Қидирув:

“ПРОЦЕССУАЛ ҲУҚУҚЛАРИМИЗДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШИМИЗ МУМКИН?”

— Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий иш бўйича бизнинг корхонага нисбатан қарздорликни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинган. Иқтисодий процессуал кодексида ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти билан суд ҳужжати қабул қилингандан кундан бир ой ичида берилиши, муддати ҳам суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг бир ой ичида тиклаб берилиши қатъий белгиланган. Бироқ суд жараёни тўғрисида бизнинг хабаримиз бўлмаган ва ҳал қилув қарори тўғрисида мажбурий ижро бюроси орқали хабар топганмиз. Бу ҳолатда процессуал ҳуқуқларимиздан қандай фойдаланишимиз мумкин?

Исми сир тутилди

Мухиддин СУЛТОНОВ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раис ўринбосари:

 

— Маълумки, суд ҳужжатларини апелляция тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.

 

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция инстанцияси судида қайта кўриш ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судининг хатоларини бартараф этиш имконини беради.

 

Бироқ, айрим ҳолларда тарафлар ўзларининг ҳуқуқларидан тўлақонли равишда фойдалана олмаслиги ёки Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)да суд ҳужжати устидан шикоят қилишнинг белгиланган тартиб ва қоидаларига риоя этмаслиги натижасида суд ҳужжати устидан шикоят қилиш имкони йўқотилаётганлиги ҳолатлари ҳам учраб туради.

 

Хусусан, ИПКнинг 262-моддасида агар қонун ҳужжатларида бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкинлиги, апелляция шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, ушбу ҳуқуқ нормасида белгиланган бир ойлик ҳамда икки ойлик муддатлар муҳим аҳамият касб этади.

 

Яъни, умумий қоидага кўра, биринчи инстанция судида даъвогар, жавобгар ёки учинчи шахс сифатида иштирок этган шахс суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда, ҳал қилув қарори қабул қилинган вақтдан бошлаб, бир ой ичида апелляция шикояти билан мурожаат қилиши мумкин. Агар ушбу бир ойлик муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, апелляция шикоятига ушбу бир ойлик муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома илова қилиши лозим. Ушбу илтимоснома ҳам ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб, энг кўпи билан икки ой ичида берилган бўлиши керак. Икки ойлик муддат ўтказиб юборилган тақдирда эса аризачининг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномаси рад этилиб, апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилади.

 

Юқорида қайд этилган ҳолат биринчи инстанция судининг суд мажлисида бевосита иштирок этган ёки суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор бўла туриб, судда иштирок этмаган шахсларга таалуқли.

 

ИПК 262-моддасининг олтинчи қисмига кўра, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция шикоятини бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.

 

Яъни, қабул қилинган ҳал қилув қарори бирон-бир шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса-ю, у биринчи инстанция суди томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бўлса, ёки иш ишда иштирок этишга жалб қилинган, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган шахснинг йўқлигида кўриб чиқилган бўлса, бундай шахслар ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ўзларига маълум бўлган кундан бошлаб бир ой ичида апелляция шикояти билан мурожаат қилишлари ёки ушбу бир ойлик муддат узрли сабаб билан ўтказиб юборилган бўлса, ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ўзларига маълум бўлган кундан бошлаб энг кўпи билан икки ой ичида ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бирга шикоят келтиришлари мумкин.

 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам судга шикоят билан ўз вақтида мурожаат қилишга объектив равишда тўсқинлик қилган ҳолатлар узрли сабаблар деб ҳисобланиши мумкин. Шунинг учун ўтказиб юборилган шикоят қилиш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномада шикоятни берган шахс томонидан ҳавола этаётган муддатнинг ўтказиб юборилиши сабаблари кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим. Илтимоснома шикоят матнида ёки алоҳида аризада баён этилиши мумкин ва шикоят билан бир вақтда берилиши лозим.

БОЗОРДАГИ ЎҒРИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилган Шабаева Сакина (исм шарифлар шартли) жорий йил баҳорида, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ-2 мавзесида жойлашган “Ширин” бозоридаги дўконларнинг бирида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, столнинг тортмасида бўлган жабрланувчи Холида Ахадованинг аёллар сумкасидан нархи 30.000 сўмлик 1 GB ҳажмли, нархи 50.000 сўмлик 4 GB ҳажмли, нархи 80.000 сўмлик 8 GB ҳажмли ва нархи 120.000 сўмлик 64 GB ҳажмли жами 4 дона флеш-карталарни, шунингдек, 200 АҚШ доллари, 500.000 сўм пулни, 2 дона “Ипотека” ва “Алоқабанк” томонидан очилган пластик карталарни ҳамда нархи 30.000 сўмлик аёллар ҳамёнини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. Мазкур жиноий ҳаракатлари билан жабрланувчи Х.Ахадовага жами 2.978.022 сўм моддий зарар етказган.

 

Сакина ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, такроран ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2022 йил 26 март куни “Ширин” бозорининг
дўконларнинг бирида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, столнинг устида бўлган жабрланувчи И.Жониеванинг аёллар сумкасидан нархи 3.500.000 сўмлик 1 дона “POCO X3 Pro” телефон аппаратини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

 

Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячининг фикрини, судланувчи Н.Спатаеванинг кўрсатувини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Суд жараёнида С. Шабаеванинг жиноят содир этганликдаги айби, унинг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тарафларнинг розилиги билан дастлабки терговдаги кўрсатуви ўқиб эшиттирилган гувоҳларнинг кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фото-жадвал, нарсани олиб қўйиш, кўздан кечириш ва таниб олиш учун кўрсатиш ҳақидаги баённомалари ҳамда уларга илова қилинган фото-жадваллар, юзлаштириш баённомалари, видео-ёзувларни кўздан кечириш баённомаси, нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан исботланди.

 

Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, судланувчига нисбатан қонун санкциясида белгиланган жазони тайинлади.

 

Санжар АБДУГАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича 

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

ТОШКЕНТДА ФУҚАРО ШИШАДОШИНИ КАЛТАКЛАБ, ПУЛЛАРИНИ ОЛИБ ҚЎЙДИ

Нодир (исм-шарифлар ўзгартирилган) судда ўз айбига қисман иқрор бўлди. Ўша куни маст ҳолатда бўлгани, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Регистон” тўйхонаси яқинидаги спиртли ичимликлар сотиладиган дўконда Ш. Тўхтасинов билан танишганлигини айтди. Нодир спиртли ичимликлар дўконида танишган янги шишадоши билан гаплашиб қолишганини, ичкиликнинг пулини тўлаётган Шокирнинг пули кўплигини кўриб қолганини, пулни қўлга киритиш мақсадида автобус бекатининг орқа томонига ўтиб, пайт пойлаганини тан олди.

 

Воқеа тезда содир бўлди. Нодир пулни қўлга киритишни ўйлаб, боягина ўзига шишадошлик қилган Шокирнинг юзига, қорин қисмига бир неча маротаба мушти билан уриб, унга енгил даражадаги тан жароҳати етказди. Мушт зарбидан ҳали ўзига келмаган Шокирнинг чўнтагига қўл солиб, 1 миллион 500 минг сўм пулни, бир дона 500 минг сўмлик “Samsung dous” русумли телефон аппаратини ва банк пластик картасини эгаллаб, воқеа жойидан яширинди… Судланувчи қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришини сўради. Суд мажлисида жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди.

 

Жабрланувчи Шокир спиртли ичимликнинг пулини тўлаш учун дўкон сотувчисига пул берганини, пулни тўлаб, дўкондан чиққанида бўлган воқеани эсга олди. Нодир ҳеч бир сабабсиз унга бир неча маротаба мушт туширгач, йиқилганлигини, маст ҳолатдаги Нодир эса унинг қорин қисмига тепганлигини, чўнтагига қўл солиб, пулини, қўл телефонини, пластик картасини олиб, қочиб кетганлигини айтди.

 

Шундан кейин у ИИБ ходимларига ариза билан мурожаат қилганлиги, дастлабки терговда телефон аппарати билан пластик картаси қайтарилганлиги, лекин пулини қайтариб ололмаганлигини айтиб, кўрсатма берди. Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Шокир енгил даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланди. Суд судланувчининг жиноий ҳаракатларига баҳо бериб дастлабки тергов органи томонидан унинг талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш, соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб содир этилишида ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 166-моддаси иккинчи қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.

 

Суд ҳукмига кўра, Н. Азизовга узил-кесил 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бир неча маротаба судланиб ҳам, қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган Нодир энди жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Мирзиёд АБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича

Олмазор туман суди судьяси

«ТАЪТИЛДАГИ ХОДИМ ИШГА ҚАЙТСА, МЕН НИМА ҚИЛАМАН?»

— Корхонада молия бўлимида ишлайман. Мендан олдин ходим бола парваришлаш таътилида эди (ариза асосида). Ҳозир фарзанди 1,5 ёш бўлган. Яқинда ишхонага келиб, «Ишга чиқмоқчиман, жойимни бўшатиб қўйинг», деди. Фарзанди 2 ёшга тўлгунича ишлаб туришга ҳақим йўқми? Ахир ариза ёзган-ку?

Исми сир тутилди.

Беҳзод Сагатов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси:

 

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилиниши белгиланган.

 

Мазкур ҳолатда, туғруқ таътилида бўлган аёл муддатидан илгари ҳам ишга чиқиш мумкин. Унинг ўрнига вақтинчалик олинган ходим ўрнини бўшатиб бериши шарт.

МАШИНА БУЗИЛИБ ҚОЛСА ҲАМ ЖАРИМА ТЎЛАНАДИМИ?

— Бозор ҳудуди олдида машинам бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолдим. Шу вақтда машина тўхташ мумкин бўлмаган жойда тўхтаганлигим сабабли менга нисбатан ЙХХБ томонидан катта миқдорда жарима келди. Ахир мен машина бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолгандим. Ушбу вазиятда судга мурожаат қилишим мумкинми?

Исми сир тутилди

Ҳамиджон ШАМШИЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

 

— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан қабул қилинган амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича мажбурий тўхташ – техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракати охирги зарур чора бўлиб, қоидабузарлик деб эътироф этилмайди.

 

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 93-бандига кўра, тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхтаганда, ҳайдовчи транспорт воситасини йўлнинг четига олиб чиқиш ва ушбу жойдан олиб кетишнинг барча чораларини кўриши шарт.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 315-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш тартиби белгиланган бўлиб унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига шикоят берилиши мумкин.

 

Шикоят маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) орқали ёки бевосита шикоят йўлланган судга юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.

 

Ушбу Кодекс 316-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш муддати белгиланган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз ЙХХБ қарори устидан қарорнинг нусхасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида жиноят ишлари бўйича туман судига шикоят беришингиз мумкин. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, шикоят бериш муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишингиз мумкин.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАШ МУМКИНМИ?

— Кичик ўғлим бир неча йил олдин хотини билан ажрашиб, оталик ҳуқуқидан бекор қилинганди. Ҳозирда қилмишидан чин дилдан пушаймон. Фарзандига тарбия беришни хоҳлаяпти. Аммо оталик ҳуқуқи бекор қилингани учун ўғли билан кўриша олмайди. Айтингчи, оталик ҳуқуқини тиклаш мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилинади? Тўловлари борми? 

 ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНАДИ?

— Оила кодексининг 75-моддасига биноан, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

 

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

 

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

Ушбу Кодекснинг 79 ва 80-моддаларига асосан, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

 

— ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

 

— узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

 

— ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

 

— муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;

 

— ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади.

 

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИ ТИКЛАНИШИ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…

— Оила кодексининг 81-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

 

Бундан ташқари, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она фарзанди билан учрашиш ва унинг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.

 

Бундай ҳолатда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ, ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.

 

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.

 

Ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвоси билан бирга болани ота-онага (улардан бирига) қайтариш тўғрисидаги талаби ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

 

ЎН ЁШГА ТЎЛГАН БОЛАНИНГ РОЗИЛИГИ ОЛИНИШИ ЛОЗИМ

— Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир.

 

Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

 

Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

 

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ёки прокурор томонидан бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васийга (ҳомийга) ёки болалар муассасасига нисбатан қўзғатилади.

 

Қонун талабларидан келиб чиқиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (ёки улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига асос бўлган ҳолатлар барҳам топганлигини, ўз хулқ-атвори, турмуш тарзи ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабати ўзгарганлиги тасдиқловчи ҳолатларни кўрсатиб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи тўлаган ҳолда, даъво ишларини юритиш тартибида бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васий (ҳомий)га нисбатан улар яшаб келаётган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки онанинг ота-оналик ҳуқуқи тикланган тақдирда улар фарзанди билан учрашиш ва фарзандининг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш, шунингдек, болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Азиз РАХМОНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

ТОШКЕНТДА УСТА ЙИГИТ ҚАБИҲ РЕЖАСИ ЙЎЛИДА БИР АЁЛНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНДИ

Одам боласини нафс қайси кўчаларга бошла майди дейсиз. Эндигина ўттизни қоралаган, туппа-тузук уста бўлган Даврон Зоҳидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) пул учун энг жирканч ишни қилишни ҳам ўзига эп кўрди. У ўғрилик қилиш учун танлаган манзилини қаранг. Аввалига у олдиндан ўзи билган хонадонга гўёки кексаларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида кириб, уйнинг ётоқхонасидан 500 АҚШ долларини ўғирлади. Лекин Даврон бу билан қониқмади…

 

Судда судланувчи Даврон ўзига қўйилган айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, бўлган воқеани айтиб берди.

 

У маҳалладоши Тўранинг Корея давлатида ишлаб қайтиб келганлигини, кейин ота-онаси яшайдиган Бектемир туманидаги хонадонининг бир қисмига янги иморат қуриб бериши учун уни устачиликка ёллаганини айтди. Даврон Андижон вилоятидан келган икки шогирди билан хонадонда қурилиш ишларини бошлаб юборади.

 

Уста йигитлар 5 хонадан иборат янги иморатни пойдеворидан бошлаб қуришади. Усталар уйнинг томини ҳам ёпиб беришади. Ишлаган иши учун Тўра ҳисоб-китобни тўлиқ қилади. Уста йигит Даврон шу орада бу хонадонга келиб-кетиб юрганида уйдаги ҳамма нарсани, шарт-шароитларни кўриб-билиб олади. Йигитнинг отаси касаллигини ҳам кўради. Отасининг ўнг кўзида кўришда нуқсони борлигини, кексалигини, ён-атрофида бўлаётган воқеаларни яхши тушуниб ета олмайдиган даражада беморлигини яхши биларди. Тўра яна Кореяга ишлаш учун кетади. Уста йигит Даврон эса, вақти келиб бу уйни тунашга киради…

 

Даврон суд мажлисида карантиндан кейин оиласидаги моддий аҳвол яхши бўлмаганлигини, молиявий қийнал ганлиги учун картошка ва пиёз маҳсулотларини қадоқлаб сотиш мақсадида керакли ускуна сотиб олиш учун “Халқ банки”нинг Бектемир туман филиалидан ўзининг номига 30 миллион сўм миқдорда 3 йил муддатга кредит олганлигини айтади.

 

Даврон ушбу кредит маблағи эвазига керакли ускунани сотиб олади. Лекин карантин сабабли ишни ташкил эта олмайди. Ишлари юришмай, қарзга киради. Бунинг устига ойма-ой кредит тўлаш учун пул кераклигини ўйлаб, бир йилча аввал ишлаган қўшни хонадон хаёлига келади. У шу хонадонда пул бор деб ўйлайди ва уни қўлга киритишга ҳаракат қилади.

 

Даврон ҳаво совуқ бўлганлиги учун кечаси ошхонага ўтиб, икки шиша ароқдан ўзи истаганича ичади. Ҳар эҳтимолга қарши ошхонадаги бир томони чопқи, бир томони болғали болтачани қўлига олиб, кимдир қаршилик қилса ёки сезиб қолса, ишлатишни режалаштиради. Ҳали тонг ёришмасидан уй эгалари ухлаётганлигини тахмин қилиб, ўзининг қабиҳ режасини амалга ошириш учун қулай фурсат етганини англайди. Ётоқхонага кириб келган Давронни аввалига ҳеч ким пайқамайди. Кейин у ҳаммаёқни титкилаб, уйдаги моддий қимматликларни излаётган вақтида шовқин овозидан хонадон соҳибаси уйғониб қолади. У Давронни танийди. Бундан қўрқиб кетган Даврон қўлидаги темир болтанинг тўмтоқ қисми билан аёлнинг бош қисмига уради. Аёл ҳодиса жойида вафот этади. Нафс измига бўйсунган Даврон бунга парво ҳам қилмайди.

 

Қотиллик қилгани билан Даврон уйдан айтарли қиммат нарса топа олмади, у кўзлаган пуллар ҳеч қаерда йўқ эди. Фақатгина 2 дона собиқ СССР даврида ишлаб чиқарилган кўкрак нишони билан ошхонадаги аёллар сумкасидан ўғирланган 88 минг сўм пул, қотил ва ўғри деган ном билан бу хонадондан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

 

Янги тонгни у шундай тузатиб бўлмас хатолар билан кутиб олди. Хонадоннинг кириш эшигини устидан қулфлаб, калитни ўзи билан олиб кетди. Шундан кейин бир танишини шу уйга чақириб, ҳовли четида ётган темир буюмларнинг бир қисмини машинага ортиб олиб кетди-да, сотиб юборди. У ваҳшийларча хонадон соҳибасини ўлдиргани етмагандек виждонсизларча шунча нарсани сотиб юборди ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатди. Ҳар бир ишнинг жавоби бор.

 

Суд ҳукмига кўра, Даврон 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Давроннинг қарзлари у ўйлагандай тўланиб қолмади ҳам, ўзи қотиллик қилиб, панжара ортига тушди, норасида фарзанди тирик етим бўлди. Гулдай ҳунари бўла туриб, озгина қийинчиликка чидамай, чорасизлигидан ўғриликни касб қилган Давронни энди ҳақиқатда чорасиз дейиш мумкин.

Умид ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича

Бектемир туман суди судьяси

КРЕДИТ ҚАРЗДОРЛИГИ СУД ҚАРОРИГА КЎРА ГАРОВДАГИ МУЛК ОРҚАЛИ УНДИРИЛМОҚДА, БАНК ЭСА ФОИЗ ҲИСОБЛАШДА ДАВОМ ЭТЯПТИ. ШУ ТЎҒРИМИ?

— Кредит қарздорлиги суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган ва ундирув гаровдаги мулкка қаратилган. Бугунги кунда ижро жараёнлари олиб борилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан банк фоизларини ҳисоблаб келмоқда. Бу ҳолат тўғрими?

Саволга Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси ўринбосари Муҳиддин Султонов жавоб берди:

 

— Фуқаролик кодекси (ФК) 736-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.

 

Бу ҳақда Олий суд ва Олий хўжалик судининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарорида ҳам тушунитириш берилган. Қарорнинг 10-бандида кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайслиги, агар шартномада қарз тўловининг кечиктирилганлиги муносабати билан фоизлар миқдори оширилиши белгиланган бўлса, қарз маблағларидан фойдаланганлик учун тўлов оширилган ставка миқдори ФКнинг 327-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартномада белгиланган бошқа фоизлар миқдори деб ҳисобланиши лозимлиги назарда тутилган.

 

Яъни, кредит қарздорлиги суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган ва ундирув гаровдаги мулкка қаратилган, бугунги кунда ижро жараёнлари олиб борилаётган бўлса ҳам то кредит қарзи амалда тўлиқ қоплангунга қадар банк амалда қопланмаган кредит қарзига фоизлар ҳисоблаши мумкин.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларга 2022 йил 9 ойида Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 3815 ариза(шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 150 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган (ўтган йили бу кўрсаткич 416 тани ташкил этган), 147 та (ўтган йил 793 та) ариза ва шикоятлар қайтарилган ҳамда 3318 та иш мазмунан кўриб тамомланган. Шундан 1985 таси оммавий низолар бўлса, 1333 та материал ҳисобланади. Ишларнинг кўрилиш кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 25,6% га ўсган.

 

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан ариза (шикоят)ларни қабул қилишни рад қилиш ҳолати сал кам 3 бараварга, қайтариш ҳолати эса беш ярим бараварга камайган.

 

Оммавий низо бўйича 1043 таси ёки 52,5 фоизи қаноатлантирилган, 634 таси ёки 31,9 фоизи рад қилинган, 237 (11,9%) таси иш юритишдан тугатилган, 71 таси ёки 3,6 фоизи кўрмасдан қолдирилган. Оммавий низоларнинг кўрилиши ўтган йилга нисбатан 28,8 фоизга ўсган.

 

Шунингдек, биринчи инстанцияда ишларни кўриш якунлари бўйича жами 223 та қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан таъсир чоралар сифатида хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, шунинг 175 таси ёки 78,5 фоизининг ижроси юзасидан жавоб хатлари олинган. Шундан 25 та ҳолат бўйича шансабдор шахсларга қонунчиликда йўл қўйган камчиликлари учун ташкилот раҳбарлари томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

 

Биринчи инстанцияда кўриб тамомланган 1333 та материалнинг 1282 таси қаноатлантирилган 51 таси рад қилинган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 21,1 фоизга ўсган.

2022 йилнинг 9 ойи давомида қуйидаги маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, билан боғлиқ ишлар нисбатан кўпроқ кўрилган:

 

  • Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 433 та иш кўрилган. Шундан, 403 таси қаноатлантирилган, 14 таси рад қилинган, 3 таси кўрмасдан қолдирилган, 13 таси иш юритишдан тугатилган;

 

  • Давлат солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 510 та (ўтган йили 353 иш) кўрилган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсган. Шундан, 348 таси (ўтган йили 209 таси) қаноатлантирилган, 81 таси рад қилинган, 70 таси иш юритишдан тугатилган, 11 таси кўрмасдан қолдирилган, Ишларни кўриш натижалари бўйича чиқарилган сад таъсир чораларининг асосий қичми, яъни 102 таси ёки 45,7 фоизи солиқ идоралари мансабдор шахсларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан чиқарилган;

 

  • Ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 301 та иш кўрилган. Шундан, 77 таси қаноатлантирилган, 176 таси рад қилинган, 15 таси кўрмасдан қолдирилган, 33 таси иш юритишдан тугатилган (маҳаллий ҳокимликлар билан боғлиқ ишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,5 фоизга камайган ҳамда рад қилинган ишлар сони ҳам кўрилган ишларнинг 58,5 фоизини ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур органларда иш анча яхши ташкил қилинаётганлигидан дарак беради);

 

  • Мажбурий ижро бюроси марказий ва ҳудудий идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, улар томонидан чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 223 та (ўтган йили 149 та иш) кўрилган бўлиб, шундан
    43 таси қаноатлантирилган, 116 таси рад этилган, 43 таси иш юритишдан тугатилган, 21 таси эса кўрмасдан қолдирилган (ўтган йилга нисбатан 49,7 фоизга ошган);
  •  
  • Адлия органлари (интеллектуал мулк агентлиги, нотариус, ФҲДЁ, давлат хизматлари агентлиги ва б.) мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 80 та (2021 йилда 65 та) иш кўрилган. Шундан, 33 таси қаноатлантирилган, 34 таси рад қилинган, 10 та иш юритишдан тугатилган, 3 таси  кўрмасдан қолдирилган.
  •  
  • «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига оид ишларни кўриш бўйича» МФЙ сайловига оид Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанцияси томонидан жами 7 та иш кўрилган бўлиб, шундан 4 та иш бўйича арз қилинган талаб рад қилинган, 2 та иш бўйича ариза талаби қаноатлантирилган, 1 та ҳолатда ариза иш юритишдан тугатилган;
  •  
  • Бундан ташқари, Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига нисбатан масжидни рўйхатдан ўтказмасликдаги ҳаракатлари билан боғлиқ;
  •  
  • Мудофаа вазирлигининг уй-жой комиссияцига нисбатан уй-жойларни хусусийлаштириш билан боғлиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига нисбатан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш масаласидаги; Шаҳар, туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига нисбатан доимий рўйхат (прописка)га қўйиш ва ундан чиқариш билан боғлиқ низолар ҳам Тошкент шаҳар маъмурий судларида кўриб келинмоқда.

Шу билан биргаликда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш (муддатини узайтириш, озод қилиш) билан боғлиқ жами 1318 та илтимоснома кўрилган бўлиб, шундан 1271 та илтимоснома қаноатлантирилган, 47 та илтимоснома рад этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида 542 та иш апелляция инстанциясида кўриб тамомланган. Шундан биринчи инстанция қарорининг 422 таси ўзгаришсиз қолдирилган, 7 таси ўзгартирилган, 85 таси бекор қилинган, 28 та иш юритишдан тугатилган.

 

Апелляция инстанциясида бекор қилинган ишлар ўтган йилга нисбатан 33,59 фоизга камайган. Буни ҳаи суд қарорларининг йилдан-йилга барқарорлашаётганинг бир далили дейишимиз мумкин.

 

Апелляцияда кўрилган ишлар бўйича жами 71 та иш якуни юзасидан қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатлари аниқланиб, судлов ҳайъатлари томонидан хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилган. Уларнинг 51 тасининг ижроси таъминланган.

 

Қолганлари бўйича ташкилотларга тегишли эслатма хатлари юборилмоқда. 3 таси эса ижро муддати бузилмаган хусусий ажримлар ҳисобланади.

Шунингдек, чиқарилган суд таъсир чоралари маъмурий органлар кесимидаги ҳиссаси қуйидагича:

 

— солиқ идораларига нисбатан 27 та ёки жами хусусий ажримларнинг 38 фоизи;

 

— маҳаллий ҳокимликларга 17 та;

 

— Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига нисбатан 6 та;

 

мажбурий ижро бюроси ижрочиларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан 3 та ва бошқа органлар ҳиссаларига тўғри келади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатлари томонидан жорий йил 9 ойида жами 7 та ишни кўриш натижасида тарафларнинг хатти-ҳаракатида жиноят аломатлари бор ёки йўқлигига ҳуқуқий баҳо берилиши учун прокуратура идораларига хабарномалар юборилган бўлиб, шундан 5 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги, 1 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги ҳамда МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги судга ҳабар қилинган.

Профилакта…

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларига бевосита жами 1159 та мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожатларнинг катта қисмини, яъни:

 

– 612 (ўтган йили 768 та) таси ёки 53 фоизи шахсий ёки сайёр қабуллар орқали, ёхуд идорада фуқароларнинг ўзлари билан бевосита учрашиб ҳал қилинган мурожатлар;

 

– 167 (ўтган йили 216 та) таси ёки 14,4 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, Ҳалқ қабулхонаси ва бошқа идоралар веб-сайти орқали Тошкент шаҳар маъмурий судига келиб тушган ва ўрганиб чиқилган мурожаатларни;

 

– 380 (ўтган йили 340 та)таси ёки 32,8 фоизи эса жисмоний ва юридик шахслар томонидан Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларига электрон тарзда ёки почта орқали келиб тушган мурожаатларни ташкил этади.

Келиб тушган ҳар бир мурожаатни ҳисобга олиш, унинг ҳаракати ва белгиланган муддатида кўриб чиқилиши устидан назорат кучайтирилган.

 

Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойлик даври мобайнида Тошкент шаҳар умумюрисдикция суди ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди раислари томонидан тасдиқланган режа-график бўйича Тошкент шаҳар ва Тошкент туманлараро маъмурий судлари барча судьялари ўзларига бириктирилган МФЙларга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 284 нафар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатиб келган.

 

2022 йил 9 ойи давомида Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси ва барча судьялари тасдиқланган режа-график бўйича ўзларига “Менинг маҳаллам менинг судьям” тамойили асосида бириктирилган МФЙларга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 1136 (шундан 525 таси ногиронлиги бор шахслар) нафар ҳуқуқий кўмакка муҳтож (ногирон) фуқароларга ёрдам кўрсатилган (2021 йил 9 ойида 284 та эди).

 

Шуни таъкидлаш лозимки Аёллар дафтарига киритилган ижтимоий кўмакка муҳтож (ногирон) хотин-қизларга Тошкент шаҳар маъмурий судларнинг судьялари томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баравар кўпайган.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида жами 51 954 та (2021 йилда 42 121 та) даъво ариза ва ариза келиб тушган. Ўтган йилдан 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 3 282 тани ташкил этади. Шундан 46 227 таси иш юритишга қабул қилиниб, ҳисобот даврининг охирига қадар 45 006 таси (2021 йилда 31 888 та) кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 39 541 таси бўйича даъво талби қаноатлантирилган, 3 133 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 897 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 1 435 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

 

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 13 118 тага ёки 41,1 фоизга кўпайган.

 

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, кўрилган 45 006 та ишларнинг 18 185 таси ёки 40,4 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

 

Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 5 216,6 млрд.сўм ҳамда республика бюджетига 160,4 млрд. сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

 

Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 36,6 млрд. сўмни ташкил этган.

 

Судлар томонидан ҳисобот даврида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 21 485 та, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 22 683 та, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 17 та, ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 745 та, корпоратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 76 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.

Мурожаатлар…

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судига жами 393 та мурожаатлар (43 таси судлов ҳайъатига, 350 таси туманлараро иқтисодий судига) келиб тушган. Улардан 379 таси тўлиқ ўрганилиб, муаллифларга батафсил жавоб хатлари берилган ҳамда ўрганишдаги қолдиқ мурожаатлар сони 14 тани ташкил этган.

 

Судларда иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар суд биносида раисларнинг шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси томонидан   49 нафар, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси томонидан 79 нафар жисмоний ҳамда юридик шахс вакиллари қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Skip to content