Қидирув:

ТАЪТИЛДА БЎЛГАНЛАРГА МУКОФОТ ПУЛИ БЕРИЛМАЙДИМИ?

– Ишхонада таътилга чиққандим. Эшитишимча, яқинда ҳамкасбларимга мукофот пули берилибди. Лекин менга тушмади. Сабабини сўраганимда таътилда эканимни айтишди. Ўз хоҳиши билан таътилда бўлганлар ёки «болничьний»дагиларга мукофот пули берилмайдими?

Исми сир тутилди.

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Гўзал Абдурахманова жавоб берди:

 

— Меҳнат кодексининг 72-моддасининг 1- қисмига кўра, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

 

Ушбу кодекснинг 73-моддаси 2-қисми 5-бандига кўра, меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари белгиланади.

 

Шунингдек, ходим ва иш берувчи ўртасида жамоат шартномаси тузилган бўлиши, унда ходим ва иш берувчининг ўзаро мажбуриятлар акс эттирилган бўлиб, шу билан бирга меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар кўрсатилган бўлиши лозим.


Юқоридаги қонун нормалари асосан сизга иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси ҳамда жамоат шартномаларида кўрсатилган шартлар асосида мукофот пули берилиши лозим. Мукофот пули ходимни рағбатлантириш туридан фарқли равишда, ходимга интизомий жазо чораси қўлланилган ҳолда ҳам тўлаб берилиши лозим.

 

Шундан келиб чиқиб, агар сизга меҳнат таътилига чиққанлигингиз муносабати билан ёки меҳнатга лаёқатсиз бўлган – “болничний”га чиққан даврингизда иш берувчи томонидан мукофот пули тўланмаган бўлса, ҳудудийлик бўйича ўзингиз яшаш манзилингизда жойлашган ёки иш жойингиз жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро судига мукофот пулини ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.

ИШДАН БЎШАДИМ, АММО ИШЛАГАН КУНЛАРИМГА ОЙЛИК ОЛАМАНМИ?

– 15 августда ўз хоҳишим билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздим. Буйруқ ариза ёзган кунимга чиқарилди. Аммо ишлаган 15 куним ҳақида ҳеч ким ҳеч нима демади. 15 кунлик иш ҳақим нима бўлади?

Исми сир тутилди

Дилфуза Дададжанова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Меҳнат қонунчилигига асосан ходим меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга, огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ишни тўхтатишга ҳақли. Иш берувчи ходимга унинг ишлаган даври учун иш ҳақини тўлиқ тўлаб беришга мажбур.


Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ўз аризасига асосан бекор қилинганда, унга тўланиши керак бўлган иш ҳақи охирги ишлаб бериш кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим бўлади.


Сизнинг ҳолатингизда иш берувчига икки хафтадан сўнг ишдан бўшаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилгансиз ва шу куни сиз билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилган. Агар иш берувчи мазкур буйруқда сизнинг келгусида икки хафта давомида ишлаб бериш муддатига ойлик иш ҳақи тўлаб бериш вазифасини ҳисобчига юклатмаган бўлса, бундай ҳолатда иш берувчи огоҳлантириш муддатининг охирги иш кунида қўшимча буйруқ чиқариб, ишлаб берилган икки ҳафталик муддатга ойлик тўлаб бериши шарт бўлади.


Агар ходимга тўланмай қолган иш ҳақи тўғрисида низо мавжуд бўлса, иш ҳақини ундиришни сўраб, унинг ўзи яшаб турган ёки иш берувчи жойлашган тумандаги фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.

«БОШҚА ИШДА ИШЛАБ ТУРСАМ БЎЛАДИМИ?»

— Ҳозирда бола парваришлаш таътилидаман. Айтингчи, таътил муддати тугагунча бошқа ишда ишлаб турсам бўладими? Масалан, ўриндошлик асосида.

Исми сир тутилди

Алимджан КАРИЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Меҳнат кодексининг 58-асосан давлат иш билан таъминлаш турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини кафолатлайди.
Ушбу кодекснинг 234-моддаси талабларидан келиб чиқиб, аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда унинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолади.

 

Демак, аёллар болани парваришлаш таътили даврида иш берувчини огоҳлантириб, исталган вақтда ишга чиқса бўлади.
Иш берувчи ходимага болани парваришлаш таътилини бўлиб ишга чиқишини тақиқлашга ҳақли бўлмайди, чунки бундай таътилдан фойдаланиш ходиманинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.


Болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти шароитида ишлаш меҳнат шартномасига қўшимча битим билан расмийлаштирилади. Унга иш вақти ва меҳнат ҳақига тааллуқли бўлган ўзгартиришлар киритилади. Қўшимча битим имзоланганидан кейин тегишли буйруқ чиқарилади.


Қонунчиликда ўриндошлик асосида ишлаш бу ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши тушунилади.
Ўриндошлик асосида ишлашга, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади.


Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.


Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:


• ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;


• агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно);


• автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш хизматининг ишчиси (мутахассиси) сифатида;


• Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;


• вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;


• бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;


• қонунчиликка мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).
Бундан кўринадики амалдаги қонунчиликда болани парваришлаш таътилидаги аёлларнинг ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқи чекланмаган.

“КАФИЛ БЎЛГАНИМ УЧУН БОШҚАНИНГ ҚАРЗИ МЕНГА ЮКЛАНИШИ ТЎҒРИМИ?”

— Ишхонада бир ҳамкасбимга банкдан онасини даволатиш учун пул олаётганда кафил бўлгандим. Ўзи бундай ишларни ёқтирмайман, чин дилдан раҳмим келгани учун кўнгандим. Энди эса унинг бошқа қинғир ишлари очилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди. Яқиндан банкдан қўнғироқ қилиб, кафил бўлганим учун қарз менга юкталишини айтишди. Судга берсам, пулни тўламаслигим мумкинми?

Исми сир тутилди

ТЎЛИҚ КРЕДИТ СУММАСИ БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИКНИ ОЛГАН БЎЛСАНГИЗ…

— Амалдаги Фуқаролик кодексининг 292-моддасига асосан кафиллик шартномаси бўйича кафил шахс ўз мажбуритяини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

 

Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.

 

Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

 

Мазкур кодекснинг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

 

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради. Шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.

 

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, сиз ихтиёрий равишда кафиллик шартномасини расмийлаштирган ва банк олдида тўлиқ кредит суммаси бўйича жавобгарлик олган бўлсангиз, банк олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб берасиз. Шу жумладан, фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлашга мажбурсиз.

 

СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНГИЗ МАВЖУД, АГАР…

— Агарда, сиз кредит шартномаси таъминоти сифатида расмийлаштирилган кафиллик шартномасига имзо қўймаган бўлсангиз ёки алдаш, зўрлик, қўрқитиш таъсирида кафиллик шартномасини тузган бўлсангиз ва мазкур ҳолатларни тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган тақдирдагина кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш масаласида даъво тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд. Суд томонидан кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган тақдирдагина сизга нисбатан солидар жавобгарлик қўлланилмаслиги мумкин. Бошқа ҳолатда, биргина судга мурожаат қилишингизни ўзи, сизни ҳамкасбингиз олган кредит қарздорлигини тўлашдан озод қилмайди.

 

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми (илгари Олий суд ва Олий хўжалик суди Пленуми)нинг 2006 йил 22 декабрь кунги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун хужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сонли 30-бандида ҳам, башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан, фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлаши борасида тушунтириш берилган.

 

Шунингдек, сизга банк олдидаги кафиллик мажбуриятини амалга оширгандан сўнг, яъни мавжуд кредит қарздорлигини тўлаган тақдирингизда, тўлаган пул суммасини хамкасбингиздан регресс тартибида суд орқали ундириш ҳуқуқига эгасиз.

Жамшид ШАРОПОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

М.Улуғбек туманлараро суди судьяси

МЕРОСДА ФАРЗАНДЛАРИМНИ ҲАМ РОЗИЛИГИ КЕРАКМИ?

— Қайним қайнонамни номида бўлган уйни ўз номига расмийлаштирмоқчи. Нотариус «акангизни фарзандларини ҳам розилиги керак» деган эмиш. Турмуш ўртоғим вафот этган. Қизларим турмушга чиққан. Ўғлим билан алоҳида уй солганмиз. Шунда ҳам фарзандларимни розилиги керак бўладими?

Исми сир тутилди.

Эльвира ХАМРАЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раис ўринбосари:


— Фуқаролик кодексининг 1118-моддасига биноан, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.


Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.


Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига биноан, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.


Фуқаролик кодексининг 1140-1-моддага кўра, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

 

Агарда, қайниз қайнонангизнинг ўлимидан сўнг, қайнонангизнинг номида бўлган уйни ўз номига расмийлаштирмоқчи бўлса, турмуш ўртоғингиз онаси вафотидан кейин вафот этган бўлса, турмуш ўртоғингиз мерос трансмиссияси бўйича меросхўр ҳисобланади. Агар турмуш ўртоғингиз онасининг вафотидан олдин вафот этган бўлса, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр деб ҳисобланади. Шу сабабли, сизнинг қайнонангиз васиятнома қолдирмаган бўлса, унинг вафотидан сўнг, унинг мол-мулкига Сизнинг турмуш ўртоғингизнинг меросхўрлари сифатида фарзандларингиз ҳисобланади, шу сабабли, меросхўрлар сифатида сиздан ва болаларингиздан розилик олиниши даркор.

«ТАЪТИЛИМ «КУЙИБ» КЕТАДИМИ?»

— Айни дам меҳнат таътилидаман. 30-ҳафталик ҳомиладор бўлганим учун «декрет» варақасини олдим. Варақадаги сана меҳнат таътилимга тўғри келяпти. Энди «декрет» таътили қайси санадан бошланади? Меҳнат таътилимнинг қолган кунлари «куйиб» кетадими?

Исми сир тутилди

Муқаддас ГУЛАМОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси:

— Меҳнат кодексининг 145-моддасига мувофиқ, ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:


• вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;


• ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;


• йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;


• давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.

Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади.

 

Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.


Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.


Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.

 

Юқорида баён қилинганларга кўра, агар муаллифимиз меҳнат таътилида бўлиши даврида ҳомиладорлик таътили муддати келиб қолса, иш берувчи билан келишувга биноан меҳнат таътилидан фойдалашнинг янги муддати белгиланади. Бунда ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.

«15 СУТКА «ЎТИРИБ» ЧИҚИБ ҲАМ АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЯПТИ»

— Собиқ эримнинг алиментдан қарзи 15 млн. бўлгач, суд қарори билан 15 суткага қамалди. Бироқ «ўтириб» чиқиб ҳам алимент тўламаяпти. «Яна қаматтирсанг, қаматтиравер бир тийин ҳам бермайман», деди. Алимент тўламаса, 15 суткалик қамоқ жазоси нега керак?

Исми сир тутилди.

Рустам ТАНГАБАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси:


— 15 суткага қамалганидан сўнг ҳам алимент қарздорлиги сўндирилмаган тақдирда, МИБ ижрочиси томонидан прокурорга қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласида тақдимнома билан мурожаат қилади.


Унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси, яъни вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.


Ушбу моддага асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.


Шунга кўра, агар қарздор алимент қарздорлигини маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам тўламаган тақдирда, у озодликдан махрум қилиниши мумкин.

ЯНА КРЕДИТ, ЯНА ГАРОВ, ЯНА КИМОШДИ, ЯНА БАНК, ЯНА ТАДБИРКОР ВА ЯНА СУД…

Мақола номини ўқиб, “Яна-яна, яна соғиндим, яна…” деб, айтилувчи қўшиқ ёдингизга тушиб кетмадими?

 

Яқинда бир кредит низоси бўйича, даъвогар вакили жавобгарга қараб, “Ҳурматли жавобгар, сизга ишонч йўқ, кредитни олишга оласиз, тўлашга келганда, “бугун-эртангиз” ҳеч тугамайди, баҳонангиз кўп, аввалги кредит шартномангиз бўйича ҳам бугунги кунга қадар қарздорликни ёпмагансиз, гаровга олган мулк ҳам сотилмади. МИБ ижрони якунламади, биз нима қилишимиз керак? Банкда турган пул бировники, шу пуллар айланмасидан кредит маблағи сизга, бошқа тадбиркорларга берилади, кредит пулини қайтармасангиз, фоизини тўламасангиз, биз омонатни қандай қайтарамиз, фоизини қандай тўлаймиз, банк ишчилари ойлигини қаердан олади? Ёнимиздан қоплаш имкони йўқ. 10 марта келиб, кредит сўраб, шартномани имзолагансиз, ўз хоҳишингиз билан қарзни тўланг-да…” деди.

 

Жавобгар ҳам бўш келмай, “Атай тўламадимми, карантин бўлди, ишламай қолдик, иш юришмаяпти, кредитга фоизни ҳам катта қўйиб бергансизлар, кредит ҳам кеч берилди, тўлаяпман-ку имкон қадар, суд қарори ҳам чиқди аввалги кредит бўйича, суд қарори чиққандан кейин ҳам фоиз ундириб оляпсизлар, эй, банк кредитдан ютқазармиди, ғинг деганим йўқ, тўлаяпман, қолганини ҳам тўлайман, қочиб кетаётганим йўқ, озгина сабр қилинглар, ҳа, деб судга чопиб келасизлар, оқибатда миллион-миллион давлат божи ҳам тўлаяпман”, деди.

 

ТАҲЛИЛ

Жорий йилнинг 10 ойи якунига кўра, Республика Фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) судларда кўрилаётган низоларда “топ 1-ўринни” кредит низолари эгаллаган бўлса, Иқтисодий ишлар бўйича (ИИБ) судлардаги низоларнинг ҳам салмоқли қисмини кредит низолари ташкил этмоқда.

 

ФИБ судлардаги бу тоифа низолардан ИИБ судларда кўрилаётган кредит низоларининг фарқли жиҳати шундаки, низо предмети, унинг миқдори каттадир.

 

Яъни, тарафлар ўртасида кўрилаётган бу тоифадаги низоларда кредитга олинган маблағ ва унинг таъминоти учун қўйилган гаров мулки ФИБ судларда кўрилаётган низолар баҳосига нисбатан анчаа юқорилигида. 

 

Чунки, иқтисодий низоларда тарафлар – банклар ва тадбиркорлик субъектларидир. Шунинг учун ҳам гап минимал истеъмол кредитлари ёки таъмир учун олинадиган нисбатан камроқ суммадаги маблағлар ҳақида эмас. 

 

Демак, кредитга катта маблағ берилган ёки олинган экан, албатта гаровга нима қўйилади? Яшанг, кўчмас мулк. Гаровга қўйилган кўчмас мулк баҳоси ҳам кредит суммасидан юқори бўлиши лозимлигини ҳам яхши биласиз ва албатта, бизнинг банкларимизга хос хусусият нима? Кредит фоизи баланд, демоқчимисиз. Йўқ, бу ҳам бор гап бўлса-да, лекин уни тадбиркор олади, шартнома имзоласа, тамом…

 

Масала шундаки, албатта бизгагина хос бўлган хусусиятларга кўра, гаровга қўйилган мулк нархи тарафлар ўртасида келишилган гаров нарсаси нархининг баҳосига оид далолатномада кредиторнинг устунлиги билан пастроқ нархга баҳоланишидадир. Яъни гаров мулкининг бозор нархи пасайтирилган ҳолда гаровга олинади. Тадбиркор ҳам бунга рози, чунки кредит олиши керак, кредитор талаби эса шу…

 

Ҳа нима, мабодо кредит қопланмаса, бу мулкни сотиш осонми, нима учун кредитор ютқазиши керак? Қарздор ҳам бир гап булар…

 

ЯНА БИР МУҲИМ ЖИҲАТ…

Мавзу доирасида тўхталишимиз лозим бўлган яна бир муҳим ва чўзиб ўтирмай, ҳал қилиниши лозим бўлган жиҳат борки, бу ҳар биримизни ўйлантириши, ўйлантирганда ҳам чуқурроқ ўйга толдириши шарт.

 

Бу ўй эса “ҳа, кредит олди, қарзни қопласин керак бўлса, фоизлар қанча ортиб борса ҳам, тўласин, тижорат банкларидаги маблағнинг катта қисми давлатга тегишли, тўламаса, қимматроқ гаров мулкини кредит эвазига берсин, вассалом”, деган фикр-ўйлар билан бирга, кенгроқ, замонавий, креатив, бозор иқтисодиёти, илғор хориж тажрибасига асосан фикрлашни ҳам назарда тутяпмиз.

 

Гап шундаки, бизда қарздор учун шундай бир аччиқ ва аламли суд амалиёти шаклланган. Бунда кредит низоси, кредит қарздорлигини ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, ижро иши қўзғатилиб, гаров мулки “кимошди”га чиқарилиб, мабодо сотилмаса, қонунга асосан кредитор гаров мулкини камайтирилган нархда ҳам ўз балансига олишни хоҳламаса, қарздорга банк фоизи ҳисобланаверади, суд ундириб бераверади.

 

Яъни, кредитор судга мурожаат қилса, ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин то ижро якунланмагунга қадар, суд қарздордан фоиз ундириш тўғрисида қарор қабул қилаверади. 

 

Шундай мисоллар борки, масалан. 4 500 000 000 сўм миқдорида кредит олинган, 5 500 000 000 сўмлик мулк гаровга қўйилган. Кредитнинг маълум қисми қопланган. Қолганини қоплаш ва ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш бўйича суд қарори чиққан. Гаров мулки, қайта-қайта қўйилган “кимошди”да бир ярим йил давомида сотилмаган, бу орада банк уч марта суд қарори билан кимошди натижаси бўйича жавоб бермайдиган йўқ жавобгар-қарздордан фоиз ундириш ҳақида қарор чиқартираверган. Натижада гаров мулки ҳам кредитдан тўланмай қолган қисми миқдорига яқинлашиб қолган. “Яшасин”, кредитни қоплаш тизими… 

 

Чунки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 327-моддасида бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

 

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида, суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса, қўлланилади.

 

Кредиторнинг пул маблағларидан қонунсиз фойдаланиш туфайли унга етказилган зарар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли, деб белгиланган.

 

Ана шундан келиб чиқиб, судда шундай амалиёт шакланган.

 

ХУЛОСА…

Амалиётга кўра, қарздор кредитни ёпиш, яъни ўзганинг маблағини ушлаб қолмаслик учун гаров мулкини суд қарорига асосан бўлса ҳам берди, олиб чиқиб сот, деди, кредит маблағини ол, қолган суммани қайтариб бер, деди. Асосийси, қарзни ёпишга тўсқинлик қилмади, гаров мулкига қўл ҳам текизмади, гаров мулкини сотилмай қолди ва қарзни қопланмаслигида қарздорнинг айб йўқ бўлса, а энди, бу – иккинчи даражали… Масаланинг жиддийлиги ҳам айнан шунда-да… 

 

Адолат ҳар бир кишининг ўз фикри билан ўлчанадиган тушунча эмас. Адолат, бу – илоҳий тушунча бўлиб, жамиятда тартибни ўрнатадиган, мувозанатни таъминлайдиган, ишончни барқарор қиладиган тушунчадир.

 

Агарки, шу тушунчага қарашлар турлича бўлса, мақсад узоқлашиб бораверади. Оқибат ишончга таъсир этади, тадбиркор-қарздорнинг эса ишончини сусайтириб бўлмайди. Чунки бундан жамият наф кўрмайди, аксинча, зиён кўради. Хуллас, бу каби низоларда адолатни – мувозанат ва ишончни таъминлаш вақти келди. Бир сўз билан айтганда, ақлли суд бошқаруви даркор.

 

Чунки иқтисодий судларнинг вазифаси у ёзилган ёки ёзилмаганлигидан қатъи назар, қўйидагиларни ҳам қамраб олиши шарт, яъни, аввало, иқтисодий низоларни ҳал этиш, низоларнинг юзага келишидаги, иқтисодиёт ривожига, хусусий мулк, тадбиркорликка тўсиқ омилларни бартараф этиш, пировардида, давлатнинг иқтисодий тараққиётига, юрт фаровонлигига эришишдир…

 

ТАКЛИФ

Демак, бунинг учун биринчи навбатда қарашларни ўзгартиш лозим. Аввало, қарздор-тадбиркор ўз қарашини, мавжуд кредит таклифи шартлари, ундан фойдаланиш жараёни уни қониқтирадими, унинг фаолиятига таъсир этувчи “риск” даражаси қандай? Кредит фоизидан орттириб, даромад қила оладими, бунда таваккалчиликни, минимал ва максимал хавфи ҳақида бош қотириши ёки қўшиқда айтилганига яқин тарзда “яна-яна, яна кредит, яна…”, деган юқори таваккалчилик, мавжуд бозор шароитида нафлийлик кам бўлган шароитда ўта таваккалчиликка эътиборсизлик қабилида иш тутмаслиги;

 

Кредиторнинг қараши эса, мамлакат иқтисодий манфаатини кўзлаб, кредит таъминотини яхшилашнинг, оширишнинг, кредит “риск”ини камайтиришнинг осон йўлини – қарздорнинг ҳисобидангина амалга оширишга урғу беравермасдан, янгича ёндашувларни жорий этиш, осон, содда, тез, умумочиқ кредит сиёсати, кредитор-банк ҳам аввало тадбиркорлар қатори бир тадбиркор эканлигига урғу бериб, тадбиркорлар қарздорлар билан тенг ҳуқуқли, кредит, гаров ва бошқа таъминот шартномаларига эришиш нуқтаи назаридан қарашларни ўзгартиши мақсадга мувофиқ.

 

Суд эса, англо-саксон ҳуқуқ оиласи судьялари каби фактик вердиклар чиқармаса ҳам, ҳал қилув қароридан кейин киритиладиган бу фоиз ундиришга оид даъволарда қарздорнинг айби фоиз ўсишига олиб келганми ёки йўқими, кредит таъминоти – гаров мулкини реализация қилинмаслигида қарздорнинг қаршилиги борми-йўқми, ҳал қилув қароридан кейин берилган фоиз ундириш ҳақидаги даъво қарздорга нисбатан асослими, ҳақлими, адолатлими, бундан жамиятга нима наф, иқтисодиётга нима фойда, нима зиён деган жуда мушоҳадали қарашлар билан бирга, ҳукуматга бериладиган тавсияларда  ҳам намоён бўлиши;

 

Қонун ижодкорлари эса, судлардаги бугун кўрилаётган кредит низолари сон-саноғининг ўзи катта бир муаммо эканлигига урғу берган ҳолда ва шу асосда бу борадаги қонунчиликни таҳлил этиб, кредит низоларидан бошқа муаммолар ижтимоий масалалар келиб чиқмаслигини тезкор ва замон талабларига мос ёндашув асосида кўриб чиқиши;

 

Албатта ҳукумат, суд амалиётидан келиб чиқиб, кредит низолари кўпайганлиги ортида кредит олиш тартиб-таомиллари соддалашгани, осонлашгани, тадбиркорлик субъектлари сони бир неча баробар ортгани билан кредит низоларининг кўплиги бу соҳада ҳали-ҳамон катта-катта муаммо ва масалалар борлигини кўрсатмоқда.

 

Яъни кредит, гаров ва бошқа таъминот билан боғлиқ қонун ва қонун ости ҳужжатлар, шартномавий муносабатлар, уларга таъсир этувчи маъмурий омиллар, турли дастурлар, гуруҳларга оид имтиёзлар ҳамда бошқа чора-тадбирларни инвентаризациядан ўтказиш, мониторинг асосида шартномавий муносабатлар, имтиёзларда, тенглик, эркинлик принципларини тизимли қўллаш борасида кенг имкониятлар яратишни назарда тутувчи янги механизмларни ишлаб чиқиши, таклиф этиши мақсадга мувофиқ.

 

Аслида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан кейинги беш йиллик учун белгилаб берилган беш асосий йўналишдан икки муҳим йўналиш бўлган суд мустақиллиги, судларга ишонч ва тадбиркорлик ривожи сари белгиланган вазифалардан муддао ҳам аввало, мана шундай масалаларни ечишга қаратилгандир.

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суд раиси

ТОНГДАГИ ТАЛОНЧИЛИК ҚОНУНИЙ ЖАЗО БИЛАН ЯКУНЛАНДИ

Шаҳзод Нурматов (исм-шарифлар ўз­гартирилган) ҳам талончиликка қўл уриб, жиноятчига айланди. Ваҳоланки, у пойтахтимиздаги нуфузли ресторанларнинг бирида ошпаз бўлиб ишлаётган ва бунинг эвазига яхшигина ҳақ олаётганди.

 

Ўша тунда Шаҳзод мижжа қоқмади. Таниш қизи билан аразлашиб қолгани боис рес­торанда спиртли ичимлик ичди. Кейин ижарага олган уйга бориб, психот­роп дори воситасини ҳам қабул қилди. Тонг азонда эса, таксига ўтириб, Сергели туманидаги «Korzinka» савдо мажмуаси ёнига келди.

 

Чамаси, ярим со­ат шу атрофда из­ғиб юргач, ер ости йўлига тушди. Айни шу маҳалда Насиба Ҳасанова ер ости йўлидан ўтиб кетаётганди. Шунда Шаҳзод тўсатданга унга ташланиб, юзу кў­зига мушт тушира бошлади.

 

Қисқаси, талончи Н. Ҳасановага тан жароҳати етказиб, унинг нархи 130 000 сўмлик ҳамёни, фуқаролик паспорти, нархи 180 000 сўмлик «Inoi» русумли уяли телефони, 27 миллион сўми ва 300 АҚШ долларини талон-торож қи­либ, ҳо­диса жойидан яширинади. Бу талончиликдан жароҳат олган Насиба Ҳасанова Сергели тумани ички ишлар бошқармасига мурожаат қилади.

 

Буни қарангки, бу талончи кимса ҳозиргина содир этган қилмиши билан чекланмай, яна ер ости йўлига қайтиб келади-да, жиноий ҳаракатларини давом эттиради. Бу гал у Валентина Бойкога дабду­руст­дан ташланиб, унинг бош ва юз қисмига бир неча марта мушт туширади. Сўнг буткул довдираб, ўзини йўқотиб қўйган аёлнинг сумкаси, 200 000 сўми, нархи 1 500 000 сўмлик «RedMi S2» русумли уяли телефонини олиб, воқеа жойидан қочиб кетади. Жабр­ланувчи эса, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

 

Қисқаси, жиноятчи тезда қўл­га олинди. Натижада жабр­ланувчиларга тегишли буюм ва пуллар қайтарилди. Талончига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

 

*     *     *

 

Нурафшон шаҳрида яшовчи ўттиз олти ёшли Абдурашид Абдурафиқов суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган. Чунки у шу пайт­га қадар уч марта ўғирлик, уч марта талончилик, фирибгарлик ҳамда ҳа­қорат қилиш жиноятларини содир этиб, олти марта жазога тортилган. Аммо бунга қарамай у аҳлоқ тузатиш жазосини ўтаётиб, яна эски «ҳунар»ини кўрсатди.

 

Гап шундаки, Абдурашид эски таниши Дилнура Йўл­чиевага автомашина сотиб олишда ёрдам беришини айтади. Бу таклиф аёлга ҳам маъқул тушади. Шундан сўнг Д. Йўлчиева уни жияни Жавлон Ибатов бирга Сергели туманидаги «Истеъмолда бўл­­­­­ган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари бозори»га жўнатади. Бозорда Жавлон Д. Йўлчиева берган пластик картадан 4 500 000 сўмни нақд­лаштириб олади.

 

— Пул менда турсин, сен ўғирлатиб қўйишинг мумкин, — дейди А. Абдурафиқов.

 

— Йўқ, пулни фақат машина эгасига бераман, — дея кўн­майди Ж. Ибатов.

 

Шунда Абдурашид кутилмаганда Жавлоннинг қорнига зарб билан мушт туширади. Бу зарб натижасида Жавлон чўккалаб қолгач, унинг чўнтагидан 4 500 000 сўм пулни олиб, қочиб кетади.

 

Шундан сўнг Жавлон рўй берган воқеа ҳақида зудлик билан аммасига хабар беради. Буни эшитган Д. Йўлчи­ева Абдурашидга қўнғироқ қилади.

 

Лекин у уяли телефонини ўчириб қўйган эди. Фақат у кечга томон автомашинани эртага олиб бориб бераман, дея электрон хабар юборади.

 

Бироқ эртаси ку­ни ҳам, ундан сўнг ҳам «ҳожатбарор»дан дарак бўл­майди.

 

Шу боис Дилнура Йўлчиева ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилиб, А. Абдурашидовга қо­нуний чора кў­ришни сў­райди. Оқибатда талончига нисбатан жи­ноят­ иши қўзғатилди.

 

Албатта, тилга олинган ҳар икки талончилик жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида кўриб чиқилиб, айбдорларга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Ш. Нурматов ва А. Абдурашидов талончиликка қўл уриб, нимага эришди?

 

Жавоб аниқ: ҳеч нарса! Уларнинг топгани қонуний жазо-ю, юзшувитлик бўлди, холос. Аслида ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш кишини бадном қилади. Шундай экан, умрнинг ҳар лаҳзаси қадрига етиб, эзгу ва савоб амаллар билан яхши ном қолдиришга не етсин!

Ҳамид Шамшиев,

Тошкент шаҳар суди судьяси

“ҚАЙДАЙ ЖАЗО ҚЎЛЛАНИШИ МУМКИН?”

— Автотранспорт воситасида тўқнашув содир қилганман. Воқеа жойида жарбланувчи билан ўзаро келишиб, жабрланувчининг автотранспорт воситасини таъмирлаб беришни келишиб олганмиз. Воқеа жойидан кетаётган вақтимизда ЙХХ ходимлари келиб, тўқнашув ҳолатини расмийлаштиришиб, жиноят ишлари бўйича судига юборишди. Жабрланувчининг автотранспорт воситасини таъмирлаб берганман, унинг менга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқ. Суд томонидан менга нисбатан қандай жазо қўлланиши мумкин?

Исми сир тутилди

Қахрамон МИРСАФАЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:


— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасига мувофиқ ушбу Кодекснинг 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.


Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқариши ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 313-1-моддасида белгиланган тартибда судга юбориши лозим бўлади.


Ушбу ҳолатда, сизга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик материаллари жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 10-1-бандига асосан МЖтКнинг 21-2-моддасида назарда тутилган ярашув шартлари талабларига амал қилган ҳолда жабрланувчи билан ярашганингиз муносабати билан тугатилиб, жазо қўлланилмайди.

Skip to content