниш қизим орқали мендан йигирма минг сўм қарзим қолганлигини, қачон қайтаришимни сўради. Мен уларнинг аниқ манзилини сўраб, ўша томонга йўл олдим.
Фуқаронинг арзимаган қарзни аёл киши орқали сўрагани жаҳлимни чиқарди. Борсам, улар кўпчилик экан, мен унга ёлғиз гаплашиб олишимиз кераклигини айтиб, бошқаларни машинадан туширишини сўрадим. Иккаламиз машинага ўтириб, бошқа томонга ҳаракатландик. Мен ундан “Ёнингда дори борми?” деб сўрадим. У дори борлигини айтиб, уларни менга узатди. Мен ундан “Яна ниманг бор?” деб сўрадим. У дори олиш учун сақлаган олти юз минг сўмга яқин пули борлигини айтди. Мен ундан бу пулниям олиб, чўнтагимга солиб қўйдим. Биз машинани йўл чеккасига қўйиб, гаплашиб ўтирганимизда орқамиздан бошқа бир танишим бошқарувида бўлган машинада бояги қиз ва унинг танишлари бўлган икки нафар шахс етиб келишди. Уларни машинада қолдириб, бизнинг олдимизга келди. У машинага ўтириб, мен билан келган фуқарога машинани ҳайдашни буюрди. Бир чеккага тўхтаганимизда танишим ундан “Машинангда нима бор?” деб сўради. У юкхонада отасига тегишли олтмиш миллион сўм пул борлигини, бу пулга тегинмаслигимизни қайта-қайта илтимос қилди. Биз тушиб, юкхонани очиб кўрсак, ҳақиқатан ҳам у ерда олтмиш миллион сўм пул бор экан. Танишим бу пулдан беш миллион сўмини олиб, фуқарога қараб, “Бизга кучли таъсир қилувчи дорилардан олиб келсанг, пулингни қайтариб оласан”, деб шарт қўйди.
У ҳар қанча ялинмасин, пулни бермади. Шундан кейин танишим уни телефонига видеога олди, “Агар бировга шикоят қиладиган бўлсанг, дори сотишингни тегишли жойга айтаман” деб таҳдид қилди. Ҳозирда бўлиб ўтган воқеадан жуда афсусдаман. Қилмишимдан пушаймонман.
Ҳукм ўқилди
Юқорида номлари келтирилган ҳар уч шахс - Шокир Мирзаев, Воҳид Сафаров, Ойбек Қосимовлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилиб, уларга нисбатан турли муддатларга озодликни чеклаш жазолари тайинланди.
Абдулла АБДУЛХАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туман суди судьяси,
Лола Шоимова, журналист.
ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОҚИБАТИДА БИР ИНСОН ҲАЁТДАН КЎЗ ЮМДИ
Фалокат оёқ остида, деганларидек, ўзини нима кутаётганини ҳеч ким олдиндан билолмайди. Баъзан кўнгилсизлик содир бўлиши учун бир лаҳза чалғиб қолиш ҳам кифоя қилади. Эҳтиётсизлик орқасидан содир этилган жиноятлар қонунчиликда айбнинг бирмунча хавфсиз шакли, деб белгиланганига қарамай, бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмиши жуда ачинарли ҳолдир…
Бепарволик билан чиқиндиларни пастга ташлади
Судланувчи қурилишлардан бирида оғзаки келишув асосида ғишт терувчи ишчиларга ёрдамчи сифатида ишлаётган вақтида, қурилиш биносининг бешинчи қаватидаги қурилиш чиқиндиларини тозалаш жараёнида цемент қоришмалари ва ғишт бўлакларини челакка солади. У эҳтиётсизлик қоидаларига риоя қилмай, пастда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан, бепарволик билан қурилиш чиқиндиларини юқоридан пастга ташлаб юборади. Чиқиндилар шу қурилиш объектида оғзаки келишув асосида ошпаз вазифасини бажариб келган ва бинонинг ёнидан ўтиб кетаётган фуқаронинг бошига тушиб, тан жароҳати олади. У касалхонага олиб борилганда олган оғир тан жароҳати оқибатида вафот этади.
“Бекор ўтирмаслик учун чиқиндиларни йиғиштирдик…”
Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:
— Асли сурхондарёликман, бир куни маҳалладошим қўнғироқ қилиб, Тошкентда қурилишда ишлаётганини, агар ишлашни истасам иш борлигини айтиб қолди. Ўша пайтда бекор юрганим учун унинг таклифига рози бўлиб, пойтахтга келдим.
Маҳалладошим мени қурилиш бўлаётган беш қаватли бинога олиб келди. У ғишт урувчиларга ёрдамчи бўлишимни айтди. Эртаси куни у мени қурилиш раҳбарининг олдига олиб борди. Раҳбар менга иш ҳақим терилган ғиштга қараб берилишини айтди. Шундан кейин қурилишда қолиб, ёрдамчи бўлиб ишлай бошладим. Воқеа содир бўлган куни ғишт қолмаганлиги сабабли иш тўхтаб қолди. Бекор ўтирмаслик мақсадида атрофда тўпланиб қўйилган чиқиндиларни йиғиштира бошладик. Бошқа шерикларимиз пастни тозалашди. Эрталабдан соат ўн яримларгача анча чиқинди тўпладик, шеригим чиқиндиларни тўкиш учун челакка солиб берди. Мен қўлимдаги челак билан бешинчи қаватнинг деразасидан пастга қарадим, ҳеч ким кўринмаганидан кейин ахлатни пастга ағдардим.
Айни шу пайтда бўз билан ўралган ҳожатхона томондан қурилишда ошпаз бўлиб ишловчи фуқаро чиқиб қолиб, мен тўккан чиқинди унинг бошига тушди. У дастлаб бошини чангаллаб, ўтириб қолди, кейин ерга қулади. У дарахтлар орасидан чиққани учун уни кўрмай қолдим. Бу вақтда андижонлик усталар ҳожатхона олдидаги деворни оқлашаётганди.
Мен уларга “ошпазга ёрдам беринглар”, деб бақирдим. Шундан кейин пастга югуриб тушдик. Ишчилар ҳушини йўқотган, бошидан қон оқаётган ошпазни енгил машинага олиб чиқишди. Уни касалхонага олиб кетишди. Бироздан кейин ошпазнинг касалхонада вафот этгани ҳақида хабар келди. Ошпаз билан фақатгина тушлик ва кечки овқат пайтида салом-алик қилганман, ўртамизда ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Унинг мендан ёши катта бўлгани учун деярли гаплашмаганман.
Қурилишда бошни ҳимоя қилиш учун ҳаммамизга каска берилган. Лекин иш жараёнида каска халақит қилгани учун ечиб ишлардик. Ишга қабул қилинган вақтимда ҳеч ким менга техник хавфсизлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатмаган. Бинонинг юқори қаватида ишлаш учун хавфсизлик камарлари ҳам берилмаган. Чиқиндиларни ташлаётганимда бирор кишининг устига тушиши мумкинлиги хаёлимга келмаган. Эҳтиётсизлигим ва бепарволигим туфайли унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолдим. Айни пайтда бу қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.
Ҳукм ўқилди
Судланувчи Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Зоҳиддин НУРИДДИНОВ,
жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси,
Лола Шоимова, журналист.
АЖРАШИШ ОСТОНАСИДАГИЛАРНИ ЯРАШТИРИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
2022 йилнинг 8 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 40 минг 258 та низо кўрилган бўлиб, шундан 21 минг 433 та оила яраштириш имкони бўлмагани туфайли никоҳдан ажратилган. Ўтган йил мобайнида судлар томонидан 25 минг 333 та оилавий ажралишга оид даъво ажрашиш учун етарли асослар бўлмагани туфайли қаноатлантирилмасдан қолдирилган ва иш юритувдан тугатилган. Ушбу оилаларнинг аксарияти яраштирилиши пировардида 3 минг 148 нафар вояга етмаган боланинг ота-она меҳридан баҳраманд ҳолда улғайишига замин яратилган.
Албатта, жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси – барбод бўлган оилалар хусусида сўз борар экан, бегуноҳ фарзандлар тақдири кишини беихтиёр ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан мурғак қалб эгалари ҳаммадан кўпроқ азият чекади, кўнгли кемтик ҳолда улғаяди. Тан олиш жоиз, маънан етук бўлмаган шахс ҳаётда ўз ўрнини топиш, касб танлаш, ижтимоий ҳаётга мослашиш, тенгдошлари, кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришиш борасида кўп қийинчиликларга дуч келади.
Дилбандининг бахтли ҳаёт кечиришини истаган соғлом фикрли ҳар бир ота-она юзага келган келишмовчиликни оғир-вазминлик ва чуқур мушоҳада билан ҳал этиши, турмуш қийинчиликларини енгиб ўтиши, оила аъзоларининг бахтли турмуш кечиришларини таъминлаши шарт ва зарур. Оилавий ажралишларнинг салбий оқибатлари нафақат собиқ эр-хотинлар ҳаётида, балки уларнинг меҳнат фаолиятида, жамият ва давлат миқёсида ҳам муайян бўшлиқни юзага келтиради.
Статистик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оиласи парокандаликка юз тутган шахсларнинг аксарияти носоғлом турмуш кечиришга одатланган. Табиийки, бу унинг саломатлиги, хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Яна ҳам аниқроғи, ёлғиз яшаш оқибатида ичкиликни, тараллабедод ҳаёт кечиришни одат қилган шахслар кўпгина ҳолларда турли ҳуқуқбузарлик содир этишдан, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмасликдан ўзини тия олмайди, ўзининг ҳатти-ҳаракатини назорат қилишни сусайтириб юборади. Қолаверса, фарзандидан алоҳида турмуш кечира бошлаган ота ёки она зиммасидаги масъулиятни ҳам секин-аста унутади. Натижада вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш билан боғлиқ муаммо юзага келади. Бу ўз-ўзидан тегишли давлат органларининг иш юкламаси ортишига сабаб бўлади. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун оилаларнинг барбод бўлишига йўл қўймаслик, ажралишларнинг сабабларини аниқлаш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан муайян чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Нима қилиш керак?
Аввало, никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаб олиш, оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини изчил таъминлаш ғоятда муҳимдир. Бу борада давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига “Никоҳдан ажралишга олиб келаётган ҳар қандай сабаб билан холисона таҳлил ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим” деган банд киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, албатта, ўз самарасини беради, деган фикрдамиз.
Суд амалиётига оид таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йилда никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ низоларнинг 71 фоизида “эр-хотиннинг феъл-атвори тўғри келмагани” ажрашиш учун асосий сабаб сифатида кўрсатилган. Мисол учун, даъвогар — Ахрор Абдулазизов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга жавобгар — Рўзигул Салимовага нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, никоҳдан ажратишни сўраган. Суд мажлиси чоғида аниқланишича, А.Абдулазизов жавобгар – Р.Салимова билан 2017 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган. Уларнинг бир нафар – 2018 йилда туғилган Сайёра Абдулазизова исмли фарзанди бор.
Эр-хотин дастлаб тинч-тотув яшашган. Бироқ орадан бир йил ўтар-ўтмас, оилада арзимас қўйди-чиқдилар рўй берган. Рўзигул Салимова икки ойлик чақалоғи билан ота-онасининг уйига кетиб қолган. Даъвогарнинг қайд этишича, турмуш ўртоғи билан унинг феъл-атвори мутлақо тўғри келмагани учун ажрашишга қарор қилган. Судда жавобгар – Рўзигул Салимова оиласини тиклаш ниятида экани, норасида фарзанди отасиз катта бўлишини истамаслигини таъкидлаб, даъвони рад этишни сўраган.
Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида келтирилган раҳбарий тушунтиришларга риоя қилган ҳолда эр-хотиннинг ярашиши учун муддат белгилади. Эр-хотин ўртасида тушунтириш ишлари ўтказилди, пировард натижада ёш оила тикланди ва ҳозирда тинч-тотув турмуш кечирмоқда.
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, юқоридаги каби ҳолларда гарчанд оила яраштирилган бўлса-да, эр-хотиннинг қалбидаги дарз барҳам топмаслиги мумкин. Шу боисдан ҳам никоҳга киришиш арафасида турган ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларда тақдир синовларига бардош бера олиш кўникмасини шакллантириш ғоятда зарур. Бунда ФҲДЁлар қошида ташкил этилган оила дорилфунунларида никоҳга қадар икки ёшни оилавий ҳаётга, ота-она бўлишга тайёрлаш баробарида бўлажак эр-хотин сифатида улар бир-бирининг феъл-атворини ўрганишлари учун имконият яратиш, мутахассислар, хусусан, психологларни жалб этиш орқали оила қуришга аҳд қилган ёшларнинг дунёқараши, орзу-истаклари, рўзғор юкини биргаликда торта олишлари ёки йўқлигини, дунёқарашлари нечоғлик мувофиқ келишини психологик тестлар, усул ва воситалар ёрдамида аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш лозим.
Яна статистик таҳлилларга эътибор қаратайлик. Ажралиш билан боғлиқ фуқаролик ишларининг 5,2 фоизида эр-хотиннинг ахлоқий, руҳий, маънавий жиҳатдан оила қуришга тайёр бўлмаган ҳолда никоҳга киришгани ҳам оилаларнинг емирилишига олиб келмоқда. Бунда рўзғор юкини тортишга тайёр бўлмаган эр-хотиннинг феъл-атворидаги манманлик, майда маиший муаммоларга ечим топиш ўрнига улардан фожиа ясаш, оила бюджетининг имкониятини инобатга олмасдан харидлар қилиш, керагидан ортиқ нарсалар сотиб олиш каби нохуш ҳатти-ҳаракатлар оиланинг нотинчлигига сабаб бўлаётир.
Бундай тоифага мансуб эр-хотинларнинг дунёқараши, маънавиятини ўзгартириш, уларга оила муқаддаслигини англатиш осон эмас. Бироқ ҳар қандай муаммонинг ечими бўлгани каби бундай оилаларни ҳам тиклаш имкони мавжуд, албатта. Фақат бу муайян вақт, эътибор ва масъулият талаб қиладиган жараён.
Беморни даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш осон кўчганидек, барбод бўлиш арафасидаги оилани тиклашдан кўра оила қуриш арафасидаги ёшларни ҳам жисман, ҳам маънан оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳар жиҳатдан афзалроқдир.
Ахлоқан тарбиялаш жараёнини қуйидаги масканларда янада кўпроқ амалга ошириш талаб этилмоқда: шахс яшаб, вояга етган жойлар, яъни уйи, оиласи, маҳалласи, шунингдек таълим муассасасида, яъни мактабгача, мактаб, ўрта-махсус, олий таълим муассасаси, жамоат жойларида, ОАВларида, адабий асар ва санъат масканларида, иш жойида, ижтимоий тармоқларда (телефон, интернет воситалари), ўзи танлаган яқин дўстлари, дугоналари даврасида амалга ошириш лозим. Табиий савол туғилади: ушбу фаолиятни амалга оширишда кимларнинг тавсияси ва амалий ёрдамига эҳтиёж мавжуд?
Аввало психолог, социолог, педагог (халқ таълими, олий таълим), маҳалла фуқаролар йиғини, Оила ва хотин–қизлар давлат қўмитаси, ОАВ вакиллари, тиббиёт ва ҳуқуқ соҳаси ходимлари иштирокида юқоридаги жойлар ва гуруҳларда оила аъзоларида учраши мумкин бўлган салбий сифатлар ёки иллатлар билан қуйидагича курашиш лозим:
Биринчидан, эрлик масъулиятининг бажарилмаслигига сабаб бўладиган ҳурматсизлик, оиланинг моддий таъминотига бефарқлик ёки ишлашга қизиқмаслик каби иллатларга қарши курашиш;
Иккинчидан, хотинлардаги камчилик сифатида ҳурматсизлик, уй-рўзғор ишларига, оилага эътиборсизлик, урф-одат ва анъаналарни билмаслиги ёки менсимаслигига қарши курашиш;
Учинчидан, эр ва хотинларда оила ва унинг аҳамияти, оила аъзоларининг ҳуқуқ, вазифа ҳамда мажбуриятини тушунмаслик ҳолатига қарши аниқ чоралар кўриш лозим.
Никоҳдан ажрашиш билан боғлиқ ишларнинг бошқа сабаблари хусусида ҳам фикр юритайлик.
Амалиётга назар ташласак, 6,3 фоиз оилаларда асосан эр бошқа никоҳ муносабатига киришгани туфайли унинг аёли ажрашишга қарор қилганини кўришимиз мумкин. Аслида ўз оиласи бўла туриб, яна бошқа биров билан эр-хотинлик муносабатига киришиш нодонлик саналади. Зеро, бундай номаъқул хатти-ҳаракат бир неча инсонлар, айниқса, оила аъзоларининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Бинобарин, ўз уйида ҳузур-ҳаловат тополмаган киши бошқа оила қурганидан кейин ҳам ўз истагига эришолмаслиги аниқ.
Шаръий никоҳ асосида бошқа оила қурган шахслар маълум муддат ўтгач, ўз оиласи бағрига қайтиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазиятларда ҳам судлар эр-хотиннинг ярашиб олиши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошираётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Статистик маълумотларга кўра, 6 фоиз ҳолатда фарзандсизлик туфайли эр ёки хотин ажрашиш фикрига келган. Фарзанд кўриш учун эр-хотин нафақат маънавий жиҳатдан, айни чоғда жисмоний жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши зарур.
Бу масалада тиббиёт ходимларининг амалий ёрдами ва тавсиясига эҳтиёж мавжуд. Чунки судлар амалиётида, аввало, никоҳ тузилгунга қадар никоҳланувчиларнинг ҳар бири ота ёки она бўлиш қобилиятига эга ёки йўқлиги, иккинчидан, шу икки шахснинг қони ва бошқа белгиларига кўра, биргаликда ота-она бўлиш имконияти ўрганилиши, учинчидан, ота-оналар ва бошқа мутасаддиларнинг фарзандсизлик масаласини ҳал этишга етарлича эътибор қаратмасдан, фақат келин ёки биргина куёвни бепуштлик касалига чалинганликда айблаш ҳоллари учрамоқда.
Бу борада ҳам аҳолининг тиббий маданиятини ошириш шарт ва зарур. Зотан, эр ёки хотиннинг шаъни ва қадр-қиммати билан чамбарчас боғлиқ бўлган фарзанд кўра олмаслик, бепуштлик сингари ғоятда нозик масалага калтабинлик билан эмас, балки тиббий текширувлар ва таҳлил натижалари асосида ишонч ҳосил қилинганидан кейингина оиланинг келгуси тақдирини белгилаш лозимлигини оила бошлиқларига алоҳида тушунтириш зарурлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун тиббиёт тизими, кенг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорликда қуйидаги масалаларнинг ечимини топиш лозим:
— фарзандсизлик (аёллар ва эркакларда учрайдиган кўринишлари);
— ўғил фарзанднинг туғилмаслиги;
— эркакларда ёки аёлларда зурриёт қолдириш қобилиятининг йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган касалликлар;
— аёллардаги ҳомиладорлик ва туғиш жараёнида кечадиган оғир касалликлар;
— фарзанднинг ногирон туғилиши.
Амалиётга назар ташласак, 1,2 фоиз оилаларда қўшимча даромадга эҳтиёж мавжудлиги сабабли ажралиш келиб чиққанлиги аниқланди. Бунда аввало, эр ёки хотиннинг хорижга иш излаб кетиши, аёлнинг ишлашига қаршилик, бегона юртларда қолиб кетиш, бедарак кетиш, чет элда бошқа шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш каби ҳолатлар оиланинг дарз кетишига туртки бўлган.
Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир. Фақат юқорида таъкидланганидек, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиши бундай муаммолар ечимининг асосий калитидир.
Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.
Мухаммади МАМАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси
Фозилжон Субхонов,
Олий суд катта консультанти
ҲУЖЖАТСИЗ БЕРИЛГАН ҚАРЗНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?
— Таниш бир одамга (қариндошига, дўстига, қўшнисига) ҳеч қандай ҳужжатсиз катта миқдорда ишониб қарз бериб ва шу пулларни қайтариб ололмаса, қандай йўл тутиш мумкин?
Исми сир тутилди
— Фуқаролик кодексининг 733-моддасига асосан, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт.
Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 109-моддасига асосан, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлиги, мазмуни ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Демак, қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, яъни ҳозирги кунда 3 000 000 сўмдан ортиқ бўлган ҳолатларда, албатта, ёзма тузилиши лозим.
Ушбу талабга риоя қилмаслик келгусида низо келиб чиққан ҳолда қарздорликни ундириш имконидан маҳрум этишига асос бўлади.
Жасур СИРОЖЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Шайхонтоҳур туманлараро
суди раиси ўринбосари
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Тошкент шаҳар суди